Гулханий (XVIII - XIX асрлар) PDF Босма E-mail
20.03.2014 17:58

Гулханий (тахаллуси; асл исми Муҳаммад Шариф) (тахминан 18-асрнинг охири — Қўқон — 19-асрнинг 20-йиллари) — ўзбек мумтоз шоири, масалнавис. Ҳаёти ва ижоди ҳақида «Мажмуаи шоирон» (Фазлий Намангоний), «Туҳфат ул-аҳбоб» (Қори Раҳматуллоҳ Возеҳ), «Сабот ул-башар ва тарихи муҳожирон» (Дилшод Отин) каби асарларда айрим маълумотлар келтирилган.
Фазлий Гулханийнинг «Кўҳистон мулкидан» эканлигини таъкидласа, Возеҳ уни наманганлик, дейди. Гулханий Наманган ва Қўқонда яшаган, оз вақт ҳаммомда ўт ёқувчи — гўлах вазифасида ишлаган (тахаллуси шундан). Қўқон хони Амир Олимхон навкарлари сафида хизматда бўлган (1801 — 10). Мустақил мутолаа йўли билан мумтоз адабиётни ўрганган. Олимхон вафотидан (1811) сўнг тахтга ўтирган Амир Умархон (Амирий) Гулханийни сарой шоирлари даврасига жалб этган. Шоир хонни мақтаган, унинг ғазалларига назиралар битган. Умархон вафотидан сўнг ватанига қайтиб, кўпроқ оддий инсонларга манзур бўлувчи шеърлар ёза бошлади. Ўтли ҳажвлар яратди.
Гулханий ўзбек ва тожик тилларида ижод қилган. Бизгача бир неча ғазали, ҳажвиялари ҳамда «Зарбулмасал» («Япалоққуш» ҳикояси) насрий асари етиб келган. Ғазалларида лирик қаҳрамоннинг руҳий кечинмалари, баҳор, реал ҳаётий манзаралар ўз ифодасини топган («Бармоғим», «Эй тўти», «Лола кўксидек бағрим...»). «Бидеҳ» (бергил, бер менга) радифли ғазалида шоир навкарлик давридаги ҳаётини тасвирлаган. Бу ғазалга чуқурроқ назар ташланса, муаллиф катта ижтимоий масала — ўз даврининг ҳарбий тартиби, расм-русумлари ҳақида фикр юритганлигини кузатиш мумкин. Ғазалида лирик қаҳрамоннинг образи умумлашма образ даражасига кўтарилган. Гулханий ўзининг зўр истеъдоди, тажрибаси, турмушга ҳаққоний қарай билиши туфайли халқчил ижодкор сифатида кўринган. Шоирнинг бизга маълум ғазалларининг айримлари Амирий шеърларига назира тарзида яратилган бўлиб, улар оддий тақлидчилик доирасида қолмай, баркамол мустақил бадиий асар даражасига кўтарилган. Гулханийнинг шеърий ижоди, гарчанд, ҳажман катта бўлмасада, 19-аср ўзбек миллий адабиёти ривожига самарали таъсир кўрсатди.
«Зарбулмасал» нафақат ўзбек мумтоз адабиёти, балки бутун Шарқ адабиётининг ҳам нодир намунасидир. Гулханий унда халқ мақоллари (400 га яқин мақол), сажлар (қофияли наср), масал ва ривоятлардан самарали фойдаланган. Бу масал ва ривоятлар тематик жиҳатдан бир-бирига боғланиб, ягона бир сюжетни ташкил этган. Асарда Япалоққуш билан Бойўғлининг қуда-анда бўлиши саргузаштлари мажозий, ўткир ҳажвия тарзида тасвирланган. Гулханий қушларнинг ўзаро мураккаб муносабатлари асосида ўз даври ижтимоий ҳаётининг танқидий манзарасини яратган.
Гулханий ижодини М. Сале, Фитрат, Б. Каримов, Р. Муқимов, Ҳ. Ёқубов, Ф. Ишоқов каби олимлар тадқиқ этганлар.
Абдурашид Абдуғафуров


БАЙТЛАР

Айди: «Халқ ичра бу бир касбдур,
Касбни бошинга кийсанг насбдур».

* * *

Ҳар ким одати нечук бўлғай,
Беиродат зуҳр этар андин.

* * *

Агар сўз жона пайдо қилмаса сўз,
Ани сўз демагил, эй мажлисафрўз.

* * *

Сабр ила барча эшиқдур кушод,
Сабр ила эранлар топди мурод.

 
Ҳозиқ (XVIII аср – 1843) PDF Босма E-mail
20.03.2014 17:58

Ҳозиқ (тахаллуси; асл исм-шарифи Жунайдулло Исломшайх ўғли) (18-асрнинг охири, Ҳирот — 1843, Шаҳрисабз) — шоир, таржимон. 19-аср ўзбек адабиёти намояндаларидан бири. 1793— 1800 йилларда Бухорога келган ва мадрасада таҳсил кўрган, тиб илмини ўрганган, шеърлар машқ қилган. «Ҳозиқ» тахаллусини ҳам шу ерда олган. Мадрасани тугатгач, шу мадрасада имомлик қилган ва Амир Ҳайдар саройига яқинлашган. 1818 йил сарой аёнлари билан келиша олмай, Қўқонга кетган. Умархон уни яхши кутиб олган. Ҳозиқ Бухорода бошлаган «Юсуф ва Зулайҳо» достонини тугаллаб, хонга тортиқ қилган. Бу ерда ҳам хон атрофидаги сарой аҳли билан келиша олмай, 1825 йилда Бухорога қайтган, сўнг Хоразмга борган ва Мунис, Огаҳий бошчилигидаги адабий гуруҳ таъсирида бўлган. Мунис вафот этгач, Оллоқулихон (1825—42) топшириғи билан «Равзат ус-сафо» асарининг 1-жилди таржимасини ниҳоясига етказган. Сўнг яна Қўқонга қайтган. Насруллахон 1842 йил Кўқонни босиб олгач, Ҳозиқ унинг таъқибидан Шаҳрисабзга қочган ва у ерда амирнинг ёлланган одамлари томонидан ўлдирилган.
Ҳозиқ ўзбек ва форс тилларида ижод қилган. Навоий, Фузулий, Бедил, Зебуннисо шеърларига мухаммаслар боғлаган. Лирикаси мавзуи ранг-баранг, унда замон норасоликлари, жоҳил ва одил ҳукмдорлар ҳақида мулоҳазалар билдирилган, севги ва муҳаббат тараннум этилган. Шеърларида замонасидаги ҳукмдорларни адолатга ундаган.
«Юсуф ва Зулайҳо» доетонида ўзининг ижтимоий-фалсафий мулоҳазаларини, замон ва ҳукмдор ҳақидаги фикрларини баён этган. «Воқеоти исломий» ва «Авлодлар шажараси» рисолалари тарихий-биографик характерда. Маҳмуд Чағминий (11-аср)нинг тиббиётга оид араб тилида ёзган «Қонунча» асарига форс тилида «Таҳқиқ ул-қавоид» («Табобат асарларини ўрганиш», 1822) номли шарҳ ёзган.
Ҳозиқнинг ўзбекча ва форсча шеърларидан тузилган девони Россия Фанлар Академияси Шарқшунослик институти Санкт-Петербург бўлимида, «Юсуф ва Зулайҳо» нинг 7 қўлёзмаси Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида, 2 девони Хўжандда, Конибодом шаҳридан топилган куллиёти эса хўжандлик адабиётшунос Э. Шодиев қўлида, айрим шеърлари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтидаги қўлёзма баёз ва мажмуаларда сақланади.
Бегали Қосимов

ҒАЗАЛЛАР

Димоғим иллатин, бағримни доғин май илож этмаз,
Кавокиб гардишидиндур бу ғам вазъин мизож этмаз.

Дема тожи эрур шаҳнинг ғам ўди бошина чихмиш,
Бу маъни жонига ким равшан ўлса тахту тож этмаз.

Намозу рўзадин бағрин ўлан ошиқлари сўрма,
Нечукким подшоҳ вайрон ўлан ерни хирож этмаз.

Фано аҳлиға хавфи ворму шайтон бирла тангридин,
Ки ўғри муфлиси торож қилмас, шоҳ бож этмаз.

Кел, эй Ҳозиқ, бу дунёни талоқ эт, кимса эр ўлса
Эр ўлуб бу талиқа-ла бисоти издивож этмаз.

* * *

Муҳаббат меҳнатин билган кнши роҳат писанд этмас,
Ачиқ май истаган махмур табъи майли қанд этмас.

Бу шайдо кўнглими чун боғлади зуннори зулфи-ла,
Киши девонани занжир ила бу навъ банд этмас.

Асое нотавон кўнглумға берди қоматинг шавқи
Бу янглиғ нола журьат йўқса мандек дардманд этмас.

Сену кавсар зилолию, мену онинг лабин завқи
Нетай, эй зоҳид, андин ўзга еув кўнглум писанд этмас.

Кел, э, носеҳ эшнт пандим ўзинг, девона бўлмишмен,
Нечунким билмадинг девоналарга суд панд этмас.

Табассум гар лабидин кўз тутарсен, йиғлағил, Ҳозиқ,
Булут оқузмагунча ёшини гул нўшханд этмас.

* * *

Юзунг кўргач кўролмам, тоқате ашким ҳужуминда,
Нечукким тоб қилмас меҳрдин гардун нужуминда.

Хаёлинг бирла сенсиз дўш ширинком бўлмишдим,
Магарким васл тарёки эди ҳижрон самуминда.

Сенинг ҳуснинг киби зулфинг ила наззора кўрган йўқ,
На кокил шом зангинда, на ораз субҳ руминда.

Нечукким субҳидам ранги қуёшнинг панжасин ўпмиш,
Сарафроз эт, сабо, туфроғини ёрим қудуминда.

Ачиқ-сучук сўзи била ёримдин эмин бўлмоғим душвор,
Эрур нўшиға ниш андоқки бўлмиш шаҳд мўминда.

Лаби лаълинг тишинг ила сўзунгнинг обу рангидин
Сочар жавҳар тануринда, терар гавҳар нузуминда.

Эрур кўргач замон бермоқ ошиқларға ҳам вожиб,
Қон ичмак гар ҳалол ўлмиш паривашлар русуминда.

Муҳаббат шуъласидин бўлмағай юз доғи дунёнинг
Қани бир шамъ рух мунда, қани бир лолабў мунда.

Нетонг эрмиш агар Ҳозиқни килкидин шакар томса,
Чу йўқ васфи хатингдин ўзга мазмуне руқуминда.

* * *

Ваҳ надиндурким бу янглиғ анбарафшон этти ел,
Ё саҳар чоғи эсиб зулфин паришон этти ел.

Деди боғ ичра ул оғзи ғунчанинг сўзин магар
Ким уруб гул ўтиға бу ранг домон этти ел.

Ўйла зулфи ёдидин оҳим муаттарким бу навъ,
Кўрмадим деб сайр этиб юз сунбулистон этти ел.

Васлининг пайғомини келтурди лаълидин яна,
Ғунчадек кўнглумға ул сўздин бериб жон этти ел.

Терлаған ҳуснин кўруб ул сарв қошидин келур,
Йўқса нечун шабнам ашки бирла гирён этти ел.

Боғ ароки сарвинозимни гулин сўрдум гаҳе
Сунбулин топдим исин андин чу ҳар ён этти ел.

Мавж урур Ҳозиқ яна ашким ани пайгомидин,
Гўиё бу баҳрни қилмоққа тўфон этти ел.

МУХАММАС

Эйки, холинг лаълинг узрамай била тарёк эмиш.
Хай, жамолингки қуёшни чашмасидин пок эмиш,
Пайкаринг ойдин катон кўнглакда ойдинроқ эмиш,
Сарви раъно қаддидин раъно қадинг чолок эмиш,
Оташин гулдин гули рухсоринг оташнок эмиш.

Мен каби ушшоқ ичинда хастау ғамнок эмас,
Ишқ асрорин не билғай ул ки кўнгли пок эмас,
Билмаса ағёр агар ошиқни ҳолин бок эмас,
Улки айтур кўнглакинг ул ой ғамидин чок эмас,
Англамайдур не гам ул ғофилки кўксим чок эмиш.

Май ичиб гулдек қизартти чеҳраи тобонини,
Равшан этти тийра кўнглум кулбаи вайронинл,
Жон берур деманг олур ошиқларини жонини,
Бир надин усрук чиқиб тўкди улусни қонини,
Аҳли дил, қочингки ул чобук ажаб бебок эмиш.

Ёрими Узроу Шириндек демак йўқтур тилим,
Мен киму ишқ ичра Вомиқ қайсию Фарҳод ким,
Гар Навоий деса дебдур бўйла Ҳозиқ дема ким,
Тушда Мажнунни ҳазину зор кўрдим англадим,
Ким бир ой ҳажрида ул ҳам мен каби ғамнок эмиш.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Бошима солмиш не савдолар муҳаббат меҳнати,
Бош-оёғим шамъдек ёндурди ул ой фурқати,
Ўлсам осон бўлур эрди ҳажрнинг бу кулфати.
Жонға чун дермен на эркин куймағунг кайфияти,
Дерки боис бўлди жисм ичра маразнинг шиддати.

