Охират учун захира тўплаш ҳамда бу дунё ва ундаги нарсалардан юз ўгириш ҳақида PDF Босма E-mail
15.06.2024 07:35

Ҳидоят ва тавфиқ ахдининг кўнгиллари ҳамда билим ва ҳақиқат эгаларининг қалблари учун яширин ва номаълум эмаски, «Мен яширин хазина эдим. Билинмоқ истадим ва мавжудотни бор этдим» ҳадисига мувофиқ олам уйи ишининг йўлга қўйилиши ва инсониятнинг турли гуруҳ ва тоифаларининг яратилишидан кўзда тутилган мақсад Худонинг муқаддас зотини таниш ҳамда [унинг] чексиз салтанати сифатларини билиб олишдан иборатдир. Аммо нафсоний шаҳватлардан ва жисмоний истаклардан узилмасдан ҳамда бу дунёнинг нарсаларидан юз ўгирмасдан ва охират саодатига эриштирадиган нарсаларга юзланмасдан туриб бу ишни амалга ошириб бўлмайди. Шу сабабдан ҳам тариқат сулукларининг соликлари ҳамиша бўйсунмас ва ўжар шаҳватнинг бўйнига риёзат жиловини солиб, «Иннамад-дуня ва ма фийҳа абас» (Албатта дунё ва ундаги нарсалар беҳуда) нақлига мувофик бу дунёнинг ўткинчи нарсаларига қарамаганлар.
Байт:
Тариқат курашчилари нафсларини ўлдирдилар
Такво билагининг кучи билан ва мардларча курашиб.
«Тун қоронғуси ва кундуз ёруғида»(Қуръони карим, «Сод» сураси, 18-оят.) унга тасбеҳ айтадилар, «Эрталаблари ва кечқурунлари»(Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 205-оят.) уни ёд этадилар.
Балки Хайр ул-аном алайҳис-салавот ва-с-саломнинг: «Дунё охират аҳлига ҳаром, охират эса дунё аҳлига ҳаром, бу иккаласи эса Аллоҳ ахли (Аллоҳнинг ошиқ бандалари)га ҳаромдир» (Ҳадис), деб айтганига мувофиқ жаннатнинг юқори қаватидаги ҳурлар, қасрлар, роҳат-фароғат ва ёқимли шаббодаларга мутлақо эътибор бермаганлар ҳамда қуйидаги икки байтнинг мазмунини тилларида достон қилганлар.
Қитъа:

Жаннат боғин безатмагин, чунки биз риндларда
Ҳурнинг бўйнига осилиш мақсад эмасдир.
(236) Бизга севгили ғами тузоғига тушиш орзусининг ўзи етарли,
Шодлик қадаҳига ҳам осилиш ниягимиз йўқ.

