Хиромий (1796-1891) PDF Босма E-mail
20.03.2014 17:57

Хиромий (тахаллуси; исми Мулло Қурбон) (1796, Китоб вилояти Чармгарон гузари — 1891) — шоир. Баъзи манбаларда Мирзо Қурбон, Муҳаммад Қурбон деб ҳам тилга олинган. Кенагас уруғидан. Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил кўрган. Иқтисодий танглик туфайли мадрасани тугата олмаган, 25 ёшида Китобга қайтган. Хаттотлик, табиблик, чармгарлик қилиб рўзғор тебратган. Хиромий Насруллахоннинг босқинчилик сиёсатига қарши курашувчилар сафида турган, Китоб мудофаасида қатнашган.
Хиромий истеъдодли ва сермаҳсул шоирлардандир. У ўтмиш алломалар ижодидан ўрганган, замондошлари Шавқий, Ҳозиқ, Вола ва бошқа билан яқин ижодий алоқада бўлган. Дастлаб Саъдий, Навоий, Зебуннисо ғазалларига мухаммаслар боғлаган, уларнинг бадиий маҳорат соҳасидаги анъаналарини давом эттирган.
Хиромий 19-аср ҳаётидаги ярамас иллатларни, адолатсиз ҳукмдорлар, ноқобил ҳокимлар, замин, замон, кишилар тўғрисидаги қарашлари ифодаланган «Чор дарвеш» (1834), «Маҳфил оро» (1844—56), «Тўтинома» (1854), «Раъно ва Зебо» (1856), «Юсуф ва Зулайҳо» (1862) достонларини ёзган. Буларнинг орасида кенг тарқалгани «Чор дарвеш» дир. Асар қолиплаш усулида ёзилган, қолипловчи ҳикоя Озодбахт ҳикоясидир. Озодбахт ўз фарзандсизлигидан сўз бошлаб, дарвешлар саргузаштини тинглайди. Достон Озодбахтнинг Бахтиёр исмли фарзанд кўриб, париларнинг улуғ шоири Малик Шоҳбоз ёрдамида муродмақсадларига етиши билан тугайди.
Хиромийнинг ҳажман энг йирик асари «Тўтинома» 12 минг мисрадан иборат.
Асарнинг бош гояси — вафо ва садоқат. Тўтининг барча ҳикоя ва қиссалари шу ғояни асослаш, исботлашга қаратилган. «Раъно ва Зебо» достони ҳам қолиплаш усулида бўлиб, қолипловчи ҳикоя Раъно ва Зебо саргузаштларидир. Пок муҳаббатни улуғлаш достоннинг асосини ташкил этади. Унда инсон ҳуқуқи, ижтимоий тенглик, адолат, олижаноблик каби ғоялар ёритилган.
Адабий меросининг умумий ҳажми 30 минг мисра атрофида. Асарлари қўлёзмалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида («Чор дарвеш», инв.?359, 9251, 1675, 7713, 4819, 7847, 217 (ИИ); «Тўтинома», инв. ?1795; «Раъно ва Зебо», инв. ?217; «Юсуф ва Зулайҳо», инв. ?1799) ва СамДУнинг асосий кутубхонасида сақланади.
Бегали Қосимов


Неча дам ғанимат йигитлик чоғи,
Юз онча ғанимат тириклик чоғи.

* * *

Дедимки, мабодо хижолат етар,
Хижолат эрур юз ўлимдан баттар.

* * *

Демишларки, ҳар кимни келганда кўр,
Бўлубтур масал, сўзни сурганда кўр.

* * *

Бировким сенга бўлса гар меҳмон,
Ишинг бормидур — меҳмон кўнгли қон.

* * *

Топар кимса сабр айламаклиқдин муфид,
Эрур сабр хурсандликка калид.

* * *

Ҳикматдур манга маҳбубу марғуб,
Киши маҳбубини махфий этмоғи хўб.

* * *

Икки ошно бўлмаса иттифоқ,
Ҳам сирдош эмасдур эрур ул нифоқ.

* * *

Хуш улким ани жисми бўлғоч ниҳон,
Ки андин қолур даҳр аро бир нишон.

