Ақл ва идрокнинг улуғлиги ҳамда юксак даражаси ҳақида PDF Босма E-mail
15.06.2024 07:36

Расулуллох, (с.а.в.) айтдилар: «Кимнинг ақли бўлмаса, унинг дини ҳам йўқдир». Тўғрисўзлик билан айтилган ушбу сўзлардан таралган нур ёғдусида инсоният фозиллари учун шу нарса аниқ ва равшан бўладики, ақл ва фаҳм нуридан бебаҳра бўлган ҳар қандай кишининг кўнгил уйида дин ва ислом чироғи ёнмайди, тушунувчан ақл чироғи эса ҳар бир кишининг жисмига нур таратиб, Хайр ул-аном шариати қуёшининг нурларидан унинг руҳининг кўзи ёришади.
Рубоий:
Бутун оламнинг пойдевори акд асосига қурилгандир, Давлат ва диннинг ишлари ақл туфайли мустаҳкамдир. Муқаддас Зот хузурида ва инсоният жам бўлган супада, Сен кўрган ҳар юксалишу улуғворлик ҳам ақл туфайлидир.
Шубҳасиз, ақл ёрдамида Ҳазрати Илоҳ маърифати саодатига эришиш ҳамда акл воситасида (8б) жаноби Парвардигорга бўлган бандалик даргоҳи маконини кезиб чиқиш мумкин. Расулуллоҳ (с.а.в.)дан шундай ривоят қилинади: «Аллоҳ биринчи бўлиб яратган нарсаси ақлдир. У: «Қабул қил», деди. Шунда у қабул қилди. Сўнгра унга: «Қайтгин», деди. У қайтди. У (Аллоҳ) деди: Мен яратган барча нарса менга сендан кўра суюкли. Албатта мен сенга ибодат қиламан, сени танийман, сен учун оламан ва сен учун бераман».
Рубоий:

Бу дунёнинг ишлари ақл билан тартибга солинади,
Шунингдек, диннинг асоси ҳам у билан кучга эгадир.
Қаердаки ақл ҳукмрон бўлмаса,
Тўғриси, ундай жойда адолат мавжуд бўлмайди.

Ақлнинг тўғри йўл кўрсатиши оркали яхши билан ёмонни, у фойда билан зиённи, савоб билан хатони фарқлаш, шунингдек,
аклнинг кўрсатмаси ва берган йўл-йўриғи ёрдамида кунларнинг алмашинуви ҳамда ойлар ва йилларнинг айланиб келиши тўғрисидаги билимларни эгаллаш мумкин бўлади.
Маснавий:

Ақл йўлбошчидир, ақл оғирни енгил қилувчи,
Ақл [кишини] ҳар икки дунёда қўллагувчидир.

Ақл подшоҳларнинг тожи хисобланади,
Ақл машҳур кишиларнинг зийнати ҳисобланади.

Ақли бўлмаган ҳар қандай кишини
Ақлли киши ақллилар жумласидан ҳисобламайди.

Бу дунёда ақл неъматини қўлга киритсанг,
Ҳар икки дунёда шодмон қоларсан(Фирдавсий. “Шохдома”. Муҳаммад Дабир Сиёхий нашри. 1-жилд.).

Ҳақиқатан ҳам, бу нафис гавҳар кимнинг мия қўрғонига кирса, унинг кўзига ва кўнглига мингта маъно хазинасини кўрсатади, шунингдек, кимнинг бахтли қалбидан паноҳ топса, билимсизлик қўшини қароргоҳини у ердан чиқариб ташлайди.
Рубоий:
Бу қимматбаҳо лаъл бошқа бир кондандир, Ва бу ягона дурнинг белгиси бошқачадир.
Ҳеч қачон нотўғри ўйларни хаёлингга келтирмагин, Чунки ақл афсонасининг тили бошқачадир.
Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, (9а) илм ва камолот аҳлининг ўткир кўзи барча нарсани кузатиб тургувчи олий Зот танлаган кишининг турли ҳолатлари ҳамда айтган нозик ва гўзал сўзларида оқиллигу донишмандлик нурлари ҳамда донолигу зукколик белгиларини шундай [мукаммал] бир ҳолатда кўрардики, ушбу хислатларга [мазкур хислатлардан яна] бирор нарса қўшишнинг қам иложи йўқ эди ёки бу нарсани (яъниўта мукаммал бўлган ушбу яхши хислатларни яна нима биландир мукаммаллаштиришни) тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Унинг узоқни кўра билувчи акдининг матонати билан дин ва давлат ишлари бир тизимга солиниб, ақлга таяниб иш тутувчи фикрининг қатъияти билан мамлакат ва халққа оид энг муҳим ишлар тартибга келтирилди.
Байт:

Кўнгил лавҳасига нимаики ёзиб қўйган бўлса,
Тақдирда шундан бошқаси юз бермади.

