Жоний (XVIII-XIX аср) PDF Босма E-mail
20.03.2014 17:50

Жонийнинг номи Мулла Қурбон бўлиб, унинг яшаган ва ижод этган вақти XVIII асрнинг охирги чораги ва XIX асрнинг биринчи ярмига тўғри келади. У Бухорода яшади ва ижод этди. Сайфий деган шоир Жонийнинг вафотига бағишлаб ёзган тарих — марсиясида:

Хирад пири деди уйқумга тарих айлағил Сайфий,
Дедим минг икки юз эллик бошида Жони жон кетди.

деб ёзади. Демак Жоний 1250 (1834) йилда вафот этган. Бизга маълум бўлган тазкираларда Жоний биографиясига оид маълумотлар учрамайди. Аммо шоирнинг мукаммал девонидан икки нусхаси бизгача етиб келган. Улар ҳозир Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида сақланмоқда. (Инв. № 125, инв № 7483) Ушбу тўпламга киритилган Жоний шеърлари тахминан 1833/1834 йилларда кўчириб ёзилган девонидан (инв. № 125) олингандир.

«ДЕВОН»ДАН

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Турди бўстон сайриға сарви хиромон силкиниб,
Қилди пояндоз гул баргин гулистон силкиниб.

Кулгусидин гул сочиб, қизлар билан нозин кўруб,
Панжасида зарларин гул қилди эҳсон силкиниб.

Зулф бирлан ўйнабон атридин анбар тўкканин,
Сунбул они кўрди-ю, бўлди паришон силкиниб.

Ғунча гуфторин кўруб чирманди хазро пардаға,
Сарв рафторин эшитиб, қолди ҳайрон силкиниб.

Ҳар ким ўз гулрўйиға маҳв эрди, Жоний, бил они
Гул юзин кўрди-ю, булбул қилди афғон силкиниб.

* * *

Йиғлатди кўзларимни ажаб лабларинг кулуб,
Важдим бу эрди шамъи жамолингдин ўргулуб.

Ҳар қайси бошқа-бошқа тилар садқа бўлмағин
Қошу кўзингга жону кўнгул ақл олдуруб.

Васлинг тириклигим сабаби субҳу шом, бас,
Бошинг учунки борма менинг кўнглими узуб.

Таъбир қилдим ой юзинга мунзави калаф,
Рухсоринг узра хатти муанбарни туш кўруб.

Бир кўрмак иштиёқидин эй навбаҳори ҳусн,
Тунларнн ўткурур йўлинг устида ўлтуруб.

Сен шод сайр ичинда паричеҳралар била,
Мен хаста доғ бир гўшада зор телмуруб.

Жоний, ниҳояти талабинг кўйи туфроғи
Жон берса оз эмастур оёғингга бош қўюб.

* * *

Санга бир кун дедим, эй маҳжабин, шомимни маҳтоб эт,
Сен айдинг йиғламоқдин ашки олинг бодаи ноб эт.

Мен онга навҳа қилдим ҳолима бир келмадинг ҳаргиз,
Гулоб урмай, кўзум мардумларин дерсенки симоб эт.

Сариғ рухсор уза гулгун сиришким ҳолатин кўргил,
Гулистон ичра раъно қоматингдин гулни бетоб эт.

Хатинг савдосида гул оразингдин бехабар сонма,
Нигоҳ тиғи била гул ғунчадек кўнглимни сероб эт.

Юраклар пора-пора, таҳ-батаҳ қондур жигар, Жоний,
Чаманда сийна очиб, гул яқо чокини ноёб эт.

* * *

Маломатлар етишти сачга, эй жон, мен ёмондин кўп.
Нечаким менга етти сарзаниш аҳли замондин кўп.

Агар булбул чаман саҳнида юз йил навҳа тортаркан
Эмастур бир нафас мен бенаво чеккан фиғондин кўп.

Итинг бирла менинг шаънимда сонсиз можаролардур,
Басо, Фарҳоду Мажнун элга қилган достондин кўп.

Жамолингдин кўзум боғида бир наврас гул очилмиш.
Шукуҳи жилваси юз гулшану минг гулситондин кўп.

Сари кўйингда танҳо мен киби зору ҳазин йўқтур,
Агарчандеки сенда ўртаган бехонумондин кўп.

Қадинг сарвини истаб бир гулистон ичра кўз солдим,
Анга монанд кўзга кирмади сарви равондин кўп.

Адамдур, беибодур Жонийи мискин, афокаллоҳ,
Жаҳон ичра баҳосин қилмағил аҳли замондин кўп.

* * *

Тун оқшом оразингдин тўлун ой кўрдим хаёл ичра,
Ўзимдан бордим ул ғоятда бўлдим ўзга ҳол ичра.

На раъно сарвқад давринг гули рухсори зебидин
Чаман аҳлини маҳви ранг айлабдур камол ичра.

Хушо, гулзор аро гулгун узори наргис олтуни,
Ики заррин ғазола гурфароқдир ҳусни ол ичра.

Малоҳат боғидур ҳуснинг, назокат сендадур ёри,
Пари пайкар санамлар ходим ўлмишлар жамол ичра.

