| Адабиёт ва тоталитаризм |
|
|
|
|
Биринчи[1] чиқишимни бошлаб, мен бизнинг давримизни танқид асри деб атаб бўлмаслигини айтган эдим. Бу узоқлашиш эмас, балки алоқадорлик даври, шунинг учун сиз рози бўлмаган фикрларни ўз ичига олган китоб учун адабий фазилатларни тан олиш шунчалик қийин бўлиб қолди. Энг кенг маънодаги сиёсат адабиётга кириб келди, у нормал шароитда бўлмайдиган тарзда адабиётни эгаллаб олди — шунинг учун ҳам биз ҳозир индивидуал ва умумий ўртасидаги номувофиқликни жуда ўткир ҳис қилмоқдамиз, гарчи у ҳар доим кузатилган бўлса-да. Бугунги кун танқидчиси учун ҳалол холисликни сақлаб қолиш қанчалик мураккаб экани ҳақида ўйлаб кўришнинг ўзиёқ, жуда яқин келажакда адабиётни қандай хавф-хатарлар кутаётганини тушуниш мумкин. Биз яшаётган давр мустақил шахсиятга, ёки аниқроғи, унинг мустақил эканлиги ҳақидаги ёлғон тасаввурларга чек қўйиш билан таҳдид қилмоқда. Шу билан бирга, адабиёт, ва айниқса танқид ҳақида гапирганда, биз шахсият бутунлай мустақил деб ўйламаймиз. Бутун замонавий Европа адабиёти — яъни сўнгги тўрт асрда яратилган адабиёт — ҳалоллик тамойилларига, ёки хоҳласангиз, Шекспирнинг «Ўз табиатингга содиқ бўл» деган ҳикматига асосланади. Бизнинг ёзувчидан биринчи талабимиз — ёлғон гапирмаслик, у ҳақиқатан ҳам нима деб ўйласа ва нимани ҳис қилса, шуни ёзиш. Санъат асари ҳақида айтиш мумкин бўлган энг ёмон нарса — у сохта. Бу адабиётнинг ўзига қараганда танқидга кўпроқ тегишли, чунки адабиётда маълум бир ўзини кўрсатиш, майинлик, ҳатто очиқчасига маккорлик ёзувчи асосий нарсада ёлғон гапирмаса, унчалик халал бермайди. Замонавий адабиёт ўз моҳиятига кўра — шахсиятнинг ижодидир. Ёки у шахсиятнинг фикр ва туйғуларини ҳаққоний етказади, ёки унинг қиймати йўқ. Аввал айтганимдек, бу биз учун ўз-ўзидан тушунарли, лекин биз буни айтсак, адабиётга қандай хавф таҳдид солаётганини дарҳол тушунамиз. Ахир биз тоталитар давлатлар даврида яшаяпмиз, улар шахсиятга ҳеч қандай эркинлик бермайди, ёки бера олмайди ҳам. Тоталитаризмни тилга олганда, Германия, Россия, Италия дарҳол эсга келади, лекин ўйлайманки, бу ҳодисанинг умумжаҳон бўлишига тайёр туриш керак. Очиғи, эркин капитализм даври тугаяпти ва бир мамлакатда ёки бошқасида унинг ўрнини социализм ёки давлат капитализми деб аташ мумкин бўлган марказлаштирилган иқтисодиёт эгаллайди — танлов сизники. Демак, шахсиятнинг иқтисодий эркинлиги ҳам тугаяпти, яъни унинг хоҳишига кўра ҳаракат қилиш, ўз касбини эркин танлаш, сайёранинг исталган жойига эркин ҳаракат қилиш эркинлиги катта даражада бузилмоқда. Яқинда биз бундай ўзгаришларнинг оқибатларини олдиндан кўрмаган эдик. Ҳеч ким иқтисодий эркинликнинг йўқолиши интеллектуал эркинликка таъсир қилишини тўғри тушунмаган эди. Социализм одатда юқори ахлоқ билан руҳлантирилган қандайдир либерал тизим сифатида тасаввур қилинган. Давлат сизнинг иқтисодий фаровонлигингиз ҳақида қайғуради, сизни қашшоқлик, ишсизлик ва ҳоказо хавфидан озод қилади, лекин унинг сизнинг шахсий интеллектуал ҳаётингизга аралашишга ҳеч қандай эҳтиёжи бўлмайди. Санъат худди либерал капитализм давридагидек, ҳатто янада аниқроқ гуллаб-яшнайди, чунки рассом энди иқтисодий мажбуриятни ҳис қилмайди. Тажриба бизни бу тасаввурлар барбод бўлганини тан олишга мажбур қилади. Тоталитаризм фикр эркинлигига илгари ҳеч қачон тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган тарзда тажовуз қилди. Унинг фикр устидан назорати нафақат тақиқловчи, балки конструктив мақсадларни ҳам кўзлашини англаш муҳимдир. Нафақат маълум фикрларни ифодалаш — ҳатто рухсат бериш — тақиқланади, балки айнан нима ҳақида ўйлаш кераклиги кўрсатилади; шахсият томонидан қабул қилиниши керак