Меҳрибонлик ва раҳмдиллик ҳақида PDF Босма E-mail
15.06.2024 19:41

Кўнгли ёруғ оқилларнинг қалб саҳифаларига баён қалами билан битиб қўйилганки, ягона зот бўлган Худованд наздида энг улуғ хислат меҳрибонлик ва раҳмдилликдир. «Албатта раҳматим ғазабимдан устундир!» ҳадиси қудсийси ҳам бу гапнинг тўғрилигини тасдиқлайдиган ўта мустаҳкам далилдир. Агар раҳмдиллик ва меҳрибонликдан ҳам яхшироқ хислат бўлганида эди, пок ва улуғ парвардигор Қуръон суралари аввалида ўзининг муқаддас зотини [меҳрибонлик ва раҳмдилликдан бошқа бўлган] ўша сифатлар билан мақтаган бўларди.
Тўғри йўлга бошловчи [Худо] ҳамда мсҳрибон ва кечи-римли Зотнинг танлагани [бўлган пайғамбар] улуғ манзилатли умматни ўзларидан худди шундай хулқ-атворни намоён этишга бурчли қилганлар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ер юзидагиларга раҳм қилинглар, шунда сизларга осмонлар устидаги Зот [Аллоҳ] раҳм қилади».
Бошқа бир ҳадисда тошюракларни ўзига эргашувчилар жумласидан ташқарида деб билиб, шундай деб марҳамат қилинган: «Ким кичикларга раҳм-шафқат қилмаса, катталарга иззат-ҳурмат кўрсатмаса, у биздан эмас».
Шундай экан, инсонларнинг барча тоифалари бўйнига ва барча табақалари зиммасига шу бурч ва мажбурият қўйилганки, улар Яратгувчининг раҳматидан маҳрум бўлиб қолмасликлари учун барча инсонларга уларнинг табақа ва тоифасидан қатъи назар меҳрибонлик билан муомала қилишлари, тошюраклик ва тошбағирлик каби ёмон иллатдан ўзларини олиб қочишлари ва сақланишлари лозим.

Байт:
Кўнгил, тингла мендан бу яхшн сўзни,
(39б) Донолардан қулоғимда қолган ўгитни:
Кимки бағритошлик қиличин тортса,
Ҳалок бўлар бағритошлар қиличидан.

Ушбу маънолардан таралаётган нур раҳмдил ва кечиргувчи бўлган Зот марҳаматлари жилвагоҳи ва ҳазрати султоннинг яқин кишисига кундай равшан бўлганлиги сабабли, ҳар доим раҳмдиллик ва меҳрибонлик хислатини ўзларига одат қилиб олган эдилар ва ҳамиша меҳрибонлик ва юмшоқкўнгиллилик қанотини олам аҳлининг турли тоифалари ва табақалари узра ёйиб, бечораларнинг дилларидаги ўтни таскин шарбати билан ўчирардилар ва мазлумлар кўкрагидаги жароҳатни ўзларининг раҳмдиллик ва ичкуярлик малҳами билан даволардилар.
Айтилган ушбу гапларга мисол келтириш ва ушбу даъвони исботлаш учун қутлуғ баёнли қалам бир неча ҳикоятни баён этишга киришиб, ушбу рисола саҳифаларини дунё улуғлари ва буюкларининг таянчи бўлган бу зотнинг мақтовга сазовор яхши ишлари тўғрисидаги маълумотлар билан безайди.
Худонинг ўзи ишимизга мадад ва омад берсин.

Ҳикоят
Султон Саъид Мирзо Султон Абусаъид замонида Соҳибқирон Султон лашкарлари баъзида замон тақозосига кўра Хуросон вилоятлари ва туманларига ҳужумлар уюштириб турардилар. Бир гал улардан икки нафари Амир Аҳмад Ҳожи [одамлари] томонидан қўлга олинди. У ўйлаб ўтирмасдан, буларнинг ҳар иккаласи катл этилсин ва бошлари Самарқанд волийси Султон Аҳмад Мирзонинг олдига олиб борилсин, дея ҳукм чиқарди.

Ўша пайтда Аҳмад Ҳожининг қўшинида бўлган, Ҳазрати султоннинг яқин кишиси ҳисобланган ул олий ҳазрат ушбу ҳукм тўғрисида эшитиб, ўша икки асирнинг ҳолига раҳмлари (40а) келди ва амир жанобларига:
- Бу икки кишини тириклай Султон Аҳмад Мирзонинг олдига юбориш керак, токи унинг ўзи бевосита улардан Мирзо Султон Ҳусайннинг ахволи қандай эканлигини билиб олсин ва булар тўғрисида ўзи маъқул топган ҳукмни чиқарсин, - дедилар.
Амир Аҳмад Ҳожига бу сўзлар жуда маъқул тушиб, ул Ҳазратни олқишлади ва асирларни ўз подшоҳи олдига жўнатди. Султон Аҳмад Мирзо улардан Соҳибқирон Султоннинг қандай аҳволда эканлигини билиб олгач, ҳар иккаласини қамоққа ташлади.
Орадан бир қанча вақт ўтгач, ушбу азизлардан бири [қамоқдан] озод бўлиб, доно Амирнинг [хизматига кириш учун унинг] ҳузурига шошилди. Унинг хизматида бўлиш мажбуриятини бўйнига олиб, бир умр [ул Ҳазрат] мулозимлари қаторидан жой олиб, унинг дуои жонини қилишга машғул бўлди.