Менинг коми дилимға заҳри ҳажрьнг шаҳди роҳатдур,
Бу лаззатни киши топмас юриб юз йил висол ичра.

Не давлатдур менга дилдор ёди бирла жон бермак,
Не мушкул иш эрур оҳсиз малолидур малол ичра.

Фано бўлмай етишмас белу оғзинг сайрига Жоний
Саропо умр бори сарф ўлмиш қийлу қол ичра.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Боғи жаннат гулшани ҳуснингга руҳафзо эмас,
Нахли тўби қоматингдек сарв гардунсо эмас,
Не деб олам ичра хаттинг рашкидин савдо эмас,
Сунбулин Лайли очибдур ел абир осо эмас,
Доғини Мажнун қонатмиш лолаи ҳумро эмас.

Баҳри ҳайрат ичра Вомиқ туздинг, эй Узро узор,
Гулда Лайли аксидур, булбулда Мажнундин шиор.
Бир тараф Ширин ҳадиси, бир тараф Фарҳоди зор.
Настаран кўзгусида бир сори мен, бир сори ёр.
Чеҳра аксин кўргузубдур ул гули раъно эмас.

Савсани тўн бирла сабзи хат муносибдур анга.
Нилуфарга хол юзида мазҳари нурул-ҳудо,
Мунча зебу зийнат ила сарви қаддидин адо,
Гулга ўхшатган каби ёримни гўё боғ аро,
Музтариб кўнглум қушидур булбули шайдо эмас.

Гўиё шамсу қамардур ҳусн шаҳристонида.
Кўрмадим ул ҳурваш шабхуни ризвон ёнида,
Гулжабинлар ҳасратидин бош қўйуб остонида,
Гулни сарв узра хаёл этдим кўнгул бўстонида.
Рост айтиб сарви гулрўйим киби зебо эмас,

Ул ситамгардин кўнгул ҳифзиға қилдим эҳтиёт,
Ҳар касу нокас била беҳуда қилмай инхирот.
Мутриби гулчеҳра илҳони-ла туздим инбисот.
Доим афғонимда булбул ноласидии йўқ нишот.
Ул ҳам андуҳзо эмас, бул ҳам нишот афзо эмас.

Новаки мужгон этиб ул шўх чўқ гўстоғ аро,
Қолди кўнглум захми пайконидин асру доғ аро,
Хизр бўлсун йўқ иложи кирмайин туфроғ аро,
Бўлмангиз мағрури ҳусн, эй шўхларким, боғ аро,
Сиз киби бултурги гуллардин бири пайдо эмас.

Қошларининг эгмасидин аксдур қавси қузаҳ,
Ёй агар булдур жаҳон ичра савод этмас шабаҳ,
Жоний ўз гулчеҳраси эҳсонидин топмиш фараҳ.
Менга гулруҳ соқи-ю, булбулга гул тутти қадаҳ,
Мастдур улким, Навоийдек вале расво эмас.

ФУЗУЛИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Завқиминг вори ўшал тожи сазовора фидо,
Шавқиминг шуҳраси бошинг уза зар тора фидо,
Кўнглуминг маҳзани гул орази гулнора фидо,
Жониминг жавҳари ул лаъли гуҳарбора фидо,
Умриминг ҳосили ул шеваи рафтора фидо.

Қанд дерлар сўзинги, йўхса малоҳат кони,
Рамзидин гул тўкилур, дур гуҳари эҳсони,
Кўзларим ул ики меҳроби яшил ҳайрони,
Дард чекмиш бошим ул чашми сияҳ қурбони,
Тоб кўрмиш таним ул турраи таррора фидо.

Сарв дерлар қадинга аслида жаннат шажари,
Гуллари руҳи равон, инсу малакдур самари,
Юзларим лолалари шабнами сони саҳари,
Кўзларимдин тўкулан қатраи ашким гуҳари,
Лабларингдин сочилан луълуи шаҳвора фидо.

Юзинга садқа чаман сайрида гул соралари,
Бенгзатурлар дахи насрин киби бечоралари,
Кўзларим оқида мардум деялар қоралари,
Чок кўксумда ўлан қонлу жигарпоралари,
Маст чашмингда ўлан ғамзаи хунхора фидо.

Кўзларинг ўқи ўтуб кўксима бал жонимдин,
Қатра қонлар тўкула хар сари мужгонимдин,
Бехабар бўлдум ўшал этдуги пайконимдин,
Пора-пора дили мажруҳи паришонимдин,
Сари кўйингда киран ҳар ита бир пора фидо.

Манга даст берса внсолинг унин ошуртордим,
Кирпиким найза қилиб душманингни туртордим,
Шукрлиллаҳки кўйинг хокина кўз суртордим,
Жону дил қайдини чекмакдин ўзум қуртордим
Жонни жононима қилдим, дили дилдора фидо.

Тонг дагил булбул агар тутса гулистонни азиз,
Дўгулуб гули ҳумро қилса бу бўстонни азиз,
Жоний, ҳоқонлар аро беклади султонни азиз,
Эй Фузулий, нўла гар сахлар эсанг жонни азиз,
Вақт ўла ким ўла бир шўхи ситамгора фидо.

