Шеърий матн ва образ маънодорлиги |
Шарқ мумтоз адабиёти - моҳиятга интилувчи, инсон кўнглини, унинг маънавий дунёсини ҳамма нарсадан устун қуювчи бир адабиёт. Модда ва моддийликдан кўра маъно ва маънавийликка эътибор доимо унда юксак бўлган. Туйғу, фикр-мушоҳада ватасвир-буларнинг бари Шарқ адабиётида, аввало, мазмун ва моҳиятга асосланади. Диний-илоҳий ҳақиқатларни билиш ва ўзлаштириш йўли - бу ҳам маъно йўли. Эски адабий матнлар билан танишганда сўзнинг баъзан ўнлаб маъно-мазмуни билан қизиқишга тўғри келади. Агар шундай қилинмаса, айни бир ижодкор улардан қандай мақсадларда фойдалангани ҳам, матндан матнга кўчган сайин сўздаги маъно ўзгариши ёки янгиланиш сабаблари ҳам очилмасдан қолаверади. Алишер Навоий соқийномасида ёзади: Меҳрибонлар қани, аҳбоб доғи! Ҳамнишинлар қани, асҳоб доғи! Барча ғурбатқа хиром айладилар, Хулд боғини мақом айладилар. (Алишер Навоий. Фавойид ул-кибар. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма жилдлик. б-жилд. Тошкент, 1990.488-бет) Ғурбат дейилганда, асосан, эл-юртдан жудолик, айрилиқ ҳасрати, қандайдир ғавғо ва азоб-уқубат каби маънолар тушунилади. "Барча ғурбатқа хиром айладилар" дейилганда эса, ғурбат сўзи нариги дунё, яъни охират мазмунида қўлланилган. Кишики васл тилар, ғурбат ихтиёр этсун, Ул орзуға бурун тарки хонумон яхши. (Алишер Навоий. Бадоеъ ул-васат. Мукаммал ас.арлар тўплами. Йигирма жилдлик. 5-жилд. Тошкент, 1990.405-бет) Бу байтдаги "ғурбат" энди бутунлай бошқа моҳиятга эга ва ўлим ёхуд охират тушунчасига унинг алоқаси йўқдир. Маълумки, тасаввуф психологиясига кўра сўфий, дарвеш ва орифлар учун ғурбат ҳаётини яшаб, тариблик изтироби ва қийинчиликларини кўнгилдан кечириш муҳим ҳисобланган. Чунки мусофирлик ва мусофирликдаги ҳаёт, тажрид, тафрид деб аталган ёлтизлик ҳолатларини чуқур идрок қилишга имкон берганидек, инсонни ёлғон дўстлик, сунъий улфатчилик ва бетайин манфаатлардан йироқлаштиради. Энг муҳими, ғариб бўлган киши шон-шуҳрат, манманлик тузоқларидан ҳам қутулиб, ўзи билан ўзи юзма-юз қолади. Бу эса ўзини англаш, илгарилаш ва комилликни истовчи кўнгил учун гўзал фурсатдир. Тасаввуфда икки хил саёҳатдан баҳс юритилган. Бири - вужуд саёҳати, иккинчиси - қалб саёҳати. Булар моддий ва маънавий саёҳат ҳам дейилган. Абдулкарим Қушайрий сўфийларнинг аксарияти сулукларининг бошида ва ёшлик чотларида кўп сафарга чиқиб, сўнгра узлатга чекинганлари тўтрисида сўзлаб, Жунайд Бағдодийнинг қуйидаги мулоҳазаларига эътибор қаратади: "Тавҳиди сўфийя шундайдир: қадим бўлганни ҳадис бўлгандан ажратиш, Ватанни тарк айлаш (моддий ва маънавий маскан, мақом, мавқе ва ҳоллардан йироқлашиш), нафс севган ва тилаган нарсалардан алоқани узиш, маълумни ҳам, мажҳулни ҳам четга суриб, буларнинг барчасининг жойига Оллоҳни иқома этмоқдир (Рисолаи Қушайрий. Анқара, 1991. 476 - 477-бетлар.). Навоийнинг васл орзусини тарк ва ғурбатга вобаста тарзда ифодалашида ҳам Бағдодий шарҳлаган тавҳидга ишоратни сезиш қийин эмас. Бундан ташқари, шоирнинг "ғурбат ихтиёр этсун" деган чорлови замирида висол истаган киши ғариб бўлсин, ғариблик мақомига кўтарилсин мазмунидаги фикр ҳам мавжуддир. Улу» шоир "Садди Искандарий" достонида: Навоий, чу ғурбатда сен шод бўл, Ватан ёди ранжидин озод бўл! Агар Шарқу Ғарб ўлса манзил санга, Не ғам, ком агар бўлса ҳосил санга, (Алишер Навоий. Садди Искандарий. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма жилдлик. 11-жилд. Тошкент, 1993. 