Топқирликлар ва ҳазил-мутойибалар баёни PDF Босма E-mail
18.06.2024 16:35

«Мен зуккоман», дегувчи ширин тилли тўти ва «мен сўзга чечанман», дегувчи хушовоз булбул (Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар) (уларга энг гўзал салавотлар ва энг улуғ саломлар бўлсин), мўмин (52а) ҳазилкаш ва ширинсўз, мунофиқ эса хўмрайган ва аччиқ тилли бўлади, деб айтади. Амир ал-мўминин Али алайҳиссаломнинг ўзидан гавҳарлар сочувчи ҳикматларидан бирида шундай дейилади: «Бирор киши бадахлоқлик ва бадқовоқлик доирасидан чиқиб кетишга сабаб бўладиган даражада ҳазил-мутойиба қилса, бунинг ёмон жойи йўқ».
Шунга кўра, баъзида дин улуғлари ва яқин йўлидан юрувчи соликлар ҳам ҳазил-мутойиба қилишар ва латифалар дуррини баён ипига тизишарди. Ҳатто Ҳазрати расулдан ҳам кўплаб ҳазиломуз гаплар нақл қилинган бўлиб, улар одамлар орасида оғиздан-оғизга ўтиб, тилларда достон бўлиб кетган.
Ҳақиқатан ҳам бир мудом тунд бўлиб юриш кўнгил кўзгусини хиралаштириб қўяди ва ҳазиломуз сўзлар сайқалидан бошқа бирор нарса уни тиниқлаштира олмайди. Ҳақиқатлар паноҳи бўлган Ҳазрати Махдумий (Аллоҳ унинг қабрини нурга тўлдирсин) бу тўғрида назм йўли билан шундай деганлар:
Қитъа:

Бир бахтли гар ҳазил қилса уни айблама,
Ақлу диннинг аҳкомида бу ишдир жоиз.
Кўнгил кўзгу, тундлик эса кўзгудаги занг,
Тозаламоқ маҳол ушбу зангни ҳазилсиз.

Ушбу муқаддимани келтириш орқали айтмокчи бўлганимиз шуки, Ҳазрати султоннинг яқин кишиси бўлган ул олий Ҳазрат (Алишер Навоий) (Аллоҳ ул зотнинг қабрларини табаррук қилсин) баъзида ширин ва ёқимли сўзлар чиқувчи тилларига ҳазил-мутойибалар келтириб, ўринли бўлган ҳолатларда латифасифат сўзларни баён ипига терардилар. Бундай сўзлар ул ҳазратнинг нозик зеҳни ва муборак табъининг ўткирлигидан далолат берганлиги сабабли улардан айримларини келтиришга журъат қилинади. Худонинг ўзи ишимизга мадад берсин.

Топқирлик
Султон Саъид [ҳукмронлиги] замонида кунлардан бир куни Худо ёр бўлган ушбу Амир Паҳлавон Муҳаммад Абу Саъид билан «Боғи сафедлда сайр қилиб юрган эдилар. Шу пайт Паҳлавон Муҳаммаднинг танишларидан бўлган Юсуф деган бир киши учраб қолди. У айрим (52°) вазирлардан шикоят қилиб, шундай деди:
- Улар менинг сувимни тортиб олдилар. Мен бу тўғрида Мирзога арз қилгани келган эдим. Бироқ ясовуллар мени ичкарига киритишмади. Ваҳоланки менинг ночорлигим шу даражага етганки, ҳар куни овқатланиш пайтида ундан-бундан бироз нон тилаб олиб, ўша билан кун ўтказмокдаман.
Шунда ул Ҳазрат қуйидаги байтни унга ўқиб бердилар.
Байт:

Шоҳ эшигидан нон тилаган тиланчи ўз суви билан қўлини ювиб қўлтиғига урмоғи керак.

Топқирлик
Самарқандда чирой ва ҳуснда тенгсиз Бобур исмли бир ёш тикувчи бўлиб, у бир гал ушбу саодатли Амир учун унинг мулозимлари олдида кийим бичди. Шу аснода ул Ҳазратдан, менга бирор муаммо ўргатинг, деб илтимос қилди. [Шунда] ул Ҳазрат «Бобур» номли қуйидаги муаммони унга ўқиб бердилар.
Байт:

Тақдирнинг ўзи сенинг қаддинг учун қабо тикади,
эй йигит, қофдан қофгача (бутун дунёда) ном чиқаргин.