РУБОИЙЛАР

Зулф эмас рухсори жонон узра умридур дароз,
Ул жиҳатдин ҳасратиднн кўрмайин жон берсам оз,
Кокилинғ торига банд ўлди кўнгул не важҳдин,
Улса ул нисбат била саргашталикда сарфароз,

* * *

Қоматинг сарвинда кўрдим икки гулшанвор гул,
Икки гулгун оразинг аксиму, ё дастор гул.
Лаъл гул барги жабин, гулнор рухсору зақан.
Ҳар бирин ёлғон эмас айтилса юз харвор гул.

* * *

Ой талъати моҳ ёна кўрдим.
Ғафлатда эдим уёна кўрдим.
Лутф этдингу бошим узра келдинг,
Шукрки юзунгни қона кўрдим.

 
Фазлий (XVIII-XIX аср) PDF Босма E-mail
20.03.2014 17:50

Фазлий Намангоний (тахаллуси; асл исми Абдулкарим, 18-аср 2-ярми — 19-аср 1-ярми, Наманган) — шоир, адабиётшунос. 19-аср бошларида Тўрақўрғон ва Наманганда турли мансабларда ишлаган. Умархон ҳукмронлиги йиллари (1810—22) Қўқонга келган. Шеърий истеъдоди туфайли хоннинг марҳаматига сазовор бўлиб, тез орада сарой шоирларининг бошлиғи — «малик уш-шуаро» номини олган. Умархоннинг ҳаёти, фаолияти, ҳарбий юришлари, ҳукмронлиги давридаги воқеаларни «Умарнома» достонида тасвирлаган. Хон топшириғига кўра, Фазлий «Мажмуаи шоирон» («Шоирлар мажмуаси», 1821) тазкирасини тузган. Ўзбек адабиётшунослиги тарихида илк марта шеърий йўл билан яратилган мазкур тазкирада 19-аср бошлари Қўқон адабий муҳитининг 100 дан ортиқ вакиллари ҳақидаги қимматли маълумотлар ва асарларидан намуналар мавжуд. Шу жумладан, унда Фазлийнинг қасида ва ғазаллари, шоира Маҳзуна билан мушоираси ҳам бор. Фазлийнинг «Девон» тузгани маълум, аммо у топилмаган. Унинг ўзбек ва тожик тилларида ёзилган ғазал, маснавий, мухаммас, рубоий ва туюқлари турли мажмуа ва баёзларда учрайди.
Фазлийнинг «Мажмуаи шоирон» тазкираси 19-аср ва 20-аср бошларида қўлёзма ва тошбосма нусхаларда кенг таркалган, асар адабиёт аҳли орасида катта шуҳрат топган. Унинг мукаммал қўлёзма нусхалари Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади (инв. № 7510, 9914 ва б.). Фазлий Умархон вафотидан сўнг (1822), Наманганга кетган ва ўша ерда вафот этган.
Рустамжон Тожибоев.

«ДЕВОН»ДАН

ҒАЗАЛЛАР

Гул юзунгда зулфунгни боғ аро намоён қил,
Лола бирла сунбулни доғ этиб паришон қил.

Лолагун қабо жайбинг тугмасин очиб гоҳе,
Гул яқосини чок эт, ғунча бағрини қон қил.

Давлати висолингга шукр этмаганларни,
Ғам ўтиға доғ айлаб, мубталойи ҳижрон қил.

Соқиё, юзунг акси қилди бодани гулгун,
Лола ранг соғар тут базмни гулистон қил.

Эй кўнгул харобингга келса ёшурун дарди,
Воқиф ўлмасун мардум кўз уйида меҳмон қил.

Ошиқи талабгоринг мардларни шоҳидур,
Бўсаи даҳонингдин назри шоҳи мардон қил

Фазлиё, Умар султон даргаҳига йўл топсанг,
Кўзларингга туфроғин сурмаи Сулаймон қил.

* * *

Гул чоғи хушдур қилиб сайри гулистон ўйнамоқ,
Ёр ила гулшанда сармасту хиромон ўйнамоқ.

Ёр лаъли бирла ўйнаб бўлмас, эй шайдо кўнгул,
Бас дегил инсоф ила осонмудур жон ўйнамоқ.

Турфа саркашдур саманди ноз сурма тунд ани,
Ким анга одат эрур қилғонда жавлон ўйнамоқ,

Ҳалқаи зулфунгга чиндур кўнгул ўйнаб берганим.
Йўқса ишқ ойинида бордурму ёлғон ўйнамоқ,

Бок эмас гар тарқаса ашким юзум атрофина,
Ёшларға расмдур ҳарён паришон ўйнамоқ.

Келди ёдинг кўнглума ашким югурди ҳар тараф,
Тифлға одат эрур келганда меҳмон ўйнамоқ.

Эй кўнгул, вайроналиғлар бирла хуш тут хотирин,
Гар сенинг бирла тилар ул тифли нодон ўйнамоқ.

Ишқ осондур ва лек жон ўйнамоқ душвор эрур
Булҳавас ҳам ўйнар эрди бўлса осон ўйнамоқ.

Ўйнағил Фазлий вафо нардин қуруб жон нақдини
Гар тилар бўлса санингла табъи жонон ўйнамоқ.