423-бет.) дейди. Одам -ғурбатда, яъни эл-юртидан йироқларда юриб,ғарибликда ҳам шод-хуррам кун кечириши мумкинми? "Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш..." мисраси билан бошланадиган машҳур рубоийни таҳлил қилган олимларнинг деярли барчаси ушбу саволга мантиқан "Йўқ! Ҳеч мумкин эмас!" дея жавоб қайтаришган. Мана, мактаб дарсликлардан бирида ғурбат тушунчаси қандай ёритилган: "Ҳар бир инсон, жонзот ўз Ватани, ўз тупроғида азиз, ардоқли... ўз юртидан ажралиш фожиа. Инсон фақат ўз ватанида ўзини ғариб, бечора сезмайди... Бу тўрт мисра замирига (яъни рубоийга дейилмоқчи - И.Ҳ.) шоир олам-олам маънони жо этиб, Ватансизлик инсон учун оғир азоб эканини, ҳар қандай шароитда ҳам ўз ерига содиқ қолиш одамни бахт-саодатга элтишини таъкидламоқчи бўлади"(Аҳмедов С., Қўчқоров Р., Ризаев Ш. Адабиёт (Умумий ўрта таълим мактабларининг 6-синфи учун дарслик-мажмуа). Тошкент, 2005. 189-бет). Энди юқори синф ўқувчиларига мўлжалланган фикрларни ўқиймиз: "Ушбу рубоийда эрк туйғуси ва ватандан узоқ ("ғурбат")да бўлган киши, яъни "ғариб"нинг ҳоли ифода этиляпти. Шоир ғурбатдаги ғарибнинг қувноқ бўлиши, бегона элнинг унга шафқат ва меҳрибонлик кўрсатиши мумкин эмаслигини тасвирлайди. Бу фикрни таъсирлироқ қилиш учун рубоийнинг сўнгги икки сатрида психологизм асосига қурилган гўзал бир қиёс келтиради..."(Қосимов Б., Тўхлиев Б., Йўлдошев Қ. Адабиёт. 10-синф учун дарслик. Тошкент, 2004.194-бет.). Бунақа фикр-мулоҳазаларни ғурбат, ғариб, қуш ва қафас сўзлари учрайдиган ҳар бир шеър тўғрисида айтавериш мумкин. Лекин Навоий шеъриятида ушбу икки калима (ғурбат ва ғариб)нинг луғавий мазмунидан кўра истилоҳий маъносига кенг ва теранроқ қараш шартдир. Чунки уларнинг ҳар иккаласи ҳам шоир дунёқараши ва ижодиётининг туб моҳиятини англашга хизмат қиладиган "калит" истилоҳлардан саналади. Акс ҳолда Навоийнинг: Ғурбат ичра истар эрдим кезибон ёру диёр, Чунки топтим, истамак ғурбат эрур беҳад ғариб, - (Алишер Навоий. Бадоеъ ул-васат. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма жилдлик. 5-жилд. Тошкент, 1990.40-бет) каби байтларини англаш, тўғри талқин қилиш йўли ўз-ўзидан тўсилади ва ким қандай хоҳласа, матнни шундай тушуниб, қандай истаса, шу тарзда таҳлил ва талқин яратишига эрк берилади. Бизнингча, навоийшуносликдаги энг катта бир нуқсон ҳам ана шу. Бундоқ қаралганда, "Ғурбатда ғариб..." рубоийси тўғрисида айтилмаган гап қолгани йўқ. Ўнлаб олимлар уни таҳлил қилиб, ҳар турли фикр-мулоҳазаларни илгари суришган. Лекин ҳақиқий шеър учун ҳеч бир шарҳ, таҳлил ва талқин охирги сўз ёки хулоса бўлолмаганидек, аввал англанмаганни англаш, ҳануз ёритилмаган маъно қирраларини ёритишга ҳам асло монелик кўрсатмайди. Худди шу эҳтиёж туфайли биз рубоийга қайта мурожаат қилиб, уни нисбатан батафсилроқ таҳлил этишга уриндик. Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш, Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш. Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса, Булбулға тикандек ошён бўлмас эмиш. (Алишер Навоий. Ғаройиб ус-сиғар. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма жилдлик. 3-жилд. Тошкент, 1988. 573-бет) Рубоий ҳақиқатда содда, самимий ва фавқулодда таъсирли бир оҳангда битилган. Бирорта ҳам ҳаракатсиз, рангсиз сўз йўқ - ҳаммаси жонли, ҳаммаси юксак туйғу ва моҳиятга қаратилган. Рубоийнинг, айниқса, ватан ва ватансеварлик эътиқодига нисбат берилиши, кўп тадқиқотчиларни мақола ва китобларида уни четлаб ўтмасликка рағбатлантирган, десак хато бўлмас. Аввало, бевосита шу шеърдан баҳс юритган айрим навоийшуносларнинг фикр-мулоҳазаларига тўхталиб ўтсак. Устод А.