Ҳикоят
Бир сафар Султон Саъид амирларидан бир гуруҳи Чаҳчаҳ яқинидаги жангдан сўнг Соҳибқирон Султон лашкарларидан бир тўдасини асир олиб, уларни қатл этиш ва сўнгра бошларини ўз подшоҳларига жўнатиш учун бўлиб олишди. [Бу пайтда] Ҳазрати султоннинг яқин кишиси бўлган ул олий ҳазрат ўша ўрдугохда Амир Султон Ҳасан Арҳангийнинг ўғли Мирзобек билан бирга эдилар.
Шундай қилиб, ўша асирлардан иккитаси Амир Султон Ҳасанга тегди. Ушбу амирнинг ўзи бўлмаган, аммо ул Ҳазрат Мирзобек билан бирга турган бир жойга тавочи ўша икки асирни олиб келдида, (40б) дарҳол буларнинг ҳар иккаласини ҳам қатл этиб, бошларини [подшоҳ ҳузурига] юборинг, деди. Олийжаноб Амир бу ҳолатни кўриб ташвишга тушди ва Мирзобекка қараб:
- Мен жанг майдонининг фалон жойида бир жасадни кўрдим. Бир-икки танга жаллодга берсангиз, унинг калласини олиб келса ва [ўша каллани қўлга тушган асирлардан бирининг калласи, деб подшоҳнинг олдига жўнатсангизу] асирлардан бирини ўлдирмасдан қўйиб юборсак, деган умидца эдим, - деди.
Мирзобек ул Ҳазратнинг айтганини қилди ва шу тариқа олижаноб Амир бир кишининг хдётини сақлаб қолдилар.
[Ул Ҳазрат асирлардан] иккинчисининг ҳаётини қай йўл билан саклаб қолсак экан, деб ўйлаб турганларида, тавочи етиб келиб, биттадан ортиқ асирни ўлдирманг, битта калла етади, деб қолди. Шундай қилиб, жанг майдонидан олиб келинган каллани [унга] бериб, [асирликка тушган] ҳар иккала кишини қўйиб юбордилар.

Ҳикоят
Бир сафар Соҳибқирон Султоннинг муборак кўнглига Хоразм вилоятини обод қилиш фикри келиб, Хуросон аҳолиси-дан уч минг оилани у ерга кўчириш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган фармон чиқарди. [Бу фармонга кўра ушбу уч минг оила ўша вилоятда] жойлашиб, [у ерни] обод этиш ва деҳқончилик қилишга куч-ғайрат сарфламоқликлари лозим эди.
Ҳамиша унга омад ва ғалаба ёр бўлган Амирнинг нурли назари бу ҳолатга тушгач, [Хоразм вилоятига жўнатилиши керак бўлган] одамларнинг аҳволига раҳми келиб, [Соҳибқирон Султонга] шундай арз қилди:
- Аъло ҳазратнинг бу ишдан кўзда тутган мақсадлари ислом мамлакатини обод қилиш ҳамда инсонларнинг турли тоифалари моддий фаровонлигини ошириш бўлсада, аммо ҳозир ўрганиб қолган ватан ва одатланиб қолган маскандан айрилиш мусулмонларга парокандалик ва саргардонлик кўринишидаги кўп қийинчиликлар олиб келади. Бундан ташқари [у ерга] ушбу гуруҳ одамларининг бориб яшай бошлаши билангина (413) у вилоятнинг обод бўлиш-бўлмаслиги маълум эмас. [Аъло ҳазратнинг] шоҳларга хос бўлган юмшоқкўнгилликлари ва меҳрибончиликларидан қилинган умид шуки, ушбу фикрдан қайтсалар. Чунки азалий зот бўлган Худо Хоразмнинг обод бўлишини истайдиган бўлса, [у вилоят] бирор киши ўз ватанидан узоқлашиб, сарсон-саргардон бўлмаса ҳам обод бўлаверади.
Соҳибқирон Султон бошида бу сўзларни маъқуллаш қулоғи билан тингламади. Раҳмдилликни ўзига одат қилиб олган бу Амир бу сўзларини ўн марта такрорлаб, уни бу фикрдан қайтишини қаттиқ туриб сўраган бўлсада, фойда бермади. Бироқ бошқа бир сафар журъат қилиб, шундай деди:
- [Аъло Ҳазратнинг чиқарган] муборак фармонига мувофиқ камина ҳар бир муҳим масала борасидаги ўз вақтида билдириладиган фикримни тўққиз мартагача [қайта-қайта] айтишга ҳақли бўлганлигимдан келиб чиққан ҳолда, халқни Хоразмга кўчириш масаласи тўғрисидаги фикримни тўққиз марта маълум қилдим, бироқ натижа бермади. Ҳатто ундан ошириб, ўнинчи марта ҳам бу ишнинг олдини олиш учун сизга бош оғриғи бўлдим, лекин илтимосимнинг бажарилишига эришолмадим. Энди илтимосимни яна бир марта такрорлайман ва умид қиламанки, бу гал бу илтимосни бажо келтирасиз.
Адолат йўлидан юрувчи подшоҳ шундай жавоб берди:
- Мен сизнинг кундан-кунга қудрати ошиб бораётган давлатнинг манфаатларини ўйлаб, бу масалада қаттиқ туриб олганингизни биламан. Бироқ салтанат тонги ёришмасидан олдин ўша ўлканинг ободонлиги учун саъй-ҳаракат ва куч-ғайрат сарфлашни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганлигим сабабли бу ишни амалга ошириш фикридан бутунлай воз кечолмайман. Энди сизнинг маъқуллашингиз билан ўша уч минг оиланинг учдан икки қисмига тегмаслик, (41б) уларнинг учдан бир қисмидан ортиғига у томонга кўчиш мажбуриятини қўймаслик [яъни олдин айтилган ўша уч минг оиладан фақат учдан бирини Хоразмга кўчириш] тўғрисида фармон бердим.