* * *

Соқиё, сенсиз манга бўлди бу оқшом ком талх,
Дамбадам лаълинг хуморидин ичарман жом талх.

Наргисинг айлар нигоҳи тунд, лаълинг заҳрханд,
Ваҳ надиндур бу чаманда пиставу бодом талх.

Зулфу симин соиду майгун лабинг ҳижронида,
Бода йўқким қон ютарман субҳдин то шом талх.

Заҳри ғам ютмак лабинг ҳажрида одатдур манга,
Ким эмас махмурларга бодаи гулфом талх.

Ҳажр оғусидин икроҳ этмазам лаълинг тилаб,
Неча май талх ўлса билмас они май ошом талх.

Сарва кўргузма қадингни, гулға арз этма жамол,
Қилма гулшан айшини, эй сарви гуландом, талх.

Нашъаи саҳбо каби Фазлий гувородур манга,
Гарчи бордур ёр ширин лаълидин дашном талх.

* * *

Эй сабо, кел боғ аро кўрган тамошодин гапур,
Сарв ила гулдин дема, ул сарви раънодин гапур.

Пиставу бодомдин дам урмағил, эй боғбон,
Ул лаби хандондин айтиб, чашми шаҳлодин гапур.

Топсанг, эй шайдо кўнгул, ногаҳ ани кўйиға йўл,
Ул пари олида бу Мажнуни расводин гапур.

Ёр зулфидин гириҳ очмоқ ҳунардур, эй насим,
Нуктадонлар ичра бу мушкил муаммодин гапур.

Зуҳд таърифини қил зоҳидға бўлсанг ҳамнишин,
Риндлар базмида соғар бирла минодин гапур.

Худнамоликдин мукаддардур кўнгул, эй майфуруш,
Урма дам ойинадин, жоми мусаффодин гапур.

Эй мударрис, ишқ дарсини рамузидур дақиқ,
Мухтасар қил ушбу сўзни «Шарҳи мулло»дин гапур.

Сўзла эй Фазлий, Умар султон шукуҳи адлидин,
Мен қачон айдим Скандар бирла Дородин гапур.

* * *

Шамъ боши ёна келди ёна тоб устиндадур,
Бу жиҳатдиндурки «шин» доим шабоб устиндадур.

Онча ул бемор кўз ҳажрида лоғар бўлди тан,
Бошим анда нуқтаидурки хароб устиндадур.

Меҳри рухсор устида пайваста қошингдур сенинг,
Эл гумон айларки «мадде» офтоб устиндадур.

Кўзга қўйғайму қадам деб бир кун ул чобук сувор,
Эгма қаддим рокиби дойим рикоб устиндадур.

Сарвдек яктосен, эй шамшод қадлар сарвари,
Қоматингдур ул «алиф» ким интихоб устиндадур.

Терлаган рухсоринг узра лолагун бурқаъмудур.
Ё тароват бирла гул барги гулоб устиндадур.

Кўзлари мақтулини Фазлийга теъдод этгали,
Қоши ул «ҳе» саргаҳидурким ҳисоб устиндадур.

* * *

Биравким ул гули раъно висолини хаёл этмиш,
Сариғ айлаб юзини ашк селобини ол этмиш.

Тараб шамъини равшан айлаб ул ой чеҳра тобидин,
Кўзум мардумларини маҳрами базми висол этмиш.

Раво қил ҳожатни, айлар дуо, тунд ўлма, эҳсон қил,
Лабингдин ком истаб бўсае кўнглум суол этмиш.

Гул андомеки раъно қад била ҳар дам хиром этгач,
Чаманда сарву гулни соя янглиғ поймол этмиш.

Юзунгдин қатра-қатра хай тароват шикор этгач,
Ҳаё гул шабнамини ғарқи баҳри инфиол этмиш.

Кўруб гул барги рухсорингнию шаҳди каломингни,
Таҳайюр булбулу тўтини гулшан ичра лол этмиш.

Юзин кўрмакка кўз муштоқ, ҳожатманд эди кўнглум,
Надур важҳи букун ойинаким арзи жамол этмиш.

Манга сен анбару сунбул исин эй бод, келтурма,
Насими накҳати зулфи мени ошифта ҳол этмиш.

Тополмас муддао Фазлий хаёлидин ҳалал ҳаргиз,
Нединким хизмати Кайхисрави соҳиб жамол этмиш.

* * *

Ул пари пайкарки мажнунман ани савдосидин,
Бир боқиб ҳолимни сўрмас, ўлдум истиғносидин,

Ҳар неча маҳкам эди сабрим биносида асос,
Қолмади обод ҳижрон хайлини яғмосидин.

Қошлари ёйига қурбон эрди кўнглум ногаҳон,
Ғамза пайкони қадалди наргиси шаҳлосидин.

Ёр азми гулшан этди борди кейнидан рақиб,
Умр боргандек шитоб айлаб ўлум орқосидин,

Хўблар меҳрини тарк эт, дема, эй носиҳ, манга,
Телба ўлғайму парилар ишқини даъвосидин.

Даҳр боғи бевафодур, не учун, эй андалиб,
Кўнгул узмассен бу гулшаннинг гули раъносидин.

Шайх зуҳдидин малул эрдим хушо, пири муғон,
Май била қутқорди ул иблисни васвосидин.