 
Нефт. Теодор Драйзер PDF Босма E-mail
23.08.2013 04:07

Нью-Йоркдан унча узоқ бўлмаган ярим оролнинг жанубий чеккасида Бейонн номи билан машҳур бўлган, ўзига хос фаолият учун ажратилган ер участкаси бор. Бу ярим оролни иккита кенг кўрфаз ажратиб туради: бири Нюарк, бошқаси Бруклин томонга — бепоён уммонга қараб чўзилган. Йилнинг ҳар вақтида бу ерда кучли шамол туради. Қорамтир томлар узра балиқчи қушлар чарх урадилар. Ҳаммаёқда баланд-баланд фабрика трубалари, қизил ғиштдан иборат “маъюс” бинолар, ёнилғи учун ҳайбатли думалоқ резервуарлар — қандайдир нохуш алғов-далғовлик, лекин бу тартибсизлик оҳанрабо кучидан ҳоли эмас: ё фавқулодда бадбурушлик, ё фожеавий театр ниқоби эътиборни шундайин тортади.
Бу ерда нефт ишлаб чиқариш, аниқроғи, тозалаш корхонасига асос солинган. Оддий иш кунлари шу ерда саноат деб аталадиган ғоят зўр манзара пайдо бўлади. Пристанга эндигина етиб келган ёки бутун дунё бандаргоҳларига сузиб кетишга тайёр улкан кемалар боғлаб қўйилган. Бош магистрал йўлдан жўнайдиган сон-саноқсиз темир йўллар адоғида бузилмас карвонлардек узундан-узун нефт тўлдирилган турнақатор цистерналар юкларини ўлканинг энг чекка-чеккаларига олиб кетиш учун ўз навбатларини кутиб ётибди. Турли кўриниш ва катталикдаги беадад бинолар муттасил равишда халқа-халқа тутун бурқситиб туради. Булутли кунда, қаёққа қарама, олов қизариб кўринади — оташнинг ўчмас шуъласи қора ва кулранг тусли бир хилликка қандайдир ваҳимали тус бағишлайди.
Бу бир парча ер, ҳар ҳолда, нафақат оғир инсон меҳнати-ла, балки хушманзаралиги билан ҳам диққатга моликдир. Мусаввир бу ерда минглаб ранглар жилоси, минглаб қора, кўкимтир, қизил, мовий рангларни топа олади. Манави трубалар қанчайин улкан — пастак, ер бағирлаган иморатлар устидан қад кўтариб турибди. Юз йиллар мобайнида тўп-тўп денгиз ўтларидан пайдо бўлган ботқоқликлар ҳамда нефт қуйқалари қалқиб турган кўлмаклар ўртасидаги тупроқ қорайиб кетган, ҳисобсиз бинолар деворлари ундан-да қоп-қора: ҳеч бир мусаввир бундай ранг ва туслар уйғунлиги олдида ўзини тийиб туролмайди. Уистлер булардан сурат солган бўларди. Вьерж ёки Шинн зулматнинг асл моҳиятини англаш ва тасвирлаш нима эканлигини кўрсатган бўларди. Агар бу ёққа таъсирчан одам бехос адашиб келиб қолса, ларзага келади, дили вайрон бўлиб, тушкун кайфиятда жуфтагини ростлаб қолади. Бу доимий ҳаракатдаги юксак зулмат салтанати эди-ю, шу билан бир қаторда кулранг ва қора нафис тусларда жилваланарди.
Аммо бу манзара қанчалик лол қолдирмасин, унинг ортидаги яширин, оғир ҳаёт янада ҳайратомуз. Бу ерда ишлайдиганларни — улар минг-минглаб — ўйлаб ўтирмасдан энг оддий кишилар дейиш мумкин. Албатта, улар ҳеч бир алоҳида истеъдод эгаси эмаслар, йўқса, бу ерда ишламасдилар. Улар сиртдан қараганда унча истарали эмасди, ташқи кўриниш одатда ботинни гавдалантиради холос, бу кишилар зоҳирида кўпинча ақли норасолик сезилиб қоларди. Аксарияти инглизчани бузиб талаффуз этадиган шведлар, поляклар, венгрлар, литваликлар; ҳаётлари оғир, ночор. Кимки тирикчиликнинг бир нави шароитига кўниккан бўлса, у ҳаёт ҳақида бир фикрда тўхталиб, изтиробга тушади. Улар завод ёнидаги ярим вайрон кулбаларда рўзғор тебратишади. Қўл учида кун кўраётганлари биргина Яратганга аён. Маошлари ҳам катта эмас (улар учун бир, бир ярим доллорнинг ўзи яхшигина ҳақ), кўплари оиласини, катта оиласини боқиши керак, негаки камбағал серфарзанд бўлади. Ҳамма ёқда кичкинагина қоронғи пештахталар ва ишчилар қиттай-қиттай қилгани тез-тез кириб ўтадиган жимитдай қовоқхоналар кўриниб туради. Ушбу пештахта ва қовоқхоналарга қараб беихтиёр ўйлайсанки, ҳеч бир одам, қанчалик қуйи поғонада бўлмасин, бунақанги шароитда яшамаслиги ва қачондир табиат бизга ато қилган олий заковатимиз бунга йўл қўймаслиги лозим. Шунга қарамасдан буларнинг бари кўз олдингизда.
Аммо чидаб бўлмайдиган жазирама ёзда ёки қаттиқ совуқда, қор-ёмғирда, табиат кучлари қутурганда бу харобалар қандайдир бадқовоқ дабдаба, мотамсаро ночорлик мисол тус олади — бундай манзара учун табиатга офарин дейиш мумкин! Улар шундай хўмрайганки, шундай маҳзун, ночорки. Рассомлар улардан суратлар, ёзувчилар китоблар, мусиқачилар янги товушлар яратишлари учун илҳом топа оладилар. Бу энг зим-зиё қиёфадаги ҳаёт.
Агар кулбалар яқинидаги заводда кетаётган ишни тасвирламасак манзара тўлиқ бўлмайди — ишки бир зайлдаги, ифлос, ҳаловатсиз, на онгга, на юракка бирон нима бера олади. Чунки бу ҳар куни такрорланадиган, бир қолипдаги жараён: бочкалар нефт билан тўлдирилади; кейин унга нефт тозалаш хоссасига эга муайян миқдордаги турли кимёвий моддалар қўшилади; нефтни у бочкадан бунисига оқизиш учун жўмраклар буралади ва ниҳоят, автомобиль ёки пароходга юкланадиган бочка ва бакларга тайёр маҳсулот қуйилади. Буларни ҳар қандай энциклопедиядан ўқиб билиб олишингиз мумкин. Мени бошқа томони қизиқтиради: бу ерда, юракни сиқадиган қоронғу туманда, қўланса ҳид ва буғ орасида Худонинг берган куни одамлар ишлашади. Бу на соғлиққа, на маънавий тараққиётга қулайлик туғдирадиган ярим қоронғулик, бадбўй, заҳарли газга тўлган бу ҳаво нима эканлигини тушуниш учун завод ҳовлисига кириб, хоҳлаган бинога тикилиш, ишчиларнинг ҳолдан тойган, оғир қадам ташлашларига боқишнинг ўзи кифоя.
Ҳамма ёқда фақат нефт, ҳар турли чиқиндилар ва кислоталарни кўрасан. Ҳар тарафдан қора, кўкимтир паға-паға тутунлар осмонга кўтарилади. Оёқ остидаги ер нефтга тўйинган, теваракдаги жамики нарсалар — цистерналар, юк машиналари, асбоб-ускуналар, бинолар ва албатта одамларга нефт сачраб, доғ бўлган. Нефтдан қочиб қутулолмайсан, гўё. Ҳавонинг ўзи ҳам тутун ва нефтга тўйинган.
Шундай шароитда ҳам минглаб одамлар ишлашади. Уларни эрталаб қўлларида нонушта солинган декча ёки сават билан ишга битта-битта қадам ташлаб кетаётганликларини кўриш мумкин: юзлари рангпар, заҳил; муттасил тутун ва зарарли буғдан баъзилари энтикиб-энтикиб йўталишади. Оқшом ортга қайтишади, тинмай йўталишади; кундузги машаққатли меҳнатдан сўнг кеч тушади, тунаш ҳам қоронғу расталар орасида, бошпана деб атолмайсан. Ўрниларига эса узун-қисқа бўлиб, бошқалар келишади. Ҳар тонг ва ҳар оқшом икки соат давомида ишга келиб-кетаётганлар оқими камида икки милга узун ичакдек чўзилади. Уларда на хурсандчилик, на тетиклик руҳини пайқайсан. Барчасини юзида бир зайлдаги, бир қолипдаги ишни бажаришга мажбур кишидагина пайдо бўладиган ифода қотиб қолган. Дарҳақиқат, бу юракни эзадиган кўриниш.
Шундай бўлса-да, мен бу меҳнатни мутлақо чидаб бўлмайдиган демасдим. “Тангрининг амрисиз тикан ҳам кирмайди”, — дейилади қадимий мақолда ва бу шубҳасиз, ҳақ гап. Тўғри, бу одамлар баъзи бир ҳиссиётга берилувчанларга ўхшаб унчалик зийрак ва таъсирчан эмаслар. “Атроф-муҳит” тушунчаси уларга нотаниш бўлиши мумкин. Аммо саломатликларига аниқ мана шу ишда путур етади, яшаш шароитлари ҳам жуда ёмон. Бунга юқори бўлмаган тараққиётни ёки камчилгина маошни рўкач қилиш тўғримикин? Албатта, бири иккинчисини тўлдириб туради. Ҳар қандай моддий ёки маънавий ёрдамни ишончсизлик билан қабул қилишган бўлишарди. Нима бўлганда ҳам ҳозиргача уларнинг аҳволини яхшилашга биров урингани йўқ. Уларга иш ҳақи тўлашади, бундан бошқа мадад ҳақида ҳеч ким ўйламайди ҳам.
Масалан, қорғич ва суюқлик ҳайдайдиган кубларни нефт чиқиндиларидан тозалайдиган бутун бошли ишчилар армиясининг тор қазноғи катта муҳандиснинг ҳужрасидан кейин тахталар билан ўралган. Ёруғлик кичкина эшик тирқишидан тушиб туради. Совун ҳам, сочиқ ҳам йўқ, фақат ёғоч тоғорага ўхшаш сув тўлдирилган узун тарнов. Тушда ва оқшомда ўз насибаларидан қуруқ қолмаслик учун уч юздан зиёд ишчилар кириб-чиқадиган қозонхона ҳам ҳавас қилгудек эмас. Кимлардир ишдан кейин чала-чулпа ювинишга киришади, бошқалари исқиртликларича цехдан чиқиб кетаверишади — барибир яхшилаб ювинолмайсан. Бу жуда кўп вақтни олади. Ишчилар учун тоза, шинам ошхона ёки айтайлик, уствошхона қуриш бировнинг хаёлига келмайди. Егуликни уйдан ўзлари билан олиб келишади.
Бироқ мен ёлланма меҳнатнинг мушкулотини аҳлоқ нуқтаи назаридан муҳокама этмоқчиман, мен фақат нефт саноати соҳаси қандай бўлса, шундайлигича тасвирламоқчиман. Агар қайғули томоша таъбингизга тўғри келса, ҳаво айнийдиган кун бу ерда яқин орада ўтмишга айланадиган, дунё оғишмай ўзгараётган бир пайтда, оғир, ҳузур-ҳаловатсиз меҳнатнинг тугал суратига гувоҳ бўласиз.
Бир томонда қўлларида ҳокимлик ва бойлик бўлган ўта хасис хўжайинлар; иккинчи томонда бу хасислик ва лоқайдликнинг итоатли қурбонлари; барининг боши узра тутун, газ, ҳар ёқда бадбўйлик сингиб кетган тош деворлар. Мабодо ёвуз душманингизни асфаласофилинга жўнатмоқчи бўлсангиз, одамлар шарпадек изғийдиган мана шу жирканч тош деворлардан ўзга муносибини ахтариб тополмайсиз. Табиатнинг бу ўгай фарзандлари қай даражадаги қолоқликда қолишларини тасаввур этиш мушкул.
Пастда – жаҳолат, онгсизлик, ҳиссизлик; юқорида, нефт концерни бош акционерлари данғиллама ҳовли, шахсий автомобил, суратлар коллекциясига эга. Бешинчи авенюнинг ҳашаматли саройлари, Нюпорт, Палм-Бичнинг қойилмақом курортлари юқоридагилар учун барпо этилган, санъат ва эркинлик ҳам улар учун; қоронғу завод цехлари, қоп-қора тутунлар, касалликлар, бадбўйлик, фақирона кулбалар пастдагилар учун яратилган. Бу олдиндан белгиланган ҳаёт қонуни эмас, деб ким айта олади? Буни ўзгартириб бўладими? Ким бунга қодир?