Шунга кўра [ул Ҳазрат] қабо кийган валийлар қаторидан жой олдилар ва «[Улар учун охиратда] хавф йўқ ва улар ташвиш ҳам чекмайдилар»(Қуръони карим, «Моида» сураси, 69-оят.) дея хабар берилган мартабага етдилар.
Улуғ Тангрига ҳамдлар бўлсинки, хидоят ва иқбол осмонининг қуёши бўлган ул зотнинг муборак хулқ-атворлари доимо мана шу тарзда болалик йилларидан ва эндигина ўсиб-улғая бошлаган ўспиринлик чоғларидан бошлаб бу дунё ва ундаги нарсаларга бўлган эътиборсизлик этагини силкиди ҳамда ҳеч қачон ўткинчи мол-дунёга бўлган муҳаббат чангини ва бу дунёнинг нарсаларига бўлган қизиқиш ғуборини ўзининг ҳиммат этагига қўндирмади. Доимо ўз истакларига етишишни истайдиган танини машаққатли ишлар ва чидаш қийин бўлган амалларни қилишга буюрар, ўзбошимча табиатининг ўжар жиловини риёзат билаги кучи билан истак ва ҳавас майдонидан қайтарарди.
[Ул Ҳазрат] тарк ва тажрид ҳолатига кирганларида,
Мисра:
Икки дунё унинг ҳиммати олдида ҳеч нарса бўлмай қолади.
Шунингдек, [ул Ҳазрат] сулук йўлидан юрганида шакл ва мазмун оламининг майдони
Мисра:
Унинг муборак оёқлари остидан ўтиб боради.
Ёзувчиларнинг жимжимадор сўзлари ва котибларнинг у мактовларисиз хам пок Парвардигор илтифотлари марказида бўлган ул зот ёшлик ва йигитлик даврининг гуллаб-яшнаган чоғларида ҳар доим «Улар туриб хдм, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар»(Қуръони карим, «Оли Имрон» сураси, 191-оят.) ояти улар борасида туширилган дарвешлар билан мулокотда бўлишга интилиб юрар, қўлидан келганича ва имконияти етганича иродат ва ихлос билан олий мартабали ушбу тоифага мансуб кишиларнинг хизматида бўлардилар.
[Шундан сўнг ул Ҳазрат] бир неча вакт давомида бу дунёнинг барча қизикишлари ва ҳою ҳавасларидан кўнгил узиб, табаррук макон бўлган Работи Суҳайл деган жойда яшай бошладилар. Одамлар билан (24а) бўладиган мулоқот ва муносабатдан этак йиғиштириб, файзу баракотларга тўла вақтларини турли риёзатлар чекиш ва ибодатлар қилиш билан ўтказишга киришдилар.
Олам аҳли ишларини бошқариш Соҳибқирон Султон (улуғ Парвардигор унинг подшоҳлиги ва салтанатини абадий қилсин) давлати тасарруфига ўтганидан сўнг ҳидоят ва иршод нурлари тушиб турадиган ул зотнинг ота-боболари ҳар доим диндор ва адолатли ушбу подшоҳнинг ота-боболарига яқин кишилар жумласидан бўлганликлари сабабли, ул ҳазратга чексиз иноят назари билан боқиб, юқори мансабларни қабул қилишларини ҳамда давлат ишлари ва молиявий масалалар билан шуғулланишларини таклиф қилдилар. Ҳидоят нишонли Амир улуғвор қалбининг фақр ва фано сулукидан юришга мойил эканлигидан келиб чиққан ҳолда шу ва шунга ўхшаш ишлар билан шуғулланишдан қанчалик бош тортмасинлар, Соҳибқирон Султон янада қаттиқроқ туриб шу нарсани илтимос қилавердилар ва [ўз илтимосларини] қуйидаги икки байтда баён этдилар.
Қитъа:
Олам ишини тартибга солиш ва давлат ишини бошқаришни сенинг тадбирли ақлингга топширишди. Бу тўғрида Яратгувчининг амри берилган бўлиб, тинчимас қаламинг ёрдамида мамлакат тинч ва барқарор бўлсин.
Натижада улуғлик осмонининг ушбу қуёши «Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан [бўлмиш] бошлиқларга итоат этингиз!»(Қуръони карим, «Нисо» сураси, 59-оят.) оятига мувофиқ иш тутиб ҳамда «Бир соат қилинган адолат олтмиш йиллик [кечалари билан намоз ўқиб ва кундузлари билан рўза тутиб қилинган] ибодатдан афзалдир» ҳадисини мулоҳаза қилиб, амирлик лавозими ва вазирлик мансабини ўзининг қутлуғ қадами билан зийнатлади. Жабр-зулм нишоналарини замона сахифаларидан ўчириб таш лади ва инсонлар учун (246) адолат ва инсоф эшикларини очиб қўйди. Замонанинг тана аъзоларидаги жароҳатларни вақт малҳами билан тузатиб, дард-аламларга тўла дунёнинг касалликларига адолат шарбати билан шифо бағишлади.
Байт:

Унинг шукуҳи оламга адолат қўлини очди,
Унинг ҳайбати зулмнинг оёғини занжирга солди.