* * *

Кўнгул доғин дедим ишқ ибтилосидин нишондур бу,
Кўзум айдики мандин сачраган бир қатра қондур бу.

Танимда кўр ўқунг заҳмини кўп қилма таажжубким,
Эрур ул дард тоғи ғам қушиға ошиёндур бу.

Қадалган новакингни чекма кўксум заҳмидин ўлмай,
Нединким нотавон жисмим аро руҳи равондур бу.

Ҳужми хат ғуборин лаълидин сўрдум, кулиб айди
Бадахшон мулкига келган хитойи корвондур бу.

Дедим зулфунг на юздин оразингда печутоб айлар,
Деди ўт шуъласида изтироб этган илондур бу.

Ғамингда бу сариғ рухсор ила андоғ заиф ўлдум,
Гумон айлар мени кўрган киши бир пар сомондур бу.

Дегай аҳбобларға ўқугон лавҳи мазоримни,
Шаҳиди новаки бир дилбари абру камондур бу.

Агар ғам лашкаридин бўлса мақсудинг амон топмоқ,
Ҳаробат ичра манзил айлаким дорул-омондур бу.

Ғурур этма насаб пироясига, ҳосил эт маъни,
На суд андин дегайларким фалон ибни фалондур бу.

Хирад аҳли жунун кўйида аҳволимни кўрганда,
Демишлар ошиқи девонаи ҳусни фалондур бу.

Таарруз айлама эй муддаий Фазлий каломиға,
Радифи шоҳбайти хисрави соҳибқирондур бу.

* * *

Чиқти тун киш бўркини эгри қўюб қош устина,
Шамъдек ўтлар туташти шавқидин бош устина.

Гар тазаллум зоҳир этсам солма чин қош устина,
Сурма гавҳар мавжидек тиғи ғазаб бош устина.

Икки золим қошларинг бош эндуруб қатлим учун,
Рўбарў ўлтурдилар бир ерга кенгош устина.

Баски гулгун тўн кийиб рахш узра жавлон айладинг,
Қон ўлуб чиқти жигар парголаси ёш устина.

Кўзни ҳуснунг хонидин ўз ёши қилди бенасиб,
Бўлса бетолиъ ятим бурни қонар ош устина.

Нотавон кўнглумда ғамлардур санамлар жавридин.
Қўйдилар юз тоғни бир дона хашхош устина.

Тира дилларга жамолинг тобидин юз хиралиқ,
Жавр ўлур хуршед партав солса хуффош устина.

Ер қаттиғ кўнгли ашкимдин мулойим бўлмади,
Суд қилмас ҳар неча ёмғур ёғар тош устина.

Шаҳсувориким эрур кўк тоқидин курси анга,
Саҳл ҳимматдур агар ўлтурса Кўктош устина.

Шоҳлардур хирмани эҳсонидин уммидвор,
Оре ҳар ерда гадолар ғавр этар жош устина.

То абад бўлғай мухаллад давлати Султон Умар,
Соя солди раъфати Фазлийи қаллош устина.

 
Мужрим Обид (XVIII - XIX асрлар) PDF Босма E-mail
20.03.2014 17:48

Мужрим Обид — (тахаллуси; асл исми-шарифи Миракхўжа ўғли, 18-асрнинг 2-ярми — ҳозирги Бухоро вилояти Вобкент тумани Кумушкент қишлоғи — 19-асрнинг 1-чораги) — зуллисонайн шоир. Ўз даври Бухоро адабий муҳитининг забардаст вакили. Таржимаи ҳолига оид маълумотлар етарли эмас. Баъзи манбаларда шоирнинг исми Обидхўжа, отасининг исми Миракхўжа эканлиги қайд қилинган. Мирараб мадрасасида таҳсил кўрган. Дастлаб Мужрим тахаллуси билан шеърлар ёзган. 19-асрнинг бошларида Амир Ҳайдар унга Обид тахаллусини берган. Лекин у Мужрим тахаллусидан ҳам воз кечмай, ҳар иккала тахаллус билан ижод этган. У Амир Хайдар саройида мубоширлик вазифасида ишлаган. 80 йилча умр кўрган шоир ҳаётининг сўнгги йилларида қашшоқликда яшаган. Шеърларида бевафо дунёдан, адолатсиз замондан, оқибатсиз одамлардан нолиш — шикоят оҳанглари акс этган.
Туркий ижодида Навоий ва Машраб, форсий шеърларида Бедилга издошлик қилган. Унинг туркий девонида 459, форсий девонида 206 ғазал бор. Девонларида, шунингдек, мухаммаслари, қитъалари, рубоийлари, «Ҳасби ҳол» маснавийси мавжуд. Асарлари тўлиқ ҳолда нашр этилмаган. Ғазалларидан намуналар ҳамда қитъа ва рубоийлари босилиб чиққан. Форсий девони мукаммал эмас.
Мужрим Обид анъанавий услубда гўзал ишқий ғазаллар яратган. Уларда сўфиёна руҳ кучли. Оғир ҳаёт йўлини босиб ўтган шоирнинг аксар шеърларида шикоят, ҳасрат оҳанги устун. Форсий-арабий сўзлар кўп учраши жиҳатдан шеърларининг тили мураккаб, лекин услуби содда, ифода тарзи равон. Шарқ адабиётини чуқур билиши, етук истеъдод соҳиби эканлиги шеърларидан сезилиб туради. Шеърлари оҳорли ва гўзал ташбеҳу тимсоллар, теран фалсафий умумлашмалар, кескин ижтимоий фикрларга бой. Қитъа ва рубоийларида шоирнинг ахлоқий қарашлари, панд-насиҳатлари акс этган. Умуман, дунёнинг номукаммаллиги, жамият қусурлари, одамлар феълидаги иллатларни танқид қилиш шоир шеъриятининг асосини ташкил этади.
Мужрим Обиднинг туркий ва форсийда битилган девонларининг қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида сақланади (инв. №976, 1797, 3798, 991).
Эргаш Очилов