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси

 
Тун фарзанди. Жек Лондон PDF Босма E-mail
23.08.2013 04:02

Атрофни қоронғулик чулғаган бўлса-да, ҳаво дим эди. Бунақаси ҳатто Сан-Францискода ҳам камдан-кам бўлади. Эски Алта-Ино клубининг очиқ деразасидан кўчанинг ғовур-ғувури шундоққина қулоққа чалинади. Ичкарида порахўрликка қарши курашиш ва агар унга барҳам берилмаса, шаҳар жиноятчиларга тўлиши тўғрисида баҳс кетарди. Башариятнинг тубанликлари, хусуматлари, ахлоқий бузуқликларига ҳар турли мисоллар келтирилди. Охирида кимдир ўтган кунги воқеани ёдга олди ва ўша машъум куннинг тунида рингда ўлдирилган машҳур навқирон боксчи О’Брайен номини ҳеч ким тилдан қўймади. Бу исм ичкаридагиларни жонлантириб юборди. О’Брайен тўғрисўз, хушхулқ йигит эди. Ичмас, чекмас, сўкинмас ва ёш маъбудлар сингари кўркам эди. Ҳатто рингга ҳам ибодат китобчаси билан кўтариларди. Китобча кийимхонадан, палтосининг чўнтагидан чиқди… вафотидан сўнг.
У беғубор ва хушсурат, қайсики, одамни тарк этиб, ўрнида туйқус кексалик пайдо бўлганда уни беихтиёр ўзига ром этадиган ёшликнинг тимсоли эди. Бу кеча биз ушбу умрнинг баҳорига интилдикки, Орзу кела солиб, барчамизни дераза ортида ғазаб-ла шовқин солаётган шаҳардан олислардаги ўзининг салтанатига олиб кетди. Бардуэл бизга ўқиб бермоқчи бўлган Торонинг мисраларида бундай кайфиятнинг еллари бирмунча эсиб турарди. Лекин айнан у эмас, тақирбош, хўппасемиз Трифден кечамизнинг хаёлий қаҳрамони сифатида намоён бўлди. Аввалига унинг ҳикоясини эшитиб ўзимиздан, овқатдан сўнг неча стакан вискининг бошига етди экан, деб сўрадик, бироқ кейин бу ҳақида ўйламай ҳам қўйдик.
— Бу воқеа минг саккиз юз тўқсон саккизинчи йилда бўлганди, ўшанда ўттиз бешда эдим, — сўз бошлади Трифден. — Билиб турибман, хаёлларингизда чамалаб кўряпсизлар… нимаям дердим, ҳақиқатдан юз ўгиролмайсан — ҳозир қирқдан ўтдим, афти-ангоримга қараб эса ўн йил кўпроқ бериш мумкин. Шифокорлар ҳам айтишяптики… жин урсин, бу оқ халатлиларни!
У таги чуқурроқ стаканни оғзига олиб келиб, ҳовурини босиш учун аста симирди.
— Аммо мен ёш эдим… қачонлардир. Ҳа, ўн икки йил аввал сочларим сийқа эмас, қуюқ, ўзим эса бақувват, келишган, хипча эдим. Энг узун кун ҳам мен учун ғоят қисқа туюларди. Сен эслайсанку, Милнер, биз сен билан анчадан бери ош-қатиқмиз. Ўзинг айт, зап азамат эмасмидим?
Милнер бош силкиди. У Трифден каби тоғ муҳандиси бўлиб, Клондайкда ризқини териб юрарди.
— Сен ҳақсан, қария, — деди Милнер. — Ўша оқшом қандайдир мухбир танноз тўполон кўтарганида ўрмон кесувчиларни боплаб таъзирини берганинг сира ёдимдан кўтарилмайди. У пайтда Слэвин сафарда эди, — батафсилроқ тушунтирди бизга Милнер, — унинг иш бошқарувчиси ўзининг гумашталарини Трифденга рўбарў қилганди.
— Энди эса аҳволимга қаранглар, — деди аламнок Трифден. — Олтин васвасаси мени не кўйларга солди. Чўнтагимда неча миллионлар борлиги ёлғиз Яратганга аён, қалбим эса бўм-бўш, томирларимда бир томчи-да қайноқ қон оқмайди. Энди мен нақ медузаман — бир тоғора совуқ илвираган хамир… Вуй-й!
Унинг овози қалтираб кетди ва яна тасалли учун вискига талпинди.
— У вақтлар аёллар мендан кўз узишмасди. Ҳозиргача оила қурмаганим ғалати кўринади… Ҳаммаси ўша қизни деб… Айнан ўша ҳақда сўзлаб бермоқчиман. Мен уни оқ танлилар истиқомат қиладиган жами масканлардан минг мил — балки, унданда узоқроқдир — олисларда учратдим. У менга ҳозиргина Бардуэл ўқиб берган Торонинг мисраларидан — илоҳлар, ёруғ кунда дунёга келганлар ҳамда қора тунда туғилган малоикалардан парча келтирганди.
Булар Голстедга ўрнашиб олганимдан сўнг юз берди. Голстед сойи қанчалик олтин тўла ўра эканлиги хаёлимга ҳам келмаганди. Қоятоғдан Катта Бандикўл орқали шарққа “юриш” қилдим. Шимолда Қоятоғ нафақат тоғ тизмаси, балки ўтиб бўлмас чегара, девордир. Қадимда дарбадар овчилар бу тоғдан камдан-кам ўтишган, аммо бундай юраги бутунларнинг аксари йўлдаёқ бандаликни бажо келтиришарди. Шунинг учун ҳам бу машаққатли йўл ҳисобланар ва мен ушбу йўлни босиб ўтишга бел боғладим. Бундай жасурликдан ҳар ким фахрланса арзийди. Ҳозир ҳам ҳаётимдаги бошқалардан кўра шу ишимдан кўпроқ ғурурланаман.
Мен ўзга оламга тушиб қолгандим. Унинг бепоён кенгликларини ҳали биров текширмаган, бирор оқ танли одам оёғи тегмаган, ҳинду қабилалари эса бу ерларда ўн минг йиллар илгариги ибтидоий шароитда кун кўришарди… Негаки улар ўшанда ҳам ҳозиргидек оқ танлилар билан баъзи-баъзи ҳоллардагина савдо муносабатларига киришишарди. Вақти-вақти билан алоҳида ҳинду гуруҳлари шу мақсадда тоғдан ўтишарди. Лекин Гудзонов кўрфази Компанияларига ҳам манзилга етиб, бу жойларни эгаллаш насиб этмади.
Энди қизга қайтайлик. Мен агар Калифорнияда бўлганида дарё ҳисобланадиган, номсиз, бирорта харитага киритилмаган сой бўйлаб юқорига кўтарилдим. Кўз ўнгимда гоҳ баланд тош деворлар билан ўралган, гоҳ яланг хушманзара водий намоён бўлди. Яйловлардаги ўт-ўланлар одамбўйи чўзилган, майсазорлар гулларга бурканган, ҳар-ҳар ердаги қорақарағайларнинг шох-шаббалари тарвақайлаб кетганди. Елкаларига залворли юклар ортилган итларим батамом кучдан қолишди, панжалари қонталаш бўлиб кетди. Мен қандай бўлмасин ҳиндулар қўналғасини излашга тушдим. Улардан чана ва ит ҳайдовчиларни ёллаб, биринчи қор билан йўлда давом этиш умидида эдим.
Мени кузнинг охири бўлса-да бу ерларда гулларнинг очилиб тургани ҳайрон қолдирди. Чамаси, мен субарктик Американинг қаеридадир, Қоятоғдан юқорироқда тургандим, ҳақиқатда эса ҳаммаёқда бошдан-оёқ яшил гилам тўшалганди. Қачон бўлмасин бу ўлкаларда оқлар пайдо бўлади ва бу далаларга буғдой сепишади.
Ниҳоят, гулхан тутунига кўзим тушди, итларнинг акиллашини эшитдим — ҳиндуларники — ва қўноққа етиб бордим. Бу ерда тахминан, беш юзтача ҳинду бўлиб, гўштни сурлашга мўлжалланган устунлар сонидан кузги ов мавсуми омадли келганини тушундим. Худди шу ерда уни, Люсини учратдим. Уни шундай чақиришарди. Ҳиндулар билан фақат имо-ишора орқали гаплаша олдим. Мени улкан вигвамлар — гулхан ёниб турган тарафи очиқ чодирга бошладилар. Вигвам оловранг буғу терисидан эди. Ичкарида озодалик ва саранжомлик ҳукм сурарди. Бундай саришталикни ҳали биронта ҳинду чайласида кўрмагандим. Ётаржой янги кесилган қорақарағай шохларига тўшалганди: бир қучоқ мўйна устидан оппоқ парқувдан тайёрланган адёл солинганди. Бундайин адёлни биринчи кўришим эди. Унинг устида оёқларини чалиштирганча Люси ўтирарди. Қорачадан келган, ёнғоқранг. Уни қиз деб атадим. Йўқ, у аёл эди, шукуҳли, камолотга эришган буғдойранг амазонка. Кўзлари эса мовий эди. Ҳа, мана ўшанда мени нима сеҳрлаган: унинг кўзлари, кўм-кўк — нигоҳларида дарё мовийлиги-ю, само кўклиги қоришиб кетганди, гўё. Айниқса, уларда қуёш нурларига чўммаган қайноқ хушчақчақлик жилваланар, уларда чуқур инсонийлик билан бирга… қандай тушунтирсам экан… чексиз назокат бор эди. Тағин нимани айтсам экан? Бу мовий кўзларда донишманд-файласуф хотиржамлиги янглиғ оташин азобни ҳам, ғам-андуҳни ҳам, осудаликни ҳам ўқидим.
Бирдан Трифден ҳикоясини тўхтатди.
— Биродарларим, сизлар, балки, мени ортиқча ичиб қўйди, деб ўйлаётгандирсизлар. Асло. Бу кечликдан кейин бешинчиси. Мен мутлақо ҳушёрман ва тантанавор руҳдаман. Ахир, ҳозир мен билан ўтмишдаги бахтиёр ёшлигим гаплашяпти. Айни замондаги “қария Трифден” эмас, ёшлигим тасдиқламоқдаки, бу кўзлар бир пайтлар мен кўрган энг ажиб кўзлар эди: шундай хотиржам ва шу билан бир вақтда маъюс, доно ва синчков, кўҳна ва жўшқин, мамнун ва илтифотли. Йўқ, дўстларим, уларни тасвирлагани сўз тополмайман. Келинглар, яхшиси, у ҳақида гапириб бера қолай, ўзларинг тушуниб олаверасизлар…
