Баҳодирлик лофини урган фосиқ ва очкўз мақтанчоқлар ҳақида PDF Босма E-mail
19.06.2024 12:51

Шоҳ эшигида — уйида пул-молни совиргувчи бу одамлар на тангрига ибодат ва на шоҳга итоат қилади-лар. Истагани шуҳратпарастлик ва одатлари олифтагарчилик. Юриш-туришлари маст-аластлигу, ўзларига зеб бериш. Чин гаплари — лоф уриш, маъноли сўзлари — ёлғончилик. Динлари — ичкиликбозлик, расм-русумлари — динсизлик. Истаклари от чоптириб завқ олиш. Гап-сўзлари бош-яланг бетга чопиш.
Базмда даъволари ўзларини Ҳотамдек, жанг-жадалда ўзларини Рустамдек танитишдир. Бошларидаги жи-ғанинг дабдабасидан «Насри тойир» юлдузи ҳуркади; найзаларидан «Симоки ромиҳ» юлдузига доғ тушади. Салла ўрашлари ҳам бесунақай, қупол; салла печининг узунлигидан эса, елкаларида бетиним озор.
Мамлакат ёвини қувиш, юрт сақлаш ишимиз деб шоҳга миннат этишади, бу даъволарга эришгунча нечтасини ичкилик ўлдиради, бир қанчалари эса бошқа ёмонликлар туфайли дузахга равона буладилар. Булар-нинг юздан бири жанг майдонига етади; шунда ҳам йўртоқи чопиш билан ўзини ҳалок қилади. Булар жанг майдонида баҳодирлик лофин урадилар ва душман сафини бузиш ўрнига ўз шерикларини босадилар.
Бу хилдаги «баҳодир» ҳеч жанг майдонида бўлмасин; душман сафини бузишда, майдонда бундайларнинг қони тўлмасин!
Шоҳ учун камбағал-бечоралар дуоси, фуқаронинг тинч-омонлиги ва тангрининг розилиги — жанговар қўшиндир. Агар шоҳ қўшинига ҳақ меҳрибончилик қилса, унинг байроғи: «Зафар берувчи Оллоҳдир» шиори билан зийнатлапади. Агар шоҳга давлат бўлса ёр — душман булур хору хоксор...