БАЙТЛАР

Ғами дунёга чирмашғон сари ҳолинг забун бўлгай.

* * *

Ҳарифи сода табълар кўп балога мубтало.

* * *

Душманни ўзингга маҳрами жон қилма,
Ўз жонингга мунча жабру нуқсон қилма.
Эл машварати бирла ҳар иш топар салоҳ,
Иш қилма ўз олдингча, пушаймон қилма.

* * *

Умр ёшдин ўтар, ҳавас дилдин,
Аёғинг ҳеч узилмагай гилдин.
Кору боринг эрур пушаймонлиғ,
Бори суду зиён паришонлиғ.

* * *

Не тараф азм айласам олдимда истиқбол ғам,
Боқмай утсам ҳам келур соя каби дунбол, ғам.

* * *

Сучук тил бирла, эй Обид, бу ғамли дилни шод этгил,
Ки жон тандин вижод этгунча бу ширин забон яхши.

* * *

Бу масалдур, Обидо, халқ ичраким, қайси ятим,
Оғзи тегди ошқаю, бурнидин қачон қон келмади.

* * *

Кўрдики кимда бордур давлат анга дучордур,
Нафъи етғай хаёлиға ўзни ошно қилур.
Бировни ғам била, қайғу била адо айлар,
Бировни ишрати оламға пойдор қилур.
Бировни дийдаи биносидин жудо айлаб,
Тамоми умрин асокашга интизор қилур.
Бировга симу зар беҳисоб рўзи этар,
Бировни бир пул учун йўл юзида зор қилур.

* * *

Чекиб миннат ададсиз, руйи роҳат курмадим ҳаргиз,
Азалдан, эй биродарлар, жафокашга вафо бўлмас.

* * *

Ҳеч биродардан манга келган эмас буйи вафо,
Аҳли оламда манингдек пуржафоэ бормикин?
Меҳр излаб қаҳр кўрган, шарбат излаб заҳр нуш,
Руйи роҳат курмаган меҳнатадоэ бормикин?

 
Киромий (XVIII-XIX аср) PDF Босма E-mail
20.03.2014 17:49

Сайид Музаффар Хўжа Киромийнинг биографияси ва ижоди ҳали тўла ўрганилган эмас. Хоразм шоирларидан Нишотий ўзининг «Ҳусну дил» номли достонининг 10-бобида бу асарни ёзишда Киромийдан илҳомланганини айтиб ўтади. «Ҳусну дил» 1778 йилда ёзилган. Хоразмда 1791 йилда тузилган бир баёзга Киромийнинг иккита мухаммаси киритилган. Демак бу вақтларда Киромий отоқли шоир бўлган.
Киромий ўз даврининг маданий савияси юксак ва талантли шоирларидан эди.
Нишотийдан бошқа Мунис ҳам ўзининг машҳур шеърларидан бирида Низомий, Жомий, Навоий каби устодлари қаторида Киромийни ҳам ҳурмат билан эслайди. Шубҳасиз, Киромий ўтмишдаги форс ва ўзбек адабиётини чуқур билган. У ўз ижодида Навоий изидан борган, Навоий ижодининг Хоразм меҳнаткашлари, олим, шоирлари орасида тарқалишида катта хизмат кўргазган, Нишотий Равнақ, Роқим, Мунис каби талантли шоирлар ижодига йўл очиб берган.
Биз бу ерда Киромийнинг Навоий ғазалларига боғлаган бирмунча мухаммасларини келтирамиз. Бу шеърлар Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти фондидаги 7054 рақамли қўлёзма баёздан олинди.

МУХАММАСЛАР

Олиб аввал назарда ақлу ҳушимни тамом айлаб,
Не ҳосил қилдинг, эй бедард, зулму кин мудом айлаб,
Мени ранжур олур сиҳҳат лабингдин шод ком айлаб,
Ўлукни тиргузур лаълинг масиҳосо калом айлаб,
Такаллум чошнисин шарбати юҳйил-изом айлаб.

Санойиъдин бири келмай вужуда, эй малак симо,
Адам кунжида эрди бору йўқ дунё ва мофиҳо,
Қилурда сурати покингни устоди қадар пайдо,
Азалда лаълинга сайд эткали кўнглум қушин гўё,
Қазо сайёди жонлар риштасидин ёйди дом айлаб.