бўлган мафкура яратилади, унинг ҳис-туйғуларини бошқаришга ва унга хатти-ҳаракат моделини мажбурлашга ҳаракат қилинади. У солиштириш имкониятидан маҳрум қилиб, сунъий муҳитда чегаралаш учун ташқи дунёдан имкон қадар ажратилади. Тоталитар давлат ўз фуқароларининг хатти-ҳаракатларини назорат қилганидек, уларнинг фикр ва туйғуларини ҳам камида шунчалик самарали назорат қилишга ҳаракат қилади. Биз учун муҳим бўлиб бораётган савол шундан иборатки, адабиёт бундай муҳитда яшаб қола оладими? Менимча, жавоб қисқа ва аниқ бўлиши керак: йўқ. Агар тоталитаризм умумжаҳон ва доимий ҳодисага айланса, биз билган адабиёт мавжуд бўлишни тўхтатади. Ва шуни таъкидлаш керак эмаски (гарчи аввалига бу мумкин бўлиб туюлса-да), гўёки фақат маълум турдаги адабиёт, яъни Ренессансдан кейин Европада яратилган адабиётгина тугайди. Тоталитаризм ва ўтмишдаги барча ортодоксал тизимлар, Европа ва Шарқдаги тизимлар ўртасида бир нечта туб фарқлар мавжуд. Уларнинг асосийси шундаки, бу тизимлар ўзгармаган, агар ўзгарган бўлса ҳам, секин ўзгарган. Ўрта асрларда Европада черков нимага ишониш кераклигини кўрсатган, лекин ҳеч бўлмаганда туғилишдан то ўлимгача бир хил эътиқодда қолишга рухсат берган. У бугун бир нарсага, эртага бошқа нарсага ишонишни талаб қилмаган. Ва бугун ҳам ҳар қандай ортодоксал черковга: насроний, ҳинду, буддист, мусулмонларга эргашувчилар учун худди шундай. Қандайдир маънода унинг фикрлари доираси чекланган, лекин у бу доирага бутун умри давомида содиқ қолади. Ва унинг ҳис-туйғуларига ҳеч ким тажовуз қилмайди. Тоталитаризм бунинг аксини англатади. Тоталитар давлатнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у фикрни назорат қилса-да, уни бир нарсага қаттиқ боғлаб қўймайди. Муҳокама қилиб бўлмайдиган, лекин кундан-кунга ўзгарувчан догмалар илгари сурилади. Догмалар керак, чунки фуқароларнинг мутлақ итоати керак, лекин ҳокимият тепасидагиларнинг сиёсий эҳтиёжлари талаб қилган тузатишларсиз иложи йўқ. Ўзини хатолардан холи деб эълон қилган тоталитар давлат, шу билан бирга, объектив ҳақиқат тушунчасининг ўзини ҳам рад этади. Мана аниқ, энг оддий мисол: 1939 йил сентябрига қадар ҳар бир немис рус болшевизмига нисбатан жирканиш ва даҳшат ҳис қилишга мажбур эди, 1939 йил сентябридан кейин эса — завқ ва эҳтиросли ҳамдардлик. Агар Россия ва Германия ўртасида яқин бир неча йил ичида уруш бошланиб қолса, бу жуда эҳтимол, ўзгариш яна кескин юз беради. Немиснинг ҳис-туйғулари, унинг севгиси, унинг нафрати керак бўлганда дарҳол ўз аксига айланиши керак. Бунинг адабиёт учун қандай оқибатларга олиб келишини кўрсатишга ҳожат йўқ. Ахир, ижод — авваламбор ҳис-туйғудир, ва ҳис-туйғуларни абадий ташқаридан назорат қилиб бўлмайди. Маълум бир пайтга мос келадиган кўрсатмаларни аниқлаш осон, лекин ҳеч бўлмаганда қандайдир қийматга эга бўлган адабиёт фақат ёзувчи ўзи ёзаётган нарсанинг ҳақиқийлигини ҳис қилган тақдирдагина мумкин; агар бундай ҳис-туйғу бўлмаса, ижодий инстинкт йўқолади. Тўпланган барча тажрибалар шуни кўрсатадики, тоталитаризм ўз тарафдорларидан талаб қиладиган кескин ҳиссий қайта баҳолашлар руҳий жиҳатдан мумкин эмас, ва айнан шу сабабли мен, агар тоталитаризм бутун дунёда ўрнатилса, биз билган адабиётнинг тугаши муқаррар деб ўйлайман. Ахир, у ҳукмрон бўлган жойларда шундай бўлган. Италияда адабиёт бузилган, Германияда эса деярли йўқ. Нацистларнинг асосий адабий машғулоти китобларни ёқишдан иборат. Ҳатто Россияда ҳам биз бир вақтлар кутган адабиётнинг қайта тикланиши содир бўлмади, таниқли рус ёзувчилари ўз жонига қасд қилишмоқда, қамоқхоналарда ғойиб бўлишмоқда — бу тенденция жуда аниқ кўриниб турибди. Мен либерал капитализм ўз ниҳоясига