Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Ҳар-хил мақолалар»Пушкиндан Путингача: Рус адабиётининг империалистик мафкураси
Пушкиндан Путингача: Рус адабиётининг империалистик мафкураси PDF Босма E-mail

Инсонийликдан холи миллатчилик билан тўлиб-тошган рус классик адабиёти бугун таниш ва хавотирли тарзда жарангламоқда.

Украина пойтахти Киев шаҳридан унча узоқ бўлмаган шарқ тарафда жойлашган Гоголев шаҳрининг кўчаларидан бири XIX асрда яшаб ўтган Михаил Лермонтов номи билан аталади. Лермонтов ҳеч қачон Украинага сафар қилмаган, фақат унинг бир неча шеърида Украина мавзуси қаламга олинган, холос. Аммо Украинанинг барча жойларида кўчалар унинг ва бошқа рус маданият арбоблари номи билан аталади ва бу совет империяси меросидир. Март ойида қақшатқич жангларга гувоҳ бўлган Гоголев шаҳри Антон Чехов, Владимир Маяковский ва Александр Пушкинга ҳам шундай эҳтиром кўрсатади. Ҳар бир шаҳар, қўрғон ва қишлоқдаги кўчаларни бундай номлаш империянинг мустамлакаси ҳудудини белгилаш ва назорат қилиш воситасидир. Русларнинг ҳар бир машҳур шахси исми украин машҳурлари номини сиқиб чиқариш усули ва халқ хотирасидан маҳаллий номларни ўчириб ташлаш учун керак бўлган.

Аммо Россиянинг буюк ёзувчи ва шоирлари мамлакатининг империалистик лойиҳасига номларини қўшибгина қолдиргани йўқ. Улар асарлари тан олинганидан кўпроқ даражада Россия империалистик мафкураси ва миллатчилик дунёқараши шаклланиши, мустамлака ҳудудларига ташиб борилиши ва илдиз отишига ҳам кўмаклашди.

Лермонтов-чи? Рус адабиётида у  ёзувчи, аскар, хотинбоз ва романтик шоир сифатида алоҳида ўринга эга. У Кавказнинг бошқа таниқли рус ёзувчилари каби ўзининг ҳам тасаввурини ром этган идиллик (сокин) тимсолларини яратди. У ҳам Пушкин каби дуэлда аянчли ўлим топди.