Чун маразнинг шиддати куйдурди жоним рўзу шаб,
Тоқату тобимни кундин-кунга олди тобу таб,
Ғам ўтининг ҳиддатидин дамба-дам айлаб ғазаб,
Жисмдан сўрсамки бу заъфингга не эрди сабаб,
Дер анга бўлди сабаб ўтлуғ бағирнинг ҳирқати.

Билмадимким, қайси ғам хирмандин ўт тушти менга,
Жайбдин тармашти ё домандин ўт тушти менга,
Топмадимким қайси бир гулхандин ўт тушти менга,
Чун бағирдин сўрдум, айтур тандин ўт тушти менга,
Ким бағирга шуъла солди ишқ барқи офати.

Хаста жонга чун итоб эттимки, эй ҳоли табоҳ,
Мунча жисмим куйдурурсен кеча-кундуз солу моҳ,
Деди, кўнглумдин менинг ҳам рўзгоримдур сиёҳ,
Кўнглума қилсам ғазаб айтурки, кўздиндур гуноҳ.
Кўрмайин ул тушмади бизга бу ишнинг туҳмати.

Билмадимки қайси узвим бирла қилсам можаро,
Ким менинг жонимни куйдирмиш бу янглиғ ғам аро,
Дарди ҳижрон шиддатидин ҳар нафас мен бенаво,
Кўзга чун дерменки, эй тар домани юзи қаро,
Сендин ўлмиш хаста кўнглумнинг балоу меҳнати. .

Бўлмасанг гар сен ул ой рухсориға ойинавор,
Мунча кўнглум бўлмас эрди шавқ ўтидин беқарор.
Равшан ўлдиким менинг жонимға сен урдунг шарор.
Йиғлаб айтур кўзки, йўқ эрди манга ҳам ихтиёр,
Ким кўринди ногаҳон бир шўх маҳваш талъати.

Ҳозиқ, охир кўз бу сўзни чин деди, ўлгунча куй,
Бир-бириға ҳар бири сен-сен деди, ўлгунча куй,
Ўртадин ишқ офати мен-мен деди, ўлгунча куй,
Эй Навоий, барча ўз узрин деди, ўлгунча куй,
Ким санга ишқ ўти ўқ эрмиш азалнинг қисмати.

 
Махмур (?-1844) PDF Босма E-mail
20.03.2014 17:57

Махмур (тахаллуси; асл исм-шарифи Маҳмуд Мулла Шермуҳаммад ўғли, ?—Қўқон — 1844) — ўзбек мумтоз адабиёти намояндаларидан бири. Шоир Мулла Шермуҳаммад Акмал Ҳўқандийнинг ўғли. Қўқондаги Мадрасаи Мирда таҳсил олган. Умархон қўшинида сарбозлик, сипоҳийлик қилган. Махмур ёшлигидан шеъриятга ҳавас қўйиб, Саъдий, Ҳофиз, Жомий, Навоий меросини ўрганган.
Шоирнинг шахсий ҳаёти жуда оғир кечган, бу эса унинг ижодида ҳам ёрқин из қолдириб, кўпчилик шеърларининг мазмун руҳига сезиларли таъсир кўрсатган. Махмур табиатан мунофиқлик ва риёкорликни қатъий қораловчи, ҳийланайранг ва қинғир ишларни ёқтирмайдиган, айни замонда, нозик дид ва сержаҳл, ўз қадрқимматини юқори тутувчи инсон бўлган.
Махмурнинг анъанавий девон тузганлиги номаълум. 1950 йилда Пўлатжон Қаюмов ва Асқарали Чархийлар изланишлари туфайли Қўқонда Махмурнинг ўзбек ва форсий тиллардаги шеърий мажмуаси топилган. Махмур асарларининг деярли ҳаммаси ўз мазмун ва руҳига кўра, ҳажвий ва танқидий йўналишдадир. Мумтоз шеъриятнинг ғазал, маснавий, мухаммас ва қасида турларида яратилган бу асарлар миллий адабиётда ижтимоий ҳажвиётнинг Махмур ижодида янада юксак поғонага кўтарилганини кўрсатади. Шоир ўз давридаги тузумнинг кўпдан-кўп иллатларини кескин танқид остига олган, ўша замондаги адолатсизлик, зўравонлик ва ҳуқуқсизликни фош этган. Бу танқид, кўпинча, «жафокор фалак», «бераҳм чарх» қилмишидан ўтли шикоят, аччиқ тақдирдан, бефайз ҳаётдан нола-фиғон тарзида юзага келган.
Қишлоқ аҳлининг оч-яланғоч ҳаёти, ўлкани қуршаган вайронагарчилик, харобазорларга айланган қишлокларнинг аянчли манзараси «Ҳапалак» сатирасида жонли ва таъсирчан чизилган. Унда шоир жуда катта ижтимоий мазмунни ўзига хос рамзий образларда, халқона қочириқ ва аччиқ киноялар, имо-ишоралар воситасида эсда қоларли даражада бадиий маҳорат билан ифодалай олган. Махмурнинг халқ сўзлашув тилига кўчиб, мақол-маталлар доирасидан мустаҳкам ўрин олган «Товуқи игначию ўрдагу ғози — капалак!; Бир катак, икки капа, уч олачуқ, тўрт каталак!; Халқини кўрсанг агар ўласию қоқу хароб, очликдан эгилиб қомати мисли камалак» каби мисралари Ҳапалак қишлоғининг харобага айланганини (шоирнинг онаси шу ерлик бўлган), деҳқонларнинг эса ўта қашшоқ ҳаётини ишонарли гавдалантиради. Вайрона қишлоқлар ва бечора деҳқон аҳли мавзуи Махмурнинг бошқа шеърларида ҳам шу тарзда танқидий руҳда ҳаётий таҳлил этилган.
Махмурнинг кўпгина ҳажвий шеърлари замонасидаги аниқ шахсларга қаратилган: «Исқотий», «Амаким», «Хўжа Мир Асад ҳажви», «Ҳажви Атойи порахўр», «Қози Муҳаммад Ражаб Авж сифатлари» ва б.
Махмур ижодий меросида ҳажв санъатининг мураккаб, айни замонда, маҳсулдор ва ёрқин усулларидан бири — ўз-ўзини фош этиш усулида яратилган асарлар алоҳида ўрин тутади. Шоирга замондош тарихий шахслар — юқори лавозимли амалдорлардан Ҳожи Ниёз, Ҳаким Туробий, Мулла Яъқуб Хўжандий кабиларнинг жирканч табиати ва қабиҳ амалий-ижтимоий фаолиятларини аёвсиз фош этувчи ҳажвиялар бу туркумнинг етук намуналаридир.
Шоир қолдирган адабий мерос ичида «Каримқули Меҳтарнинг сифатлари» деб номланган маснавий алоҳида ўрин тутади. Тарихан ҳаётда бўлган воқеани бадиий баён этувчи бу асарда шоир моҳир ҳажвий — ҳазил шеър устаси сифатида намоён бўлади. Каримқули Меҳтар томонидан ўзига ажратилган совға — отни таърифлаш жараёнида ҳажвий тасвирнинг гўзал лавҳаларини яратади. «Сув ҳам ичса тамоғига тиқилар, Пашша гар қўнса ёлига йиқилар» даражасида қирчанғи бўлган, «кунда етти нўхта узар, мисли қўчқор сузар, оғзида тишдин асар йўқ» от таърифида Махмур халқ оғзаки ижодининг лоф, аския турлари руҳи ва услубида қувноқ мисралар битади («Ҳам ҳаришу ҳам харобу ҳам бадном, Икки минг айб ангадур мудом…»).
Махмур — зуллисонайн шоир. Форс тили ва шеъриятини мукаммал билган. Бир қанча форсий асарлар ҳам яратган. Унинг меросида Шарқ шеъриятининг муламма ва ширу шакар турларининг намуналари мавжуд. Махмур ижодий фаолияти ўзбек мумтоз адабиётида танқидий йўналишнинг, айниқса, ҳажвиётнинг тараққиётида навбатдаги юқори босқич бўлди.
Махмурнинг ҳажвий шеърлар девони сақланган, унда 69 асар (3417 мисра) жамланган, лирик асарлари эса баёзларда учрайди. Махмур адабий мероси кейинги даврлар қалам аҳли, хусусан, ҳажвгўйлар ижодига жиддий таъсир кўрсатган. Муқимийнинг Ҳапалак қишлоғи ҳақидаги ҳажвияга тахмис боғлаганлиги, Махмур юмористик таҳлил этган қирчанғи от мавзуида 19-аср охирлари ва 20-аср бошларида кўплаб ҳажвий намуналарнинг пайдо бўлиши хулоса учун ишончли далилдир.
Абдурашид Абдуғафуров.

ШЕЪРЛАР

МУНОЖОТ ВА ДАРГОҲИ ҚОЗИЮЛ-ҲОЖОТ
(Ҳожатларни чиқарувчи қози даргоҳига муножот)

Амру наҳйинг роҳи ботил узра эрмиш ёдимиз,
Кечау кундуз сифотингдур бизи авродимиз,
Сендин, эй халлоқ йўқдур нолау фарёдимиз,
Лек чархи кажравишни дастидиндур додимиз,
Сенки лутф айлаб анинг дастури даврон айладинг.

Хор қилдинг оқибат ҳар кимки эрди аржуманд,
Паст этдинг соядек, нахлеки бўлди сарбаланд,
Барча феълинг носутуда, жумла васфинг нописанд,
Юсуфи Мисрини айлаб чоҳи зиндон ичра банд,
Пири канъон манзилини байтул-аҳзон айладинг.

Қайси бир зулминг этай теъдод, эй гардуни дун,
Ким сенинг бедоду жавринг ҳадду ғоятдин бурун,
Беҳунар жоҳилга бердинг беадад дунёйи дун,
Жамъи доноларни қилдинг ҳолини зеру забун,
Зоғни аъло қилиб, тўтини нодон айладинг.

Сийналар маъмурасини селдек қилдинг хароб,
Аҳли дил бағрини ҳасрат ўтида этдинг кабоб.
Феълу атворинг мукаддар, гуфту гўйинг носавоб,
Лутфинг эрмас беғараз, инъоминг эрмас беҳисоб,
Тифлдек бўлдунг пушаймон кимга эҳсон айладинг.

То қалам чекти қазо лавҳи вужуди кун факон,
Келмади бир ростлиқ нақлингда, эй каж достон,
Мумтаҳандурсан ёмонлиғда на ҳожат имтиҳон,
Нахли идборинг уза мурғеки қўйди ошён,
Тухми анжум гардишидин сангборон айладинг.

ДАР СИФАТИ ҚИШЛОҚИ ХАПАЛАК КИ БА МАХДУМ МАХМУР
ТААЛЛУҚ ЁФТА

(Махмур махдум алоқадор бўлган Хапалак қишлоғининг сифатида)

Эй жаҳондори зафар, кавкабаи даври фалак,
Гўш қил қиссаи қишлоқи хароби Хапалак.

Турфа қишлоқи ғазаб карда ки паррандалари,
Товуқи игначи-ю, ўрдагу ғози капалак.

Вору йўқ уйларини банда баён гар қилсам,
Бир катак, икки капа, уч олачуқ, тўрт каталак.

Дема уй, балки заминкандур агар кирса киши,
Ҳар тараф бетига ургайлар анинг кўршапалак.

Халқини кўрсанг агар ўласию, қоқу хароб,
Очликдин эгилиб қомати мисли камалак.

Ажириғ томирини ўғурида майда туюб,
Қайнатиб кунда ичар, отини дерлар сумалак.

Гар таҳорат қиса қавми сув тополмай ночор,
Бетини қум била юб (кўзи)га сургай гувалак.

Эй фалак қадру адолат шийами мулку малак.
Марҳамат чоғида раҳм айла ба ҳоли Хапалак.

Кеча гўё эшитиб шуҳрати тилло пулини,
Хапалак қўрқусидан учди мисоли капалак.

Ҳимматинг йўлида бир тепа каромат қилғил,
Капалак боз қўнуб жойига бўлгай Хапалак.

ТАЪРИФИ ВИЛОЯТИ ҚУРАМА ВА АЗ ДАВОНИ КАНДИР
ГУЗАШТАН
(Қурама вилояти ва кандир довонидан ўтишнинг таърифи)

Эй кўнгил, айлама минбаъд ҳавойи Қурама,
Бўлмагил боз гирифтори жафойи Қурама,
Маҳв қил фикр замиридаги ройи Қурама,
Ганжи бодовар агар бўлса садойи Қурама,
Борма зинҳор сўйи Ҳотами тойи Қурама.

Шарҳ айлай сифати ҳодисаи даҳри дигар,
Қиссаи булъажабу ҳодисаи шаҳри дигар,
Дашту саҳройи дигар, баҳри дигар, наҳри дигар,
Обу оши ҳама заққуму суви заҳри дигар,
Арзу афлоки дигар, даври бинойи Қурама.