Ғаройиб зеб коши ток ила кохи эрур ҳизре,
Муфарраш анда ҳар бир санглохи эрур хизре,
Қуруқ қақшал шажарлар жавфи суроҳи эрур ҳизре,
Чаманда тозаликдин ҳар қуруқ шохи эрур хизре.
Магарким ўтмиш андин оби ҳайвоним хиром айлаб.

Раводур нуқтаи мавҳум демак оғзинг эъломин,
Очилмайдур неча наззора қилсам кулгу ҳангомин,
Қолур ҳайратға кўрса улки аллома қўюб номин,
Агар ҳарф ўлса мудғам ваҳки холинг нуқта идғомин,
Аён қилди кўзумнинг мардуми ичра мақом айлаб.

Хароб ўлмакдин ўзга чора йўқдурким келиб қаршу,
Жафо новаклариға айладинг жону дилим қобу,
Недин тушди қаро кун бошинга деб сўрма, эй маҳрў,
Не бўлғай рўзгорим тийра бўлмайким, очиб гесу,
Қаро шомимни муҳлик айладинг, субҳимни шом айлаб.

Агар уқбода роҳат истасанг нафсингга бўлғил зид,
Саҳарлар йиғлабон элдин ниҳон бўл тангриға обид,
Амалнинг яхшиси улдур риёга бўлмағай оид,
Чу ҳақ даргоҳидин мардуд этар найларсан, эй зоҳид,
Қабули халқ учун ортуқи тоат илтизом айлаб.

Жаҳолат тойирин афғон чекиб ҳуркутди фақр аҳли,
Кўнгулни хонумондин оҳ уруб совутди фақр аҳли,
Назар қил, матлабига етгуча қон ютди фақр аҳли,
Ёшингни дона, бағрингни сув қилким тутди фақр аҳли,
Ҳидоят қушларин бу донау сув бирла ром айлаб.

Ҳабодур ортмас рўзи киши ҳар неча саъй этсун,
Не ҳосил меҳнат ила жамъ қилмоқ сим ила олтун,
Киромий, қил қаноат не муқаддар бўлса чекмай ун,
Навоий, кунда чун бир қурси мақсум ортмас нечун,
Фалакдек бўлма танг саргашта тун, кун эҳтимом айлаб.

* * *

Мони чекарга суратинг нақшини кўп қилди жадал
Бўлмайин сирри мусбати тасвириға тушди халал,
Ваҳ не ажаб маснуъсен, йўқтур назиринг, эй гўзал,
Гўё лабу хатингни тарҳ этканда наққоши азал,
Шингарфу зангор ўрниға лаълу зумуррад қилди ҳал.

Будур ул ойнинг одати, солур бошимға кулфати,
Ўтмай замони фурсати, текгуси жонға шиддати,
Ақлимни олиб фикрати, кўнглумга еткай роҳати,
Фош этти гоҳе рифқати, кўз қони томғон ҳайъати,
Ким кўз қаросин фурқати, қон бирла айлабдур бадал.

Эй дилбари гулгун қабо, васлингдин ўзга муддао
Йўқтур манга субҳу масо, қилди рақиб юз минғ жафо,
Мен зорни сендин жудо, ҳижрон ўти жоним аро,
Доғи фироқ, эй дилрабо, андоқ кўзум қилди қаро,
Ким кўз қаросидек манга, матлуб эрур доғи ажал.

Сархуш майи рангин ила, сар то қадам тазйин ила,
От секритиб ойин ила, чиқдинг қошингда чин ила,
Роҳинғда мен таҳсин ила, қилдим дуо омин ила,
Сен фурқат истаб кин ила, мен ер ўпуб тамкин ила,
Қатл аҳлиға таскин ила, қилмоқ намоз эрур ҳиял.

Фурқат шарори ногаҳон, ёқти таним бермай амон.
Қилдим басе оҳу фиғон, мамлу унимдин осмон,
Дардим нучук айлай ниҳон, элдин мени беҳонумон,
Ҳажринг ўтидин ҳар замон, андоғ куяр озурда жон,
Ким соғинур боғи жинон, дўзахга кирса филмасал.

Пандим эшит, эй нозанин, не гул қолур, не ёсмин,
Айлаб ажал бир кун камин, тортар бошингға тиғи кин,
Не важҳ ила бўлмай ҳазин, охир кетар ҳар моу тин,
Юз йилға умр ўлсун қарин, бир дам кўрар аҳли яқин,
Бас недур эй хилватнишин мунча санга тули амал.

Гулзор аро ул нўшлаб, базм айламакка рўзу шаб,
Айёми гул бўлди сабаб, ҳамроҳ неча олий насаб,
Ваҳм айлама, чекма тааб, ишрат, Киромий, қил талаб,
Вуслат замони бўлажак, соқи қадаҳ тут лаб-балаб,
Мутриб, тузат савти тараб, ўткар, Навоий, бир ғазал..

* * *

Тузуб асбоби шоҳи беадад аҳли хидам чекти,
Жаҳони тира узра нурдин хони карам чекти,
Кеча ҳиндусини дафъ эткали тиғи дудам чекти,
Саҳар ховар шаҳи чарх узраким хайли ҳашам чекти.
Шиоий хат била кўҳсор уза олтун алам чекти.

