Диёнатсиз садрлар /мансабдорлар/ туғрисида PDF Босма E-mail
19.06.2024 12:48

Виждонсиз, ҳаром-харишдан тортинмовчи, бедиёнат садрлар — ҳеч зарурати бўлмаган бидъатдек нарсадир. Агар бу нокас илмсиз бўлса, бутун қилмиши — бузуқлик, фисқу фужурдир. Унинг базмидаги соз ва куй оҳанглари илм ва тақвога тутилган азанинг мотам фарёдидир.
Олимлар тарафидан гулоб (гул шарбати) солиб келтирилган шишалар бўшагач, хизматкорлари бу идишларни май билан тўлдирадилар: улар учун келтирилган наввотни ушатиб, садрлар ўз ичкиликларига газак қиладилар, бунинг вазифаси бошқа нарсаларга кучирилган. Ярамаслик унда ғолиб, талабалар эса югурдакли қиладилар. Уларнинг хизматкорлари хонақо учун ажратилган таомга, маҳрам болалари эса шайх ва мударрис маошига шерик. Базмига май келтиришга муҳтасиб рози ва унга май сузгувчи соқолли қози. Мамлакатда бу каби ман қилинган нарсалар ривож топаверса, ислом ва шариятга  ҳурмат бўлармиди?
Аслида, садр — олимларга дастёр, шайхларга хизматкор, сайидларга кўмакчи ва фуқаро хизматига ҳамиша тайёр бўлмоги керак. Улар зулм риштасини узгувчи, вақф ерларнинг бузилганини тузувчи ва зироат-деҳқончиликни авж олдиришга саъй-ҳаракат кўргизувчи булмоғи керак.
Маснавий:
Садр бузмас фақат майхўр, палидни,
У бузғай хожани, ҳатто сайидни.
Ўзи айёру маккордир саросар
Сўзи кўп ялтироқ, тўн зебу зевар.

Қитъа:
Истарки, бошиға алоқали салла ўраса,
Эгнига мавлавийлардек ридо ташласа,
Бу етмагандай, отининг бўйнига қўтос осиб олса,
Соқолидек, ўзи ҳам ўз бўғзидан осилади.