Самадо, сахла дигар бора Кировчи йўлидин,
Солма ёдимга ани дашти қиёмат чўлидин,
Талхком айлама лутфинг била аччиқ қўлидин,
Шиквагар то бўмайин қуми Қарақчи чўлидин,
Бир юриб йўлида минг сўкма саройи Қурама.

Турфа шаҳрики анинг сарсари монанди самум,
Куйдирур шиддати сармоси халойиқни чу мум,
Ҳар тараф анда олиб хайли бало, фавжи ҳужум,
Суви заҳробаи ғам, чашмалари айни зақум,
Ҳосилу маҳсули офоти бақойи Қурама.

Ёзу қиш уру яланғоч нару модасидур,
Модазоди галаи хирс соғин подасидур,
Олти хуржинни олиб бўйнига озодасидур,
Сар-сари од дами субҳни шаббодасидур,
Дема тўфонки насими зурафойи Қурама.

Менки юрдим Қурама ичра босиб қору қиров,
Кўрмадим анда башар синфини ғайр аз хару гов,
Бойини чиннийи жононасидур эски ликов,
Жоми жамшедисидур бийларини куҳна сулов,
Қопи минг йилгиси мирзойи қабойи Қурама.

Мавзиэким бўса моҳияти исми Қурама,
Қурусун оти онинг, исмини мендин сўрама,
Бир кўруб бори дигар, ёнига ҳаргиз йўлама,
Йўласанг ташна бўлуб йўлида андин сулама,
Тўла қатрони жаҳаннам ҳама сойи Қурама.

Оқибат чарх налар солмади бошимга мени,
Қилди сарсон само заррада бошимга мени,
Осмон устида тош айлана бошимга мени,
Солди туз ўрнига қум, кўк уза ошимга мени,
Бу сазо бирла жазо азми ҳавойи Қурама.

Дея кўрма Қурама, хўб ани, ҳокими хўб,
Хўблар топмаса Кандир ани йўлида чўкуб,
Берса Эшонқули юз йилқини олдига суруб,
Арзимас, тоати ҳар ранжига, ҳуррам бўма кўп,
Филмасал берса агар дема ҳавойи Қурама.

Тоқи айвонки ани қуллаи кандир дерлар,
Осмон остида кўталча сифат қир дерлар,
Устини халқ қараб, остида пир-пир дерлар,
Тоқлар жумла бу Кандир олида ер дерлар,
Манзари марги муаллақ ба самойи Қурама.

Тоқи шоҳинийи кандир дема Мири ғазаби,
Бўлди бу ҳужжат илан офати дунё сабаби,
Бўлмасун нега муни марги халойиқ талаби,
Ҳасаби мири ғазаб, мири ажалдур насаби,
Модари фавжи бало ҳодиса зойи Қурама.

Кимки Кандирдин ошиб ер юзига боз келар,
Баҳудо шаҳри фанодин ба бақо соз келар,
Токи ҳифзи самади олдида мумтоз келар,
Ё магар лашкари қудсий анга ҳамроз келар,
Чунки миърожи қазодур бу қуройи Қурама.

Чархи еттинчики Кандирни фурумоясидур,
Саъди акбар фалаки минбари шаш поясидур,
Осмони қамари соясининг соясидур,
Одам ўлдурмоқ ани робитаи доясидур,
Қилма умрингни ҳабо баҳри ғинойи Қурама.

Жазм қилсанг, анга чиқмоқни жаҳондин кеча кўр,
Ўлтуруб устида аввал кафанингни бича кўр,
Йўлда қанча сув агар бўлса ани сен ича кўр,
……………………………………………
Бормау, кўрма дуюм бора қаройи Қурама.

Субҳ Кандирда насимики, ўтар ул саҳари,
Ул насими саҳарий, дема самуми сақарий,
Совуғи заҳри сақар, иссиғи дўзах шарари,
Турфа тоғеки, басе одама шоён зарари,
Қуллаи қийри қадар баҳри фазойи Қурама.

Чиллау қишда ким ул ким қиса Кандирда юруш,
Айлагай ул киши бешак жули астарни бадўш,
Олғай андин асари шиддати сармо дилу туш,
Ул замон дўзах агар бўлса қилур дар оғуш.
Мисли маҳбуби пари талъати моҳи Қурама.

Фарқи Кандирда гаҳиким мен эдим бо дили чок,
Топмайин тушгани бу ҳоли табоҳ ҳийла — ҳалок,
Келди олдимғаки, ул фахри ҳама хилқати хок,
Абду Қодир насаби асл абан анжади пок,
То Кировчи бўлиб ул роҳ намойи Қурама.

Токи бордим бу равиш ҳолки мақсадга қарин,
Юз надомат била юз фавжи ғаромат ба камин,
Тани Мажнуни алам, қомати монанди нигин,
Тушубон васли жалолатга йироқ ғамга яқин,
Шукр кўрдим басиҳат ҳукми равойи Қурама.

Лиллаҳилҳамдки Махмур саропо юрдум,
Боши Авлуқ, оёғи шаҳр ҳаёни кўрдум,
Неча кун ҳокимини олдида якто юрдум,
Борича давлати айёмни боҳам сўрдум,
Шунча бас, қилма дуюм бора ҳавойи Қурама.

АВСОФИ ҚОЗИ МУҚАММАД РАЖАБ АВЖ
(Қози Муҳаммад Ражаб Авж сифатлари)

Бу мажмуи солори воло ҳасаб,
Сазовори қози Муҳаммад Ражаб.

Эрур Андижон анга асли ватан,
Вале ҳолиё Янги Қўрғонда тан.

Қаротепанинг қозийи акбари,
Бўлуб қовму қишлоғининг раҳбари.

Абан ан жадин Андижон шаҳридин,
Эрур Янги Қўрғон макони макин.

Агар қозини изласанг қайдадур,
Қаротепа, ё Янги Қўрғондадур.

Ажаб қозийи, қоҳили, жоҳиле,
Бўлуб омилик илмига комиле.

Анинг кўксини чок қилсанг, ҳама,
Ғилу ғашини пок қилсанг ҳама

Адамдур алиф анда кўп излама,
Бу нархарни қози дебон сизлама.

Лақаб ҳофиз, Авж оти анинг,
Ҳайуло сувар шакли зоти анинг.

Магар келди Мозандорондин бу дев,
Жаҳон рангидин қўрқуб, айлар ғирев.

Насаб Ож ибни Ануғдин эрур,
Ҳасаб ғул ё асли муғдин эрур.

Чиқиб ар-ари қилди чандон узун,
Бўлур сақфи гардунға қилсанг сутун.

Кесиб бир шитолангни ҳам икки йўл,
Равон айла Жайҳуну Сайҳунга пул.

Терибдурким офоқдин паттани,
Йиғиб кўчадин лакпуриш латтани.

Қийим паттани жамъу пайванд этиб,
Ани устидин латтани банд этиб.

Қилиб тул дасторини юз қулоч,
Вале эскиликдин эди минг умоч.

Даме гар бузулса бу дастори зор,
Тузатмоққа солгай анга мардикор.

Буриб жумла дарвозани салласи,
Эшикларни вайрон қилар калласи.

Жаҳон ичра бу қозийи девранг,
Эрур мазҳабу миллатн ревуранг.

Тузар ўзини гоҳи зуҳҳоддек,
Қилар шаклини мисли уббоддек,

Гаҳи марди муллойи олим ўзи,
Гаҳи боби раддул-мазолим ўзи.

Гаҳи пешвойи сияҳномалар,
Гаҳи дохили базму ҳангомалар.

Юрар гоҳи дар сурати шайху шоб,
Гаҳи зуфунун шакли закки жаноб,

Гаҳи толиби базлау ҳарзагўй,
Гаҳи нозими назми берангу бўй,

ҒАЗАЛИ КОЗИ МУХАММАД РАЖАБ АВЖ ДАР БОРАИ ХУД
(Қози Муҳаммад Ражаб Авжнинг ўзи тўғрисидаги ғазали)

Келгил, эй аҳбоб, аввал тарзи рафторимни кўр,
Баъд даври гумбази дастор давворимни кўр.

Кимки дасторимни кўрса ўрни[дин] қўрқуб (турар),
Бетаҳорат айлаган оламни мурдоримни кўр.

Гоҳким бошимга саллам ўлмаса, ул дам қараб,
Расму роҳи, тўҳмату шалтоқ кирдоримни кўр.

Қозиликда жамъ килган пулни савдо айласам.
Асфаласофил деган даврида бозоримни кўр.

То адамдин азмя дунё айладим юз вой ким,
Қўймадим оламда бир кун нафси қаҳҳоримни кўр.

Бошланур боши сабоҳи уйқудин то ним шом
Олти эшик, етти тешик, нону нондоримни кўр.

Бир магармажманки юз минг аждаҳо гар учраса,
Айларам бир луқма деви жуи ашроримни кўр.

Гарчи мен қилдим тахаллус Авж ёлғондур ҳама,
Халқнинг остида қолган бахти жабборимни кўр.

АВСОФИ ҲОЖИ НИЁЗ
(Ҳожи Ниёз сифатлари)

Учинчи эрур ҳожийи [бад бурут],
Бўлур етти бошлиқ юҳо, икки пут.

Тутар ўзини ҳожийи Макка ҳам,
Борибман дегай Маккага якка ҳам.

Нишонида йўқ зарраи файзи ҳаж,
Ани ҳожи десанг эрур бул хараж.

Гумонимга ҳаж қилмаган бўлса ул,
Тариқи ҳарам билмаган бўлса ул.

Қиган бўлса мақбули ҳақ бўлмаган,
Дуоси ижобат қарин бўлмаган.

Магар йўлда ул жиннийи рў сиёҳ,
Сотиб ҳажни харж айлаган ул бароҳ.

Зи бас лода, маъжунийи бадкайфдур,
Анга яхши мадҳу сано ҳайфдир.

Олиб неча пулни пайи нафси рев,
Зиҳи макру найрангу афсуни дев.

Кўрунг меваи ризқ нсботлни,
Билинг доми тазвири авқотини.

Гаҳи ҳожийи фавжи фарзоналар,
Гаҳи жиннийи жамъи девоналар,

Гаҳи миришаб, гаҳ сипоҳи булур,
Гаҳи осилар рўсиёҳи будур.

Гаҳи дохили садри аҳли сулук,
Гаҳи қобили базми тожул-мулук.

Гаҳи амри айёру, гаҳ доғули,
Гаҳи навбаҳори, гаҳи омули.

Гаҳи соҳиби ганжи асрор ҳам,
Гаҳи толиби шеъру ашъор ҳам.

Йиғиб неча кун хотири каъбидин,
Туғуб бу ғазал мочаи табъидин.

ҒАЗАЛИ ҲОЖИ НИЁЗ
(Ҳржи Ниёзнинг ғазали)

Даври фалакда, дўстлар, сарсари танги роҳ ўзим,
Гирди жаҳонни чарх уруб, сайқали меҳру моҳ ўзим.

Баски пиёда йўл юруб, яхши-ёмонни кўп кўруб,
Маккада неча йил юруб фазлахўри илоҳ ўзим.

Ўзими сода ҳам десам, жиннийи лода ҳам десам,
(Кетима) хода ҳам есам ҳожийи қиблагоҳ ўзим.

Даври жаҳонда қолмади мен қилмаган гуноҳи бад,
Хоси замона аҳлида осийи рўсиёҳ ўзим.

Ҳожийи (бадбурут) десанг, бўзахўри ўғут десанг,
Олтию тўрт ғўрт десанг, рост ўзим, гувоҳ ўзим.

Поча талош каллалар зиллакаши маҳаллалар,
Ўғрийи эски саллалар шом ўзим, пагоҳ ўзим.

Ҳажни сотай йўлда деб, ўлмайин йўлда-чўлда деб,
Менга киройи қўлда деб, муътарифи гуноҳ ўзим.

Журм десанг қабат-қабат, фисқ десанг сабат-сабат,
Наҳс десанг намат-намат, сўфийи хонақоҳ ўзим.

Шукрки мунча ҳол илан, хотири пур малол илан,
Нафси саки вубол илан, тозайи шайҳу шоҳ ўзим.

Барча вужудим (бесубут), жисмими бори етти пут,
Абу жадим сағу сафут, бе шаку иштибоҳ ўзим.

Менки тамаъга бандаман, халқи жаҳонда гандаман,
Нарса тиларга рандаман, хоҳ ўзим, нохоҳ ўзим.

Субҳидами силаб юруб, ҳимматим олти [ман] қурут,
Устига етти тўрба тут, луқмахўри пагоҳ ўзим,

Шоҳи жаҳонпаноҳга, довари додхоҳга,
Хони зафарсипоҳга чокари хайрхоҳ ўзим.

Гоҳи Хўқанда миришаб, гоҳи ҳарамда ҳақталаб,
Гоҳ кулухи мустаҳаб бўлъажаби гиёҳ ўзим.

Хатми ғазални айлаган^ белни хатога бойлаган,
Оши каварни пойлаган ҳофизи садргоҳ ўзим.

[Бесубути] ягонаман, тантанаи замонаман,
Жиннийи жовидонаман, масхара дастгоҳ ўзим.