Таолалло ёйиб офоқ аро хуршед ёғдусин,
Мусаффо айлади кўкнинг муқарнас тоқи минусин,
Бериб зийнат супурди ер юзидин тун қоронғусин,
Қазо фарроши чекти субҳнинг симин супургисин,
Музаҳҳаб парларин андоқки товуси ҳарам чекти.

Ясаб устоди қудрат бесутун бу чарх таъмирин,
Кавокибдин ул айвон ичра қоқти қубба тасвирин,
Не тил бирла қилай мингдин бири тавсифи таъбирин,
Китоба сунъ килки сураи вашшамс тафсирин,
Фалак тоқи ҳавошисида зарҳалдин рақам чекти.

Сабуҳи май чекарга риндлар гулшанда ўлтурди,
Муножот аҳли масжид ичра ёраб ҳалқасин қурди,
Алоло солди куффор аҳлию ноқус чолдурди,
Муаззин Каъба тоқи узра гулбонги самад урди,
Бараҳман дайр айвонида оҳанги санам чекти.

Қилиб бошдин қадам ушшоқлар азми висол этти,
Кўруб ўтрусида маъшуқлар арзи жамол этти,
Ўқуб мубҳам иборатларни шоирлар хаёл этти,
Маоний аҳли гоҳе нуқта узра қилу қол этти,
Муғанний хайли гоҳе нағма узра зеру бам чекти.

Шаби ҳижронда минг ғам юз қўюб бир-биридин собиқ,
Тонг отғунча фиғон тортиб, ситамдин ошиқи содиқ,
Нигори лаъли ёдидин кўруб жон бермагин лойиқ,
Яқо чок этти гоҳи субҳ ул мотамға ким ошиқ,
Бу муҳлик шоми ҳижрон ичра юз хуноби ғам чекти.

Шафақдин тўн кийиб илгига олиб дамбадам тиғин,
Чекибдур қаҳр ила қатл этгали чархи дажам тиғин,
Урар ҳар бегуноҳ кўксига раҳм этмай алам тиғин,
Замона кулди, ул ғофилға ким даврон ситам тиғин,
Анга урмоқни англаб, ўзгага тиғи ситам чекти.

Адам мулкига рахтинг чек, бақосиз умрни англаб,
Кўнгул уз қасру жоҳингдин биносиз умрни англаб,
Кечурмас даҳр бир соат жафосиз умрни англаб,
Хушо улким мунингдек чоғ вафосиз умрни англаб,
Сабуҳи жомини аҳбоб бирла дамбадам чекти.

Қаю ошиқ топарға матлабин пур иштиёқ ўлса,
Суруру айшу роҳат кўнгли мулкидин йироқ ўлса,
Фиғони боиси бир моҳталъат симсоқ ўлса,
Агар кўнглида бир гул ҳажридин хори фироқ ўлса,
Баҳона йиғламоқға бир неча жоми алам чекти.

Не хуш бўлғай фалак они вафо бирла тузуб улфат,
Дегай ноҳида рост ушшоқ қил туз чанг ила суҳбат,
Гадое кулбасиға келса шоҳи чун очиб талъат,
Агар худ васл иқболи муяссар бўлса бир соат,
Фаридун тахти узра базм тузди, жоми жам чекти.

Юрутса жоми жамни ноз ила ул қошлари пайваст,
Асири кўнглудин ҳажр оташин бир соғар эткай паст,
Мунингдек давлат иқболи кишига берган эрмас даст,
Бўлуб матлуб рухсориға маҳв жомидин сармаст,
Юзин туфроқға қўйди, бошини оллиға ҳам чекти.

Анингдек базмни ҳақ асрасун бегона кўздинким,
Сабуҳи май ичиб, бурқа олиб фархунда юздин ким,
Кўруб они тани титраб, тили ҳам қолди сўздин ким,
Не давлатдурки бу ҳолатда андоқ борди ўздин ким,
Бақо иқлимидин тахтини то мулки адам чекти.

Киромий, бандасиға раҳмати довар насиб ўлғай,
Шафоатхоҳи маҳшар арсасида ул ҳабиб ўлғай,
Талаб йўлидоғи бекасча не сабру шикиб ўлғай,
Навоий, шояд ул раҳравға бу мақсад насиб ўлғай,
Ким ул дашти фано қатъ этгали йиллар қадам чекти.

 
Мирзо Улуғбек даврида Ўзбек адабиёти PDF Босма E-mail
18.09.2010 10:27

Мирзо Улуғбек даврида Самарқанд ва бутун Мовароуннаҳрда табиий фанлар баробарида бадиий адабиёт ҳам юксак даражада тараққий этган. Манбаларда Улуғбекнинг адиблар ҳамда бадиий адабиётга муносабати ҳақида муҳим маълумотлар мавжуд. Алишер Навоийнинг "Мажолис ун-нафоис", Фахрий Ҳеравийнинг "Равзат ус-салотин" ва Абу Тоҳирхожанинг "Самария" асарларида Улуғбек кўпроқ астрономия илми билан шуғулланса-да, гоҳида назмга майл қилгани таъкидланиб, унинг қаламига мансуб қуйидаги форсий байт келтирилади:

Батафсил ...
 


60 дан 63 сахифа