Facebook
Адабиётшунослик PDF Босма E-mail

АДАБИЁТШУНОСЛИК — бадиий адабиёт ва унинг мазмун моҳияти, ўзига хос хусусиятлари, пайдо бўлиш ва ривожланиш босқичлари, ижтимоий вазифалари, ижодий жараён қонуниятларини ўрганувчи фандир. Адабиётшунослик бир-бири билан чамбарчас боғланган — адабиёт тарихи,
адабиёт назарияси ва адабий танкид бўлимларидан ташкил топган. Махмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» асаридаги халқ оғзаки ижоди намуналари хақидаги муайян фикрлар, илмий-текстологик қайдлар адабиётшуносликка мансуб илк қарашлар саналади. Адабиётшунослик илмига оид кузатувлар хисобланмиш Абу Наср Форобийнинг «Шеър санъати» (X аср), Абдулқодир Журжонийнинг «Асрор ул-балоға фи илми баён (Баён илмида балоғат сирлари)» (XI аср), Қайс Розийнинг «Китоб ул мўъжам фи маиори ул-ажам (Ажам шеърияти меъёрлари қомуси)» (XIII аср) асарларида бадиий асар табиати, тили, муаллиф маҳорати каби масалалар ёритилади. Адабиётшунослик тарихида Замахшарий (1075-1144), XII асрда яшаган шоир ва адабиётшунос Низомий Арузий ибн Умар Самарқандий, XIV аср ижодкорлари Атоуллох Ҳусайний, Ҳондамир, Восифий асарлари мухим ўрин эгаллайди. Миллий адабиётшунослик тараққиётида Шайх Аҳмад ибн Ҳудойдод Тарозийнинг «Фунун ул-балоға», буюк сўз устаси Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис», «Мезон ул-авзон», «Ҳолоти Пахлавон Мухаммад», «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Ҳамсат ул-мутахаййирин» сингари асарларида бадиийлик санъати, ижодкор ва бадиий ижод, сўз олдида масъуллик, аруз шеърий тизимининг назарий ва амалий масалалари қаламга олинади. Шунингдек, Захириддин Мухаммад Бобурнинг «Мухтасар», Зокиржон Xолмухаммад ўғли Фурқатнинг «Аруз хақида рисола» асарлари хам ўзбек адабиётшунослигидаги мухим манбалардир. Утмишда адабиётшунослигида шеършунослик катта нуфузга эга бўлган, бу соха асосан уч йўналиш (илми аруз, илми бадеъ ва илми қофия)дан таркиб топган.
XIX аср охири ва XX аср бошларидаги матбаачилик тараққиёти ўзбек адабиётшунослиги учун янги имкониятлар эшигини очди. Ҳожи Муин, Мирмухсин Шермухамедов, Бехбудий, Абдул-хамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Ашурали Зохирий ва Вадуд Махмуд каби муаллифларнинг турли жанрга мансуб тадқиқотларида адабиёт ва унинг ижтимоий функцияси масаласига урғу берилди.
Ижтимоий онгнинг барча соҳаларида бўлганидек, XX аср, аниқроғи, шўролар хукмронлиги давридаги мафкуравий зуғум ва ижтимоий биқиқлик адабиётшунослик фанида хам ўз ифодасини топди. Мумтоз адабиётга муносабат, давр адабиёти намуналари талқини, адабий жараённи бахолаш каби масалаларда синфий ва партиявий тамойиллар етакчилик қилди. Шунга қарамай, XX асрда адабиётшунослик илми мустақил фан сифатида шаклланди, унинг учала бўлими — адабиёт тарихи, адабиёт назарияси, адабий танқид сохаларида жиддий ютуқларга эришилди: турли муаллифлар томонидан монография, дарслик, қўлланма ва рисолалар яратилди.
Замонавий адабиётшунослик фани шаклланиши ва такомилида Абдулхамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Абдурахмон Саъдий, Отажон Ҳошим, Вадуд Махмуд, Ойбек, Иззат Султон, Натан Маллаев, Ғулом Каримов, Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов, Нуриддин Шукуров, Уммат Тўйчиев, Умарали Норматов, Анвар Ҳожиахмедов, Бегали Қосимов, Бахтиёр Назаров, Баходир Саримсоқов, Нажмиддин Комилов, Дилмурод Қуронов сингари олимларнинг тарихий,   назарий ва амалий характердаги асарлари эътирофга лойиқдир.