Аммо XIX аср бошидаги романтизм ортида бошқа нарса – империянинг бошқа ўлкалар ерларига қаттиқ ёпишиб олиши бор эди. Лермонтовнинг 1839 йили ёзилган энг машҳур шеъри “Мцири” ёки “Хизматкор” поэмаси рус армияси зобити болалик чоғида асирга олган Кавказ роҳиби ҳақидаги идиллик ҳикоядир. Поэмадаги асосий ҳиссиёт – умидсизлик туйғусидир: Кавказ халқларининг мағрур ва шонли тарихи ўтмишда қолиб кетди ва энди у қайтиб келмайди, бош қаҳрамоннинг йўқотилган ўтмишни қўмсаши энди у инсониятнинг мағлуб бўлган тарафига мансублигидан ҳикоя қилади бизга. Лермонтов дастлабки ёзган беадаб шеърларидан бири “Уланша”да (“Аскар жазмани”) рус аскарлари жамоа бўлиб номусига теккан аёл ҳақида ҳикоя қилинади; шеърда таҳқирланган аёлга ҳамдардлик ҳисси йўқ. Бошқа бир “Кавказец” (“Кавказлик киши”) шеърида ҳақиқий кавказликлар маҳаллий аҳоли эмас, аксинча, минтақани XIX аср бошида босиб олган рус аскарларидир, деган гап бор – худди шунингдек, Афғонистонни босиб олиш учун юборилган совет аскарлари оддий тилда “афганец” (”афғон”) деб аталганини эслайлик.
Лермонтов Кавказ бўйича империяга оид, мустамлакачи Россия манзарасини яратган бўлса, Пушкин бу ишни Украинага нисбатан қилди. Пушкиннинг Украина устидан назоратни кучайтиргани учун Буюк Пётрга қарши қўзғолон кўтарган украин гетмани (казак қўшинлари бошлиғи) Иван Мазепа ҳақидаги “Полтава” шеърини олайлик (Путин яқинда Россия империяси ерларини қайтариш ҳақидаги нутқида Пётр I ни эслаб ўтди). Мазепа украин халқи учун Россия ҳукмронлигига қарши миллий қаршилик рамзи ва чор Россияси казакларнинг (бўлғуси украинларнинг) московитларга (бўлғуси русларга) содиқлиги эвазига мухториятини сақлаб турган XVII асрга оид шартномани бузгани эслатмасидир. Украинлар наздида Пётр келишувни бузган; руслар украинларнинг ҳар қандай мухторият талаб қилишини сотқинлик деб билган – ҳозир Путин ҳам худди шундай йўл тутяпти. Пушкин Мазепани “қонни сувдай тўкадиган бузуқи сотқин сифатида тасвирлаб, руслар нуқтаи назаридан ифода қилади. Шеърда, украинларни “эски ва қонли даврлардаги  дўстлар” сифатида аяш ва улардан нафратланиш лозим, дейилади. Шунга ўхшаш гапни рус ёзувчиси Николай Гоголнинг Украина ҳақида ёзган машҳур “Тарас Булба” тарихий қисссасидан ҳам топиш мумкин. Келиб чиқиши украин бўлган Гогол кимлигини Россия империяси фуқаролигига алмаштиргандан сўнг истеъдодининг кўп қисмини украинларнинг барча нарсалари эскириб кетганини ва энг муҳими, шафқатсиз эканини исботлашга сарфлайди. Гоголга кўра, украинларга маданий халқ бўлиши учун Россия империяси керак.
Албатта, бундай нарсаларга муқобил қараш ҳам мавжуд бўлган. Гогол билан Пушкин украин казаклари тимсолини эскирган ва шафқатсиз ўтмишнинг бир бўлаги сифатида яратгандан сўнг украин шоири, рассоми ва миллий қаҳрамони Тарас Шевченко ватандошларига казакчиликнинг зулмга қарши ва демократияга хос руҳи ўтмиш қолдиғи эмас, аксинча, келажак даракчиси эканини айтади. Шевченконинг Кавказга қараши ҳам Лермонтовникидан фарқ қилган: тарихни русларнинг романтиклашган ҳукмронлиги тасвирланган манзара эмас, қон дарё бўлиб оқишига сабаб бўлган империя зўравонлигидай қайғули саҳна тарихни ўчириб ташлади, қаршилик кучли ва муросасиздир.