Люси ўрнидан қўзғалмай, қўл узатди. “Ёт киши, — деди у, — сиз учун хурсандман”.
Қўпол шимоли-ғарб лаҳжасини биласизларми? Қай аҳволга тушганимни фараз қилаверинглар. Мен оқ танли аёл кишини учратдим, лекин унинг лаҳжаси… Дунёнинг нариги бурчагида оқ танли аёлга дуч келиш ажойиб, бироқ, Худо хайрингни бергур, унинг лаҳжаси кўнгилни ғаш қилар, қулоқни бузуқ оҳангдек батанг қиларди. Барибир аёл жозибали эди. Қулоқ солинг, ўзларинг амин бўласизлар.
У ишора берганди шу заҳотиёқ ҳамма чиқиб кетишди. Ҳиндулар унга қабила бошлиғига бўйсунгандай сўзсиз бош эгишарди. У эркак ҳиндуларга мен учун чодир тикишни ва итларимга ғамхўрлик қилишни буюрди. Буйруқ бажо келтирилди. Улар ҳатто мокасинимнинг боғичига ҳам қўл теккизишмади. Улар бу аёлда Итоат Этиш Керак Бўлган сардорни кўришарди. Бу ерлардан минг мил нарида ёввойилар қабиласини оқ танли аёл бошқармоқда, деган ўйдан ларзага келдим.
“Ёт киши, — деди у, — ўйлашимча, сиз бу водийга қадами етган илк оқ танлисиз. Ўтиринг, гурунглашамиз, кейин эса таомга. Қаёққа йўл олдингиз?”
Яна унинг талаффузи ғашимга тега бошлади. Бунга эътибор қилманглар. Ишонтириб айтаманки, парқув адёлга чўкиб, бу дилбар аёлга қулоқ берганча ўзим ҳам буни ўйламай қўйдим.
Бу водийда бир ҳафтача бўлдим. У ёқларда қолишни унинг ўзи таклиф этди. Ит, чана ва ҳайдовчиларни ваъда қилди. Унинг чодири бошқаларникидан алоҳида, дарёнинг юқори қирғоғида бўлиб, бир нечта ҳинду қизлар унинг хизматида эди. Биз у билан суҳбатлашардик, тинмай суҳбатлашардик, бу то биринчи қор тушиб, чана юргизишга имкон бўлмагунча давом этди. Люсининг айтишича, у чегарада туғилган экан, қашшоқ кўчманчилар оиласида. Биласизларми, уларнинг ҳаёти қанақа: меҳнат, меҳнат, боши-кети кўринмайдиган қора меҳнат…
“Мен оламнинг гўзаллигини пайқамасдим, — сўз бошлади Люси. — Бунга вақтим йўқ эди. Билардим, у ёнимда, кулбамиз атрофида, аммо нон пиширишим, супуриб-сидиришим, ҳар хил юмушларни бажаришим керак эди. Гоҳида ўлгудек эркинликни истардим, айниқса, баҳорда, қушлар навоси ақлдан оздираёзганда. Яйловларда оёқларим шабнамдан ивимагунча югургим, ўрмонга кириб, узоқ-узоқларга кетгим, довонга чиқиб, у ердан олисларга тикилгим келарди. Дараларда, кўллар бўйида санғишни, қундузлар, олачипор гулмоҳилар билан дўстлашишни, олмахонлар, қуёнлар, турли жониворлар орқасидан писиб бориб, уларни кузатишни, сир-асрорларидан воқиф бўлишни хоҳлардим. Менга шундай туюлардики, гарчи вақтим бўлганида ҳам майсалар устида ётиб, жонзотлар биз одамлар билмаган нарсалар ҳақида пичирлашаётганига қулоқ солган бўлардим”.
Трифден стаканини тўлдирмагунларича кутиб турди.
— Бир сафар эса шундай деганди:
“Мени ёввойи ҳайвонлардек ой нурида, юлдузлар ҳамроҳлигида тунлари дайдиш истаги қийнарди, зулматнинг муздек баҳмали баданимни эркалаши учун ортимга қарамай югургим келарди. Қайсидир оқшом, оғир, жазирама кундуздан сўнг — шу куни нимага қўл урмай, ишим юришмади — бутунлай ҳолдан тойдим. Отамга аҳён-аҳёнда тунлари сайр қилгим келаётганини билдирдим. У ажабланиб менга бақрайиб турди-да, икки дона хапдори берди ва жойимга ётиб, мириқиб ухлаб олишимни маслаҳат берди. Шундан буён ўз истакларимни бировга ишонмайман”.
Уларнинг хўжалиги оғир аҳволга тушиб, оила камбағалликка юз тутди ва улар Сиэтлга кўчиб ўтишди. У ерда Люси иш куни асрга татигулик ва меҳнати оғир, тинкани қуритадиган фабрикадан иш топди. Бир йил ўтиб, арзон ресторанга официант сифатида ишга кирди.
“Азалдан, — деди бир куни менга Люси, — хаёлпарастроқман. Лекин қозон-товоғу фабрика ва арзонгаров ресторанларда хаёлпарастликка ўрин бор деб ўйлайсизми?”
Ўн саккизга тўлганда Жунода ресторан очмоқчи бўлган кишига турмушга чиқди. У кишининг озроқ жамғармаси бўлиб, Люсига бойваччадек кўринганди. Люси уни севмасди — буни доимо таъкидларди — аммо қиз чарчаганди, машаққатли меҳнат жонига текканди. Бунинг устига Жуно Аляскада жойлашган. Люси бу мўжизавий ўлкага кўчиб ўтишга жон-дили билан рози бўлди. Бироқ умидлари саробга айланди. Эри арзон ресторан очди. Тез орада Люси унинг нима сабабдан уйланганини англаб етди: мақсад — текин хизматкорга эга бўлиш экан. Люси барча юмушларни — мижозларга хизмат кўрсатишдан тортиб идиш-товоқ ювишгача бир ўзи бажаришига тўғри келди. Қолаверса, кун бўйи жиз-биз қиларди. Шу тарзда тўрт йил яшади.
Ифлос қовоқхонага банди қилинган ва нақд тўрт йил мобайнида заҳмат чекишга мажбур бўлган бу ёввойи, ибтидоий сезгига мойил, озодликка ташна ўрмон мавжудотини кўз олдингизга келтираверинглар!
“Ҳаммаси шунчалар маънисиз эдики, — деди у. — Кимга керак бунақа ҳаёт? Мен нима учун дунёга келдим? Наҳот яшашнинг маъноси ишлаш, ишлаш ва яна ишлаш бўлса? Ётганингда ҳам чарчаган бўлсанг, уйгонганингда ҳам чарчоқни ҳис қилсанг, кунлар бир-бирига икки томчи сувдек ўхшаш бўлса, бундан нима наф?” Баъзи риёкорлардан мангу ҳаёт ҳақида эшитган бўлса ҳам ўзининг ердаги ҳаёти боқийликнинг гарови бўлишига ишонмасди.
Идеал ҳаёт орзуси уни тинч қўймасди. У бир қанча китобларни ўқиб чиққан бўлса-да — айнан қайсиларини, билмайман — “Денгиз бўйи кутубхонаси” туркумидаги романлар бўлса керак, улар ҳам орзуларини озиқлантирарди, холос.
“Гоҳида, — дерди Люси, — ошхонадаги дим ҳаводан бошим шундай айланардики, агар мусаффо ҳаводан бир сипқормасам, ҳушимдан кетаёзардим. Деразадан бошимни чиқариб, кўзимни юмардим ва тасаввуримда ажиб манзаралар пайдо бўларди. Шундай туюлардики, аста юриб кетяпман, атрофимда эса сукунат, озодалик: на чанг, на ғубор. Ўтлоқларда жилғалар шилдираб оқади, қўзичоқлар чопқиллаб юришибди, сабо гулларнинг муаттар ҳидини барчага улашаяпти, борлиқ қуёш нурларига чўмган. Сигирлар тиззабўйи сувга тушиб олишган, сойда қизлар чўмилишяпти, баданлари оппоқ, нафис. Хаёлимда Аркадиядаман. Бу ўлка ҳақида қайсидир китобда ўқигандим. Балки — орзу қилардим — йўлнинг муюлишида бирдан совутлари қуёшда ялтираётган от минган рицар ёки қордай оппоқ отда малика пешвоз чиқар. Нарироқда қандайдир қасрнинг миноралари гавдаланади. Ёки кейинги бурилишда нуқрадек оппоқ, фавворали афсонавий саройни кўраман деб, ўй сурардим… Кўзимни очгач эса ошхонанинг бўғиқ нафаси тағин юзимга урилар, Жейкнинг, эримнинг овозини эшитишга мажбур эдим: “Нўхотни нега сузмаяпсан? Кун бўйи кутиб ўтираманми?” Соҳир ўй-орзулар! Эҳтимол, маст арман-ошпаз жанжал кўтариб, ошхона пичоғини бўйнимга тираганда, мен эса темир ҳовонча билан бошига туширганимда, аммо ундан аввал қўлимни қизиб турган печда куйдириб олганимда уларга ҳаммадан кўра яқинроқ тургандирман.
Мен беҳаловат, қувноқ ҳаётни, чиройли буюмларни орзу қилардим… аммо хаёлимга тез-тез шундай фикр келардики, пешонамга бахт битилмаган, қисматим фақат пишир-куйдиру қозон-товоқ ювишдан иборат. Айни дамда Жунода айш-ишрат авжига чиққан. Бошқа аёллар ўзларини қандай тутаётганларини кўрдим, лекин уларнинг ҳаёт тарзи заррача бўлсада мени ўзига жалб эта олмади. Мен пок бўлишни истардим; билмадим, нима учун. Идиш-товоқ ювиб ўласанми ё анов аёллардекми — барибир эмасми?”
Трифден бир зумга оғзига талқон солиб олди, фикрини бир жойга тўпламоқчидай эди.
— Ҳа, мана қандай аёлни учратгандим: у ёввойи ҳиндулар қабиласининг сардори эди, бир неча минг квадрат мил территорияга эгалик қиларди. Бу осонгина амалга ошганди, гарчи унинг ўзига қозон-товоқлар ичида яшаб, шу ерда рихлатга кетишдек туюлса-да.