ДАР СИФАГИ ҲАКИМ ТУРОБИЙИ ҲАЗОР ХАЛТА БУДИР

Биҳамдиллаҳ табиби шаҳру Буқроти халойиқман,
Ажалдин ҳам бани одамни ўлдурмоққа фойиқман,

Табиби шаҳр номи ойда бир бемор ўлдурса,
Вале мен кунда юз бемор ўлдурмоққа ҳозиқман.

Мени бадбахт то зарбул-масал бўлдум табибликда,
Жаҳон ворича акнун кўп ҳақоратларга лойиқман.

Ҳакими шаҳр деб, олдимга ҳар ким келди ўлдурдим,
Тариқи ростим шулдурки, жаллоди кдлойиқман.

Эрур кўп ноҳақ (ишлар) гарданимга тавқи лаънат ким,
Жаҳаннам садрига бу журм илан сардори собиқман.

Адамдин то келибман даври оламда хисолим шул,
Мусулмонларга ҳосидман, мунофиққа мувофиқман.

ДАР СИФАТИ ҲАКИМ ТУРОБИЙИ ҲАЗОР ХАЛТА
(Ҳаким Туробий ҳазор халта сифатида)

Бешинчи табиби Туробий эрур,
Саломига лаънат жавоби эрур,

Ажаб бир ҳакими шақоват сиришт,
Мақомига дўзах эрур сарнавишт.

Кезар дашту саҳро касал истабон,
Ажал орқасидин юрар қистабон,

Жаҳон ичра ул жоҳили нобакор,
Ажал илгин олганга келди дучор,

Ёзиб олдига икки минг халтани,
Йиғиб эски юз лак тугун латтани.

Терибдур дўконига тўқсон тувақ,
Солиб ҳар тувак ичра ўн уч сумак,

Кимиким тувакдин талаб қилса нўш
Берур нўш дору дебон маргимуш.

Эрур ранги қиш чнлласидин совуқ,
Ҳақоратга бопу сўкарга ёвуқ.

Анга бори зиллат тўшатсанг савоб,
Юзига таҳорат ушатсанг савоб.

Курарман они гоҳ дўконида,
Туруб икки шайтон ани ёнида,

Келар олдига кимки дору сўраб,
Ба аҳволи ранжури дарду тааб.

Берар заҳрни нўш дору дебон,
Ани ўлдуруб беажал шул замон.

Жаҳон ичра бул аблаҳи пур фусус,
Қилур ўзини сонийи Жолинус.

Юрар гоҳ ҳикмат усулида ул,
Гаҳи муддаи шеър йўлида ул.

Тариқи ҳазоқат билан ул жаҳул,
Топиб бу ғазални зи роҳи усул.

 
Қизил ипак шарф. Морис Леблан PDF Босма E-mail
23.08.2013 04:17

Одатдагидек уйидан барвақт чиқиб суд биноси томон йўл оларкан, Перголез кўчаси бўйлаб ўзидан олдинроқда кетаётган кишининг қуюшқондан ташқари хатти-ҳаракатлари инспектор Ганимарнинг эътиборини тортди. Бу йўловчининг эгнидаги кийимлари жуда ночор, декабрь ойи бошланганига қарамасдан похол шляпани бошига бостириб кийиб олган. Ўттиз ёки қирқ метр юргач тўхтар, шимини тўғрилар, ботинкасининг ипини боғлар ё бўлмаса эгилиб ердан ниманидир оларди. Ва ҳар сафар бир бўлак апельсин пўчоғини яширинча йўлак четига қўярди. Балки бу ғалати одамнинг ўйлаб топган ўйини ёки болаларга хос эрмак бўлиб, ҳеч кимни қизиқтирмаслиги мумкин. Лекин Ганимар шунақа кузатувчан, зийрак, ҳамма нарсага эътибор берадиган, токи мантиқий жавоб топмагунча тинчимайдиган кишилар жумласидан. Шу боис Ганимар бу ажабтовур одамнинг изидан тушди. Нотаниш йўловчи Granе Armее кўчасига бурилгач, йўлнинг нариги четидан бораётган болага сирли бир ишора қилганини пайқаб қолди инспектор. Йўловчи тўхтади ва шимининг пойчасини тўғрилади. Шу жойга бир бўлак апельсин пўчоғи билан белги қўйди. Худди шу лаҳзада йўлнинг нариги четидаги бола ўзи яқинлашган уй деворига бўр билан хоч расмини чизди ва уни айлана ичига олди. Улар шу тариқа йўлда давом этишди. Бир дақиқадан кейин яна тўхташди. Похол шляпа эгаси ердан игна тўғноғич топиб олди ва бу жойга ҳам бир бўлак пўчоқни яшириб қўйди, бола эса ўша ердаги уй деворига хоч чизиб, уни доира ичига олди.
"Юпитер ҳақига қасам ичаман!– ўйлади инспектор ва унинг юзида шайтоний бир кулгу зуҳур этди.– Бу жуда қизиқ ва кўп нарса ваъда қилувчи ҳолат... Бу иккови нима қилмоқчи ўзи?"
Ғаройиб жуфтлик Фридланд ва Форбург – Сент-Оноре кўчаларидан ўтишди, лекин диққатга молик бир ҳолат рўй бермади. Вақти-вақти билан улар қўшалоқ белги қўйишар ва буни гўё беихтиёр бир ҳаракат билан бажарардилар. Шунга қарамай шляпали одам уй деворига хоч белгиси чизилганига ишонч ҳосил қилмагунча апельсин пўчоғи билан белги қолдирмасди. Бундан кўринадики: ғаройиб йўловчилар ўртасида қандайдир келишув бор, инспектор бунга қизиқиб қолди.
Бове майдончасида шляпали эркак ўйланганча бироз тўхтаб турди. Кейин хаёлида қандайдир айёрликни ўйлаб, шимининг пойчаларини икки марта кўтариб туширди. Шундан сўнг бола ички ишлар бошқармасини қўриқлаб турган соқчи рўпарасига ўтирди-да, иккита кичкина хоч шаклини чизди. Елисей саройига яқинлашганда улар ўша ҳолатни яна такрорлашди. Фақат йўлак бўйлаб у ёқдан бу ёққа юриб турган соқчи олдида энди иккита эмас, учта хоч чизиб қолдирилган эди.
–Жин урсин! – ғулдиради Ганимар ҳаяжондан ранги бўзариб ва сирли найрангбозларнинг ҳаракатини кузатаркан азалий душмани Люпен унинг ёдига тушди.
–Жин урсин, булар ниманинг аломати ўзи?
Иккаласининг ҳам ёқасидан бўғиб олгиси келди. Лекин у етарлича ақлга эга бўлиб, чуқур ўйламасдан бир ишга қўл урмасди. Кейин нотаниш одам сигарет чекди, бола ҳам лабига сигарет қистириб, тутатиб олиш учун унинг олдига келди. Улар бир-икки оғиз гаплашиб олишди. Бола яшин тезлигида ниманидир унга оширди. Инспекторга бу револьвер бўлиб туюлди.
Кейин улар шошилганча Сюрен кўчаси бўйлаб кетишди. Инспектор уларнинг диққатини тортмаслик учун эҳтиёткорлик билан кузатиб бораркан, ҳалиги ғаройиб жуфтликнинг учинчи ва тўртинчи қаватларидан бошқа қаватлардаги деразалари ёғоч эшиклар билан беркитилган эски бино дарвозаси ортига ўтиб кетганларини кўриб қолди. Юқорига кўтарилиб очиқ турган эшикка кўзи тушди. Шовқинга бироз қулоқ тутиб тургач, нафасини ичига ютиб, эҳтиёткорлик билан ичкарига қадам қўяркан, стуллар билан полни уриб тақиллатаётган ҳалиги икковини кўрди. Шу лаҳза қўшни хонадан кимдир чиқиб келди. Бу 28-30 ёшлардаги кўринишидан русларга ўхшаш бакенбардли ва мўйловдор, кўзойнак тақиб олган киши эди. Эгнида смокинг.
–Хайрли тонг, Ганимар, – дўстона саломлашди у ва инспекторга сирли бўлиб туюлган одам билан болага қаради. – Раҳмат сизга дўстларим, муваффақиятли чиққан иш учун менинг табригимни қабул қилинглар. Мана сизга ваъда қилинган мукофот, – шу сўзларни айтаркан, уларнинг қўлига юз франкли битта банкнот туқазди. Ғаройиб жуфтлик пулни олиб хонадан чиқди. Уларнинг ортидан эшик ёпилди.
–Узр, ёшулли, – кечирим сўради навқирон киши,– сиз билан гаплашмоқчи эдим... –Ганимарнинг таажжубланиб турганини кўриб сўздан тўхтади у. – Сиз нима гаплигини тушунмадингизми? Мен бўлсам, сизни ўта ақлли деб ҳисоблагандим! Сиз билан учрашиш ниятида эдим... Айтинг-чи, энди нима қилсам бўлади? – Йўқ, йўқ, ёшулли, янглишасиз. Агар сизга хат ёзганимда ёки қўнғироқ қилганимда, ҳеч шубҳасиз, олдимга келмасдингиз... Лекин сизни олиб келиш учун бир полк аскар керак бўлди. Сиз билан ёлғиз учрашиш ниятида уларни жалб қилиб, апельсин пўчоғи ва деворларга чизилган хоч белгилари ёрдамида эътиборингизни тортишимга тўғри келди. Сиз ҳамон саросимадамисиз? Йўғ-е, мени танимадингизми? Мен – Люпенман... Арсен Люпен. Хотирангизни титкилаб кўринг... Наҳотки, бу ном сизга ҳеч нарсани англатмаётган бўлса?
– Ярамас малун! – деди тишланганча Ганимар.
Арсен Люпеннинг пешонаси тиришди ва деди:
–Жаҳлингиз чиқаяптими? Ҳа, мен буни кўзларингдан пайқаб турибман. Ўша Дагриваль иши туфайлида-а? Лекин бу суҳбатимизга соя солмаслиги керак эмасми? Аваллари сира бундай бўлмасди. Ишонтириб айтаманки, бундан кейин...
– Сен қабиҳ одамсан! – ғазаб сочди Ганимар.
– Мен эса қувончдаман! "Бу учрашувлар ёшулли Ганимарнинг ҳам қувончига сабаб бўлади", деб ўйлагандим. Ахир биз жуда узоқ вақт учрашмадик.
Ганимар ҳамон ўзини ўнглаб ололмаган ва саросималанганча атрофига алангларди, кейин Люпенга қаради, ўзини чимчилаб кўрди ва тушундики, тушида эмас, ўз душманини ҳушида кўриб турарди.
– Гапир, – деди у. – Вақтимни олма, бекор қолган вақтим йўқ.
