Камтарликнинг фазилати ҳақида PDF Босма E-mail
15.06.2024 19:40

«Албатта, камтаринлик бандага фақатгина мартабасини кўпайтиради. Бас, камтарин бўлинглар, шунда Аллоҳ сизларнинг мартабаларингизни кўтаради» деб айтилган тўғри ривоятга мувофиқ, олам ахлининг киладиган амаллари орасида энг яхшиси ҳамда одам болаларининг қиладиган ишлари орасида энг тўғриси (42б) камтарлик ва камсуқумлик каби эзгу хислатни ўзининг доимий одатига айлантиришдан иборат бўлиб, бу нарса Худонинг чексиз иноятига эришишга хамда улуғликнинг юксак байроғини нилуфар осмоннинг энг юқори нуқтасига тикишга сабаб бўлади. Шунингдек, «Қалбида зарра миқдорича кибр бўлган одам жаннатга кирмайди» муборак сўзига мувофиқ, ислом йўлларининг йўловчилари ва Хайр ул-аном уммати билимларининг билимдонлари йўлидан юришга энг лойиқ бўлган кишиларнинг хусусиятлари шундай бўладики, улар дўзах ўти ва улкан азобдан қутулиш ҳамда «[Аллоҳ] хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят этади» далили бошлаган тўғри йўлга кириш учун ҳамиша ўзларини манманлик ва кибр каби ёмон иллатлардан узоқ тутиб юришади.

Қитъа:
Ҳеч тутма бошингда кибр ҳавасин,
Кибрдан ҳеч нарса топмади ҳеч ким.
Гўзаллар зулфидек эгилиб турсанг,
Ҳар лаҳза минг дилни овлайсан бетин.

Ҳикоят
Ўзидан фазилат тарқатувчи билимдон фозилларнинг кўпчилиги баён қалами билан шуни маълум қилганларки, буюк халифа, яъни [Ҳазрати] Одамнинг вужудга келиши ноғора-у сининг овози қуйи олам ахлининг ақл қулоғига етиб боргач, ўзларидаги манманлик ва кибр каби одатлари билан машҳур бўлган айрим унсурлар, биз ўша хулқ-атворнинг хамиртуруши ва ўша жисмнинг бирламчи моддаси бўлишимиз керак, дея ўзларига мажбурият юкладилар.
Бу тўғрида айтмоқчи бўлганларимиз шундан иборатки, «Эсланг, [эй, Муҳаммад!] Раббингиз фаришталарга: «Мен Ерда халифа [Одам] яратмоқчиман», - деди» оятини эшитишдан олов унсурининг мижозида иссиқлик пайдо бўлиб, буғ каби бир нарса унинг димоғи саройи томон ўрлади ва кўнгил қўрида истак ўти алангаланиб, тилини лоф-қофга очганича шундай деди:
- Мен (43а) фалак билан сирдош ва фаришта билан фикрдошман. Тириклик моддаси бўлган ўша ички ҳароратнинг алангаланиши менинг белгиларимдан бири бўлиб, «Мижози иссиқларнинг узоқ умр кўришини башорат беринг» ҳадисига мувофиқ, тошбағир темир борлнғимнинг уриниш қўрасида эриб кетади, соф олтин эса менинг ҳайбатимдан эритиш идишида ёқут каби қуйиладиган бўлиб қолади.
У ерда ҳозир бўлганлар бу каби гапларни эшитиб, умид кўзларидан бандаларига совғалар ато қилувчи Зотнинг халифаси (ердаги ўринбосари) билан учрашишга бўлган иштиёқ ёшларини тўкдилар ва бир овоздан муборак олов гавҳаридан бошқа нарса бундай олий мартаба ва мақомга лойиқ эмас, бизнинг замонимизда мавжуд бўлган нарсалардан бошқа бирортаси шундай ўйни кўнглига келтирса, беҳуда ишни ҳавас қилган бўлади, дедилар.
Ушбу хабар шаббодасининг эпкини шамолнинг димоғига етиб боргач, бу айтилган гаплардан шамолнинг ҳиссиётлари жунбушга келиб, ўша жойга етиб борди ва оловга қарата шундай деди:
- Ҳозир эшитдимки, миянгдаги телбалик ва мижозингдаги қурукдик ғолиб келиб, азалий ирода яратишга майл қилган Худога халифалик (ердаги ўринбосарлик) боғининг биринчи меваси бўлгинг келиб қолибди. Бироқ шуни билмабсанки, табиатингда ғолиб бўлган зарарлилик хусусияти туфайли бу ишни бажариш қобилиятига эга эмассан. Кимнинг танаси ва руҳи соғломроқ бўлса, у халифалик мансабига лойиқроқ бўлади. [Жисмга жон бағишлайдиган] тириклик руҳининг соғломлиги, шунингдек, унинг ўткинчи ва йўқликка маҳкум бўлган танадан фарқли равишда бокий колиши хам менинг хосиятим туфайлидир.