“Исён кўтариш соати етиб келганди. Ўша кунлари сўзлари ҳалигача ёдимда бўлган газета парчаси қўлимга бехос тушиб қолди”. У менга Торонинг “Инсон фарёди” китобидан парча келтирди:
“Ёш қарағайлар жўхоризорда йилдан-йилга бўй чўзади, бу мен учун қувонарли ҳол. Биз ҳиндуларни маданийлаштиришимиз лозим, деб айтамиз, лекин бу уларнинг ҳаётини ўнгламайди. Жанговор ҳамда мустақиллигича қолиб, ўрмонда танҳоликда кун кўраётган ҳинду ўзининг Худоси билан алоқани йўқотмади. Вақти-вақти билан онда-сонда учрайдиган, ўзига хос мулоқот — табиат-ла тиллашиш бахти унга насиб этади. Унга юлдузлар яқинроқ, бизнинг майхоналаримиз эса бегона. Қалбининг ўчмас нури хира кўринади, чунки у биздан олисларда. У кўзни қамаштирадиган, бироқ зарарли ва узоққа бормайдиган шам алангаси билан рақобатга киришган нурсиз, аммо ҳимматли юлдузлар ёғдусига монанд.
Қардошлик ороллари аҳолисининг кундуз ёруғида дунёга келган илоҳлари бўлган. Аммо улар тунда туғилган Худоларга нисбатан жуда қадимий эмас…”
Люси буларни сўзма-сўз айтди, жумлалар унинг оғзидан шукуҳли эшитиларди.
“Ана шунақа. Қолгани ертиб олинган экан, — қўшимча қилди Люси аччиқ алам билан. — Бу фақатгина газета парчаси эди, холос. Торо — буюк донишманд. У ҳақида кўпроқ билишни истардим”.
Люси жимиб қолди, онт ичаманки, бир дақиқадан сўнг: “Мен унга муносиб умр йўлдош бўлардим”, — деганида унинг юзи гўдакникидек беғубор эди.
Кейин, сўзида давом этди:
“Бу жумлаларни ўқиб бўлдиму менга нима бўлганини англаб етдим. Мен тун фарзанди эдим. Умрим бўйи кундуз болалари орасида бўлдим, аслида эса зулматга тегишли эдим. Мана, не боис бундай ҳаёт — қозон кавлаш, идиш-товоқ орасида ивирсиш кўнглимга ўтиришмайди, мана не боис ой шуъласи остида яланғоч бўлиб чопгим келади. Жунонинг ифлос майхоналари мен учун эмаслигини тушуниб етгандим. Ана шунда ўзимга-ўзим: “Бас, етар”, — дедим, афтодаҳол уст-бошимни ечиб, ташқарига чиқдим. Жейк тўхтатишга уринди.
— Нима қилмоқчисан?
— Ўрмонга кетаман, ўз маконимга.
— Ҳеч қаёққа кетмайсан, — елкамдан тутиб, ушлаб қолмоқчи бўлди. — Ошхонадаги ҳароратдан ақлингни йўқотибсан. Бирор кулфатга йўлиқмасингдан мени эшит.
Мени эса унга револьвер ўқталдим, кичкина колт-44 ва: “Мана менинг жавобим”, — дедимда жўнаб қолдим”.
Трифден стаканни бўшатиб, яна қуйишларини сўради.
— Биласизларми, кейин у нима қилди? У пайтда йигирма икки ёшда эди. Лаънати тўрт йилини ошхонада ўтказди, энди эса барча йўллар очиқ эди. Бу сафар ишратхонага бориб ўтирмади. Тўғридан-тўғри соҳилга. Менимча, Аляскада сув йўли билан саёҳат қилишни афзал кўришади. Айни шу дамда ҳиндулар қайиғи Дайига жўнаётганди — бундай нусхадаги қайиқни кўргансизлар, ёғочни ўйиб ясалади, энсиз, чуқур, узунасига олтмиш фут. Люси ҳиндуларга қўлидаги бор чақани узатиб, қайиққа ўтирди.
“Соҳир хаёлот? — деди у. — Соҳир хаёлот ижобати илк дақиқаларданоқ бошланди. Қайиқда мендан ташқари учта оила ҳам бор эди. Қимирлашнинг иложи бўлмасди. Оёқ тагида ит ва болакайлар ўралашишар, қайиқ олдинга силжиши учун ҳамма бирма-бир эшкак эшиши лозим эди. Икки томонимиз эса қорли тоғлар билан ўралган, улардан ҳам юксакроқда булутлар онда-сонда қуёшни яшириб туришади. Сукунатни айтмайсизми! Ҳайратомуз осойишталик! Ора-сира узоқ-узоқларга, дарахтлар орасидаги овчилар қароргоҳидан чиқаётган тутун юқорига ўрлайди. Бу саёҳат боғ сайрини эслатар, орзуларим ҳақиқатга айланишига кўз тика бошлагандим. Қандлайдир мўъжиза юз беришини кутардим ва бу чиндан-да рўёбга чиқди.
Оролдаги илк қўналғамиз, балиқ овлаётган шумтакалар, ҳиндулардан бири турган жойидаёқ пайкон отиб қулатган баҳайбат буғу! Ҳамма ёқ гулга бурканган, қирғоқдан нарироқда ўтлар одам бўйи, қалин, диркиллаб турибди. Бир қанча қизлар билан тепаликка чиқиб, маймунжон ва турфа хил илдизмевалар тердик, нордон, лекин хушхўр. Бир жойда мева билан қорин тўйғазаётган улкан айиққа йўлиқдик. У ҳуркиб кетиб, бўкирди ва бизга ўхшаб ура қочди. Гулхан атрофидаги ўйин-кулги, буғу гўштининг сўлагингни оқизадиган ҳиди! Ғаройиб! Ниҳоят мен ўз қондошларим билан бирга эдим, менинг жойим уларнинг орасида эди. Ўша оқшом уйқуга кетар эканман, чодирнинг бир четини кўтариб, виқорли тоғлар ортидан жилмайиб қараётган юлдузларга тикилдим, туннинг шивир-шивирига қулоқ солдим ва умримда илк бора ўзимни бахтиёр сездим. Эртага ҳам, унинг эртасига ҳам, умрбод шундай бўлиб қолишини билиб турардим. Ортга қайтмасликка қарор қилдим. Қайтмадим ҳам.
Хомхаёллар! Буларнинг нима эканлигини эртаси куни билдим. Биз энига ўн икки-ўн беш милдан кам бўлмаган дарёнинг ваҳимали ирмоғидан сузиб ўтишимиз керак эди. Ирмоқнинг ўртасига етганимизда довул кўтарилди. Тунни қирғоқда катта бўрибосар билан ёлғиз ўтказдим, негаки бирор кимса тирик қолмаганди”.
— Фараз қилинг, — деди Трифден ҳикоясини тўхтатиб, — қайиқ ағдарилиб чўкиб кетди. Ичидагиларнинг барчаси ҳалок бўлди. Биргина Люси итнинг думига илакишганча қирғоққа чиқиб жон сақлаб қолди. Кўзини очганда жимитдек қумлоқ саёзликда эди.
“Ҳайриятки, бу орол бўлиб чиқди, — деди у. — Мен ўрмон оралаб ичкарироққа юравердим. Кўрган одам ниманидир ахтаряпти, деб ўйлаши тайин эди. Аста қадам санайвердим. Ичимда қўрқувдан асар ҳам топилмасди. Ахир, мен тун фарзанди эдим. Ўрмоннинг ваҳимаси мени қўрқитолмасди. Оролга тушганимнинг иккинчи куни излаганимни топдим. Ўрмон ичидаги тор сўқмоқда ярим вайрона кулбага кўзим тушди. У анчадан бери ҳувиллаб ётган кўринарди. Том ўпирилиб тушганди. Каравот устидаги кўрпа-ёстиқ чириб битган, ўчоқ ёнидаги хум ва қозонни ис босиб кетгнанди. Энг қизиғи ҳали олдинда эди. Дарахтлар орасидан нима топганимни хаёлингизга ҳам келтиролмайсиз. У ерда қачонлардир дарахтга боғланган саккизта от скелети ётарди. Отлар, афтидан, очдан ўлган, улардан бир уюм суяк қолганди, холос. Ҳар бир отнинг белига хуржун ортилган экан, шекилли, суяклар орасида каноп қопчиқлар ивирсиб ётарди, бу қопчиқларда эса буғу терилилари, уларнинг ичида эса… сиз ўзингиз нима бор деб ўйлайсиз?”
Люси энгашиб қорақарағай новдалари тагидан тери хуржунни олди. Оғзини ечиб умримда кўрмаган бир дунё олтинни қўлимга тўкди: бу ерда катта миқдордаги олтин қум зарралари бор эди, рангидан софлиги ва бирон марта ювилмаганлиги билиниб турарди.
“Сен тоғ муҳандисиман дединг, — мурожаат қилди менга Люси, — бу юртни яхши биларкансан. Мана шу рангдаги олтин олинадиган бирорта сой номини айта оласанми?”
Мум тишлаб қолдим. Олтинга ҳеч қанақа кумуш аралаштирилмаган, тоза эди. Олтин сифатини Люсига айтдим.
“Тўппа-тўғри, — тасдиқлади, — мен бир унциясини ўн тўққиз доллардан пуллаяпман. Эльдорадо олтинларига ўн еттидан ортиқ беришмайди, асл баҳоси эса ўн саккизга яқин. Суяклар орасидан саккиз қоп олтин топдим, ҳар бирида юз эллик фунтдан !”
— Чорак миллион доллор! — ҳайқириб юбордим.
— Ўзимнинг хомчўтим бўйича ҳам шунча. Мана сизга хаёлот! Шунча йил молдек ишладим, озодликнинг таъмини татиб кўришим биланоқ — уч кун ичида бир дунё саргузашт! Бу олтинларни қўлга киритган одамларга нима бўлган экан? Мен тез-тез бу ҳақида бош қотирардим. Юк ортилган отларини дарахтга боғлаб, ер юзидан изсиз йўқолишган. Уларнинг қисмати нима билан тугаганини биров билмайди, шундай экан мен, тун фарзанди, ўзимни уларнинг ҳаққоний меросхўри хисоблайман”.
Трифден сигара тутатиб ўйга чўмди.
— Биласизларми, кейин у қандай йўл тутди? У ҳамма бойликни яширди, фақатгина ўттиз фунт олтинни чўнтагига жойлаб соҳилга қараб кетди. Соҳилга яқинроқ жойдан сузиб ўтаётган қайиқни тўхтатиб, Дайидаги Пэт Хили факториясига жўнади. Керакли аслаҳа-анжом сотиб олиб, Чилкут довонини ошиб ўтди. Бу минг саккиз юз саксон саккизинчи йили, Клондайк олтин кони очилмасидан саккиз йил аввал, Юкон соҳиллари ўлик саҳрога эврилмасидан илгари бўлганди. Люси ҳиндулардан ҳайиқарди, шундай бўлса-да кўлни сузиб ўтиб, қуйи Юконда биринчи учраган қўналға томон дарё бўйлаб пастга тушди. Бир неча йил саргардон юрди. Кейин эса биз учрашган жойга келиб ўрнашди. Бу жойлар унга ёқиб қолди. Ўзи айтганидек, бу масканда “водий юрагида тизза бўйи алвонранг гулсафсарлар орасида савлат тўкиб турган эркак буғу”ни кўрганди. У ҳиндулар орасида яшаб қолди, уларга табиблик қилди, ишончга кирди ва аста-секин уларга йўлбошчилик қила бошлади. Шундан бери фақат бир марта иссиқ ўрнини тарк этди: ёш ҳиндулар гуруҳи билан Чилкутдан ўтиб, яшириб қўйган олтинларини ковлаб олди-да маконига қайтди.
“Мана, шу ўлкада кунимни кўряпман, ёт киши, — ҳикоясини тамомлади Люси, — манави эса менинг энг бебаҳо хазинам”.
Люси бўйнига осиб олган буғу терисидан тикилган нишонсимон халтачани олиб, уни очди. Ичидан ёғ босган шойига ўралган, вақт ўтиб сарғайган, яғири чиқиб кетган, Торонинг жумлалари ёзилган газета парчасини чиқарди.
— Хўш, бахтлимисиз? Ҳаётингиздан мамнунмисиз? — сўрадим. — Чорак миллион доллар билан Штатларда ҳам ишламай яшашингиз мумкин. Сизга бу ерда кўп нарса етишмаса кераг-ов.
— Унчалик эмас, — жавоб берди Люси. — Мен Штатлардаги биронта аёл билан ўрин алмашмасдим. Менинг жойим шу ерда, ўзимга ўхшаганлар орасида. Тўғри, шундай дақиқалар бўладики, — унинг кўзларида юқорида айтилган надоматни кўрдим, — ёнимда Торо бўлишини астойдил хоҳлайман.
— Сабаб?
— Унга турмушга чиқиш учун. Бора-бора ўзимни ёлғиз ҳис қиляпман. Мен ҳам ожизаман, оддий аёлман. Бошқа тоифадаги аёллар, худди мен каби уйдан қочиб кетиб, ҳайратланарли жасурликлар кўрсатган, масалан, аскар ёки денгизчи бўлган аёллар тўғрисидаги миш-мишлар қулоғимга чалинган. Улар аломат аёллар. Улар эркакшода аёллар, чин маънодаги аёл кишида бўладиган эҳтиёжга муҳтож эмаслар. Улар муҳаббат ўтида ёнмайдилар, бола кўришни хоҳламайдилар. Мен бўлсам, айнан ушбу тоифаданман. Ўзингиз баҳо бериб кўринг, наҳот эркакка ўхшасам?
Мутлақо. У зиғирча бўлса-да эр кишига ўхшамасди. У тўлачадан келган, мовий кўз, дилбар, қорамағиз аёл эди.
— Наҳот мен аёл киши бўлмасам? Ҳа, мен ҳам бошқа аёлларга ўхшайман. Шуниси ғалатики, тун фарзанди бўла туриб, севгига келганда ўз-ўзимга ўхшамай қоляпман. Ўйлашимча, инсон доимо ўзи кабиларни севади. Менда ҳам шундай бўлди.
— Наҳот бирон … — оғиз очдим.
— Асло, — гапимни бўлди. Нигоҳларидан билдимки, ҳақиқатни гапираётганди. — Бир мартагина эр қилдим — энди уни хаёлларимда “Ҳўкиз” деб атайман. У ҳозир ҳам Жунодаги қовоқхонасида бўлса керак. Ўша ёқларга йўлингиз тушса, йўқлаб қўйинг. Унинг мен айтган лақабга қанчалик лойиқ эканлигига ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз.
Икки йил ўтиб “Ҳўкиз”ни излаб топдим. У чинданда Люси таърифлагандек экан. Боқибеғам, бақалоқ — ҳақиқий ҳўкиз. У аранг оёқ судраб, ўзининг емакхонасида мижозларига югириб-еларди.
— Ёнингизда суянч бўлгани аёл кишининг қўли етишмас экан, — дедим унга.
— Қачонлардир бўлган ҳам эди.
— Вафот этдими?
— Ҳа, вафот этди. У ҳар доим ошхонанинг бўғиқ ҳавоси сабаб ақлидан озишини такрорлайверарди. Шундай ҳам бўлди. Кунларнинг бирида менга револьвер ўқталди-да, сивашлар билан қайиқда қочиб кетди. Довул туриб, ҳаммаси сувга ғарқ бўлди.
Трифден яна стаканни тўлатиб, анчагача сукут сақлади.
— Хўш, аёлга нима бўлди? — эсга солди Милнер. — Энг қизиқ жойида тўхтаб қолдинг-ку. Кейин нима бўлди?
— Кейинми, — давом этди Трифден, — кейин ўзининг айтишича, бошқа ҳаммасида ёввойилигича қолган бўлса-да, турмуш ўртоғини ўз ирқидан бўлишини истарди. У менга рафиқа бўлишни хоҳлаётганини мулойимгина, рўйрост тушунтирди.
— Ёт киши, — деди у, — кўнглимдаги инсон бўлиб чиқдингиз. Модомики, кузда Қоятоғни ишғол этиб, бу ерларга қадам ранжида этибсизми, демак, бизнинг турмуш тарзимиз сизга маъқул экан. Қаранг, қандлай гўзал жойлар. Бундан яхшисини тополмайсан. Шу ерларда қолсангиз бўлмайдими? Мен садоқатли хотин бўламан.
У жавобимни кутарди. Тан олишим керакки, ичимда жон деб турардим. Мен ошиқ бўлиб қолгандим. Лек, кўриб турганингиздек, бўйдоқман. Ортимга ўгирилиб, айтишим мумкинки, Люси мени ўзига ром эта олган ягона аёл эди. Бироқ бўлиб ўтган воқеалар менга ўта бемаъни туюлди. Суюкли аёлим бор, дея жентльменлардек қулоғига лағмон илдим.
— У сени кутаяптими? — сўради Люси.
— Бўлмасамчи.
— Сени севадими?
— Севганда қандоқ.
Шу билан ҳаммаси тугади. Люси қайтиб бу мавзуга тўхталмади… фақат бир сафаргина… ичидаги тўфонни ушлаб туролмади.
— Биргина қош қоқсам бўлгани, — деди раҳнамо, — сен бир қадамга-да жойингдан жилолмайсан… Ҳа, бир оғиз сўзим кифоя — бу ерда умрбод қолиб кетасан. Йўқ. Мен бундай қилмайман. Агар сен хоҳламас экансан, сени ушлаб туролмайман. Менинг муҳаббатим ҳам сенга керак эмас экан.
Люси чодирдан чиқиб, йўлга отланишимга кўмаклашишларини амр этди.
— Жўнаб кетаётганинг юрагимга ўт соляпти, — деди у видолашаётиб. — Сени севиб қолдим. Агар фикрингни ўзгартирсанг, ёнимга қайт.
Мен уни ўпгим келарди, ахир, мен унинг ишқида ёнардим, бироқ юрагим бетламасди. Кейин, бунга қандай қарайди, билмайман. Унинг ўзи ёрдамга келди.
— Мендан бўса ол, — деди у, — бўса ол, кейин эслаб юриш учун.
Биз Қоятоғ этагидаги қорли водий бағрида оғиз-бурун уриштирдик. Люсини йўл четида қолдириб, итларим изидан чопиб кетдим. Довонни ишғол этиб, Катта Бандикўлдаги илк учраган постга етиб келгунимча бир ярим ой муддат керак бўлди.