– Бу жуда соз, – жавоб қилди Люпен. Гаплашиб оламиз. Суҳбат учун бу ердан тинчроқ жойни тополмаган бўлардик. Бу қадимий уй герцог Ришельега қарашли. Герцогнинг ўзи бу ерда яшамайди, рассом ва безакчи сифатида менга ташлаб кетган. Тинч жой. Мен собиқ вазир мсье Дебрейл номида юраман. Тушундингизми? Одамлар эътиборини тортишни хоҳламайман...
– Бу сафсаталарга мени ишонди деб ўйлайсизми? – унинг сўзини бўлди Ганимар.
– Жуда соз. Гапни қисқа қиламан. Сиз шошилмоқдасиз, мени кечиринг. Сизни узоқ ушлаб турмайман... Беш дақиқа ва тамом. Шундай қилиб бошладим... Сигарет чекасизми? Йўқми?
У столга ўтираркан бармоқлари билан уни черта туриб ҳикоясини бошлади:
– 17 октябрь 1599 йил. Кузнинг илиққина куни... Эшитяпсизми? Билмадим, Генрих IV ҳукмронлиги тўғрисида ва Понт-Неф қурилиши ҳақида сизга гапириб беришнинг ҳожати бормикан? Ўйлайманки, Франция тарихидан хабардор эмассиз, бу ҳикоям билан сизни чалғитаман, холос. Кеча тунда юк кемасида сузиб келаётган бир одам Понт-Неф кўприги остидан ўтаётиб чап соҳилдан нимадир сувга ташлаб юборилганини пайқаган. Ниманидир Сена дарёси тубиги ташлаб юборишган. Кема бортидаги ит ўзини сувга отиб, дарёдан қандайдир тугунни кўтариб чиққан. Ҳалиги киши тугунни олган, итни сувдан чиқарган ва тугун ичида нима борлигини аниқлаш учун каютага кирган. Топилдиқ уни қизиқтириб қолган ва у менга одам юборган. Ўша куни эрталаб мен тугундаги сирли нарсага эга бўлдим ва баъзи бир нарсаларни аниқладим. Мана улар.
У стол устидаги газета бўлакларига ишора қилди. Ўша ерда катта шиша сиёҳдон бўлиб, унга боғлаб қўйилган бир бўлак шардуз кўриниб турарди. Шиша синиқлари, ғижимланган картон, латта бўлаклари ҳам бор. Ва ниҳоят, стол устида қизил рангдаги бир парча шоҳи матоҳ.
– Кўряпсизми, бизнинг топилдиғимизни, ёшлигимнинг дўсту ҳамроҳи, – деди Люпен. – Шубҳа йўқки, ит тугунни сувдан олиб чиқаётганда нарсаларнинг бир қисми тушиб қолган, акс ҳолда бу топишмоқни осонгина ечса бўларди. Аммо ўйлайманки, масаланинг тубига етиш учун шуларнинг ўзи ҳам етарли. Фақат бунга сизнинг ақлингиз ва қобилиятингиз бўлса бас. Сизни қизиқтираяптими бу иш?
Ганимар ҳолатини ўзгартирмади. У масхараомуз сўзлар билан Люпен устига ташланишга тайёр эди, аммо ўзини босди.
–Шуниси аёнки, биз бир хил фикрлаймиз, – деди Люпен инспекторнинг сукутига эътибор бермай. – Мен мана бу нарсаларга таяниб, ўз фикримни қисқагина баён этмоқчиман. Кеча соат тўққиз билан ўн икки оралиғида ёш ва латофатли бир аёл пичоқ билан ярадор қилинган ва кўзойнакли ёш, ғоят келишган ҳамда спорт билан шуғулланадиган жаноб томонидан бўғиб ўлдирилган. Ана шу жаноб билан ҳалиги аёл емакхонада ўтириб, учта эклер еган ва кофе ичган.
Ганимар сигарета чекди ва Люпеннинг енгидан ушлади.
–А-ҳа, бу сизга ёқмади инспектор. Жиноят қидирув ишлари фақат полицияга тааллуқли, бошқалар учун бу имконсиз деб ўйлайсиз-да?! Тўғри эмас, азизим! Сиз, Люпен фақат алдашга қодир деб ўйлайсизми? Менинг хулосаларим жуда ҳайротомуз ва жуда оддий, – деди у ва стол устидаги нарсаларни навбатма-навбат қўлга олиб ҳикоясини давом эттирди.
–Айтганимдай, бу воқеа кеч соат тўққиздан кейин рўй берган. Мана, газетанинг кечги сони. Унинг тепасида эса "Кечки нашр" деб ёзилган. Мана бунга қаранг. Сариқ қоғоз изларини кўрдингизми? Бу одатда обуначининг манзили ёзиладиган, нарса ўраш учун ишлатиладиган қоғоз бўлакчаси. Газетанинг кечки сони қоидага кўра, соат тўққиздаги почта билан келади. Мен: "келишган эркак" дегандим. Мана бу шиша синиғига қаранг, бу ерда бор-йўғи бир хил шиша. Демак, бу лорнет (дастали кўзойнак, изоҳ бизники), мана дастасининг изи ҳам бор. Юқори табақа кишиларидан бўлак ким лорнет олиб юради. Олифта кийинган эркак пишириқлар дўконига кирган. Картон бўлаклари пирожний қутисиники. Мана, эклер кремидан қолган излар ҳам бор.
Ана шу пакетни қўлтиқлаб олган бизнинг лорнетли ёш аслзодамиз қандайдир ажойиб бир хоним билан учрашади. Бу хонимнинг ажойиблиги шундаки, у алвонранг шарф ўраб юрарди. Аёл билан учрашгандан кейин – бизга ҳозирча номаълум сабабларга кўра – унга пичоқ уради ва сўнгра мана шу шарф билан бўғиб ўлдиради. Диққат билан қарасангиз, инспектор, шарфда қорамтир-қизғиш доғ борлигини кўрасиз. Мана бу жойига пичоқни артган, бу жойини қонли панжалар ғижимлаган. Жиноят содир этилгач, қотил изини йўқотишга уринган. У чўнтагидан газетани ( дарвоқе, худди шу газетада от спорти ҳақидаги хабарлар босилади) ва ипни олади. Бу унинг спортга қизиқишини кўрсатмайдими? Кейин у шарфни қайчи билан қирқади. Шарфнинг иккинчи бўлаги мурданинг қўлида қолади. Шарфдаги қонли излар, ҳеч шубҳасиз, қурбон бўлган аёлники. Кейин уларни картон бўлагига ўрайди, ҳозир Сена тубида ётган пичоқни ҳам унинг ичига солади. Тугунчани ип билан боғлаб, кема ўтаётган пайтда сувга ташлаб юборади. Умуман, ҳаммаси – шу! Фу! Оғир иш. Нима дедингиз?
У ҳикояси қандай таассурот қолдирганини билиш учун Ганимарга қаради. Инспектор ҳамон жим эди.
Люпен кулди.
– Кўриб турибман, бу воқеа сизни ҳайратга соляпти ва зардангизни қайнатяпти. Сиз: "Қандай шайтон чалиб Люпен қотилни ўзи топмасдан ва ундан катта пул ундирмасдан бу ишни менга тиқиштиряпти?" деб ўзингизга савол бераяпсиз. Ўринли савол. Лекин, масаланинг битта "лекини" бор. Гап шундаки, менинг вақтим йўқроқ.
Ҳозирги пайтда ишим бошимдан ошиб-тошиб ётибди: Лондонда, кейин Лозанада қулфбузарлик рўй берган, Марселда ёш бола ўғирланган. Бунинг устига айни пайтда бир қизнинг ҳаёти ўлим хавфи остида турибди. Умуман, айтадилар-ку, бахтсизлик қўша-қўша юради деб. Шуларни ўйлаб: "Бу ишни қадрдон дўстим Ганимарга топширсам-ку бўлади, ҳаммасини у аниқ ва осонгина ҳал қилади. Қаранг, мен унга қандай ёрдам беряпман! Бу ишда Ганимар ўзининг нималарга қодирлигини намойиш этади!" дедим ўзимга-ўзим. Ва эрталаб соат саккизда йигитларни сафарбар этдим. Ва мана, сиз менинг ҳузуримда турибсиз!
Люпен ўрнидан турди, инспекторга яқинлашди ва деди:
– Бўлгани – шу. Энди сизга ҳаммаси маълум. Жасадни дарҳол топа оласиз. Тахминимча, у бирорта концерт залининг ўйинчиси ёки қўшиқчиси. Жиноятчи эса менинг тахминимча, дарёнинг чап соҳилида, Понт-Неф кўприги яқинида яшайди. Ва ниҳоят, сизга манави ашёлар. Улар сизнинг ихтиёрингизда. Ишни бошланг. Фақат мен мана бу бир бўлак шарфни олиб қоламан. Агар сизга унинг зарурати бўлса, жасад бўйнида қолган қисмини олиб келарсиз. Бугун 29 декабрь, соат 10. Роппа-роса тўрт ҳафта кутаман. Бемалол ишонаверинг, ҳеч қаёққа кетмайман. Қўрқманг, қасам ичиб айтаман-ки, булар ҳаммаси жиддий иш, ёшлигимнинг дўсти-ҳамроҳи. Ҳазил қилаётганим йўқ. Шаъним ҳақи, сўз берман.
Энди бораверинг. Ҳа, дарвоқе, агар ўша одамни қўлга олиш зарурати туғилса, огоҳ бўлинг, у чапақай.
Кўришгунча хайр, дўстим, омад сизга ёр бўлсин!
Инспектор ҳушини тўплаб олишга улгурмай, Люпен ортига ўгирилди ва хонадан чиқиб кетди. Инспектор унинг ортидан отилди ва англадики, эшик унга маълум бўлмаган қандайдир усул ёрдамида қулфланиб қолган эди. У уйдан чиққунича йигирма дақиқа ўтди. Арсен Люпенни қамоққа олиш тўғрисида энди ўйлаб ўтириш бефойда. Бунинг устига ҳозир қамоққа олишни истамасди ҳам. Люпен уни руҳлантириб юборди ва инспектор ўзининг собиқ душманига нисбатан янги бир ҳиссиёт туйди. Қўрқув, кўролмаслик, қойил қолиш ҳаммаси аралашиб кетганди. У ишига йўл олди ва йўл бўйи бўлиб ўтган воқеани мулоҳаза қилди. Қизил шарф воқеаси уни қизиқтириб қўйганди. Бу жуда қизиқ ва одатдан ташқаридаги воқеа бўлиб туюларди. Арсен Люпеннинг хулосалари қатъий мантиққа асослангани билан инспекторни қойил қолдирди.
– Йўқ, у ҳазиллашмаяпти, – деди ўзига-ўзи.