Топқирлик
Золим кишилардан бўлган ва бир канча вақт аъло ҳазрат саройида вазирлик каби юкори даражага етишган Мавлоно Сонеъий бошига катта салла ўраб юрарди. Кунлардан бир куни унинг номаъқул ишлари олам Соҳибқиронининг қуёшдек нур сочувчи кўнглига маълум бўлгач, ундан ғазабланиб, унинг бошидан салласини олиб ташлашларини буюрдилар. Шунда ўша ерда бўлган тенгсиз Амир иқболи баланд подшоҳга юзланиб, қуйидаги мисрани тилга олдилар:
Мисра:

Бошидаги юкни енгиллатган экансан,
энди бўйнидаги юкни ҳам енгиллатгин,
(яъни салласини олиб ташладингми, энди калласини ҳам олиб ташла).

Топқирлик
Бир пайтлар машҳур кишилардан бирини мазҳабдан чиқиб кетганлик ва эътиқодини бузганликда айблаб, бу масалани текшириб кўриш ва аниқлаш мақсадида уни олий тахт пойига олиб келган эдилар. (53а) Шу сабабли ҳам ўша киши эътиқоди пок бўлган Амирдан ўзини олиб қочиб юрар, ул зот билан бир жойда бўлиб қолишдан сақланарди.
Иттифоқо, кунлардан бир куни ул Ҳазрат Амир Саййид Иброҳим Қумийнинг уйига бориб, у ерда ўша кишини кўриб қолдилар. Шунда Саййид Иброҳим омад кулиб боқувчи Амирнинг олдида ўша кишига қарата ҳазил йўсинида шундай деди:
- Ўз эътикодингизни тузатишга уринсангиз ва аҳли сунна ва-л-жамоа мазҳабида мустаҳкам бўлсангиз яхши бўлар эди. Шунда ҳамма сизга нисбатан дўстона муносабатда бўлиб, меҳр-муҳаббат билан муомала қилган бўларди.
У киши бунга жавобан: - Мен сизнинг мазҳабингиздан бошқа мазҳабда эмасман, менинг эътиқодим ҳам сизнинг эътиқодингизга тўғри келади, - деб айтди.
Ул Ҳазрат эса бу гапни эшитишлари билан дарҳол қуйидаги оятни ўқидилар: «Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаган, балки тўғри йўлдан тоймаган [ҳаниф] мусулмон бўлган»(Қуръони карим, «Оли Имрон» сураси, 67-оят

Топқирлик
Бир сафар Фарангдан Ҳиротга бир соат қутиси олиб келганларида олиймакон Амир даргоҳининг мулозимлари жумласидан бўлган Мавлоно Ҳожи Муҳаммад Наққош ҳам худди шундай бир қути ясашга даъво қилди. Шунга кўра унга ёрдам бериш учун бир темирчи ҳам тайинлашди. Кунлардан бир куни ўзига етган ҳар бир зарарни [қўшимча] фойда қилиш орқали қоплашга одат қилган бозорчиларнинг йўриғини қилиб, олий насабли Амирнинг ҳузурида шундай деб қолди:
- Соат қутисини ясашга ёрдам бериб юрган кунларимда кўплаб қийинчилик ва мусибатлар бошимга тушди. Жумладан, қизим Худонинг раҳматига етишди (536).
Ул Ҳазрат [унинг бу гапига жавобан] дарҳол унга қуйидаги оятни ўқидилар: «Ажаллари етганда, бирор соат кечиктира ол-майдилар ҳам, олдинга ҳам сура олмайдилар»(Қуръони карим, «Юнус» сураси, 49-оят.).