Ёрқин тафаккури ёғдусида чигал муаммоларга ойдинлик киритилиб, тўғри чора-тадбирлари шарофати билан барча муҳим ишлар йўлга қўйилди.
Байт:
Донолиги қоғозга туширган нарсаларнинг барчаси Ҳақ белгилаган такдир ёзилган қоғозга мувофиқ келди.
Бу даъвонинг тўғрилигини исботлаш ҳамда бу гапнинг ҳақиқатга мувофиқ келишини кўрсатиб бериш учун икки одил гувоҳ сифатида [қуйидаги] икки ҳикоят келтирилади. Шундан сўнг баён жилови бошқа томонга бурилади. Ёрдам ва муваффақият фақат Аллоҳдандир.

Бнрннчн ҳикоят
[Ҳижрий-камарий] 874 йилнинг бошларида (мил. 1470 йил, июль) Мирзо Ёдгор Муҳаммад Ҳасанбек Туркмон ёрдами билан Хуросонни ўз тасарруфига олишга чоғланганида Соҳибқирон Султон [аввал] барча амирлари ва лашкарларини душманга қарши отлантирди, сўнгра эса ул муборак зотнинг ўзи ҳам уларнинг ортидан жўнади.
[Соҳибқироннинг] ғалабадан дарак берувчи байроқлари [остидаги қўшин] муқаддас Машҳад шаҳридан ўтганидан сўнг душманнинг яқинлашиб қолганлиги тўғрисидаги хабар бирин-кетин олдинги қисмлар амирларига етиб келди. Шу сабабли зафар байроқли подшоҳтезлик билан душман томон ҳаракат қилиш нияти борлигини билдирди. Аммо унинг муборак тилидан [душманга қарши ҳужум бошлаш] вақтини аниқ белгилаш учун мунажжим чақиринглар, деган кўрсатма жаранглади.
(96) Шунда «Ҳазрати Султоннинг яқин кишиси» деган маком ва даражага эга бўлган ул олий Ҳазрат дархол шундай арз қилди: «Ҳозир мунажжим чақиришдан ҳамда [ҳозирги] вақтнинг [душманга қарши хужум бошлаётган қўшинларимиз учун] омадли ёки омадсиз эканлигини текшириб ўтиришдан ҳеч қандай фойда йўқ. Чунки [ҳозирги] вақт [қўшинларимизнинг душманга карши хужум бошлашлари учун] муносиб бўладими ёки муносиб бўлмайдими, [бундан қатъи назар,] ушбу ишдаги ҳар қандай имиллаш ёки тўхталиш [қўшинларимизнинг ғалабага эришишларига] тўсқинлик қилади. Шу сабабли ҳам [душманга қарши харакат килишда] шошилиш олдимизда турган зарур масалалардан ҳисобланади».
Қитъа:

Тақдирингда аввал бошдан Худонинг лутфи битилган бўлса,
Юлдузлару осмонларни ишга солиб ўтирма.

Кавсар булоғидан суғориладиган Тубо дарахтининг
Баҳор ёмғири билан парваришланишга ҳожати бўлмайди.

Ҳазрати Соҳибқирон илоҳий илҳомлар тушадиган макон бўлган ул зотнинг оламни безагувчи фикрини маъқуллаб, душман томон юриш бошлади. Маълум бир масофа босиб ўтилганидан кейин [Ҳазрати Соҳибқирон шу қарорга келиб, душманга қарши ҳужум бошлашга] отланган вақти кўнгилга тугилган ишни бошлаш учун ғоятда муносиб бўлганлиги маълум бўлди.
Қитъа:

Ғайб пардаси ортидаги барча нарсани,
Узоқни кўра олгувчи фикрининг кўзи кўрди.

Кўнглига келган барча нарсани, бешак,
Такдир камайтирмади х.ам, кўпайтирмади ҳам.

Шундан сўнг Чинорон деган жойда икки кўшин ўртасида тўқнашув юз бериб, фатҳ ва ғалаба шаббодаси олий насабли Соҳибкирон байроғи узра эсди, Мирзо Муҳаммад Ёдгор туркманлар билан биргаликда шармандаларча мағлубиятга учради. Бу вокеанинг тафсилотлари «Хулосат ул-ахбор»да келтирилган.