Ҳайитметовга кўра, мазкур рубоийни Навоий: "ёшлиги охирларида, гоҳ Машҳадда бир бурчакда, гоҳ Ҳиротда бир бузуғда ҳеч бир кимсанинг ёрдамисиз яшаб юрган йилларда" ёзган(Ҳайитметов А. Навоий лирикаси. Тошкент, 1961. 61 - 62-бетлар). Орадан бир неча йил ўтгач ёзилган "Буюк шоирнинг йигитлик манзумалари" номли мақоласида олим бундай дейди: "...Навоий биринчи бор давлат хизматига киргандан кейин қун ўтмай 1457 йилда Абулқосим Бобур вафот этади. Мамлакатда яна ўзаро феодал низолар бошланади. Бу вазиятда Навоий Машҳадда қолиб, у ердаги мадрасаларнинг бирида илм ўрганишда давом этади. Навоийнинг ўзи туғилган она шаҳри Ҳиротдан, қавму қариндошларидан узоқ Машҳадда кечирган йиллари анча машаққатли бўлган бўлса керакки, у "Мажолис ун-нафоис"да у йилларни эслаганда ўзини "ғариб" деб атайди..." Хуллас, домланинг таъкидлашича, илк девонга кирган ўша рубоий айни "шу вақтларда ёзилган бўлса ажаб эмас"(Ҳайитметов А. Навоий даҳоси. Тошкент, 1970. 49-6ет.). "Илк девон"ни махсус тадқиқ этган атоқли навоийшунос Ё.Исҳоқов энг аввало рубоийнинг ёзилган вақти ва жойини аниқлашга эътиборни тортар экан, "ғурбат" ва "ғариб" сўзларига асосланиб, қуйидагиларни ёзади: "Шеърдаги "ғурбат" сўзидан кўриниб турибдики, бу шеърни у (Навоий дейилмоқчи - И.Ҳ.) Ў3 ватани Ҳиротда эмас, балки ғурбатда, мусофирликда, демак, Машҳадда ёзган бўлиши керак. Навоийнинг ўзи ҳам Машҳадда Абулқосим Бобур вафотидан кейин ёлғизликда моддий жиҳатдан ниҳоятда қийналганлиги ҳақида "Мажолис ун-нафоис" асарида сўзлаб ўтади..."(Исҳоқов Ё. Алишер Навоийнинг илк лирикаси. Тошкент, 1965. 133-бет) Ё.Исҳоқов тадқиқининг ўзига хослиги шундаки, унда рубоийнинг илк варианти билан "Хазойин ул-маоний"дан ўрин олган вариантидаги фарқлар, яъни иккинчи сатрдаги "рафиқу меҳрибон", "шафиқу меҳрибон", "қадаҳ", "қафас" сўзи билан ўзгартирилиш сабаблари атрофлича изоҳлаб берилган. "Бу рубоий, - дейди Ё.Исҳоқов мулоҳазаларини якунлаб, - шоирнинг интим кечинмаларини акс эттирувчи оддий лирик шеъргина бўлиб қолмай, балки чуқур сиёсий руҳ билан суғорилган фалсафий фикрларни ўзида мужассамлаштирган ихчам фалсафий тезис ҳамдир"(Ўша китоб. 134-бет). Шеър ўқувчида қанча кўп мушоҳада уйғотса, ғоявий асосини ҳаёт ва инсон қисмати билан боғлашга нечоғлик кенг имкон берса, ўшанча яхши ва фойдалидир. Шу маънода ака-демик шоир Ғафур Ғулом нақл қилиб қолдирган бир ҳикоятни хотирлаш ҳам ҳеч зиён қилмайди. "Ривоятга кўра, Ҳири Руд ва Инжил наҳри қапталидаги сўлим бир қишлоқда Сафарбой деган бир чўпон яшаган экан. Унинг гўзал қизи бўлиб, доврути Ҳусайн Бойқаро саройигача етиб борибди". Хуллас, ҳуснда якто шу бокира қизни олиш учун подшоҳ ҳазратлари Сафарбойга киши жўнатибди. У эса совчиларга мана нималар дебди: "Қизим тўрт этаги осмон билан туташиб ётган шу бепоён яланг қирларнинг озод тизолидай дашт қизидир. Албатта, у муҳташам, аммо катта қалъа деворлари билан ўраб олинган димиқда яшолмайди... Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш, Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш. Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса, Булбулга тикандек ошён бўлмас эмиш, - деб ҳазрати Алишер Навоий бекорга айтмаганлар. Мен ўз эрки булбулдай қизимни Бойқаронинг сунъий гуллари ўсган, олтинланган сарой қафасида сил бўлиб ўлишини истамайман"(Ғафур Ғулом. Адабий-танқидий мақолалар. 