***

Ганимар Соҳилбўйи Орфеврдаги полиция маҳкамасига қадам қўйганида ҳам бўлиб ўтган воқеа тўғрисида ўйларди.
– Сиз шефни кўрдингизми?–сўради ундан инспекторлардан бири.
– Йўқ.
– Сизни йўқлаштирган эди.
– Шундайми?
– Яхшиси, унинг ҳузурига боринг.
– У қаерда ўзи?
–Берни кўчасида. У ерда тунда қотиллик рўй берган.
– Жабрланувчи ким экан?
– Аниғини билолмадим. Қанақадир қўшиқчи қиз?
–Вой, худойим-ей! – ғулдиради Ганимар.
Ўлдирилган қиз санъат соҳасида дунёга танилган ва Женни Сафир деган саҳнавий ном олган қўшиқчи эди. У одатдаги уйларнинг бирида, иккинчи қаватдаги кичкина хонада яшарди. Полициячи катта инспекторни юқорига бошлаб чиқиб хонани кўрсатди. Икки хонали квартира аллақачон ҳукумат намоёндалари ва мсье Дюдуи бошчилигидаги жиноят қидирув органи ходимлари билан тўла эди.
Ганимар хонани тааажжуб ичра кўздан кечирди, кенг ва юмшоқ диван устида қўлига қизил шарф боғланган ёш аёлнинг жасади ётарди. Унинг кўксида пичоқ зарбидан қолган ва қони қотган иккита яра, юзида даҳшат ифодаси.
Хирург текширувни тамомлади ва деди:
–Биринчи хулоса аниқ. Унга икки марта пичоқ урилган, кейин шарф ёрдамида бўғилган. Ўлим бўғиш оқибатида рўй берган.
– О, худойим-а! – яна ғўлдираб қўйди Ганимар Арсен Люпеннинг гапларини эслаб.
– Лекин бўйнида бармоқ излари кўринмайди, – луқма ташлади изқуварлардан бири.
– Уни сочиқ ёки қўл рўмолча ёрдамида бўғган бўлиши ҳам мумкин, – тахминлади врач.
– Албатта, шундай бўлган, – бу фикрга қўшилди шеф ва қўшимча қилди: ўша шарфдан фойдаланган бўлишлари ҳам мумкин. Кўраяпсизми, қўли шарфнинг бир бўлаги билан боғланган, иккинчи бўлаги уни бўғиш учун ишлатилган шекилли.
– Лекин нима учун шарфнинг фақат бир бўлаги қолган? – сўради магистрат аъзоси. –Иккинчи бўлаги қаерда?
– Иккинчи бўлагида қон излари қолган бўлса, қотил уни ўзи билан бирга олиб кетган. Қаранг, у шарфни қайчи билан шошилинч тарзда кесган.
– Ё парвардигор! – ғулдиради Ганимар. – Люпен, ҳатто жиноят содир бўлган жойни кўрмасдан ҳам ҳаммасини билади.
– Жиноят нима учун рўй берган? – сўради магистрат аъзоси. –Бу ерда ҳамма нарса ағдар-тўнтар қилинган. Бу ҳақда сиз бирор фикр билдирмоқчи эмасмисиз, мсье Дюдуи.
– Мен хизматкор аёлнинг тушунтириш хатига асосланаман. Яхши қўшиқчи сифатида танилган бу қиз икки йил аввал Россиядан сарой аъёнларидан бири совға қилган ажойиб зумрад тошни олиб келган. Женни ҳеч қачон уни тақмаган бўлса-да, бундай совғадан жуда фахрланиб юрган. У ҳатто ўзига шу тошга уйқоч исм ҳам танлаган –Сафир. Агар биз жиноят ана шу зумрад туфайли рўй берган деб хулоса чиқарсак, ҳақиқатга яқин борган бўламиз.
– Хизматкор аёл бу тошнинг қаерда сақланишидан хабардор бўлганми?
– Йўқ, буни ҳеч ким билмаган. Хонадаги тартибсизликдан кўринадики, жиноячи тошнинг қаердалигидан хабарсиз бўлган.
– Хизматкор аёлни сўроқ қиламиз, – хулоса қилди магистрат аъзоси.
Мсье Дюдуи ўгирилиб қараб бош инспекторни кўриб қолди.
–Ҳорғин кўринасиз, Ганимар. Нима гап? Бировдан шубҳангиз борми?
– Йўқ, шеф.
-Афсус. Биз бу иш юзасидан шов-шув кўтарсак департаментда шуҳрат қозонган бўлардик. Бу энг ноёб жиноятлардан бири. Биз зудлик билан жиноятчини топишимиз зарур.
– Бу осон кечмайди, шеф.
– Топишимиз керак. Қулоқ солинг, Ганимар. Оқсоч аёлнинг айтишича, Женни Сафир ҳаётдан лаззат олиб яшашни яхши кўрган. Бот-бот меҳмон қабул қилган. Ўша кеча у концерт залидан ўн бир яримда эркак киши билан қайтган. Ярим тунгача бирга бўлишган. "У аслзодалардан. Менга уйланиш ниятида", дер экан Женни. Аслзода одам деганлари ўта эҳтиёткор ва сезгир киши бўлган. Шунчалик эҳтиёткор эканки, дарвозабон олдидан ўтаётиб пальтосининг ёқасини кўтариб, шляпасининг четларини тушириб оларкан. У келишидан олдин Женни Сафир оқсоч аёлни жўнатиб юбораркан. Ана шу одамни қидиришимиз керак.
– Ундан бирор белги қолганми?
– Ҳеч нарса. Кўриниб турибдики, у ярамас жуда ақлли, жиноят қилишдан аввал уни роса пишиқтирадиган ва ҳеч қандай из қолдирмасликнинг йўлини биладиган одам. Уни қўлга олиш бизнинг муқаддас бурчимиз. Бу ишни сизга ишонаман, Ганимар.
– Наҳотки, менга шеф? – деди инспектор, – яхши, ўйлаб кўрамиз... Биз ўйлаб кўрамиз... Мен айтмоқчи эмасдим... Фақат...
У жуда ҳаяжонланарди. Бу ҳолат мсье Дюдуининг энсасини қотирди.
– Фақат, –давом этди Ганимар, – қасам ичиб айтаманки, шеф, мен қасам ичаманки...
– Нимага қасам ичасиз?
– Ҳеч нарсага... Биз ўйлаб кўрамиз, шеф... Ўйлаб кўрамиз...
Ганимар ёлғиз қоларкан, узоқ вақт ўзига келмади. Сўнгра шефига таъкидлаган ўша гапнинг давомини айтди.
– Фақат осмон ҳақи қасам ичаманки, уни қўлга олиш менинг вазифам эди, ахир бу ишнинг калитини ярамас Люпен менга тутқазганди. О, лекин бундай қилолмайман!
Ганимар Люпен томонидан таклиф этилган масалани ечишга узоқ бош қотирди.
Энди ҳаммаси унинг айтганини тасдиқлаб турибди, шунга қармай, Люпен далиллар бўшлиғидан қандай қилиб бу даражада аниқ хулоса чиқара олдийкин. Ҳар ҳолда агар Люпен ҳақ бўлса, ғалаба инспекторнинг қўлида.
Ганимар емакхонада шоша-пиша тамадди қилди-да, кўчага чиқди, аммо йўлда ажабланганча тўхтаб қолди. У Люпен томонидан алдаб олиб борилган ўша Сюрен кўчасидаги чоғроқ уйнинг дарвозаси олдида турарди. Бу ерга уни иродасидан ташқари қандайдир куч етаклаб келган эди. Сирнинг калити шу ерда, фақат шу ерда. Тахминлар ва эҳтимоллар аниқ ва ҳақиқатга шу қадар яқин ҳамда шу қадар ғаройибу бехато эдики, худди бу ўзининг одатдаги хусусий ишига ўхшарди.
Инспектор барча шубҳаларга қўл силтаб уйга кирди-да, зина бўйлаб юқорига кўтарилди. Хона эшиги очиқ эди. Ҳалиги нарсалар жой-жойида турарди. Инспектор шошқин бир тарзда уларни чўнтагига тиқди-ю, чиқиб кетди. Ўша лаҳзада инспектор қандайдир кўзга кўринмас куч таъсирида фикрлар, беихтиёр ҳаракат қилар, унга қаршилик кўрсата олмас ва унга бўйсунарди.
Понт-Неф кўприги яқинида яшайдиган номаълум кимсани қидиришдан аввал оқшом пайти ишлайдиган шираворлар дўконини топиш керак эди. Бу кўп вақтини олмади. Сен-Лазар вокзали яқинидаги қандолат дўконида унга дарёдан топилган тугундагига ўхшаш картон қути беришди. Бунинг устига сотувчи қизлардан бири ўша оқшом мавсумий пальтосининг ёқасини кўтариб олган бир жаноб дўконга келганини ва унинг лорнети ҳам борлигини кўрганини айтиб берди.
– Мана, муаммонинг калити, – хаёлдан ўтказди инспектор, – демак, у лорнет олиб юради.
Кейин инспектор матбуот тарқатувчига газета бўлакчасини кўрсатди. У газета парчаси "Терф Иллюстре"дан олинганини аниқлаб берди.
Ганимар таҳририятга кириб, обуначилар рўйхатини сўради. Понт-Неф кўпригидан унча узоқ бўлмаган жойларда яшовчиларнинг номларини ёзиб оларкан, Люпеннинг сўзини эслаб, чап соҳилда яшовчиларни алоҳида белгилади. Шундан сўнг маҳкамага қайтиб, бир гуруҳ ходимларни чорлаб, уларга керакли кўрсатмалар берди. Ходимлардан энг сўнггиси кеч соат еттиларда хушхабар билан қайтди. Мсье Превалье исмли "Терф" газетасини олувчи киши Августчилар соҳилидаги квартирада яшаркан. Унинг эгнида мавсумий пальтоси бўлган, дарвозабоннинг хотинидан хат ва газетасини олиб чиқиб кетганича ярим тунда қайтган. Унинг лорнети ҳам бўлган. У ипподромнинг доимий мижози бўлиб, ўзининг оти ҳам бор экан. Отини гоҳида ўзи минар, гоҳида ижарага бераркан.
Қидирув узоқ чўзилмади, олинган маълумотлар эса Люпен айтган ҳикоянинг айнан ўзи бўлиб, изқуварлар берган маълумотлар эса Ганимарни ҳам чарчатди, ҳам зериктириб юборди. Шунча йил жиноят қидирув ишида ишлаб бунчалик аниқликка дуч келмаганди.
Бош инспектор мсье Дюдуи ҳузурига йўл олди.
–Ҳаммаси тайёр, шеф, рухсатнома берасизми?
–Нима?
–Қамоққа олиш учун ҳамма нарса тахт деяпман, шеф.
–Сиз Женни Сафирни ўлдирган кишининг исмини аниқладингизми?
–Ҳа.
–Қандай қилиб? Қай йўл билан? Тушунтиринг!
Ганимар бироз виждони қийналаётганини сезди, бироз хижолат тортди. Шунга қарамай давом этди.
– Мутлақо тасодиф, шеф. Сенага ташланган нарсалар воситасида қотилни топдик. Тасодифий бир ҳолат туфайли сувга ташлаб юборилган тугунчани топган киши уни менга олиб келган эди.
– Ким?
–Уни олиб келган киши нохуш ҳолат рўй беришидан чўчиб номини айтишни лозим кўрмади. Лекин сирнинг калити менинг қўлимда. Бу мен кутганимдан анча осон рўй берди.
Инспектор бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берди.
– Сиз шундай ишни тасодиф дейсизми? – таъсирланиб гапирди мсье Дюдуи. – Яна буни осон кўчди дейсиз-а! Ахир бу сизнинг энг ёрқин ишингиз!
Ганимар ишни ниҳоясига етказишга отланди. Унинг одамлари Августчилар соҳили бўйидаги уйни ўраб олдилар. Уй эгаси у одамнинг егулик олиб келиш учун кетганини маълум қилди. Ганимарнинг одамлари кутиб туришди. Кеч соат тўққизларга яқин уй эгаси инспекторга пальто кийган баланд шляпали кишини кўрсатди. У соҳил бўйи томон тез-тез юриб келарди. Ганимар қатъият билан у томонга юрди.
–Билишимча, сиз мсье Превальесиз?
–Ҳа. Ўзингиз кимсиз?
–Сизни қўлга олиш учун менда...
У сўзини тугата олмади. Қоронғуликдан бир тўда одамлар чиқиб келишди. Мсье Превалье ўзини бинога урди-да, елкаси билан дўкон эшигига тақалди.
– Кетинг! – қичқирди у – мен сизни танимайман!
Мсье Превалье ўнг қўлида оғир тросни маҳкам чангаллаб турар, чап қўли билан орқадаги эшикни пайпасларди, унинг эшикни очмоқчи бўлаётгани аниқ эди.
Ганимар Превальенинг қандайдир яширин йўл орқали қочиб кетишидан қўрқиб, унга яқин борди.
– Бас қилинг, – қаршилик кўрсатишингиз бефойда, – деди Ганимар ва унинг қўлидаги тросга қараб Люпеннинг огоҳлантиришини эсалади: "жиноятчи чапақай". Ганимар бирдан ерга эгилди, Превалье чап қўли билан пистолетни кўтариб улгурмай унга ташланди ва мушти билан жағига зарба берди. Превалье ерга қулади. Ва кўп ўтмай ўзини қамоқда кўрди.
Ганимар азалдан ўз ишининг маҳоратли устаси эди, аммо бу ишнинг тезкорлик билан очилиши унга шуҳрат келтирди.
Барча очилмаган жиноятлар ҳам дарҳол Превальенинг бўйнига илинди, газеталар эса бир-биридан ўткариб Ганимарни мақтарди.