Иккинчи ҳикоят
Мирзо Ёдгор Муҳаммад салтанат пойтахти Ҳиротни эгаллаб олган, Соҳибкирон Султон эса замон тақозосига кўра Маймана ва Форёб томонга йўл олган чоғларда, кунлардан бир куни ўша вилоятда тўғри йўл кўрсата олувчи Амир [Алишер Навоий]ни яширин бир жойга чакириб, у билан маслаҳатлашиш мақсадида шундай деди:
Эшитишимизча, туркманлар салтанат пойтахти Ҳиротда жабр-зулм байроғини тикибдилар. (10а) Мирзо Ёдгор Муҳаммад эса ўта роҳат-фароғат ва ғафлатда айш-ишрат чироғини ёққанмиш. Шунга кўра кўнглимдан шу нарса ўтмокдаки, агар сизнинг фикрингиз шуни тақозо қилса, у томонга юриш қилсак. Шояд ишимиз ўнгидан келиб, Яратгувчи Тангрининг омонатлари бўлган халқ зулм ва машаққат чангалидан қутулсалар.
Ул Ҳазрат мумкин қадар бу фикрни маъқуллаб, ушбу режанинг яширин тутилиши лозимлигини уқтирди ва Худо кўнглига солган нарсаларни сўзловчи тили билан шундай деди:
Бу гап менга ҳам айтилмаганида яхшироқ бўлган бўларди.
Шунда Соҳибқирон Султон:
Бу масалада ҳаддан ортиқ эҳтиёткорлик қилинишининг ва бунчалик қаттиқ туриб сўрашнинг сабаби нимада? деб сўради.
Улуғ мартабали Амир шундай жавоб берди:
Бу гапни сир сакдаш ўта зарурдир. Чунки ҳар куни бизнинг одамларимиздан бир гуруҳи Мирзо Ёдгор Муҳаммаднинг олдига қочнб ўтмоқдалар. Бундай кишилар [Мирзо Ёдгор Муҳаммадга] ушбу хабарни етказишдан кўра қимматлироқ совға тополмайдилар. Шу сабабли унинг (Мирзо Ёдгор Муҳаммаднинг) ақл ёғдуси ушбу юриш [тўғрисидаги яширин режа]га тушиб қолса (яъниуушбу юриш тўгрисидаги яширин режадан хабар топиб қолса), бундан кейин эҳтиёткорлик билан иш тутиши, ҳатто бу томонга лашкар жўнатиб қолиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.
Бир сўз билан айтганда, ушбу суҳбатдан сўнг тенгсиз Соҳибқирон зудлик билан Ҳирот томон йўл олди ва олий мартабали Амирнинг маслаҳати билан Лангари Бўкан деган жойга етгунга қадар муборак кўнглида сир сақлаб келаётган бу режасини ҳеч кимга айтмади. Шу жойга етгандан кейингина бошқа амирлар ва давлат арконлари билан ушбу юриш тўғрисида маслаҳатлашди. Уларнинг барчаси [ушбу режани] маъқулладилар.
Бироқ уларнинг кўпчилиги, [сарой ва ҳукумат бинолари жойлашган] Боғи Зоғон боғига айнан сарой бўш қоладиган туш пайти кириб бориш керак, чунки шундагина душманларнинг ишини душманлар истаганидек бирёқли этиш мумкин, деган фикрда эдилар.
Бироқ доно Амир бу фикрни маъқулламади ва шундай деди (106):
Кечаси боққа киришимиз учун энг қулай фурсатдир. Чунки кундуз куни Мирзо Ёдгор Муҳаммаднинг одамлари бизнинг ҳужумимиздан хабар топиб, тезлик билан куч йиғишлари, натижада эса бизнинг бу ишимиз муваффақиятсизликка учраши эҳтимолдан холи эмас. Аммо кечаси [ҳужум қилинадиган бўлса] душман бизнинг нималар қилаётганимиздан хабардор бўлганда ҳам, ўз кучларини йиғиши эҳтимолдан узокдир. Бундан ташқари, агар биз ўз кўзлаган мақсадимизга эриша олмаган тақдирда ҳам, одамлар кўзи олдига қоронғулик пардаси тутилган тун чоғида бирор томонга чекинишимиз мумкин бўлади. Ҳолбуки кундуз куни бунинг иложи бўлмайди.
Соҳибқирон Султон бу сўзларни маъқуллади ва кечаси Боғи Зоғонга кириб борди. Кўнгли пок Амирнинг ушбу чора-тадбирлари тақдирда ёзилганларга мувофиқ келди.
«Хулосат ул-ахбор»да келтирилишича, [ушбу жангда] Мирзо Ёдгор Муҳаммад қўлга тушди ва охират оламига йўл олди. Шунга кўра, замона бошқаларни тўғри йўлга бошловчи Амирга қарата қуйидаги мазмунга эга бўлган сўзларни куйлади:
Қитъа:

Муштарий узоқни кўра билгувчи акдингни
Яхши ва ёмон вазиятларда йўл кўрсатгувчи, деб билади.
Оламни кезувчи ой қоронғу тунда
Сенинг фикрингни умид шарқи, деб билади.