Шевченконинг зулмга қарши қўзғолон ҳақидаги “Боритеся – поборете” (“Курашинг – ғалаба қозонасиз”) рамзий шиори унинг “Кавказ” поэмасидан олинган ва уни Россиянинг империя ҳокимиятига қарши кавказликларнинг ҳам, украинларнинг ҳам курашига нисбатан қўлласа бўлади. Агар Лермонтов наздида Кавказ оппоқ қорли, сокин, совуқ ва инсон изтиробларидан холи бўлса, Шевченконинг Кавкази қон тусида қизил, инсониятнинг озодлик учун курашига шўнғиган диёрдир. Лермонтов руслар жиноятчилар нуқтаи назаридан келиб чиқиб, уларнинг бир аёлни кўплашиб зўрлаши ҳақида шеър ёзади; Шевченконинг шеърида эса  украинча “покритка” (“бузуқ аёл”) тимсоли қайтарилади. Унинг “Мария” деб аталган диний ва иғвогарона поэмасида москал (рус) аскаридан, афтидан, зўрлаш оқибатида ниқоҳсиз ҳомиладор бўлган украин фоҳишаси билан Исонинг онаси Биби Марям, ёлғиз, азоб чекаётган оналар сифатида бир-бирига муқояса қилинади. Жинсий зўравонликдан жабр кўрган аёлларга ҳамдардлик Шевченконинг Лермонтовнинг номусга тегишни романтиклаштиришга жавобидир, иккала ҳолатда ҳам жиноятчи – рус кишиси, жабрдийда эса – зўрланган аёл. Излай бошласангиз, рус адабиёти империалистик дискурс, бошқаларнинг ерларини романтик хаёллар билан босиб олиш, шафқатсизлик ва унинг оқибатлари ҳақида сукут сақлаш билан тўлиб тошган. Ҳатто “Тарас Булба” ва “Мцири” сингари асарларда империя субъектига нисбатан гўё ҳамдардлик билдирилса ҳам, бу ҳамдардлик субъектнинг қайғули тақдири – абадий қолоқлиги ва қул қилингани ҳақидаги романтик тасаввурдан бошқа нарса эмас. Европа шарқшунослиги Африка ва Осиё жамиятлари муносиб тарихи йўқ деган мажозни шакллантирган бўлса, рус адабиёти Кавказ ва Украинанинг шафқатсиз тарихи унутилишга маҳкум, деган тушгунча пайдо қилган. Бугунги Россиянинг бошқа юртларни босиб олиш сиёсати билан ўхшаш жиҳатлар теран ва кенг қамровли. Пушкиннинг “Клеветникам России” (“Россияга туҳмат қилувчиларига”) шеъри Россия тажовузкор империализмини йўналтирувчи аксил-Европа памфлетидир (сатирик шеър). Шоирнинг 1830 – 1831 йиллардаги Полша қўзғолонига муносабати Кремлнинг собиқ совет империяси ҳудудидаги рангли инқилобларга қараши билан ўхшаш. Пушкин Европага уруш билан таҳдид қилади (“Иль русский от побед отвык?” – “Руслар ғалабани унутдими ё?”) ва ўқувчиларга Россиянинг қудрати ва босиб олган ерларини эслатади  (“От финских хладных скал до пламенной Колхиды” – “Фин ерининг совуқ қояларидан Колхиданинг қайноқ чўллари қадар”). Пушкин мафкураси билан бугун неоимперия дўқ-пўписалар ўртасида бевосита боғлиқлик бор. Русларнинг Россия билан Украина ўртасидаги уруш вақтидаги шиори “такрорлашимиз мумкин” бўлиб, Россиянинг тасаввурдаги душманларини қўрқитиш учун олдинги вайронагарчилик ва бошқалар ерларини босиб олиш урушлари ҳақида атай эслатилмоқда. Худди шунингдек, рус шоири ва Пушкиннинг замондоши Фёдор Тютчев 1848 йилги Европадаги давлат тўнтаришлари чоғида Россия империясини кўҳна қитъанинг хавфли демократия пайдо бўлишига тўсқинлик қилувчи таянчи деб атаган эди. Бугунги Россия ҳам давлат бошқарувининг авторитар модели, яъни Европадаги ўнг ва сўл аксил-демократик кучларнинг тарафдоридир.