Байт:
Ҳавонинг мўътадиллигидан тирик мавжудотга айланар
Қалам учи билан бирор шакл чизсалар.

Агар «Бас, унинг ичига Ўз [даргоҳимдаги] руҳимдан киритдим»(Қуръони карим, «Ҳижр» сураси, 29-оят.) сўзининг мазмуни тўғрисида чуқур ўйлаб кўрсанг, бошқа бунақа бемаъни даъвони қилмайсан. Агар (43б) «Сур [най] чалингач, уларнинг барчаларини тўплаймиз»(Қуръони карим, «Кахф» сураси, 99-оят.) мазмунига имон келтирсанг, эҳтиёжсизлик шамоли хавфидан омон қолишинг мумкин.
Шамол ҳали тилини жимлик танглайига тортиб улгурмаган ҳам эдики, у ерда турганларнинг қулоғига зилол ва жонбахш сувнинг [шарқираб оққанича] шу томонга келаётганининг овози эшитилди. Олов билан сув бир-бирига зид нарсалар бўлганлиги сабабли, олов бошқа томонга қараб йўл олиш байроғини кўтарди. Сув эса жўш уриб, ҳайкириб, улар турган воҳага тушиб келди ва ёқимли сўзлар баён қилувчи тилидан қуйидаги сўзларни тўкди:
- Ҳозиргина эшитиб колдимки, олов билан шамолнинг ҳар иккаласи кўнгиллар лавҳига, ягона бўлган Зотнинг ердаги ўринбосари мендан яратилади, деган бир тушунча ёзиб қўйилган эмиш. Ҳайҳот, ҳайҳот! Бу қандай сурбетликки, савдойи бўлиб қолган ҳар бир ҳавасманд ўзига бино қўйиб, калласида шу хаёлни пиширади. Бу қандай безбетликки, ҳар бир хомтама калтабинлик қилиб, ушбу савдо ҳавасини калласига жойлайди.

Мисра:
Бу қандай ботил тасаввур, бу қандайин хом хаёл.

Аслида «У осмондан сув [ёмғир] ёғдириб, у билан гўзал боғларни ўстирган зотдир!»(Қуръони карим, «Намл» сураси, 60-оят.) оятига мувофиқ, ҳар хил дарахтлар ҳамда турли-туман хушбўй гиёҳлар ва гуллар саховат таратувчи вужуди шарофати билан кўкариб яшнаган, шунингдек, «Биз барча тирик мавжудотни сувдан [пайдо] қилдик!»(Қуръони карим, «Анбиё» сураси, 30-оят.) муборак каломига мувофиқ, олам ва ундаги мавжудотларнинг тириклигига ҳамда турли ўсимликлар ва жониворларнинг тирик қолишига сабаб бўлган ва бошқаларга фойда етказиш унинг хислатига айланган кишигина халифалик мансабига лойиқ ҳисобланади (44а).
Назм:
Тирикликнинг тотли лабига жон бағишлаган менман, Мингта овора ошиқни жаҳонга берган менман.
Шу пайт ўша ерда бўлганлардан бири покиза тупроқдан, [нега] сен бу тўғрида ҳеч нарса демайсан ва бошқаларга ўхшаб ўзингнинг олий мақсадингга эришишга уринмайсан, деб сўраб қолди. Тупроқ ҳол тили билан шундай жавоб берди:
- Бизнинг замонимизда мавжуд бўлганлардан ҳар бири ўзларининг эзгу хислатлари ва фахрланишга арзийдиган жиҳатларидан бир озгинаси тўғрисида сўзлаб беришди.