Мутойиба
Бир куни юқори мансабли Амир [мурожаат қилиб келган-ларнинг] арзлари ва шикоятларини тинглаб ўтирганларида, бир аёл келиб, девон хизматчилари жумласидан бўлган Саййид Мирондан шикоят қилиб қолди. Ул Ҳазратнинг буйруғига биноан Саййид Миронни бу ерга чақириб келдилар ва ўша заифанинг ёнига ўтирғиздилар.
Амирлар ва давлат устунлари Саййид Миронга ҳар доим ҳазил-мутойиба қилиб юришарди, бунинг устига ўша аёл ўта хунук эди. Шундан келиб чиқиб, амирлардан бири ҳазиллашиб:
- Бу аёл Саййид Мироннинг маъшуқаси бўлса ажаб эмас, - деб қолди.
Ул олий ҳазрат бу гапни эшитиб жилмайдилар. Саййид Мирон ул Ҳазратнинг кайфиятлари яхши эканлигини кўргач, жавобгарликни ўз бўйнидан соқит қилиш учун баъзи сўзларни айтишга киришди. Жумладан, Амир Сорбон Али бизнинг алоқамиздан хабардорлар, деди. Ул Ҳазрат [унинг бу гапига жавобан] қуйидаги байтни ўқиди.
Байт:

Ошиқ билан маъшуқ ўртасида бир сир бўлиб,
Уни туябоқар бўлган киши (яъни, сорбон) билади.

Мутойиба
Олий шаънли Амирнинг танишларидан бўлган бир кампир бир тегирмон борасидаги даъво юзасидан тинимсиз девонга келиб-кетар ва жанжал қиларди. Ул ҳазрат унга насиҳат қилиб:
- Бундай ишлар учун эринг келиб-кетгани маъқул, - дедилар.
У [кампир] бунга жавобан:
- Тирикчилигимизнинг ўтиши ана шу тегирмоннинг тасарруфимизга ўтишига боғлиқ, шу сабабдан мен эрим билан биргаликда бу ишнинг орқасидан югурамиз, - деди.
Ул ҳазрат яна бир марта, аёлларнинг бундай ишлар кетидан югуриб юриши муносиб иш эмас, дедиларда, қуйидаги байтни (54а) чиройли сўзлар жарангловчи тилларига келтирдилар.
Байт:

Эркакнинг тез юргани, аёлнинг эса секин ҳаракат қилгани яхшидир.
Агар [тегирмондаги] тошнинг ҳар иккаласи ҳам [бараварига] айланса, ун чиқмайди.

Топқирлик
Бир пайтлар Мирзо Иброҳим Туркмон ҳусну жамолда замонасида ягона бўлиб, ул олий ҳазрат (Аллоҳ ул зотнинг қабр(лар)ини табаррук қилсин) унга нисбатан илтифот ва иноят кўрсатарди(лар).
Бир куни шаҳзоданинг айрим бебошларга қўшилиб, ичкиликбозликка берилиб кетганлиги тўғрисидаги гап ул Ҳазратнинг қулоқларига етиб келди. Шундан сўнг кунлардан бир куни унга [бундай ёмон одатни ташлаши зарурлиги тўғрисида] насиҳат қилдилар.
Мирзо Иброҳим қаттиқ хижолатдан бошини эгиб қолди ва ердан майда тошларни олиб, ҳар томонга ота бошлади. Тўсатдан ўша тошлардан бири олижаноб Амирнинг олдида турган гулоб шишасига келиб тегдида, чил-чил синдирди. Ул Ҳазрат дарҳол тилларига қуйидаги байтни келтирдилар.
Байт:

Барча тошбағирлар билан гул рангидаги майни ичасан.
Бизнинг айбимиз нимаки, шишамизга тош отасан.

Топқирлик
«Ҳавзи моҳиён» («Балиқлар ҳовузи») мажмуаси олиймакон Амирнинг эътибори туфайли ишланиб тугалланиш безаги ва қурилиб битказилиш зийнатига эга бўлгач, бир дарвешга ўша ерда истиқомат қилиб, ушбу ҳовузга қараб туриш вазифасини топширдилар. Шу чоғ ул Ҳазратнинг мулозимларидан бири:
- «Ҳавзи моҳиён» мажмуаси қоровулининг маошини бир йилда бир мартадан тўлаб турайликми ёки бир ойда бир мартадан? - деб сўраб қолди.
Юқори мансабли Амир [бунга қуйидаги мисра билан] жавоб берди.
Мисра:

Унга «моҳиёна» (ойлик иш ҳақи) белгилайман.