1-жилд. Тошкент, 1971. 112 - 113-бетлар). Эҳтимол, бунақа воқеа-ҳодиса ҳаётда ҳеч қачон содир бўлмагандир. Содир бўлганда ҳам Навоийнинг рубоийси эсланмагандир. Гап бунда эмас. Асосийси, рубоийда эрк ва эркинлик руҳининг ифодаланиши ва ҳар бир кишини шунга илҳомлантиришдир. Одамни ана у тутқун ва қул, мана бу ҳур ва эркин дейиш нисбий гап. Инсон тутилиб ўсган диёрида ҳам ўзини ғурбат қучоғида, ёлғиз ва ғариб ҳис қилиши мумкин. Покистоннинг буюк шоири Муҳаммад Иқбол бир тўртлигида: "Ман андар Машриқу Мағиб ғарибам" - "Мен Машриқу Мағрибда ҳам ғарибман", деса бошқа бирида бундай дейди: Ғарибам дар миёни маҳфили хеш, Ту худ гў, бо ки гўям мушкили хеш. Аз он тарсам, ки пинҳонам шавад фош, Ғами худро нагўям бо дили хеш. (Муҳаммад Иқбол. Пайтоми Шарқ. Душанбе, 1987. С. 268). мазмуни: ўзимнинг яқинларим орасида ҳам ғарибман. Сен ўзинг айт: ичимдаги қийноқ ва қийинчиликларни кимга изҳор қилай. Яширин сирим ошкор бўлишидан қўрқаман. Шунинг учун ўзимнинг ғам-ғуссамни ҳатто ўз дилимга ҳам айтмайман". Навоийнинг рубоийси худди шунақа аҳволдаги зотлар қалбига ҳам таъсир ўтказиб, бир тасалли бағишлаганини тасаввур этиш қийин эмас. Чунки ғурбат кайфияти ва ғариблик ҳолининг миқёси биз билганга нисбатан кенг ва бағоят терандир. Дарвоқе, бир жиҳат хаёлдан кўтарилибди. Ўспирин Навоий рубоийни ёзишда бирор-бир салафидан таъсирланмаганми? Ахир, ғурбат ва ғариблик мавзусида ёзишни шарқлик даҳо санъаткорларнинг айтарли барчаси қойиллатишган. Масалан, Ҳофиз Шерозий ғазалларидан бирида: Ғами ғарибиву ғурбат чу барнаметобам, Ба шаҳри худ раваму шаҳриёри худ бошам, - (Ҳофизи Шерозий. Куллиёт. Душанбе, 1983. С.414) дейди. Мазмуни: "Кимсасизлик ва юртдан жудолик ғам-ғуссасига тоқат қилолмайман. Қани эди ўз шаҳримга борсаму унинг подшоҳи бўлсам”. Буюк Саноий эса булбул қисматига гўё шарҳ битиб: Булбул ба қафас асиру зоғон - ба чаман, Семурғ ғарибу каргасон - аҳли ватан, - булбул қафасда қийналиб, тутқунлик азобидан эзилиб яшайди. Зоғларни қара, гулшан ва чаманларда яйраб юришибди. Шўрлик Семурғ ҳам ғариб, ватансиз, ўлимтикхўр қушлар юрт соҳибларидир, дея таъкидлайди. Бундай байт ва теран ифодалар Навоийни бефарқ қолдирмаганлиги шубҳа туғдирмайди, деб ўйлаймиз. Бироқ устод А.Ҳайитметов "Ғурбатда ғариб..." билан Ибн Яминнинг "Ҳирот подшоси Мунзиддин Ҳусайн саройида беш йилдан ортиқ асирликда" ётган вақтида ёзган қуйидаги рубоийси орасида ўхшашлик мавжудлигини сўзлаган: "Ғариб агар чй вазири шаҳаншаҳон бошад, Ҳамиша майли дилаш сўйи хонумон бошад. Агар чй саиди шоҳон бувад нишемани боз, Вале ба коми дил боз ошъён бошад. Мазмуни: "Ғариб, мусофир одам жаҳон подшосининг вазири бўлса ҳам, унинг қалб тилаги ҳамиша ўзининг уй-жойи. Лочин доим подшоҳларнинг елкасида ўлтирса ҳам унинг юрак орзуси - ўзининг ошёни". "...Ушбу икки рубоийда (яъни Ибн Ямин ва Навоий рубоийларида - И.Ҳ.) лочин ва булбул образлари, "ошён" тушунчаси марказий ўрин тутади ҳамда шеърнинг асосий ғояси шулар орқали очилади" (Ҳайитметов А. Ҳаётбахш чашма. Мақолалар. Тошкент, 1974. 90 - 91-бетлар). Бу хулоса умуман тўғри ва ишонарли. Аммо Навоий рубоийсидаги "ошён" тушунчаси Ибн Ямин тўртлигидан фарқланганидек, "лочин" ва "булбул" образларидан кўзланган маъно ҳам бир-бирига айнан ўхшамайди. Навоий "Фавойид ул-кибар"даги ғазалларидан бирида ёзади: Ғарқи муҳити ишқинг эди жон ила кўнгул, Ул дамки, руҳ эмас эди тан бирла ошно. (Алишер Навоий. Фавойид ул-кибар. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма жилдлик. 6-жилд. Тошкент, 1990. 8-бет) Мазкур байт дин, тасаввуф, фалсафа манбаларига таяниб батафсил шарҳланса, ҳеч лофсиз "Руҳ ва вужуд" номли бир қизиқарли китоб дунёга келади. Ва унинг аҳамиятини Муҳаммад Фузулийнинг "Матлаъ ул-эътиқод" асаридаги мана бу сўзлар жуда аниқ изоҳлайди, деб ўйлаймиз: "Ҳар ким руҳнинг бадандан қандай жой олишини, руҳ билан баданнинг бирлашиш ва фарқланиш жиҳатларини билса, Тангрининг ҳам борлиқларда қандай зуҳурланишини, Тангри ила борлиқларнинг айният ва фарқли томонларини билар ва шу тарзда "Нафсини билган Раббини ҳам билур" деган ҳақиқатга эришгай"(Муҳаммад Фузулий. Асарлар. Беш жилдли. 5-жилд. Баку, 1985.118-бет.). Зотан, руҳнинг аслий ва азалий ватанидаги ҳаёти бир тарих бўлса, "тан уйи"га киргандан кейинги қисмати тамоман ўзга бир саргузаштли тарих. Бу "тарих" турли дин ва таълимотларда турлича талқин қилинган. Афлотунга кўра, руҳ дунёга инмасдан аввал Худо билан бирга яшаб, ундан ҳеч ажралмаган. Кейин дарёдан ажралган томчига ўхшаб Яратгандан айрилиб, бу кўлкалар дунёсига келган. Яъни тан қафасига кириб, бир соянинг маҳбусига айланган. Шу боис ундан чиқиш, қутулиш ва аслий ватанига қайтиб, Худога қайтиш ҳасратида фарёд чеккани чеккан. Монийлик динига кўра, руҳ жасад билан бирлашгач, қоронғуликка тушиб, асир бўлади. Аммо Тангрининг лутфи инояти бўлмиш ақл ва илм уни қутқаришга қодирдир. Зеро, инсон ақл ва илм йўли билан тўла поклангач, ғурбатдан халос бўлиб, асл Ватанига қайтади. Ислом сўфий ва мутасаввифларининг тасаввурида ҳам вужуд бир қафасни, руҳ эса унга қамалган қушни (кўпинча булбулни) тамсил этади. Қушнинг асосий орзу ва интилиши қафасни тарк қилиб, ўз "ошён"ига қайтиш бўлганидек, руҳники ҳам азалий юртга етишиб, соф моҳиятига такрор қовушмоқдир. Ҳақ ошиқлари учун бир идеал мақомига кўтарилган бу ҳақиқатни Навоий мана бун-дай сўзлар билан ҳам ифодалаган: Ўздин қутул, Навоию мақсадға етки, қуш Етмас чаманға, бўлса қафас ичра мубтало. (Алишер Навоий. Фавойид ул-кибар. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма жилдлик. 6-жилд. Тошкент, 1990. 8-бет) Байтдаги "қуш", "қафас” образи рубоийда қўлланилган "булбул" ва "қафас" мазмунини янада кенгроқ англаб, мушоҳада юритишга яқиндан ёрдам беради. "Қуш", яъни "булбул" - руҳ, "қафас" - вужуд ўрнида қабул этилса, "ғурбат" ва "ғариб" сўзларининг истилоҳий маъноси билан ҳам жиддийроқ қизиқиш заруриятга айланмайдими? Биз "Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас..." номли мақолада шу саволга жавоб қайтариш ва рубоийнинг "иккинчи маъно қатлами"ни имкон қадар очиб беришга урингандик.(Ҳаққул И. Тасаввуф ва шеърият. Тошкент, 1991.116 - 123-бетлар.) Мақоладаги талқинга устоз олимларимиздан бирлари матбуотда эътироз билдирган бўлса, бошқа бир тадқиқотчи уни ўзича қўллаб-қувватлаган. Аммо ҳеч ким ғурбат тушунчаси ва ғариб образининг тасаввуф адабиётидаги мавқеи, маъно қирралари, образли ифода тарзи билан ҳанузгача махсус қизиқмаган. Бу ишни амалга ошириш фақат Навоий рубоийсининг ботиний моҳиятини билиш учун ке-ракми? Йўқ, албатта. Ғурбат ва ғариб тасаввуф ва тасаввуф адабиётидаги энг кўп қўлланилган асосий истилоҳлардандир. Хожа Аҳмад Яссавийнинг "Ғариблиғда ғурбат ичра қолдим мано" мисрасидагидек, бошқа сўфий