Мисра:
Мен ўзи кимманки, кимдир мен тўғримда гапирса?

Менинг йўлим ўткинчилик ва йўқлик, менинг хулқ-атворим эса камтарлик ва хокисорликдир. Шу сабабдан ҳам ўзимни бу улуғ мансабга лойиқ ва бу юқори даражага чиқишга муносиб деб билмайман.
[Бу тўғрида] бунчалик батафсил сўз юритишимиздан кўзланган максад шуки, тупроқ камтарлик ва хокисорликдан сўз очгач, ушбу бўлим бошида келтирилган хадисга мувофик, барча мавжудотларни яратувчи Зот ушбу унсурлар орасидан тупроққа эътибор назари билан боқиб, уни Одам алайхиссаломнинг табиати хамирини қориш учун [хамиртуруш сифатида] танлаб олди ва Одамнинг табиати хамирини қориш улуғлиги билан «Одамнинг лойини қирқ тонг пишитиб қўйдим» (Ҳадис) дея улуғлади.

Байт:
Тупроқ бўлгин тупроқ, токи унсин гул, Тупроқдан ўзга йўқ борлиқ тимсоли.

Ҳикоят
[Пайғамбар алайҳиссаломдаги] хулқ-атворлар тўғрисида ёзилган китоблар матнларида қуйидаги хабар кўп маротаба келтирилган:
Адий ибн Ҳотам деган киши Ҳазрати Хотам ул-анбиё билан учрашиш максадида Мадинаи мукаррамага келди. Ул Ҳазрат уни бир хос ҳужрага киргизиб, тўла иззат-икром билан ўзининг азиз ўрнига ўтирғизди (44б) ва одоб билан тиз чўкканича унинг қаршисида ўтирди. Шундан сўнг мўъжизалар баён этувчи тили билан уни ёруғлик уммати сафига қўшилишга чақирди.
Ҳотам ўғли шуни тушуниб етдики, бунчалик даражадаги камтарлик ва гўзал хулқ пайғамбарлик тўнини кийишга мушарраф бўлмаган кишида бўлмайди. Шу сабабли ўша заҳотиёқ ислом аҳли йўлига кирди.
«Агар сен бўлмаганингда Мен фалакларни яратмаган бўлардим» (Ҳадис) чақириғини эшитган ва «Албатта, Биз Сизни ҳақ билан (Қуръон, тавҳид, Ислом билан) хушхабар берувчи ва огохдантирувчи қилиб юбордик» [ояти] билан улуғланган киши шу йўсинда мақтовга эришиб, ана шу мартабага етишган, шунингдек, «Мен ҳам сизлар каби инсонман» ҳадисига мувофиқ ҳар доим ўзини мусулмонларнинг мискинлари ва қашшокдари билан тенг тутган бир ҳолда, бошқалар нима сабабдан шундай гўзал хислатларга эга бўлишга уринишмайди ҳамда манманлик ва кибр каби номаъқул хусусиятларни ўзларига одат қилиб, эгниларига кийим каби кийиб олишади.
Маснавий:

Баҳорда ҳеч бўлмади тош яшил ранг,
Тупроқ бўл, то гул кўкарсин ранг-баранг.
Неча йиллар тош эдинг дилни тилар,
Синамоққа тупроқ бўлгин бир сафар.