Ғарб олимлари XIX асрдаги рус адабиётинг олтин асрини ғарбчилар билан славянофиллар (славянпарастлар) ўртасидаги интеллектуал кураш сифатида тасаввур қилганда, иккала томонга ҳам хос бўлган миллатчилик ва империяпарастлик оқимларини эътибордан қочиради. Ҳатто ғарбчи деб аталувчилар ҳам Россиянинг бошқалардан устунлигига ишонган, ўзларича либерал Европа курашган нарсаларнинг кескин душмани бўлган, кўпинча жамиятнинг золимларга хос андазасини ардоқлаган. Ушбу ҳолатни камдан-кам рус ёзувчилари Фёдор Достоевскийдан ўтказиб тасвирлай олган, у ёшлигидаги социалистик радикалдан умрнинг охирига бориб, диний мутаассибга айланади. Унинг машҳур гапи бор: рус социалистлари ва коммунистлари “европаликлар” эмас, “пировардида ҳақиқий русга айланади” – бошқача айтганда, улар Ғарбни инкор қилади. Достоевский “Жинлар” романида Ғарб ғояларини қораланиши керак бўлган “жинларча” васваса деб атайди.
Бу ёзувчилар Ғарб ғояларини юзаки қабул қилганми ёки қилмаганидан қатъи назар, уларнинг этномиллий ва империяга хос қарашлари Россияни майда-чуйда эмас, улкан зулм империясига олиб келди. Ҳатто Россия заминига кўчирилган Ғарбнинг тараққийпарвар ғоялари ҳам – буюк янгиликпарвар Пётр бўладими ёки болшевиклар бўладими, бундан қатъи назар – янги ва янада кучлироқ золимликка айланиб кетди, уларнинг одамкуш золимлиги Европанинг социалистик ғояларига таянади.
Булар барчаси бугун ҳам давом этмоқда. Россия 1990-йилларда Чеченистоннинг кулини кўкка совурганда, Молдова ва Грузияда сунъий айирмачилик курашлари оловини ёққанда, 2008 йилда Грузияга, 2014 йилда Украинага бостириб кирганда, ушбу шафқатсизлик амаллари буюк рус классик адабиётида, ёзувчи ва шоирларининг мустамлакаларга ва империя истилоларига муносабатида интеллектуал жиҳатдан асослаб берилган эди. То шу кунгача ўша муаллифлар ва асарлари россияликларга унинг аскарлари босиб олган жойларда ҳурматга арзийдиган ҳеч нарса йўқлигини уқтириб келмоқда. Пушкин Украина казакларини қонхўр ва ваҳший этиб тасвирлаганда, бу украинлар ҳақидаги ҳозирги пропаганданинг гўё улар нацистлар, уларнинг тарихий тақдири – ўлим ва бўйсуниш, қабилидаги уйдирмасининг XIX асрга хос кўриниши бўлган. Тютчев XIX аср Россиясини Европани демократиядан шонли қутқарувчи сифатида тамсил қилгани Украина ва бошқа мамлакатлардаги рангли инқилобларни бекор қилиш йўлидаги курашининг акс-садоси бўлиб кўринади.
Албатта, рус маданияти Россия жиноятларининг ягона сабаби эмас, маданият билан сиёсат ўртасидаги алоқа ҳеч қачон бир чизиқ бўйлаб кечмайди. Аммо рус маданияти айбсиз ва унинг асрлар давомида Россия сиёсати асосида ётган империалистик дискурсга алоқаси йўқ, дейиш гўлликдан бошқа нарса эмас. Гарчи Ғарб университетларида империализм ва шарқшунослик Ғарб адабий мезонларидан келиб чиқиб ўқитилса-да – хаёлга ихтиёрсиз тарзда романнавислар Гюстав Флобер, Редярд Киплинг ва Жозеф Конрад келади – улар асарларида дунёдаги сўнгги тикланмаган мустамлакачи империя адабиётидаги зикр этилганига ўхшаш тамойиллар учрамайди. Ўша сўнгги тикланмаган мустамлакачи империя бошқа юртларни босиб олиш учун янгитдан уруш қилмоқда.
Агар Россиянинг қўшниларига нисбатан зўравонлиги, улар тарихини ўчириб ташлаш иштиёқи ва либерал демократия ғояларни рад этиши илдизларини қидираётган бўлсангиз, айрим саволларга жавобларни Пушкин, Лермонтов ва Достоевский асарлари саҳифаларидан топасиз.

Владимир Ермоленко, файласуф, UkraineWorld вебсайти бош муҳаррири, Internews Ukraine нодавлат ташкилотида таҳлил бўйича директор ва Explaining Ukraine (“Украинани тушунтириш”) подкасти бошловчиси.

Foreign Policy: “Russian Literature’s Imperial From Pushkin to Putin: Russian Literature’s Imperial Ideology” мақоласи таржимаси.
Владимир Ермоленко, файласуф ва UkraineWorld вебсайти бош муҳаррири.