ва мутасаввиф шоирлар томонидан кўп пайт улар ёнма-ён ишлатилган. Бунинг ҳам ўз сабаб ва талаблари бўлган, албатта. Ғурбат ва ғариб калималари турмушдан динга, диндан тасаввуфга, тасаввуфдан бадиий ижодга ўтар экан, моҳият нуқтаи назаридан улардаги боғланиш ортса ортганки, камай-маган. Дастлаб одамларнинг ҳар турли айрилиқ, ранжу уқубат ва маҳзун ҳолатларини акс эттирган бу сўзларнинг маъно "таркиби"га тасаввуф фалсафасининг илоҳий борлиқдан ғурбатга тушиш фикри қўшилгач, уларнинг мазмуни бойиб, таъсири жуда кучайиб кетган. Маълумки, ҳар бир улуғ санъаткорнинг ўзи севган ва қайта-қайта қўллайдиган сўз, ибора ёки тимсоллари бўлади. Шуларга таяниб ҳам унинг ҳаётда нималарга алоҳида аҳамият бериши, аҳвол-руҳияси, шодлиги ё ҳасрати ҳақида маълум тасаввур ҳосил этиш мумкин. Навоий учун ирфон ва кўнгил кучи билан ўзлаштирилган сўзлардан бири "ғариб" эди. Улуғ шоир ҳатто шеърлари ва уларнинг маъниси хусусида фикр юритганда ҳам шу сўзга суянади: Назмим ичра ғариб маънилар, Ғурабо хайлидан нишонадурур. Анда ҳар байт неча маъни ила Байт эмаским, ғарибхонадурур. "Навоий чиройли сўз ўйини орқали, - деб ёзади атоқли навоийшунос А. Абдуғафуров - шу тўрт мисрадагина (яъни юқоридаги қитъада дейилмоқчи - И.Ҳ.) "ғариб"ни уч маънода ишлатади. Биринчи мисрада "гўзал", "камёб", иккинчи мисра-да "ғариблар", "мусофирлар", "бечоралар" ва ниҳоят тўртинчи мисрада "ажойиб", "қизиқ" маънолари мавжуд"(Абдуғафуров А. Навоий сатираси. 1-китоб. Тошкент, 1966.194-бет). Ёки мана бу байтни олайлик: Тут ғариб ун била паймона манга, Кўргузуб хулқи ғарибона манга. (Алишер Навоий. Фавойид ул-кибар. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма жилдлик. 6-жилд. Тошкент, 1990. 503-бет) "Ғариб ун" - яхши ва ёқимли сўз, овоз, чиройли муносабат, олийжаноблик демак. "Хулқи ғарибона" эса гўзал, мафтункор ахлоқдир. Байтни "ғариб" ва "ғарибона" сўзларисиз кўз олдингизга келтиринг, соқийга мурожаат шунчаки таъсирсиз бир гап бўлиб қолади. Хўш, ғариб сўзининг сеҳр ва жозиба сири нимада? Озарбойжон олими О.Охундов тўғри изоҳлаганидек, аввало, унинг маъносида такрорланмас бир лиризм мавжуд. "Ғариб сўзини у ёки бу образ ва нарса учун эпитет ўлароқ ишлатилса, худди бир қоидага ўхшаб ўша объектга дарров ҳусни рағбатуйғонади”(Охундов О. Тил эстетикаси. Баку, 1985. 206-бет). Масалан, шом эмас, "шоми ғарибон", яхши ё чиройли қисса эмас, балки "ғариб қисса" дейилгани замон қизиқиш ўзгариб,ўзгача тус олади. Шунингдек, ғариб сўзининг мусофир, бечора, кимсасиз, мушфиқ, мададга муҳтож каби маънолари билан бирга, ўзгаларга ўхшамайдиган инсон, дунёни билишда илгарилаган, турмушнинг ўткинчи, майда-чуйда ташвишларига ҳеч парво қилмайдиган шахс, деган маъноси ҳам бордир. "Ғарибу хоксорнинг қадри олий бўлганин англа", - дейди ўтмиш шоирлардан бири. Ислом оламида ғарибга эҳтиром, ғариблик ҳолини қадрлаш пайғамбаримиз (с.а.в.) Ҳадиси шарифларига бориб тақалади. Расулуллоҳ бир кун муборак қўлларини Ибн Умар (р.а.)нинг елкасига қўйиб: "Дунёда ё бир ғариб ёки йўлчи каби яшагил", - деган эканлар. Ғариблик ҳоли ва ҳақиқатини изчил идрок этиш ва ҳақиқий ғарибни шарафлаш ана шу пайтлардан бошланган бўлса, ажаб эмас. Ғариб, энг аввало, нимага яқинлаб, нималардан йироқлашишни, кимга суяниб, кимлардан алоқани узиш зарурлигини мукаммал англай билган кишидир. Дунё чин ғарибни йўлдан оздиролмаслиги ва унинг пойига бош уришини теран англагани сабабли ҳам Навоий ҳазратлари Муҳаммад (с.