Ш унингдек, ,...(Асар қўлёзмасининг шу ўрнидаги ёзув ўчиб кетган бўлиб, бу жой асарнинг Кобул нашрида учта нуқга (...) билан кўрсатиб кетилган (53-6.).) йил давомида «Одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар»(Қуръони карим, «Нисо» сураси, 58-оят.) ҳукмига амал қилиб, қуйидаги байтнинг мазмунини
Байт:

Мансабдан мансабсизликка юз тутгин,
Чунки ҳар қандай мансабдан мансабсизлик яхшидир.

кўнглидан ўтказди-да, амирлик лавозимидан истеъфо берди. Соҳибқирон Султон ҳам ҳар доим ул Ҳазратнинг розилигини ўзининг муборак истагидан устун қўйганликлари сабабли бу масалада ул зотнинг фикрларига қўшилдилар.

Бироқ (ҳижрий-камарий) 892 (мил. 1486/1487) йилда қату тиқ туриб Мозандарон вилояти қокимлигини саодатли Амир< нинг раҳбарлик қўлига топширдилар. Ул Ҳазрат ҳам юқори ( мартабали Соҳибқироннинг розилиги учун ушбу вилоятга бор' ди. Астробод гулзори [ул зотнинг] қутлуғ қадами шарофатидан устунлари бор Эрам гулистонининг рашкини келтирди.
Байт:
Бу бир муборак манзил бўлиб, у уйда шундай ой бўлади, Бу бир саодатли мамлакат бўлиб, унда шундай шоҳ бўлади.
Пок кўнгилли Амир икки йилга яқин вақт давомида Қобус Вушмгир [давлатининг] пойтахтида адолат гиламини ёзиш билан шуғулланди. Ундан кейин эса ҳиммат этагини масъулиятли давлат ишларидан йиғиштириб, (25а) салтанат пойтахти Ҳиротга (Аллоҳ уни ёмон ҳодисалардан асрасин) қайтди.
Байт:

Ўша ой шаҳримизга келиб қўнган ўша қутлуғ дамда
Васлидан шод бўлади жон, иқболидан нозланар дил.