Дераза ортидаги шаҳар олислардаги тўлқинлардек шовулларди. Официант найчали стакан келтирди. Жимжитликда Трифденнинг овози дафн қўнғироғидек ингради:
— Ўша ёқларда қолганимда яхши бўлармиди. Аҳволимга қаранглар.
Биз унинг оқ оралаган соқол-мўйловига, ялтирбошига, салқиган кўзларига, осилган лунжларига, бақбақаларига назар ташладик. Бу сийрат қачонлардир кучли, зуваласи пишиқ, собитқадам бўлган, эндиликда эса ниҳоятда зерикарли ва фаровон турмушдан мой боғлаган, ҳаётдан тўйган, шарти кетиб, парти қолган инсоннинг инъикоси эди.
— Ҳали ҳам кеч эмас, қария, — Бардуэлнинг товуши базўр эшитилди.
— Худо ҳаққи, қўрқоқлигимдан афсус чекаман! — Трифденнинг нидоси отилиб чиқди. — Унинг ёнига қайтсам бўларди. Ҳозир ҳам ўша ерда. Мен бел боғлаб, тоғу-тошларда у билан бошқача ҳаёт кечиришим мумкин эди… Бу масканларда қолиш — ўз жонига қасд қилиш билан баробар! Лекин аҳволимга разм солинглар: ўзим бор-йўғи қирқ еттида бўлсам-да мункиллаган чолдан фарқим қолмаган. Энг ёмони шундаки, — стаканни қўлига олиб, унга тикилди, — бундай тарзда ўз жонига суиқасд қилиш жасорат талаб қилмайди. Мен ўзбошимчалигимча қолдим. Олис сафар ўйидан этим жимирлайди; тонгги аёз, муз қоплаган чаналар даҳшатидан юрагим орқага тортади.
Одатдагидек стаканнинг пешонасини лабига олиб борди. Кейин бирдан ғазаб оловида стаканни полга уриб чилпарчин қиладигандек тараддудланди. Аммо ғазаб ўрнини аввалига иккиланиш, сўнг ўйчанлик эгаллади. Стакан боз кўтарилиб, лабга тегар-тегмас тош қотди. Трифден хириллаб, ҳасрат-ла жилмайди, бироқ сўзлари тантанавор янгради:
— Тун Фарзанди учун қадаҳ кўтарайлик! У чинакамига беназир аёл эди!