а.в.)нинг ўша ҳадисларини шеърга айлантирган эди: Деди Ҳазрати муҳфизи коинот, Ангаким, эди ҳузнин ўкситгучи Ки, дунёда бўлгил нечукким, ғариб Ва ёхуд анингдекки, йўл ўткучи. Хуллас, Пайгамбар (с.а.в.)нинг эътирофлари бўйича, "Оллоҳнинг энг севимли қуллари ғариблардир". Ахлоқ, тафак-кур, маънавий-руҳий мушоҳадада юксалиб, сезиларли тарз-да бошқалардан фарқланмаганда гариб тўғрисида, албатта, бундай дейилмасди. Лекин Оллоҳ муҳаббатига лойиқ ҳамма кишини ҳам халқ таниб, тан олганми? Сўфий, дарвеш, фақир, гариб, ориф ё ошиққа нисбатан бундай савол ўртага таш-ланмайди. Чунки уларда тан олиш ё тан олмаслик, ўзгаларга ёқиш ёки ёқмаслик деган муаммо йўқ. Дунё ва аҳли дунё назарга илсин ё илмасин, ғарибга бу зарра қадар ташвиш тугдирмайди. Унда нима учун: Ғурбатда гариб шодмон бўлмас эмиш, - дейилган? Ўз танлаган йўли, маслаги ва интилишларига собитлиги учун эл-юрт, ёр-биродарлардан йироқликни зоҳирий гурбат, маконсиз, замонсиз Ҳақ даргоҳидан айрилиқни ботиний гурбат дейдиган бўлсак, гарибни гариб ўлароқ қайта яратиб, илоҳий ирода ва ноёб фазилатлар соҳибига айлан-тирадигани кейинги "гурбат"дир. Абдураззоқ Кошоний ёза-ди: "Ғурбат - айрилиқ, жудолик демак. Бу айрилиқ нафснинг ҳайвонликдан, табиий кўникма, шаҳвоний орзулардан, касрат мартабаларидан, жисмоний-шайтоний чиркин ҳоллардан ботин мартабасига, хотиржамлик ҳукмлари, малакий-руҳоний хулқларга етишиш пайтида юзага келади". Албатта, бу ғурбат - нафс билан курашиш, нафси амморага қарши матонат ила жангга киришиш ва ундан ажралиш ғурбати. "Шу боисдан у Ҳақни излаш ғурбати дея номланган. Ҳазрати Пайғамбар "Ҳақни талаб этмоқ ғурбатдир", демишлар", дейди Кошоний. Унингча, "Ғурбат валиликнинг бир даражаси", деб қаралгани туфайли ҳам "сўфийлар ғурбат калимаси орқали кўп муҳим фазилатларга ишорат қилишган". Ибн Арабий "Футуҳот ул-Маккийя" асарида ғурбат калимасига алоҳида тўхталиб, унинг уч маъносини шарҳлайди. Унга кўра, ғурбатнинг биринчи маъноси "мақсадга эришмоқ учун ватандан айрилмоқ... Сўфийлар ғурбат деганда қалбнинг Оллоҳга интилишини назарда тутадилар"(Суод ал-Ҳаким. Ибн ал-Арабий луғати. Истанбул, 2004.13-бет). Бундай ҳолатга етишган кишининг аҳли дунёдан ўзини айри ҳис қилиши, элнинг унга "шафиқу меҳрибон" бўлолмаслигининг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ. Ахир, жоҳиллар орасида олим, ғофил, фосиқ ва риёкорлар даврасида оқил, ёвузлар қаршисида фақирнинг ғариблиги асрлар мобайнида айтиб келинади-ку! "Ғариблик мартабасига юксалган киши, - деб ёзади Абдул-карим Жилий, - ҳар нарсадан ҳам йироқ, ҳам ҳар нарса ила яқин эрур. Бошқалар бундай одамнинг ҳолини англай олмагани учун эл орасида ғарибдир"(Жилий А. Комил инсон. Истанбул, 1998. 35-бет). Чунки Абдуллоҳ Ансорийга кўра: "ғурбат майдонидан тавҳид майдони пайдо бўлур"ки, бу бирлик ҳолининг чўққисидир. Инсон умри руҳоний оламдан борлиқ оламига, ундан яна охират дунёсига муборак бир сафардир. Бу моддий оламда у боқий қолмоқ учун эмас, балки ҳақиқий Ватани бўлмиш малакут оламига қайтиш учун туғилади. Шу сабабдан ҳам унинг ҳаёти ва тақдир йўли бир ҳижрат, бир сафар, бир хотира мазмунига эгадир. Кўз очиб-юмгунча ўтиб кетадиган бу оламга инсон мусофирот бўлиб келган. Шунинг учун руҳ доимо аслий Ватанни қўмсаб, энг шаффоф, энг нурли маънавий ҳоллар (Тасаввуф луғати. 