Мутойиба
Ширинсўзлиги ва гўзал ахлоқи билан ўз тоифасидаги бошқа кишилардан бутунлай ажралиб турадиган Мир Сарбарахна Соҳибқирон Султон мулозимлари томонидан (543) Хожа Ҳусайн Кирангий билан биргаликда садрлик лавозимига тайинланиш шарафига муяссар бўлгач, ҳидоят нишонли Амирнинг ҳузурига келиб, шундай арз қилди:
- Менинг саййид деган номим, ёшимнинг улуғлиги ҳамда сизнинг мулозимларингиздан эканлигимга қарамасдан, Хожа Ҳусайн мендан устунроқ бўлишни истайди. Бироқ сиз олий ҳазратнинг муборак эътиборлари туфайли ўзининг бу мақсадига ета олмайди, деб умид қиламан.
Шу чоғ буюкликка интилувчи бу жанобнинг ёшлик чоғларида қилган тиланчиликлари ул ҳазратнинг эсларига тушиб, қуйидаги байтни унга ўқиб бердилар.
Байт:

Садрлик лавозимини тиланчиларга топширишган экан,
мансабда ҳаммадан ҳам юқорироқ бўлсанг керак, деб умид қиламан.

Топқирлик
Мирзо Иброҳим ҳукмронлиги даврида унинг ўғли Алоуддавла чиройли ва кўркам йигит эди. Кунларнинг бирида ул олий ҳазрат (Аллоҳ ул зотнинг қабрларини табаррук қилсин) бир жойда бир гуруҳ шеърият аҳли билан бирга ўтирганларида тўсатдан шаҳзода кириб келди. Шу пайт ҳусну жамолда ўз даврининг Юсуфи бўлган муҳрдор Амир Султон Маҳмуд Тағоий ҳам [ул ҳазратнинг] ҳузурига келиб қолди. Шунда ўша ерда ўтирган шеърият аҳлларидан бири шаҳзодага атаб қуйидаги матлаъни ўқиди.
Байт:

Бутун оламнинг ширинлиги у билан бўлган ўша бўғдойранг [гўзал йигит], қип-қизил лаб, кулиб турган юз ва шодон дил ҳам унга хосдир.
Ул Ҳазрат шартта [шаҳзода билан кетма-кет кириб келган] Амир Султон Маҳмудга бағишлаб ушбу ғазалнинг иккинчи байтини тилга олдилар.
Байт:

Ширинсўзлар подшоҳлар бўлсалар-да, аммо у шу замон Сулаймони бўлиб, муҳр ҳам ундадир. (55а)

Топқирлик
Бир гал ул олий Ҳазрат (Аллоҳ ул зотнинг қабрларини табаррук қилсин) Амир Низомиддин Шайх Аҳмад Суҳайлий ва Амир Ҳожи билан биргаликда сайр қилиб юрар эдилар. Бир жойга етганларида ҳаво исиб кетганлиги туфайли Амир Аҳмад Ҳожининг шахсий соқчиларидан бири бўлган, гўзал юз ва келишган қоматга эга бўлган ва эгнига яшил кийим кийиб олган Муҳаммад номли йигит унга соя қилишни бошлади. Шунда ушбу ёш йигитга меҳр қўйган Амир Низомиддин Шайх секингина:
- Дунёнинг мансаби ва обрў-эътибори қизиқ нарса экан. Шу туфайли шундай бир гўзал ой тик турганича бу одамга соя қилиб турибди, - деди.
Ул Ҳазрат [унинг бу гапига] жавоб тариқасида қуйидаги байтни ўқидилар.
Назм:

Кимки тик қоматли ўша сарвнинг соясида бўлса,
Жойи Муҳаммаднинг яшил байроғи остида бўлади.

Топқирлик
Олий мартабали ушбу Амир Жом машойихларидан биридан:
- Шайхулислом Аҳмад Жом Жандапил (Худо унинг азиз қабрини табаррук қилсин) макбараси айвонининг баландлиги тахминан неча заръ, - деб сўрадилар.
- Қирк олти [заръ], - деб жавоб берди у. Ул ҳазрат дарҳол куйидаги мисрани ўқидилар.