яқинлашмоқда деб айтдим, бундан фикр эркинлиги ҳам маҳкум этилган деган хулоса чиқариши мумкин. Лекин мен бу ҳақиқатан ҳам шундай деб ўйламайман ва хулоса қилиб шуни айтмоқчиманки, либерал фикрлашнинг илдизлари айниқса мустаҳкам бўлган жойларда — ноҳарбий давлатларда, Ғарбий Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Ҳиндистон, Хитойда адабиётнинг сақланиб қолиш қобилиятига ишонаман. Мен ишонаман — гарчи бу кўр-кўрона ишонч бўлса ҳам, бошқа нарса эмас, — бундай давлатлар ҳам, шубҳасиз, умумлашган иқтисодиётга келиб, тоталитар бўлмаган шаклдаги социализмни яратишга муваффақ бўлишади, бу эса шахсиятга иқтисодий эркинлик йўқолган тақдирда ҳам фикр эркинлигини сақлаб қолишга имкон беради. Қайси томондан қараманг, адабиёт тақдирига бефарқ бўлмаганлар учун қолган ягона умид шудир. Унинг аҳамиятини тушунадиган ҳар бир киши, инсоният тарихида унга тегишли бўлган асосий ролни аниқ кўрадиган ҳар бир киши тоталитаризмга қарши туришнинг ҳаётий заруратини тушуниши керак, уни бизга ташқариданми ёки ичкариданми мажбурлашаётганидан қатъий назар.
1941 Жорж Оруэлл Абу Муслим (эркин таржима) [1] Ўзининг биринчи чиқишини бошлаб... — Оруэлл 1941 йил 30 апрелда радиода қилган «Санъат ва тарғибот чегаралари» номли чиқишини назарда тутмоқда. У «Адабиёт ва тоталитаризм» очерки билан 1941 йил июнь ойида Би-би-си телеканалида чиқиш қилган.
|
Навоийхонлик
- 0
- 1
![]() Кўнгил сен гар вафо истар эсанг…Кўнгил сен гар вафо истар эсанг, дилдор топилмасму? Жудолик д... |
![]() Аввалғиларға ўхшамасКўнглум ичра дарду ғам аввалғиларға ўхшамас Ким, ул ойнинг ҳ... |
![]() Алишер Навоийнинг «Лисон ут-тайр» маснавийсидаги эшак (хар) рамзи ишлатилган байтларҲарчанд ки хар қолса кўчар,Ҳар кўчада бўлса ҳам у хардир бароба... |
![]() Шайхни кўрсам риёкор, зоҳидни кўрсам хуморШайхни кўрсам риёкор, зоҳидни кўрсам хумор,Соҳибидир риёнинг, з... |
![]() Ким, васила бўлди маҳзун жон била жонон ароЖонда қўйдум чирмаған мактубини ҳижрон аро,Билман ул мактубдур ёх... |
![]() Дуди оҳимким қора айлабтурур олам юзинСоқиё, очтинг чу май тутмаққа жоми Жам юзин,Юз ғамим дафъ айлад... |
![]() Гар Навоийнинг куюк бағрида қондурҚошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб, Деди: кўрким, Қавс б... |
![]() Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабобИкки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб, Биридур айни ху... |
![]() Тиласа равзани зоҳид, Навоийю - кўюнгЗиҳи висолинга толиб тутуб ўзин матлуб, Муҳаббатидин отингни ҳа... |
![]() Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузарЭй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро Ганжи ҳуснунг жавҳар... |
Уйғониш даври
- 0
- 1
![]() Абдулҳамид Чўлпон. Тараққий (ҳикоя)Шунинг билан тараққий қилиб бўлурми?Ҳали кун буткул ётиб кўрунм... |
![]() Шубҳа(Ҳикоя)— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида... |
![]() Янги систем бетарафликИнқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ... |
![]() Қўрққан олдин мушт кўтарар(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентяб... |
![]() БўзахонадаТунов кун кайфимиз бир оз ширалангандан сўнг, Тошпўлад тоға кос... |
![]() Қурбонлиқ ўғрилариКичкина хангама— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан... |
![]() Думбаси тушиб қолган эмишКичкина фелетўн(Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман) Гўш...О... |
![]() Қурбон байрами (Ҳангама)Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.Бу кун қуввати келг... |
![]() ДардисарБир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ... |
![]() Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб о... |





