418-бет) орқали унга ғариблигини эслатиб туради. Акс ҳолда, Бобур Мирзодай улкан бир салтанат соҳибининг кўнглида: Руҳимни чу тан уйига келтурдинг пок, Мундан бори элтма касофат бирла, - деган бир ташвишли орзу пайдо бўлмасди. Руҳнинг "латофат бирла" яратилганини билиш, танни унга ошиқ бўладиган дара-жада софлаштириш - инсонни сайри сулукка илҳомлантирган туб моҳият ана шу. Тасаввуфдаги ҳол ва мақомлар мутлақ тарзда бир-бирига боғлиқ, бири иккинчисининг равнақига йўл очади. Масалан, ғариблик ҳолини англамай, ёки яшамай, фақр ҳолини мушоҳада қилиб бўлмаганидек, фано ҳоли ка-молини ҳам фақрсиз тасаввур этиб бўлмайди. Аммо фақр ё дарвеш дейсизми, ориф, абдол ёхуд ошиқ дейсизми - булар-нинг ҳаммасида ғурбат ва ғариблик ҳоли бўлган. Нақл қилинишича, Зуннун Мисрий бир чўли биёбонда асирга ўхшаб таҳликали ҳолда кетаётганида бир аёлга учрабди. Аёл ундан "Сен кимсан?", деб сўрабди. "Бир ғарибман", - дебди у. Шунда аёл: "Оллоҳ ила бирга бўлган ҳеч кимсада ёлғизлик ва ожизлик бўлурми?" - деган экан. Дарҳақиқат, ваҳдат майидан қониб, тавҳид "либоси”ни кийган ғарибда касрат ҳиссиётлари тамоман барҳам топади ва дунё аҳли, кўпинча, билмайдиган, билса-да, назарга илмайдиган шу юриб инсон руҳи, унинг тафаккури ҳамда камолотининг буюк муҳофизидир.
Иброҳим Ҳаққул "Ўзбек тили ва адабиёти" 2009 йил, 2-сон.
|
Навоийхонлик
- 0
- 1
Гар Навоийнинг куюк бағрида қондурҚошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб, Деди: кўрким, Қавс б... |
Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабобИкки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб, Биридур айни ху... |
Тиласа равзани зоҳид, Навоийю - кўюнгЗиҳи висолинга толиб тутуб ўзин матлуб, Муҳаббатидин отингни ҳа... |
Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузарЭй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро Ганжи ҳуснунг жавҳар... |
Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурурҚаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга, Лутфунг ўлса, юз ... |
Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгулКўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга, Не балолиғ кун эди... |
Сенинг васлинг муяссардур мангаМенмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга? Бахти гумраҳдин... |
Халқ дер: жон беру ё кеч ишқидинШаҳр бир ой фурқатидин байт ул-аҳзондур манга, Бир гули раъно ғ... |
Элга гар бу иш ҳунар бўлса, бўлуптур фан мангаУл малоҳат ганжи ҳажрида бузуғ маскан манга,Уйладурким, жондин ... |
Эй Навоий, бу фано дайрида не бор манга?Гарчи ҳажрингдин эрур юз ғаму озор манга, Ғам эмас васлинга умм... |
Уйғониш даври
- 0
- 1
Шубҳа(Ҳикоя)— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида... |
Янги систем бетарафликИнқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ... |
Қўрққан олдин мушт кўтарар(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентяб... |
БўзахонадаТунов кун кайфимиз бир оз ширалангандан сўнг, Тошпўлад тоға кос... |
Қурбонлиқ ўғрилариКичкина хангама— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан... |
Думбаси тушиб қолган эмишКичкина фелетўн(Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман) Гўш...О... |
Қурбон байрами (Ҳангама)Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.Бу кун қуввати келг... |
ДардисарБир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ... |
Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб о... |
Наҳс босқан экан...Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:— Қани бир бахтимизн... |