Мисра:
Сочдан қурилган тоқ жаҳонда ягона бўлгай.
Шуни айтиб ўтиш лозимки, «мў» (соч) сўзи жумал ҳисобида қирк олти сонини англатади.

Мутойиба
Бир куни соф кўнгилли Амир қутлуғ сўзларни баён этувчи тили билан сўзга чечанлик ва зукколик борасида замона шоирлари ва закийларининг саромади бўлган Хожа Осафийга насиҳат қилиб:
- Мен сенга ҳайрон қоламан. (55б) Истеъдодингнинг юқорилиги ва зеҳнингнинг ўткирлигига қарамасдан, шеър ёзиш билан кам шуғулланасан, барча вақтингни кераксиз ишларга сарфлаб юрасан, - деб қолдилар.
[Бироқ у] бунга жавобан:
- Шу пайтларда борган сайин кўпроқ шеър ёзишга машғул бўляпман. Масалан, кеча кечаси икки ақчалик шам ёниб битгунча икки юз байт шеър ёздим, - деди.
[Шунда] ул ҳазрат [ҳазиллашиб]:
- Унда ёзган шеърларингизнинг ҳар юз байти бир ақча эканда, - деди.

Топқирлик
Мусиқа ва мақомлар фанида ўз даврининг ягонаси бўлган Мавлоно Алишоҳ Бу бир куни ул олий Ҳазратга (Аллоҳ ул зотнинг қабрларини табаррук қилсин) арз қилиб:
- Сизнинг беҳад илтифотингиз ва марҳаматингиздан умидим шуки, ҳар ой [маошимни олай деб] мулозимларга бош оғриғи бўлиб юрмаслигим учун, вақф ишларини бошқарувчиларнинг олти ойлик маошимни биратўла [олдидан] беришлари тўғрисида буйруқ чиқарсангиз, дегандим, - деди.
-    Мавлоно, - деди [ул Ҳазрат] бунга жавобан, - умримиз-дан [олти ойи тугул] олти куни қолганми, йўқми, бизга маълум эмас. Шундай экан, нима сабабдан бизга омонат берилган бу қаётга бунчалик ишониб, биратўла олти ойлик маошингизни беришларини сўраяпсиз?
[Аммо] Мавлавий жаноблари:
- Сиз ўша пулларни менга беришлари тўғрисида буйруқни бераверинг, борди-ю [олти ой ичида] ўлиб қоладиган бўлсам, гўр-кафанимга яраб қолар, - деди.
[Шунда] ул ҳазрат:
- Оббо, ўлигиям бир бало, тиригиям бир бало, деганлари сиз экансиз-да, - деб жавоб берди.

Топқирлик
Астробод вилояти асли ва негизини эзгулик ташкил этувчи Амирнинг адолати соясида обод ва фаровон бўлган даврдаги кунлардан бир куни ҳаво бир неча марта ўзгарди. Ул Ҳазрат унинг ҳузурида бўлган ўша вилоят аъёнларига қарата:
- Ажабо, бугуннинг ўзида ҳаво бир неча марта ўзгарди, -дедилар. (56а)
Улардан бири бунга жавобан шундай деди:
- Шаҳримизнинг яхши жиҳатларидан бири ҳам шундаки, бир куннинг ўзида [бир йилдаги] тўрт фаслнинг ҳавоси намоён бўлади.
Шунда [она шаҳри Ҳиротни соғиниб юрган] ул олий Ҳазрат шундай дедилар:
- Ҳа, тўғри [айтасиз], бу шаҳарнинг бир куни бир йилга тенг экан.