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси

 
Нодира (1792-1842) PDF Босма E-mail
20.03.2014 17:56

Нодира (тахаллуси; исми Моҳларойим) (1792, Андижон —1842, Қўқон) — шоира, маърифатпарвар ва давлат арбоби. «Комила» ва «Макнуна» тахаллуслари билан ҳам шеърлар ёзган. Отаси Андижон ҳокими Раҳмонқулбий — минг қабиласидан, Фарғона ҳукмдори Олимхоннинг тоғаси. Олимхон укаси Умархонга Марғилон ҳокимлигини беради ва уни 1807 йилда Нодирага уйлантиради. Нодира шу хонадонда шеър ёзишни машқ қилади, шоира Увайсий билан танишади, уни муаллима сифатида саройга таклиф этади. Нодиранинг турмуш йўлдоши Амир Умархон ҳам Амирий тахаллусида ижод қилган.
1822 йилда Умархон вафот этиб, унинг ўғли, 14 ёшли Муҳаммад Алихон (Маъдалихон) тахтга кўтарилди. Лекин давлатни, асосан, Нодиранинг ўзи идора қилди. У маданият ва санъатни ривожлантиришга интилди. Нодиранинг замондоши қози Абдунаби Хотифнинг тамомланмай қолган воқеабанд достонида Нодиранинг ҳаёти ва ижтимоий фаолияти ишонарли далиллар билан кўрсатиб берилган: «Асар ёзишдан мақсадим Нодиранинг оқила, фаҳмли, илм ва сўзнинг қадрига етадиган донишманд аёл эканлигини кўрсатишдир... Умархон вафотидан сўнг бу иффат садафининг инжуси кунларни ҳасрату фироқ билан шу тариқа ўтишини ношукурлик деб билди. У гулистондек Чаҳорчаман боғига бориб, Фарғона, Тошкент, Хўжанд, Андижон ва бошқа шаҳарлардан фозиллар, олимлар, хаттотлар, наққошларни ўз хизматига чақиртириб келди». Нодира бир неча китобларни кўчиртирди ва шоирларни янги-янги асарлар ёзишга ташвиқ қилди. Шоира девонларнинг чиройли ёзилиши, муқовасининг безатилишини ўзи шахсан кўздан кечириб турган. У яхши ишлаган котибларга тилла қалам, кумуш қаламдон бериб, уларни «Заррин қалам»лик мансабига кўтарган. Нодира бозор ва расталар, масжид ва мадрасалар, карвонсаройлар қурилишига эътибор берган. Гўристони калондаги Мадрасаи Чалпак, Тақагарлик растасидаги Моҳларойим мадрасасини бино эттирган.
Бухоро амири Насрулло 1842 йилда Қўқонга бостириб кириб, Маъдалихонни, укаси Султон Маҳмудхонни, 14 яшар ўғли Муҳаммад Аминхонни ва Нодирани фожиали равишда ўлдиради.
Нодиранинг адабий мероси ўз ғоявий-бадиий аҳамияти нуқтаи назаридан мумтоз шеъриятнинг гўзал намуналаридандир. Унинг тўла бўлмаган ўзбекча девони Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти фондида сақланади (инв.№ 4132). Девонга Нодиранинг 109 (ёки 1704 мисра) ғазали киритилган. Нодиранинг ўзи ёзган дебочада таржимаи ҳолига оид баъзи муҳим маълумотлар берилган. 19-асрда кўчирилган, ҳозир Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих музейи архивида сақланаётган девонда Нодиранинг «Комила» тахаллуси билан ёзган 19 (328 мисра) ғазали борлиги аниқланган. 1962 йилда Наманганда шоиранинг мукаммал девони топилди. Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейида сақланаётган (инв. № 313) бу девон шоиранинг меросини тўлиқ қамраб олган, дейиш мумкин. Бунда шоира ёзган дебоча мукаммал берилган. Девонда шоиранинг «Нодира» тахаллуси билан ёзган 180 шеъри жамланган (шулардан 136 таси ўзбек тилида, 44 таси тожик тилида). Жумладан, 11 мухаммас, 2 мусаддас, 1 мусамман, 1 таржиъбанд, 1 таркиббанд ва 1 фироқнома ҳам бор. Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти фондида Нодиранинг «Макнуна» тахаллуси билан ёзилган, 333 ғазалдан иборат бир девони мавжуд (инв. № 7766). Бугунги кунда биз Нодиранинг ўзбек ва форс-тожик тилларида яратган 10 минг мисрага яқин лирик меросига эгамиз.
Нодира шеъриятининг асосини лирика ташкил этади. Нодира муҳаббат, садоқат ва вафо куйчисидир. У гўзаллик ва садоқатни, Шарқ хотин-қизларининг дард-аламлари, оҳу фиғонларини куйлади. Шоира ўзини ишқ ойнаси деб атар экан, бу ойнада инсоннинг ҳаётга умид билан қараши, эзгу истаклари ва орзуси акс этган. У муҳаббат Аллоҳ томонидан инсонлар қалбига солинган мангу ёғду эканлигини куйлади:
Муҳаббатсиз киши одам эмасдур,
Гар одамсан, муҳаббат ихтиёр эт!
Нодиранинг муҳаббат тушунчаси чуқур ижтимоий мазмун касб этади. Муҳаббат шахсий туйғулар доирасидан юқори кўтарилиб, одамийликни чуқур идрок қилиш воситасига айлантирилади. Нодира инсоннинг энг юксак фазилати вафодорликда деб билади. Шоиранинг форс-тожик тилидаги мебош радифли ғазалида вафо мавзуи кенг доирада қаламга олинади.
Шоира ҳиммат, сабр, қаноат, номус, ҳаё каби хислатларни маърифат, яъни Худо васлига эришишни яқинлаштирувчи манзиллар сифатида қайд этади, одам ана шу шарафли хислатларни ўз руҳига мукаммал сингдириб олиши ва уни собитқадамлик билан кўнгил ганжинасида асрамоғини образли қилиб тасвирлайди. Одамзод шу сифатлардан маҳрум бўлар экан, у риё йўлига кириб кетади.
Нодира ўз ижодида дунёвийлик билан бир қаторда тасаввуфнинг нақшбандия йўналишига асосланган бир бутунлик орқали инсоннинг жамият ва табиатга муносабатини ҳам, илоҳий муҳаббат йўлидаги руҳий дунёсини ҳам жуда гўзал ва жонли мисраларда ифодалаб беради. Нодира шеърларида ислом руҳи, тасаввуф таълими ва ҳаёт фалсафасини чуқур идрок этган ҳолда ҳаётга ҳамма вақт умидбахш нигоҳ билан қарайди ва ундан яхшилик уруғини қидиради. Нодира саройда яшаса ҳам, ўзини маънавий жиҳатдан бахтиёр ҳисоблай олмас эди.
Шунинг учун ҳам у ғазалларидан бирида: «Мени салтанат маснадида кўриб, гумон этманг айшу фарогат билан», дейди.
Нодира олимлар, шоирлар, айниқса, шоираларни ўз ҳимоясига олган. Шоира ўз девонларининг «ҳамнишин олима афифалар, фозила ҳамсуҳбат шарифаларнинг маслаҳатлари ва ташаббусларига кўра жамлангани»ни ўзбекча девонига ёзган сўзбошисида қайд этиб ўтади.
Нодира мумтоз шеъриятнинг мавжуд ҳамма жанрларида қалам тебратди. Унинг ўзбекча ва форсийча-тожикча ғазаллари арузнинг турли вазнларида 5, 7, 9, 13, ҳатто 18 байтли ҳажмда яратилган. Шоира ғазалларининг асосий қисми 7—9 байтлидир. Нодира мумтоз адабиёт анъаналарини қунт ва ихлос билан давом эттирган. Навоий, Фузулий, Бедил ғазалларига мухаммаслар боғлаган. Нодира ўз ғазалларида кўпроқ «мукаррар» (сўзнинг такрорланиб келиши) ва «қўш мукаррар» усулларидан фойдаланган. Асарларида талмеҳ, мажоз, ташбеҳ, истиора, тазод, тадриж, ташхис, интоқ каби бадиий воситалар маҳорат билан қўлланган.
Нодира форс-тожик тилида ҳам гўзал, таъсирчан шеърлар ёзган. Улар ҳам мазмун ва бадиий маҳорат жиҳатдан ўзбек тилидаги ғазалларидек юксак даражада ёзилган бўлиб, шоира ижодини яна ҳам кенг ва тўлароқ ўрганишда муҳим роль ўйнайди.
Нодира ижодига бўлган қизиқиш шоира ҳаётлик давридаёқ бошланган. Машҳур шоира Дилшод (1800—1905) Нодирага махсус ғазаллар бағишлаб, уни «илм-адаб ва назм осмонининг юлдузи, ушшоқлари ғазалхони, шакар сочувчи булбул» деб таърифлайди. Нодира ғазалларига жуда кўп шоирлар назиралар ёзганлар, мухаммас боғлаганлар. Ўзбек адабиётида ва саҳнада Нодиранинг бадиий образи яратилди. Ҳ. Раззоқовнинг «Нодира», Туроб Тўланинг «Нодирабегим» мусиқали драмалари саҳналаштирилди. Комил Ёрматов ва М. Мелькумовларнинг сценарийси асосида «Нодирабегим» фильми яратилди. Шоира асарлари рус ва бошқа чет тилларга таржима қилинган. Faзаллари ўзбек мақомлари ва халқ куйларига солинган. Ўзбекистоннинг шаҳар ва қишлоқларида кўплаб кўчалар, кинотеатр, мактаб ва кутубхоналар Нодира номи билан юритилади.
Маҳбуба Қодирова.


ҒАЗАЛЛАР

Жилва кўрсатди чу ул сарви дилоро боғ аро,
Чашми қумри бўлди бир чашми тамошо боғ аро.

Сурмагун чашми назар солди гулистон аҳлина,
Ҳасратидин қолди наргис кўзи шаҳло боғ аро.

Орази гулгун ила қилди чаман сори хиром,
Гул яқосин чок айлаб бўлди расво боғ аро.

Сарви гулрухсорим ила базми ишрат деб баҳор,
Сарви бирла гулдин этди жоми мийно боғ аро.

Лола янглиғ доғ бўлди гул жамоли рашкдин,
Доғлиқ гуллардин ўлди сайри саҳро боғ аро.

Нахли қадди хижлатидин бўлди сув сарви равон.
Айлади фавворалар жорий саропо боғ аро.

Сайр учун қўйғай қадам деб сабзаи хобидадин,
Ҳар тараф бир фарши маҳмалдур муҳайё боғ аро

Кўрди ул сарви дилоро қомати мавзунини,
Сарв қаддин қилди қумрилар таманно боғ аро.

Сен бу кун хандонсан, эй гул, Нодира дилдорсиз,
йиғламоқдиндур булутлардек муҳайё боғ аро.

* * *

Сунма май, эй соқии даврон, манго
Ким, насиб ўлмиш азалдин қон манго.

Ёр жавридин шикоят қилмазам-
Ким, эрур бир важҳи истиҳсон манго.

Нола бир дилсўз ёримдур менинг,
Ҳамнишиндур дийдаи гирён манго.

Мушкил ишдур дарди ҳижрон кулфати,
Ё раб, ул мушкилни қил осон манго.

Дашту саҳроларни қилдим ихтиёр,
Бўлди Мажнун қиссаси бурҳон манго.

Оҳ, найлай ўтти даврони висол,
Бевафолиқ айлади даврон манго.