Бу иш катта шовқин-суронга сабаб бўлди. Энг аввало, Превальенинг аслида Томас Дреклиги маълум бўлди. Биргина шу фактнинг ўзи ҳайратланарли эди. Аммо унинг хонаси кўздан кечирилганда жиноятга доир ҳеч нарса топилмади. Орадан саккиз кун ўтгач ҳамма нарса ўзгариб кетди. Шу пайтгача сўроқларга жавоб беришни истамай жим турган Превалье, адвокатнинг маслаҳати билан тилга кирди ва ишончли алиби кўрсатди. Жиноят рўй берган пайтда у Фоли-Бержер театрида ўтирганлигини айтди. Ҳақиқатдан ҳам унинг костюми чўнтакларидан топилган чипта ва театр дастурида ўша оқшом санаси турарди.
– Алиби аввалдан ҳозирлаб қўйилган, – эътироз билдирди судья.
– Буни исботланг, – талаб қилди Превалье.
Шунда уни гувоҳлар билан юзма-юз қилишди. Қандолат дўконида ишлайдиган қиз "танигандайман" деди. Бержье кўчасидаги дарвозабон ҳам Женни Сафир билан келадиган одам "шу деб ўйлагандим" деди, лекин ҳеч ким аниқ гап айтишга журъат қилолмади.
Тергов ишлари боши берк кўчага кириб қолганлиги сабабли судья Ганимарни чақириб олиб, унга рўй бераётган қийинчликлар ҳақида гапирди.
– Бошқа имконим йўқ. Қўйилган айбни қувватлаб туролмайман.
– Ўзингиз ўйланг, судья, агар Превалье гуноҳсиз бўлса нима сабабдан қўлга олинишига қаршилик кўрсатди?
– У қароқчилар ҳужум қилаяпти деб ўйлаган, айбланувчи шундай кўрсатув бераяпти. Шунингдек, у Женни Сафирни умрида кўрмаганлигини айтмоқда. Унинг эътирозларида ноўрин ҳеч нарса кўрмаяпмиз. Йўқолган сапфирни, биз Превальенинг хонасидан изладик, аммо тополмадик.
– Бошқа бирор жойдадир, – қатъий турди Ганимар.
– Мумкин, аммо бу унинг айбдорлигига исбот бўлолмайди. Сизга айтиб қўйишим керак, мсье Ганимар. Қизил шарфнинг иккинчи бўлагини топиш керак. Қанча тез топилса шунча яхши.
– Иккинчи бўлагини?
– Ҳа. Агар қотил уни ушлаган бўлса, бармоқ излари қолган бўлиши керак.
Ганимар индамади. Неча кундирки, бу ишнинг охири "вой" бўлиши тўғрисида ўйларди. Шарфнинг иккинчи бўлагини топиш ва уни судьяга кўрсатиш керак, бошқа бирор далил йўқ. Агар далил келтира олмаса, Превалье озодликка чиқади ва Ганимар кулгига қолади. Бахтга қарши шарфнинг иккинчи бўлаги Люпенда. Уни қандай қилиб олиш керак?
Ганимар айблов ишини қайта бошдан кўриб чиқди, Превальенинг ҳаётига доир ҳамма нарсага аниқлик киритиш учун одам юборди. Аммо барчаси беҳуда эди.
28 декабрда судья уни одил суд саройи йўлагида тўхтатди:
– Хўш, мсье Ганимар. Қандай янгиликлар бор?
– Афсуски, ҳеч қандай.
– Унда мен ишни тўхтатаман.
– Яна бир кун сабр қилсангиз.
– Нима ўзгаради бу билан. Бизга шарфнинг иккинчи бўлаги керак. У сиздами?
– Мен уни эрта эрталаб оламан.
– Эрта?
– Ҳа, фақат менга унинг топилган бўлагини беринг. У сизда бўлиши керак?
– Сизнинг илтимосингизни қондирсам бирор ўзгариш бўладими?
– Агар шундай қилсангиз. Мен сизга бутун шарфни тақдим этардим.
– Жуда соз.
Ганимар судья билан унинг хонасига борди ва бир бўлак қизил шоҳи шарфга эга бўлди.
– Люпен панд бермаса эртагаёқ шарфнинг ҳар иккала бўлагини қўлингизга тутқазаман.
У Люпендан шубҳа қилмасди, фақат Люпен нима сабабдан уни учрашувга чорлади? Шарф унга нима учун керак эди? Шуни ўйлаб Ганимарнинг боши қотди.
Қизиқиш ва чидамсизликдан сабри тугаган Ганимар тонг отиши билан Люпен ҳузурига йўл олди. Бу пайтда унинг одамлари ўша мавзени ўраб олишган эди.
– Агар мен учинчи қаватнинг деразасида кўринсам ёки уй ичидан бир соат ичида чиқмасам уйга бостириб кириб, у ердаги кишини қўлга оласизлар, деб топшириқ берди у одамларига.
Сўнгра чўнтагидаги пистолетини пайпаслаб қўйиб, уй томон юрди.
Ҳамма нарсанинг авалгидек жой-жойида турганини кўриб Ганимарнинг ҳайрати ошди. Деразага бир кўз югуртириб олиб, хоналарни бир-бир қараб чиқди. Жон асари йўқ.
– Люпен қўрқибди, – дея ишончсизлик билан ғулдиради у.
– Бемаъни гапларни гапирманг, – деган овоз эшитилди ортидан.
Инспектор чаққонлик билан ўгирилиб қараб, комбинзон кийиб олган кекса ишчини кўрди.
– Ҳаяжонланманг, – деди ишчи, – мен Люпенман. – Эрталабдан бери ишлаётган эдим, энди нонушта қилишим керак.
У ажабтовур жилмайиш билан Ганимарга қаради ва хитоб қилди:
– Ўз вақтида ҳозир бўлдингиз, ёшулли! Ҳаётингиз мен учун азиз. Сизни қанчалар севишимни биласиз-ку! Бу ҳақда фикрингиз қандай? Ҳаммаси ўйлаганимдек бўлиб чиқдими-а?! Бошланишидан менга маълум бўлган экан-да! Хўш, бундай ишларни қай даражада эплар эканман? Қандай сезгир ақл, Ганимар. Воқеа қай даражада тикланди! Қандай топқирлик! Ҳайротомуз даражада кўра билиш! Сизга шарф керакми?
– Ҳа, иккинчи бўлаги. У сиздами?
– Албатта. Икковини бирга қўйишингизни сўрайман.
Улар қизил матоҳнинг иккала бўлагини ёнма-ён қўйишди. Қирқимлар бири-бирига тўла мос эди, ранги тўғрисида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.
– Бироқ, мен ўйлайманки, бу ерга фақат шарф учун келмагансиз, – деди Люпен, – сиз қон изларини кўрмоқчисиз. Дераза олдига борайлик, бу ер қоронғу, Ганимар.
Улар қўшни хонага ўтиб, дераза олдига боришди. Люпен шарфни дераза токчасига ёйиб қўйди.
– Қаранг, –деди у Ганимарга боши билан имо қилиб.
Инспектор шарф устига эгилди. Беш панжанинг изи аниқ кўриниб турарди. Рад этиб бўлмайдиган далил. Қотил Женни Сафирнинг шарфига из қолдирган эди.
– Бу чап қўлнинг изи, – деди Люпен. – Ёдингиздами, сизни огоҳлантирган эдим, мени жодугар деб ўйлашингизни истамайман.
Ганимар шоҳи матоҳ бўлагини дарҳол чўнтагига урди. Люпен маъқуллаб бош силкиди.
– Ҳаммаси жойида, ёшулли. Мени жуда мамнун этдингиз! Бу ерда ҳеч қанақа тузоқ йўқлигини кўриб турибсиз... Мен эски ошнам билан яқин бўлишни истагандим, холос. Лекин шарфнинг сиздаги бўлагига жуда қизиқяпман, уни диққат билан бир кўздан кечирсам... Қўрқманг... Ўзингизга қайтараман... Фақат бир дақиқага...
Люпен шарфнинг иккинчи бўлагини олиб кўздан кечира бошлади, Ганимар унинг минғирлашига қулоқ тутди:
– Бундай ишларни нақадар ҳайротомуз бажаришади аёллар! Сиз оқсоч аёл берган гувоҳликнинг бор жиҳатига эътибор қилдингизми? Женни Сафир ўзига кўйлак ва шляпа тикиб кийишни маҳорат билан бажарган. Кўриниб турибдики бу шарфни ҳам унинг ўзи тайёрлаган... Буни бирдан пайқадим. Мен ҳақиқатдан ҳам жуда қизиқувчанман, чўнтагингиздаги бўлакни диққат билан текшириб. Унинг учида, пўпакларига яқин четида бечора қиз ўз қўли билан тикиб қўйган кичкина туморчани топган эдим. Бечора шу тумор бахт келтиришига ишонган. Бу таъсираланарли эмасми, Ганимар? Аммо кичкина туморча бизнинг хонимимизга унчалик фойда бермади.
Инспектор ҳайратланган кўйи Люпендан кўз узмай қараб турар, у эса давом этарди:
–Шунда мен ўз-ўзимга: "Полициянинг қўлидаги иккинчи бўлакни текшириб кўриш жуда қизиқ бўларди", деб ўйладим. Мендаги бўлагида туморча бор эди ва мен ўйладимки, "иккинчи бўлагига ҳам шунга ўхшаш нарсани яшириб қўйишнинг нимаси ёмон". Сиз нима деб ўйлайсиз, қадрдон дўстим? Масалан, сапфирга ўхшаш қимиатбаҳо тош яширилган бўлса-я?
У сўзини тамомлаганда қўлида ложувард тош ялтираб кўринди.
– А-ҳа! Айтмаганмидим сизга, ёшликдаги қадрдон дўстим?
У бошини кўтариб инспекторнинг кўзларида ёввойи бир ифодани кўрди. Инспектор топилдиққа изтироб ичра қараб турарди.
–Ярамас, – ғулдиради инспектор, – ҳароми!
Юзма-юз туришарди улар.
– Уни менга беринг, – буюрди инспектор.
Люпен унга шарф бўлагини узатди.
– Ферузани ҳам, – қатъий талаб қилди инспектор.
– Ахмоқликни йиғиштиринг.
– Қайтариб беринг ёки...
– Нима ёки, тентак! – ҳайқирди Люпен. – Наҳотки, мени текиндан-текинга ёрдам беради, деб ўйлаган бўлсангиз?
– Дарҳол қайтариб беринг, – ўз сўзида туриб олди инспектор.
– Сиз нимани ҳам билардингиз, мен тўрт ҳафта давомида худди оҳудай эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилдим, сиз бўлсангиз... Қўйинг, ёшулли. Тошни сув тагида қолган деб ҳисобланг. Ўтирайлик! Сигаретга тобингиз қалай?
Ганимар ўзининг изқуварлари келишини кутиб Люпенга ғазаб билан қараб турарди. У турган хона ҳовли тарафда эди, шундай бўлса-да деразадан ўзини кўрсатишни ўйлади.
– Мен сизни тўнка деб ҳисоблаганда ҳақ эдим. Шарф қўлингизда эди, сиз бўлса уни пайпаслаб кўришни ҳам хаёлингизга келтирмагансиз. Қизгина нима учун бу шарфни ҳар доим боғлаб юргани тўғрисида ўзингизга савол бериб кўрмагансиз.
Люпен ортига ўгирилганидан фойдаланган Ганимар ўзини эшикка урди. Аммо эшик қулф эди. Люпен унинг ортида хохолаб куларди.
– Бугун ҳам сизнинг фаҳмингиз етмади. Менга тузоқ қўйдингиз, мен бу ҳақда билиб қолишим мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмадингиз. Ҳатто эшикнинг қулфини текшириб ҳам кўрмай ичкарига кирдингиз. Энди ўзингизни нима деб ўйлайсиз?
– Нима деб ўйлайман? –қичқирди Ганимар пистолетини чиқариб Люпенга тўғриларкан.- Қўлингни кўтар! Мана мен нима деб ўйлайман!
Люпен елка қисди.
– Ҳеч ўзгармабсиз.
– Қўлингни кўтар!
– Уни чиқиндихонага ташлаб юборинг.
– Нима?
– Қария Катрин, сизнинг оқсочингиз, кўпдан бери менинг хизматимда. Сиз кофе ичаётганингизда у пистолетингиздан ўқларни олиб қўйганди.
Ганимар пистолетни чўнтагига соларкан Люпенга ваҳшиёна назар билан қаради.
– Хўш, – деди саволомуз оҳангда Люпен инспекторнинг рўпарасида туриб.
Улар бир-бирларига анча вақт тикилиб қолишди.
Ганимар ўтмиш тажрибасидан билардики, Люпен билан олишиш ақлсизлик. Қўлидан ҳеч нарса келмаслигини ҳис этди инспектор.
– Сиз сари ҳам борайлик, – давом этди Люпен, – Ганимарнинг жим турганига эътибор қилмай, – яхшиси, бу ишни ўз ҳолича қолдиринг. Ўйлаб кўринг, ёшликдаги дўстим. Агар шундай қилсангиз бу сизга шуҳрат келтиради. Хизматда давом этиш ва қариганингизда яхши яшаш имконини беради. Ўйлайманки, сиз бечора Люпенни қамамайсиз ва ундан зумрад тошни тортиб олмайсиз. Ахир Люпен ҳаётингизни асраб қолди... Ҳа, мсье! Бу қилган ишингиз сизнинг шунча яхшиликка билдирган миннатдорчилигингизми? Превальенинг чапақайлигини ким айтиб берди сизга? Мен сиздан рози эмасман, Ганимар.
Шу гапларни айтганча, Люпен хона бўйлаб кезинарди. Эшик яқинига бориб уни очди. Ва Ганимар англадики, у қочмоқчи. Дунёдаги ҳамма нарсани унутиб Ганимар унга ташланди, лекин қорнига берилган кучли зарбадан учиб бориб девор остига йиқилди. Ёпилган эшик ортидан Люпеннинг кулгуси эштилди.