Мутойиба
Бир сафар саховат майдонининг чавандози [бўлган бу зот] ўзининг ғаройиб гавда тузилиши ва ажойиб сўзлари билан олдинги сўз усталари орасида ажралиб турадиган Мавлоноч Шаҳобиддин Мудаввинга марҳамат назари билан боқиб, унга эгар-жабдуқли бир от инъом этдилар. Шундан сўнг жаноби Мавлавий ўзига кўрсатилган бу илтифот сабабли ўзини ул Ҳазратнинг яқин кишилари жумласидан ҳисоблаб, [ул Ҳазратга бўлган] хизматкорлик ва мулозимликни ҳаддидан ошириб юборди.
Жумладан, қачонки [ул Ҳазрат] отга миниб, бирор жойга борадиган бўлсалар, доимо у киши билан бирга борар ва ёнларида хизматда бўлар, [қайтиб келиб, отдан] тушганларидан сўнг ҳам бир лаҳза бўлса-да эшиклари олдидан кетмасди.
Ниҳоят лутф ва карам манбаи бўлган бу зот унинг бу қиликдаридан жудаям безор бўлиб, сабр косалари тўлди. Бироқ ул ҳазратнинг олий хулк-атвори унинг кўнглини ранжитиб, унга очиқчасига, бундан кейин менинг хизматкорлигим ва мулозимлигимни қилма, дейишга йўл бермас эди. Шу сабабли ул Ҳазратнинг буйруғига кўра, мулозимларидан бири йўлда чопарларга ўхшаб унинг йўлидан чиқиб, [маълум масофагача фойдаланиш шарти билан] ундан отни олдида, сўнгра тезда бозорга олиб бориб сотиб юборди.
Жаноби Мавлавий уни ҳақиқатдан ҳам чопар бўлса керак, деб ўйлаб, [маълум масофадан кейин отини олишни мўлжаллаб] катта машаққат билан бир-икки тош йўлни пиёда босиб ўтди. Бироқ [шунча масофадан кейин ҳам] отидан бирор нишон топмагач, уни ўта қийин ва танг аҳволга солиб қўйган бу ҳодисадан ҳайрону сарсон бўлганича саховат денгизи бўлган Амирнинг ҳузурига шошилди.
[Жаноби Мавлавий] бошига тушган бу саргардонлик тўғрисида гапириб бергач, ул ҳазрат:
- Биз отингнинг пулини сенга берамиз. (56б) Фақат шу
шарт биланки, бундан кейин ўзингда от сақламайсан ва бирор жойга бораётган чоғимизда бизга бош оғриғи бўлмайсан, -
деди.
[Жаноби Мавлавий:]
- Бўпти, розиман, - деб жавоб берганидан сўнг, ул Ҳазрат:
- Уша белгиланган пулни Мавлонога беринглар, - деб буюрди.
Шундан сўнг ўша сохта чопар унга тўқсон тўрт танга санаб берди. Жаноби Мавлавий бундан ажабланиб:
- Менга инъом қилинадиган пул юз танга бўлиши керак эди, нега олти танга кам берилмокда? - деб сўради.
Шунда ўша ерда турганлардан бири жавоб берди:
- Отингизни [бозорда] ундан юкорироқ нархга олишмади.