[Буларни айтишдан кўзда тутилган] мақсад шуки, ул Ҳазрат шу каби ишлар билан банд бўлганлигига қарамасдан, бир лаҳза бўлса-да, кўнгил аҳлининг амалларига эргашишдан тўхтамадилар. Доимо ихлос ва эътиқод оёғи билан ахди яқин ва аҳли ирфон хизматида бўлдилар. Хусусан, ҳақиқатлар паноҳи бўлган жаноби олий Махдумий Нуран (Аллоҳ унинг қабрини нурга тўлдирсин) хизматида бўлиб, ҳар доим ул зотнинг ҳузурида дарвешларнинг китоблари ва тасаввуфга оид асарларни ўқишга машғул бўлдилар. Ул жаноби олийнинг бу борада ёзган рисолаларини ҳам ўша кишининг ҳузурида мутолаа қилдилар ва улардаги нозик жиҳатларни файзли хотиралари лавҳига ёзиб қўйдилар. [Айтиб ўтиш лозимки,] ул жаноби олий ҳам ўзидан файз таратиб турган ўша асарларини ҳидоят нишонли ушбу Амирнинг қутлуғ номига бағишлаб ёзди. «Нафаҳот ул унс» ва «Лшиъат ул-ламаъот» асарларининг дебочаларини ўқиб чиқишдан шу нарса кундек равшан бўлади.
Ул Ҳазратнинг ўзи ҳам машойихлар ва авлиёларнинг ҳаёти ва фаолияти, шунингдек, сайру сулук йўли гўғрисида бир неча китоб ёзди. Улардан бири «Насойим ул-муҳаббат» («Муҳаббат шабадалари») бўлиб, уни ўқиб чиққан кишининг жон димоғига ирфон аҳлидан бўлган кишилар ҳаёти ҳамда уларнинг ҳидоятга чорловчи сўзларидан тараладиган хушбўй ҳидлар келиб урилади.
[Ул Ҳазратнинг бу борада ёзган асарларидан] яна бири (Фаридиддин Атторнинг) «Мантиқ ут-тайр» асарига муқобил тарзда туркий тилда шеърий йўл билан битилган «Лисон уттайр» («Қуш тили») рисоласидир. Ушбу қутлуғ (25б) асарда фано йўлидаги сайру сулук ҳамда Худованд даргоҳига яқинлик мақомига етишиш йўл-йўриқлари тўғрисида ҳикоя қилинади.
Булардан ташқари каромат эгаси бўлган бу Амир [давлат ишидаги] мансаб ва лавозимда ишлаб юрган чоғлари қашшоқлар ва дарвешларга моддий ёрдам бериш ҳамда [бошқа юртлардан келган] йўловчилар ва мусофирлар учун қулай шароитлар яратиш максадида Хуросон мамлакатининг турли жойларида кўплаб хонақоҳлар, работлар, ҳовузлар, кўприклар ва ҳаммомлар қурганлар. Қуйида улардан айримлари санаб ўтилади:
«Халосия» хонақоҳи: «Ихлосия» мадрасаси қаршисида жойлашган. Ҳар куни ушбу файзли маконда мингдан ортиқ қашшоқ ва мискинларга овқат улашиб, уларни лаззатли таомлар билан сийлайдилар. Бундан ташқари ҳар йили икки мингга яқин пўстин, чакмон, кўйлак, иштон, енгил дўппи ва оёқ кийим муҳтож кишиларга улашилади.
«Жамоатхона» хонақоҳи: Ҳирот шаҳри хиёбонида, Худо маърифатида ориф бўлган Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Табодгоний қабрининг бошида жойлашган.
Ҳақиқатлар паноҳи бўлган Ҳазрати Махдумийнинг (Аллоҳ унинг қабрини нурга тўлдирсин) мунаввар қабри бошида қурилган иморат: Бу иморат ўзининг кенглиги, баландлиги ва хушҳаволиги билан машҳурдир.
«Фаноия» [иморати]: Ушбу қабр яқинида жойлашган.
«Ҳавзи мохиён» («Балиқлар ҳовузи») иморати: Хуросон халқининг сайр қиладиган сайргоҳи ҳамда қашшоқлар ва дарвешларнинг макон тутган жойи.
Мужаррад пир Хожа Абулвалид Аҳмаднинг (Аллоҳ унинг қабрини табаррук қилсин) муборак қабри бошида қурилган иморат: Бу иморат ҳовлисининг кенглиги ҳамда дабдабалилиги билан машҳурдир.
Шайх Муҳйи (Аллоҳ уни раҳмат қилсин) қабри бошида қурилган хонақоҳ: [Бу иморат ҳам] дабдабадан холи (26а) эмас.
Хумчайи бод деган жойда Амир Абдулвоҳид ибн Муслим қабри бошида қурилган иморат.
«Зиёратгоҳ» хонақоҳи: Бу жойда ҳам қашшоқлар ва мискинларга таом улашадилар.
Хожа Юсуф Ҳамадоний (Аллоҳ уни ўз раҳматига олсин) қабри бошида қурилган иморат.