***

Ганимар орадан йигирма дақиқа ўтиб, ўзининг одамлари билан учрашаркан, улардан бири шундай маълумот берди:
– Бундан бироз аввал уйдан бир ишчи чиқди. Қўлимга хат туқазиб: "Бошлиққа бер" деди. "Қайси бошлиққа?" деб сўрагунимча ишчи кўздан йўқолди.
– Хатни беринг.
Ганимар хатни очди. Унда қалам билан шоша-пиша тирнаб ёзилган шундай сўзлар бор эди:
"Бу ҳаддан ташқари ишонувчанликка қарши огоҳлантириш, дўстим. Ҳар қандай гапга ишонавермаслик керак, агарда суҳбатдошингиз, ҳатто Арсен Люпен бўлса ҳам. Сизнинг биринчи қилган хатонгиз шуки, пистолетда ўқ йўқлигига ишондингиз. Иккинчиси, сиз қария Катрин мени сотибди деган хаёлга бориб, унинг садоқатига шубҳа қилдингиз. У эса жуда ростгўй ва тартиб-интизомли аёл. Бир кун келиб у билан танишишдан умидворман. Ҳозирча сизга садоқат билан,
Арсен Люпен".

Рус тилидан Неъмат Арслон таржимаси

 
Эйнштейн билан иблисвачча. Дино Буццати PDF Босма E-mail
23.08.2013 04:09

Куз оқшомларининг бирида Альберт Эйнштейн Пристон (Нью Жерси штати) йўлкалари бўйлаб кезиб юрар экан, бир ғайритабиий воқеани бошидан кечирди. Унинг ўз ҳолига ташлаб қўйилган ўй-фикрлари бу дамда занжиридан халос бўлган ит мисоли дайдишар, ўз соҳибларини назар-писанд қилишмасди. Қизиғи шундаки, айни бефайз ва беҳаловат лаҳзалар Эйнштейнни умр бўйи интилган-у, аммо рўёбига умиди сўнган орзуси билан қовуштирди. Киприк қоққудек фурсат ичида у макон эврилишига гувоҳ бўлди, унинг нигоҳи, худди сиз ушбу варақни чор тарафдан кўриб турганингиздек, ўзга оламни бирбутун қамраб олди.
Гарчи, инсоният кўзлари илғай оладиган макондан ўзга ўлчамда ҳам оламлар мавжудлиги аллақачонлар исботини топган бўлса-да, бунга ҳамон инсон тафаккуури учун жумбоқ бўлмиш воқелик дея, шубҳа билан қараб келинади. Гўёки ўша олам билан биз яшаётган олам ўртасида кўринмас бир девор бордек ўзининг учқур тафаккури қанотида тобора кўкка юксалиб бораётган инсон ногаҳон шу деворга пешонасини уради-да, парвоз ниҳоя топади. На Платон, на Пифагор, на Данте, бугун ҳаёт бўлганларида ҳам, ушбу деворни ишғол қила олишмаган бўларди, илло, бизнинг миямиз бундай ҳақиқатларни сиғдиришга қодир эмас.
Зотан, дунёда ўша бегона олам сарҳадларини тажриба ва узлуксиз риёзат орқали эгаллаш мумкин, дея фикр қилгувчилар ҳам йўқ эмас. Ер юзида паравозлар сурон солиб кезар, домна печлари гувиллар, уруш ва ўлим ваҳшати давом этар, сўлим хиёбонлар ошиқ-маъшуқлар бўсалари товушига безабонларча сомеълик қилар, бир сўз билан ҳаёт оқими ўз йўлида оқар экан, қандайдир дарвешнамо олимларнинг мислсиз риёзатлари орқасида бир лаҳза ўша макон чегараларига қадам қўйганлари, унинг сир-синоатларидан воқиф бўлароқ, кўз юмгунча ўтган вақт орасида ортга қайтганлари, инсон оёғи етмаган чўққини забт этганлари ҳақида афсоналар юради.
Бироқ ушбу буюк ҳодисотдан кимса хабар топмайди, биров у қаҳрамонни табрикламайди ҳам, на тантаналар, на интервьюлар уюштирилади, на қаҳрамонга бирор нишон беришади. Чунки бундай ҳодисалар хослар учун махсус. Қаҳрамон бу ҳақда бор-йўғи “Мен у дунёга бориб келдим”, дейиши мумкин, вассалом. Ахир унда ўзга оламда бўлганини тасдиқловчи на бирор сурат, на ҳужжат-далил бор.
Воқеан, шундай ҳодиса рўй бериб қолгудек бўлса, ўз тафаккуримиз воситасида ўша ўзга оламга тирқиш топа олсак – биз учун мавҳум бир формуладан бошқа нарса бўлмаган, биздан том маънода ташқарида бўлган олам айни чоғда ҳаётимизнинг ўзига айланади. О! У лаҳзаларда ўзлигимиздан, қайғу, қувонч, ташвиш аталмиш юкларимиздан биратўла халос бўламиз. Инсон тафаккури нақадар бепоён-а!
Худди шундай воқеа, осмон биллурий рангларга чулғанган, шаҳар чироқлари гўё Зуҳро юлдузи билан баҳс бойлашгандек, у ер, бу ерда милтиллай бошлаган ажойиб куз оқшомларининг бирида профессор Альберт Эйнштейн билан ҳам содир бўлди. Унинг қалби – ўша сир-синоатга бой бир парча гўшт – Худонинг мариҳаматини ҳис қилди. Зеро, Эйнштейн донишманд одам эди. Дунё ҳавасларига парво қилмасди. Аммо айни лаҳзаларда у ўзини одамлар издиҳомидан юксакларда ҳис қилди. Нон ушоғига интизор гадо фавқулодда бир хумча олтин топиб олганди гўё.
Гўё Эйнштейннинг номуносиб ўйларига жазодек, сирли ҳақиқат қандай пайдо бўлган бўлса, шунчалик кутилмаганда, дафъатан кўздан йўқолди. Айни дамда профессор ҳозир бўлган маконининг ўзига тамомила нотаниш эканини англаб қолди. У четлари жонли девор билан тўсилган узун йўлак бўйлаб кетиб борар, атрофида иморат тугул бирор тирик жон кўринмасди. Йўлак охирида сариқ-қора зебра тусида бўялган, шифтини шарсимон чироқ ёритиб турган бензакалонка кўринарди, холос. Ён тарафдаги скамейкада, чамаси мижоз йўқлигидан зерикибгина бир занжи ўтирарди. Унинг эгнида иш комбинизони, бошида эса бейсбол шапкаси бор эди.
Эйнштейн унинг ёнидан индамай ўтиб кетмоқчи эди, бироқ занжи ўрнидан туриб у томон одимлади.
-Жаноб!-деди у.
Занжи ўрнидан тургач, барзанги келбати, хушбичим юзи, бор бўй-басти билан мукаммал бир африкаликни ўзида мужассам этгани кўзга ташланди. Тун қоронғусида жилмаяр экан, маржондек тишлари ярқираб кўринарди.
-Жаноб,-деди у,-сизда гугурт топилмайдими?-ва чўғи сўнган сигарета билан унга яқин келди.
-Чекмайман,-Эйнштейн жавоб бера туриб тўхтади, тўғрироғи уни қизиқиш ва ҳайронлик тўхтатган эди.
Шунда занжи сўради:
-Балки менга ароқ пули берарсиз?
У мирзатеракдек найнов, навқирон, устига-устак сурбетгина эди.
Эйнштейн чўнтакларини тимискилади.
-Билмадим-да… Ёнимда сариқ чақа ҳам топилмасов… Сайрга пул олиб чиқадиган одатим йўқ…Рости гап афсусдаман…-дер экан кетишга чоғланди.
-Шунисига ҳам қуллуқ,-деди занжи,-аммо, маъзур тутасиз…
-Яна нима?-малолланди Эйнштейн.
-Сиз менга кераксиз. Бу ерга асли шунинг учун келганман.
-Мен керакман?! Нима гап ўзи?!
-Менга кераксиз,-такрорлади занжи,-бир муҳим иш юзасидан. Буни фақат қулоғингизга айтишим мумкин.
Айни дамда тун пардаси янада қуюқлашган, бунга сари занжининг тишлари оллдингидан ҳам оппоқроқ кўринарди. Занжи Эйнштейннинг қулоғига энгашди.
-Мен – жон олгувчи фариштаман,-шивирлади у,-жонингни олгани келдим.
Эйнштейн бир қадам ортга чекинди.
-Менимча,-деди у овози жиддийлашиб,-менимча, кўпроқ ичиб қўйганга ўхшайсан, оғайни.
-Мен – ўлим фариштасиман,-таъкидлади занжи,-қара…
У жонли девордан ям-яшил бир новдани синдириб олди. Орадан лаҳза ўтмай унинг қоп-қора қўлларида яшнаб турган баргларнинг ранги синиқди, сўлишга тушди, сўнг эса кулга айланди. Занжи бир пуфлаб кафтидаги кулни кўкка совурди.
Эйнштейн бошини эгди.
-Жин урсин. Демак, куним битибди-да…Қандай қилиб – шу аҳволда, тун қоронғусида, йўлнинг қоқ ўртасидами?!..
-Менга шундай буюрилган.
Эйнштейн атрофига олазарак боқди, тирик жондан нишон йўқ эди. Ҳаммаси аввалгидек: узун йўлак, пастликда чироқлар мўлтирайди, чорраҳа томондан автомобиллар қизил кўзларини тикади.
Фалак гумбазида юлдузлар жимири, Зуҳро юлдузи қуйи инган.
Эйнштейн чуқур тин олиб деди:
-Менга қара, биродар, бир ой муҳлат беролмайсанми? Тугата олмаган бир муҳим ишим бор, шуни якунлаган куним келсанг дегандим. Ўтинаман фақат бир ойгина…
-Кашф этмоқчи бўлган нарсангни,-таъкидлади “занжи”,-мен билан борадиган жойингда сўзсиз топасан.
-Бу бошқа-бошқа нарсалар: у дунёда меҳнатсиз топилган кашфиётнинг қиймати нима бўларди. Менинг кашфиётим эса одамлар учун кони фойда. Ўттиз йилдан бери шунинг устида тер тўкаман. Орзуйим ушалай деганда-я…
“Занжи” ишшайди.
-Бир ой дейсанми?..Майли, аммо муддатинг етгандан сўнг қочиб қолишни хаёлингга ҳам келтирма. Осмонга чиқсанг оёғингдан, ерга кирсанг қулоғингдан тортиб оламан.
Эйнштейн яна нимадир демоқчи бўлиб бошини кўтарганида, суҳбатдошидан асар ҳам топмади.
Бир ой деганлари ҳижрондаги ошиқ учун қанчалар кўп муддат бўлса, ажалини кутаётган бечора учун сониядан-да қисқа экан. Сония нима бўпти бир нафас сингари шиддаткор ва аниқ. Мана у ўтди-кетди. Эйнштейн ваъдасига вафо қилиб, белгиланган жойга йўл олди. Ўша бензакалонка, ўша скамейка, унда “занжи” ўтирибди. Фақат бу сафар у комбинизони устидан ҳарбийлар камзулини кийиб олган: ахир ҳаво совиб қолган-да.
-Мен келдим,-деди Эйништейн унинг елкасига туртиб.
-Қалай, ишларингни битирдингми?
-Йўқ, тугата олмадим,-оғир хўрсинди олим,-менга яна бир ой муҳлат бер! Қасам ичаман. Бу сафар тугатаман. Ишон, куну тун қулдек ишладим, барибир улгурмадим. Аммо арзимаган иш қолди.
“Занжи” орқа ўгириб ўтирган ҳолатида елка қисди.
-Сиз – Одам болалари, ҳаммангиз бир гўрсиз. Сизга мудом нимадир етишмайди. Сира бировдан миннаддор бўлмайсиз. Бир сония ортиқроқ яшаш учун тиз чўкиб оёқ ўпишга-да тайёрсиз. Баҳона топишни-ку қийиб қўясиз.
-Мен қилаётган кашфиёт ўта мураккаб. Ҳали инсон зотига насиб этмаган…
-Бўлди, биламан, биламан,-гапни шарт кесди “занжи”, -ҳикмат тоши яратмоқчисан, шундайми?
Шундан сўнг ҳар иккиси жим қолишди. Сертуман, совуқ куз оқшоми этни жунжуктиради. Бундай тунда уйда ётганга не етсин.
-Мен нима қилай энди?-сўради Эйнштейн.
-Бўпти кетавер…Лекин бир ой кўз очиб юмгунча ўтиб кетади.
Чиндан ҳам бир ой кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Вақтнинг бу қадар очофатлиги шунда билинди.
Ўша декабрь тунида изғирин эсар, яккам-дуккам чиринди хазонларни ўйнатар, олимнинг бош кийими остидан чиқиб турган оппоқ сочларига чангал соларди. Ўша бензакалонка, бу сафар скамейкада бошига қалин салла ўраган ўша “занжи” совуқнинг зўридан дилдираб ўтирарди.
Эйнииштейн унга яқин келиб, елкасига дадил туртди.
-Мен келдим.
“Занжи”нинг совуқдан тишлари такирлар, камзўлига ўраниб олганди.
-Ҳа, сенмисан?
-Мен.
-Демак, тугатибсан-да?
-Худога шукур, тугатдим.
-Юз йиллик ўйини интиҳо топибди-да! Ҳар ҳолда армонинг қолмагандир? Боқийлик сирини очгандирсан?
-Ҳа,-Эйнштейн жилмайиб жавоб қилар экан, йўталиб қўйди,-нафсиламрини айтганда ҳаммаси жойига тушди.
-Кетдикми бўлмасам? Сафарга тайёрмисан?
-Албатта, келишганмиз-ку.
“Занжи” илкис сакраб турди ва шундай қаҳқаҳа отдики, фақат иблисгина бундай кулиши мумкин эди. Кейин ўнг қўлининг курсаткич бармоғи билан Эйништейннинг қорнига бир туртган эди, у мувозанатини йўқотиб, оёғида зўрға туриб қолди.
-Яхши, яхши кекса қароқчи…уйингга жўна, тез бўл, югур, бу совуқда ўпкангни олдириб қўймасингдан… Ҳозирча менга керагинг йўқ.
-Мени қўйвормоқчимисан? Унда бу кўрсатган ҳунарингни қандай тушуниш керак?
-Буларнинг бариси ишингни тезроқ тугатишинг учун эди, вассалом. Мен мақсадимга эришдим…Сени шундай қўрқитмаганимда, ким билсин яна қанча чўзар эдинг?!
-Менинг ишим?.. Бунинг сенга нима қизиғи бор?
“Занжи” тиржайди.
-Менга-ку керак жойи ҳам йўғ-а… Кўрмайсанми, раҳбарият, ер ости дунёсининг ҳукмдори – устозим иблис… Унинг айтишича, аввалги кашфиётинг ҳам шайтанат дунёси учун катта фойда берган. Бунда шахсан сен айбдор бўлмасанг ҳам, шундай бўлгани рост. Сенга бу ёқадими, ёқмайдими ихтиёринг ўзингда, жаноб профессор, лекин кашфиётинг жаҳаннамга мислсиз фойда олиб келди… Энди янги кашфиётингдан фойдаланишни ўйлаяпмиз.
-Бўлмаган гап!-норози чинқирди Эйништейн.-Дунёда ундан безарарроқ нарса бор эканми? Бу шунчаки формула, мутлоқ мавҳумият холос…
-Яшшавор,-қичқирди иблисвачча, яна олимнинг қорнига туртар экан.-Яшшавор, азамат! Сенингча мени бу ёққа ўйнагани юборишганми? Ўйлайсанки, улар хато қилишганми?.. Йўқ-йўқ, сен яхши ишладинг. Зулматдаги оғаларим сендан хурсанд бўлишади энди!.. Эҳ сен билганингда эди!..
-Нимани, нимани билганимда эди?
Аммо иблисвачча ғойиб бўлган, атрофда на банзакалонка, на скамейкадан нишон бор эди. Ёлғиз тун, изғирин шамол ва узоқ чорраҳадаги автомобил чироқларигина кўзга ташланарди…

Рус тилидан Узоқ Жўрақулов таржимаси

 


56 дан 63 сахифа