Мутойиба
Эзгулик биноларига асос солувчи бу зот [ҳижрий-қамарий] 904 йилда Ҳирот жоме масжиди (Аллоҳ таоло уни ўз қутлуғ баракотлари билан мустаҳкам қилсин) биносини янгилаш ва безатишга қаттиқ киришган чоғларида ўша табаррук маконнинг [таъмирлаш ишлари] лойиҳасини тузишни улуғлик белгиларига эга бўлган, Хожа Мирак Наққош лақаби билан танилган Саййид Руҳуллоҳ деган кишига топши-ришди.
Бироқ бу жаноб бу ишда эътиборсизлик ва сусткашликка йўл қўйиб, [тегишли чизмаларни чизишда] қалам ва қоғозга кечроқ қўл урди. Натижада кошинкорлар (ишни бошлаёлмасдан) кутиб қолдилар.
Бу аҳвол давом этиб, иш ҳаддан ортиқ чўзилиб кетганидан, бунинг устига [ишни тезлаштириш мақсадида унга берилган] насиҳатлар ва [унга қилинган] дўқ-пўписалар ҳам фойда бер-маганидан кейин, соф кўнгилли Амир [бу ишни тезроқ битказиш мақсадида] қизиқ бир ҳийла ўйлаб топди. Хожа Мирак Ҳирот атрофидаги қишлоқлардан бири бўлган «Сапедравон» қишлоғига бориб, дам олаётган чоғида Хожа Жалолиддин Муҳаммадга, Хожа Мирак олий девондан олган озуқа учун беш минг динор кепакийни қайтариши тўғрисида тўлов талабномаси ёзиб беришини буюрдилар.
[Хожа Жалолиддин Муҳаммад ул Ҳазратнинг буйруғига кўра, тўлов талабномасини ёзди ва] бу ҳужжатни ушбу саййид (57а) танимайдиган икки нафар мулозимнинг қўлига бериб, мана шу кишлоққа бориб, Хожа Миракни топишларини, уни қаттиқ сиқувга олиб, ундан ушбу пулни ундириб олишга ҳаракат қилишларини, ўзларини олам аҳли шаҳзодаси Фаридун Ҳусайн Мирзонинг навкарлари деб таништиришларини буюрди.
Бу икки киши дарҳол ўша қишлоқ томон от солиб, Хожа Миракни топдилар ҳамда унга нисбатан дўқ-пўписа ва зўравонлик қўллаб, айтилган пулни дарҳол топиб, тўлашини буюрдилар.
Улуғлик белгиларига эга бўлган бу зот бу ҳолатни кўриб ҳайратга тушаркан:
- Мени шахарга олиб боринглар, ушбу тўлов талабномасини бекор қилдирай ёки ушбу пулни тўплашга киришай, - деди.
Шундан сўнг улар уни ўз уйларига олиб кетдилар ва бир кечаси ўша ерда сақладилар. Эртаси куни улуғлар пушти паноҳи бўлган бу зот қаттиқ ялиниб-ёлворган ва зорланган ҳолда ушбу
сохта қарз ундирувчилардан:
- Мени Жоме масжидига олиб боринг, шояд Амир ҳазратлари менинг ҳолимга раҳмлари келиб, амирлар ва девон ходимлари олдига ўз одамларини юборсалар, шунда сиз олиб келган тўлов талабномасини бошқа бирор жойга ўтказиб, бу пулни тўлаш масъулиятини менинг зиммамдан олиб ташласалар.
Улар бу илтимосни қабул қилиб, Хожа Миракни масжидга олиб келдилар. Ушбу жаноб ул олий ҳазратнинг ҳузурларига бориб, кўзларига ёш олиб, шундай деди:
- Қашшоқликдан ўта қийналиб турган бир пайтимда менинг номимга беш минг динор кепакий микдоридаги маблағ ёзишибди. Иноят қилиб, бирор чорасини топсангизу бу тўлов талабномасини қайтарсалар, умид қиламанки, менинг улуғ аждодларим сиздан узр сўраш расмини бажо келтиришади.
Ул Ҳазрат шундай жавоб бердилар:
- Бу тўлов талабномасини қайтариш анчагина қийин иш. Шунга қарамасдан имкони борича [уни қайтаришга] ҳаракат қилиб кўрамиз. (57б) Фақат шартимиз шуки, сиз ўн беш кун муддат ичида бизнинг кўнглимизни ушбу табаррук маконнинг [таъмирлаш ишлари] лойиҳасини тузиш ташвишидан қутқарасиз.
Хожа Мирак бу таклифни бош устига қабул қилиб, бу тўғрида қуйидаги мазмунда бир тилхат ҳам ёзиб берди: «Агар ваъда қилинган мухдатдан бир кун ҳам ўтса, айтилган маблағни тўлаш борасидаги жавобгарликни сўзсиз бўйнимга оламан».
Шундан сўнг ул Ҳазрат Амир Камолиддин Султон Ҳусайнга:
- Хожа Миракни олиб келган қарз ундирувчилар билан бирга девонга бориб, қандай йўл билан бўлса-да, ушбу тўлов талабномасини бекор қилдиринг, - деб буюрди.
Саййид жаноблари эса қувониб кетганича ўз уйи томон отилди ва [таъмирлаш ишлари] лойиҳасини тузишга киришиб, [тўлов ҳужжатидан бўлган] катта ваҳима ва қўрқув туфайли ўша ишни тугатмагунига қадар ўз уйидан ташқарига чиқмади.