Қитъа:
Қандай ажойиб доноким, шоҳ олдида
Қаҳр чоғида яхши нарсалардан сўзлайди.
Сув каби ёқимли ва майин сўзлар айтади,
Шоҳнинг [қаҳр] оловига сув сепади.

Ҳикоят
Бир йили қиш фаслида адолатли Соҳибқирон Марвда қишлаган, олам улуғларининг пушти паноҳи бўлмиш ул Ҳазрат эса унинг осмон билан бўйлашган қароргоҳида хизматда бўлган чоғида бир мусича бир неча марта ул ҳазратнинг чодирига учиб кирди ва ҳеч ким унга тегмаганидан кейин ўша ерда ин қуриб, тухум қўйди.
Сайёралар подшоҳи ҳут қишхонасидан ўзининг буюклик ва улуғлик манзили томон ҳаракат қилгач, Соҳибқирон Султон салтанат пойтахти Ҳиротга қараб йўл олди. Бироқ бу пайтда ўша мусича қўйган тухумлар ҳали очилмаган эди.
Шу сабабли ул олий ҳазратнинг табиатида мавжуд бўлган раҳмдиллик ва ундаги туғма хислат бўлган юмшоқкўнгиллик ўша мусича жўжа очиб, болаларини катта қилмагунига қадар ушбу чодирни йиғмасдан шундай қолдиришни тақозо қилиб қолди. Шунга кўра [ул ҳазрат] Хожа Ҳасан Бахтиёрга ушбу чодирга кўз-қулоқ бўлиб туришни, мусича болаларини учирганидан кейингина уни ўзининг хизмат ҳақи сифатида ўзи билан бирга олиб кетишини буюрдилар.
Хожа Ҳасан Бахтиёр бу буйруқни бош устига қабул қилиб, мусича болаларини катта қилиб олгунига қадар ўша жониворга кўз-қулоқ бўлиб турди ва шундан кейингина у чодирни йиғиб олди.

Ҳикоят
Бир куни ҳидоят насабли Амир (42а) аср намозини ўқигандан сўнг ҳар кунлик одатига хилоф равишда, жамоат намозига келмаган кишиларни суриштиришга киришмасдан, шоша-пиша ўзларининг шахсий боғчалари томон йўл олдилар ва унчалик вақт ўтмасдан, тезда қайтиб келдилар. Бундан ул Ҳаз-ратнинг хизматида бўлган мулозимлардан айримлари ҳайрон бўлдилар. Ул ҳазрат бу ҳолатни тушуниб, ўзидан гавҳарлар сочувчи тиллари билан қуйидаги сўзларни айтдилар:
- Масжидга келаётган чоғимда фалон жойда тўхтаб, таҳорат қилган эдим. [Намоз чоғида] жамоат [бўлиб намоз ўқувчилар] сафида турганимда елкамга ёпишиб олган бир чумолини кўрдим. Билдимки, таҳорат қилган жойимда менга илашиб олган экан. Агар елкамдан тушиб кетиб, унга бирор озор етса ва уйига борадиган йўлни тополмай қолса, уволига қоламанми, деб қўрқдим. Шунинг учун ҳам намоз тугаганидан сўнг шоша-пиша ўша таҳорат қилган жойимга бордимда, уни ўз уяси олдига қўйиб юбордим ва кўнглимни [ўзим билмаган ҳолда Худонинг бир жониворига] жабр-зулм қилиб қўйиш хавотиридан халос қилдим.
Ул ҳазратнинг хизматкорлари бу ҳикоятни эшитиб, унинг бениҳоя раҳмдиллигидан ҳайрат денгизига ғарқ бўлишди ҳамда тилларига [ул Ҳазратнинг ҳақларига] дуою ҳамду санолар келтиришди.

Ғиёсиддин Хондамирнинг
"Макорим ул-ахлоқ" китобидан