Улуғ Парвардигорга шукрлар ва ундан бизга миннатлар бўлсинки, маънавий етуклик тимсоли ва Ҳазрати султоннинг яқин кишиси бўлган соф кўнгилли, салобатли ва тадбирли Амир кучи етганича ва қўлидан келганича ушбу гўзал хислат ва маъқул одатни ўзида намоён қилишга интилар, имкони ва иложи борича манманлик ва кибр каби номаъқул одатлардан ўзини тийишга ва узоқ тутишга ҳаракат қиларди. Камтарлик унинг муборак зотининг одати, юмшоккўнгиллик эса унинг юмшоқ табиатининг хусусияти эди.
[Давлат ишидаги] мансабдорлик ва юқори мартабали раҳбарлик даврининг илк кунларида (45а) ҳамда омад ва бахт кулиб боққан замоннинг бошлариданоқ ҳидоят йўлини тутган Амирнинг салобат ва нуфуз байроғи юқорилаб боргани сайин, ундаги камтарлик ва хушфеъллик хислати ҳам шунчалик ортиб борар, ҳукмдорлик белгиларига эга бўлган ушбу саодатманднинг шавкат ва қудрат ниҳоли ўсиб борган сайин, нафсни тийишга ва фонийликка юз тутишга бўлган уринишлари ҳам шунчалик кучайиб бориб, камтарлик ва йўқлик белгиларини ўзида намоён қиларди.
Катта қудрат эгаси бўлган Соҳибқирондан ўзига нисбатан бўлган иноят ва меҳрибончиликларнинг кундан-кунга ортиб бораётганини кўрганида хилват бир жойга борар, бошяланг бўлиб, муборак бошининг тепасидан бироз тупрок сочар ва нафис танасига қарата шундай дерди:
- Бу дунёдаги юкори мансаб ва мартабалар қеч қандай куч ва эътиборга эга эмас. Ҳеч қачон бу мансаб ва мартабаларга етишганингдан манманлик ва кибрга берилиб кетмагин. Ўзингни йўлдаги бир тупрок билиб, имкони борича фақирлар ва мискинларнинг эҳтиёжларини қондириш ва уларга ёрдам беришга ҳаракат қилгин.

Рубоий:
Сени сир аҳлининг паноҳи қилишганда,
Бечораларнинг бошини силовчи ва чора топувчи қилишганда,
Бошингни тут тупроқ билан тенгларга,
Сени эзгу хислатли қилганлари шукрига.

Ҳикоят
Салтанат тонги ёриша бошлаган пайтларда Соҳибқирон Султон шоҳлик белгиларига эга бўлган Амирни амирлик девонида муҳр босувчилик лавозимига таклиф қилдилар. Ул Ҳазрат ўзларининг нурли кўнгилларида ушбу мансабда ишлашга майл йўқлиги сабабли шундай дедилар:
- Мен ҳозирда сизнинг ноибларингиз ва ичкиларингиз жумласидан ҳисобланаман. Удумга (45б) риоя қилмасдан барча амирлардан тўрда ўтираман. Агар амирлик лавозимини қабул қилиб оладиган бўлсам, Тўра қоидаларига кўра, барлос уруғининг катталари мендан тўрга ўтиб кетишларига тўғри келади. Шу жиҳатдан ушбу мансаб менинг мавқеимдан паст ҳисобланади. Марҳамат кўргизиб мени муҳр босувчилик лавозимидан қутқаришингизни умид қиламан. Токим кўнгилни хотиржам қилиб, ўз хизматимни адо этишда давом этсам.
Дўстларни ардоқловчи Соҳибқирон шундай жавоб берди:
- Сизнинг қобилиятингиз қоматини амирлик тўни билан безамаслигим мумкин эмас. Ушбу лавозимни қабул қилиб оладиган бўлсам, барлос уруғининг амирлари мендан тўрга ўтиб кетишади, деган гапингиз эса ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки мен, Султон Бадиуззамон Мирзодан ташқари, амирлардан бирор кишининг сиздан тўрда ўтирмаслиги тўғрисида фармон чиқараман. Факатгина, агар хохдасангиз, сиз билан яқинлик ва дўстлик муносабатида бўлганликдан гапирувчи Амир Музаффар Барлосга сиздан олдин муҳр босишига рухсат берсангиз. Янаям ихтиёр ўзингизда.
Шундай қилиб, Ҳазрати Султоннинг яқин кишиси бўлган ул олий ҳазрат жаҳондорлик биноси курувчисининг илтимосини кабул қилганларидан сўнг, ул ҳазрат билан Амир Саййид Ҳасан Ардашер бир кунда жубба ва кулоҳи наврўзий кийиб, муҳрдорлик ишига киришишлари тўғрисида қарор қилинди.
Барчанинг хаёлида, муборак фармонга мувофиқ тадбирли ва доно Амир барча амирлардан юқорига муҳр босади, деган ўй айланарди. Бироқ ўша куни одатга кўра ул ҳазратнинг олдиларига қутлуғ лаҳзада муҳр бостириш учун (46а) бир фармонни олиб келдилар. [Ул ҳазрат] фармонни ўзларидан олдин муҳр босиши учун аввал Амир Саййид Ҳасан Ардашерга беришларини буюрдилар. Амир Саййид Ҳасан ҳам [ўзининг ул Ҳазратга бўлган] ҳурматини изҳор этиш маъносида фармонни яна қайтадан шоҳ сифатли Амирнинг олдига юборди. Шунда ул ҳазрат қоғозни олиб, ўта камтарлик ва хокисорлик юзасидан шундай бир жойга муҳр босдиларки, бирор киши ундан қуйироққа муҳр боса олмасди. Амир Саййид Ҳасан бу ҳолатни кўриб хижолатда қолди, бошқалар эса амирлик йиғинларининг тўрида ўтирувчи бу зотнинг бунчалик камтарлигидан ҳайрат денгизига ғарқ бўлдилар ва қуйидаги сўзлар орқали баён этилган маънонинг моҳиятини куйлашга тушдилар.