Муқаддас Машҳад шаҳридаги Разавия мақбараси (унинг соҳибига саломлар ва таҳиятлар бўлсин) ҳовлисида қурилган «Дор ул-ҳуффоз» [иморати]: Ушбу иморат ложувард ва олтин билан ислимий ва хитойча нақшлар ва тасвирлар воситасида ғоятда ҳашамат ва дабдаба билан безатилган. Бундан ташқари ўша табаррук мақбара ҳудудида ўта ҳашамат ва бениҳоя зеб-зийнат билан бир айвон бино қилинган. Шунингдек, у ерда бир мусофирхона ҳам қурилган бўлиб, ҳар куни унда қашшоқлар, муҳтожлар ва етимларга таом улашилади.
Шайх Фаридуддин Аттор қабри бошида қурилган хонақоҳ: Жаннатмакон бир жой. (Ҳижрий-қамарий) 902 (мил. 1496/1497) йилда Нишопур шаҳри ул Ҳазратнинг муборак қуёшининг ёрқин нурлари билан мунаввар бўлган кунларнинг бирида [ул Ҳазрат] ушбу диёр машойихлари қабрларини зиёрат қилишга бордилар. Кўпчилик қабрларнинг бузилиб кетишига яқин қолганлигини кўриб, авлиёларнинг қабрларини ҳозирги кунда кенг қўлланиладиган усулда тузатишни буюрдилар.
Мавлоно Снррий хонақоҳи: Марв шаҳрида қурилган.
Энди эзгулик бинолари қурувчиси томонидан қурилган работларнинг тўлиқ рўйхатини келтирамиз:
Сарихиёбон работи, Тўғузработ, Ҳавзак работи, Дараи занги работи, Чиҳилдухтарон работи, Тарноб работи, Панждеҳ работи, Қутулмиши (26б) Мурғоб работи, Марвчоқ работи, Пули Аҳмад Муштоқ работи, Ябғу работи, Зоҳид работи, Хожа Дука работи, Чаҳоршанба работи, Бобо Бўри работи, Дараи қўрқуш работи, Кандаги работи, Оқработ, Муздурон работи, Ёнбулоғ работи, Дашти Шорахт работи, Адраскан работи, Фармоншайх работи, Абулвалид работи, Париён работи, Пули Ғуриён работи, Поёбак работи, Тирпул работи, Шутурхони тирпул работи, Саҳрои боғанд работи, Жом работи, Харгирд работи, [олдин қурилган] Бикробод работи таъмирланди, Саъдобод работи, Ҳазира работи, Сангбаст работи, Машҳади муқаддаса работи, Тепаи Чавк работи, Дизбод работи, Келидар работи, Санглидар работи, Руниз работи, Исфаройин работи, Чинорон работи, Ишқ работи, Даҳанаи Тахти Сулаймон работи, Журмжўй работи, Оҳувон работи, Аломат кўчасидаги работ, Пули нигор работи, Пуҳра работи, Деҳлар работи.
Энди қуйида [ул Ҳазрат] қурдирган ҳовузларнинг тўлиқ рўйхати келтирилади:
Пойи дарахти меросий маҳалласидаги ҳовуз, Ихтиёриддин қалъаси олдидаги ҳовуз, Шолбофон маҳалласидаги ҳовуз, Шўрписта ҳовузи, Чиҳилгазий маҳалласидаги ҳовуз, Хожа Калла ҳовузи, Пир Қавом маҳалласидаги ҳовуз, Қаландарон маҳалласидаги ҳовуз, «Шифоия» [мадрасаси] ёнидаги ҳовуз, ҳақиқатлар паноҳи бўлган Ҳазрати Махдумий қабри ёнидаги ҳовуз, Париён ҳовузи, Фушанж масжиди ҳовузи, Чарха ҳовузи, Саҳрои боғанд ҳовузи, Шоҳони гармоб ҳовузи, Дизбод ҳовузи, Зиёратгоҳ ҳовузи, Андхуд ҳовузи, Роҳи Хоразм ҳовузи.
[Ул Ҳазрат томонидан қурдирилган] кўприкларнинг тўлиқ рўйхати қуйидагича: (27а)
Сепулак кўприги, Тулки кўприги, Сокисламон кўприги, Чилдухтарон кўприги, Тарноб кўприги, Қаландарон кўприги, Қозбонон кўприги, Пойи хожа кўприги, Хайробод кўприги ва тўғони, Жузжонон кўприги, Нигор кўприги, Фушанж кўприги таъмирланди, Тир кўпригини таъмирланди, Наҳри араб кўприги, Чахчарон кўприги, Туруқ кўприги ва тўғони.
[Ул Ҳазрат қурган] ҳаммомлар эса қуйидагилардан иборат:
«Шифоия» [мадрасаси] ёнида қурилган ҳаммом, Зиёратгоҳ ҳаммоми, Дараи зангий ҳаммоми, Тувучи ҳаммоми, Чилдухтарон ҳаммоми, Тарноб ҳаммоми, Панждеҳ ҳаммоми, Файзобод ҳаммоми, Саъдобод ҳаммоми.
Бандаларнинг яратувчиси бўлмиш Аллоҳнинг ўзи омад берсин.

Ғиёсиддин Хондамирнинг
"Макорим ул-ахлоқ" китобидан