Байт:
Минглаб тасвир солса-да тақдир, бироқ кўринмас Бирортаси бизларнинг тасаввур кўзгумизда.

Ҳикоят
Бир куни юқори мансабли Амир кўпгина сарой амирлари ҳузурида арз қилиб келган кишиларнинг арзларини тинглаб ўтирганларида, тўсатдан садрлик каби олий мансабга етишган Мавлоно Қутбиддин Хавофий келиб қолди ва ўта безовта бир холда, арз қилиб келган кишилар орасидан жой олдида, олдин менинг арзимга қулок солинг, деди.
Ул олий Ҳазрат ҳол-аҳвол сўраш ва меҳрибончилик кўрсатиш орқали жаноби Мавлавийнинг ғазабини сўндиришга уриндилар ҳамда уни ўз ёнларига ўтирғизиб, нимадан шикоят қилиб келганини сўрадилар. У шундай жавоб берди:
- Хожа Ҳусайн Кирангий мени қаттиқ ҳақорат қилди. У менга, сен илгари Мавлоно Муҳаммад Муаммоий навкарларидан бири эдинг, деди.
Ул Ҳазрат бу гапни эшитиб, ажабландилар ва кулган ҳолда муборак тилларига қуйидаги сўзларни келтирдилар:
- Бу гапдан аччиқланиш ва даъволашишнинг нима кераги бор!? Агар ўша Хожани (46б) бу ерга чақириб, ушбу даъвони кўриб чиқадиган бўлсак, унинг айтганлари тўғри бўлиб чиқади. Тўғри гапдан хафа бўлиш эса ақлга тўғри келмайдиган ишдир.
Шундан сўнг ул ҳазратнинг ўзлари ҳам Султон Саъид Мирзо Султон Абусаъид ҳукмронлиги замонида Амир Султон Ҳасан Арҳангий билан бирга бўлганликлари сабабли шундай дедилар:
- Илгари Амир Султон Ҳасаннинг навкари бўлган мен эндиликда амирлик каби муҳим мансабга эришганлигимга ва ноиблик каби юқори лавозимга етишганлигимга қарамасдан, ҳали ҳам у кишининг хизматида бўлишдан ор қилмайман, балки агар имкони бўлса, [у кишига] олдингидан ҳам кўпрок хизмат қилиб, ўзимни у кишининг қуллари жумласидан ҳисоблайман.
У ерда ҳозир бўлганлар бу гапларни эшитиб, ул ҳазратнинг бениҳоя камтарлиги ва хушфеъллигидан ҳайратга тушдилар. ( Ўша ерда бўлган Амир Султон Ҳасан хижолатда қолди, жаноби Мавлавий эса уялиб колиб, ўша бемаъни даъвосидан кечди.
Байт:

Тупроқдек бўл ҳар ҳолатда чидамли,
Токи ҳавойинг каби барча кишига куч-қудрат етсин.
Сув каби ҳар бир кишига фойда етказгин,
Токи оловинг каби оламдан устунлик келсин.

Ғиёсиддин Хондамирнинг
"Макорим ул-ахлоқ" китобидан