Мунтазирдурман ҳамиша Нодира,
Бир қиё боққайму деб жонон манго.

* * *

Соқиё, ҳажр давосини демишлар майи ноб,
Тутакўр майкадада қайғулуқ ошиққа шароб.

Ишқ дардиға гирифтор бўлубман, на қилай,
Зоҳидо, маига насиҳат била еткурма азоб.

Ёр лаълини фироқида хуморим ғолиб,
Бўлмади нашъаи саҳбо била кўнглум шодоб.

Бўлғай эрди қадаминг тупроғи бирла равшап,
Гар кўзум ҳалқалари бўлса самандингға рикоб.

Эгма қошингни хами бўлғоли эл саждагаҳи,
Каъба деворида ҳайрат ила қолмиш меҳроб.

Сархуш ўлғон каби хуноби жигардин ошиқ,
Нашъаи бода қилур ҳусн элидин рафъи ҳижоб

Ашки гулгуним эрур бодаи лаълинг асари,
Рухпарвардур анинг ройиҳаси мисли гулоб.

Букун ул моҳлиқо шўхи дилором қани,
Юзидин равшан эди дийдаи жони аҳбоб.

Мастлиғ бирла ғами ёр фаромуш ўлмас,
Нодира, бўлмади дардимни давоси майи ноб.

* * *

Таҳаммул ҳаддин ошти, эмди афғон этмасам бўлмас,
Улусни хотири жамъин паришон этмасам бўлмас.

Гирибон чок, бағрим порадур, бошимда юз савдо,
Бу ҳолат бирла азми кўйи жонон этмасам бўлмас.

Муҳаббат кўйида ночордур ошиққа ҳайронлиғ,
Таҳайюр кул қилиб ойина осмон этмасам бўлмас.

Ғараз ийди висолингдур кўнгулға, эй ҳилол абрў,
Юзингни ойиға жонимни қурбон этмасам бўлмас.

Бу оқшом солди зулмат олами ҳижрон қаро шоми,
Қилиб ёдингни ашкимдин чароғон этмасам бўлмас.

Мени ошиқ дебон тийри маломат ёғди бошимга,
Улусдин, Нодира, дардимни пинҳон этмасам бўлмас.

* * *

Кўзларим муштоқдур дийдор учун рухсора оч,
Пардани юздин, кўзим қилғунча бир наззора оч.

Пардаи нозу ҳаё хомуш лаълингдин кўтар,
Икки гул баргини бир-бирдан гаҳи гуфтора оч.

Бесутун тоғида кўп жон чекмағил, эй Кўҳкан,
Кўкрагимдин жўе шир ўрниға ўтлуғ ёра оч.

Эй кўнгул, дуди фиғонингдин кавокиб тийрадур,
Оҳ кўп чекма, ҳижоби собиту сайёра оч.

Шавқ комил бўлса, махлас кўчаси масдуд эмас,
Эй шарар, бир жазба бирла роҳи санги хора оч.

Мунча пинҳон доғким, эй жон, фалак қўйди санга,
Ёр агар келса гирибонингни айлаб пора, оч.

Нодира, оҳи дилу шўри жунун барпой қил,
Ушбу лашкар бирла олам мулкини якбора оч.

* * *

Агар бўлса кишини ёри фаррух,
Муборакдур юзи, дийдори фаррух.

Қани ул ёрдек ширин шамойил,
Жамоли дилкашу атвори фаррух.

Менинг ёрим парилар шоҳи эрди,
Лаби шаҳду шакар, гуфтори фаррух.

Ниҳоли қомати сарви хиромон,
Юзи гул, лаъли шаккарбори фуррух.

Эрур майхона файзи майманатлиғ,
Лабо-лаб соғари саршори фаррух.

Манга зоҳид юзидур номуборак,
Ва лекин жуббау дастори фаррух.

Бўлубдур Нодира мумтози маъний,
Каломи равшану ашъори фаррух.

* * *

Манга ул сарв қад пайғомин, эй боди сабо, келтур,
Ғубори мақдамидин кўзларимға тўтиё келтур.

Вафо қонунидин савту тараннум айла, эй мутриб,
Ба ёди дўстон ушшоқ базмида наво келтур.

Сабо сориға гар тушса гузоринг ногаҳ, эй ҳудҳуд,
Сулаймон сори Билқис кўйидин бир марҳабо келтур.

Бўлубдур рўзгорим шоми ғам дайжуридек тийра,
Манга, эй меҳри тобон, муждаи субҳи сафо келтур.

Эрур тожи мурассаъ боиси дарди сар, эй Мажнун,
Паришон мўйи сардин шонаи боли ҳумо келтур.

Кўнгул кўзгусини, эй Нодира, ишқ ичра равшан қил,
Муҳаббат доғидин ойинаи гетинамо келтур.

* * *

Жаҳон боғида, эй ҳуру паризод,
Хижилдур қоматингдин сарву шамшод.

Тағофул бирла қон тўкмак фанида,
Кўзинг шогирди шўху ғамза устод.

Хиромон келгил, эй сарви равоним,
Қадинг нахлини бисёр айладим ёд.

Мени ул ой висолидин айирдинг,
Алингдин, эй фалак, юз доду фарёд.

Манга ҳажр ичра, эй гардун, жафо қил-
Ки, бўлдим дарду ғам чекмакка мўътод.

Риёзат бирла кўнгилга сафо бер,
Бўлур ойина сайқал бирла фўлод.

Тилар нрлон кўнгул тандин фароғат,
Бу булбулни қафасдин айла озод.

Гар эрса Каъба таъмири муродинг,
Кўнгул вайронасини айла обод.

Фалак жаври била ул ой фироқи,
Манга, эй Нодира, бас мунча бедод.

* * *

Гулу лола мавсумида қани ёри дилнавозим,
Назаримдин ўлди ғойиб санами сухан тирозим.

Ҳама сайди орзудур бу жаҳон шикоргоҳе,
Нетайин қўлимдин учти бу маҳалда шоҳбозим.

Манга шамъ анжумандек на жунун эрур, на савдо,
Ки ёрутти ҳажр шоми кеча сўз ила гудозим.

Санга кўп эди муҳаббат, кам эди ғамингга тоқат,
Ки тамом бўлди ғорат талабингда кўпу озим.

Манга орзу висолинг, манга муддао хаёлинг,
Назаримдадур жамолинг ҳама ноздур ниёзим.

Мадад этса бахт шояд, яна бир юзингни кўрсам,
Қадамингни кўзга сурсам, карам этса корсозим.

Кима айтайин ғамимни на илож этай, на чора,
Санга етмади, дариғо, кўп эди кўнгулда розим.

Дедим ишқ жазбасидин санга Нодира каломе,
Ки, ҳақиқат иқтизодур ҳама нуктаи мажозим.

* * *

Фиғонким, гардиши даврон айирди шаҳсуворимдин,
Ғамим кўп, эй кўнгул, сен бехабарсен ҳоли зоримдин.

Ғуборим ишқ водийсида барбод ўлди андоғким,
Биёбонларда Мажнун тўтиё излар ғуборимдин.

Қизил қондур сиришким, заъфарондур чеҳраи зардим,
Мени ким кўрса фарқ этмас, хазон бирла баҳоримдин,

Бузулди рўзгорим, хонаи айшим хароб ўлди,
На роҳат кўргамен эмди бузулғон рўзгоримдин.

Биёбонларни излаб топмадим ёрим сўроғини,
Берурман жон, сабо ногаҳ хабар келтурса ёримдин.

Диёрим аҳли мендин ёрсиз бегона бўлмишлар,
Ки мен ҳам ёрсиз озурдамен ёру диёримдин.

Гаҳи йиртиб яқо, гаҳ қон ютуб, гоҳи фиғон эттим,
Налар ўтди бу ахшом, Нодира, жони фигоримдин.


МУХАММАС

Келғил, эй нола, санга оҳ ила имдод қилай,
Офият хирманини бир йўли барбод қилай,
Мен этиб нолани, тарки раҳи фарёд қилай,
Тобакай ҳажру фироқ офатидин дод қилай,
Эмди ўзни неча кун сабр ила мўътод қилай.

Манга гоҳе хабари моҳи тамомимни десанг,
Ёрға дарду ғами субҳ ила шомимни десанг,
Ул паривашқа дуо бирла саломимни десанг,
Ёр кўйида башартики паёмимни десанг,
Бу қафасдин сени, эй жон қуши, озод қилай.

Адлу инсофда Жамшид нажодим сен эдинг,
Фикру андиша, хаёлим била ёдим сен эдинг,
Рост айтай сабаби рушду рашодим сен эдинг,
Эй дилором, бу оламда муродим сен эдинг,
Айлаб оламни фаромуш, сени ёд қилай.

Яна бир мартаба ғам. шомида моҳимни кўруб,
Ҳажр дардини десам пушту паноҳимни кўруб,
Раҳми келгайму бу аҳволи табоҳимни кўруб,
Жаврларки манга чарх айлади, шоҳимни кўруб,
Бош яланг айлаб, инонини тутуб дод қилай.

Соқиё, ранжи хумор ўртади, келтур манга май,
Тўлдуруб неча қадаҳни тутакўр пайдар-пай,
Ҳажр дарди била ҳикмат йўлини қилдим тай,
Сабрдур дарди дилим чораси, йўқса, токай,
Нотавон жонима бедод уза бедод қилай.

* * *

Неча кунларки манга бор эди лутфу караминг,
Сурмаи чашми жаҳонбин эди гарди қадаминг.
Фарздур эмди манга тавфи дари муҳтараминг,
Боғлаб ихлос ила эҳроми ҳарими ҳараминг,
Ашкдин роҳилау хуни жигарзод қилай...

Сарву гул пийраҳани сен каби пайдо эрмас,
Сен каби сарв ила гул дилкашу зебо эрмас.
Бу чаман гуллари манзури тамэшо эрмас,
Кўзума қадду гозингдек чаманоро эрмас,
Неча андишаи сарву гулу шамшод қилай.

Васл базми аро жоми майи саршор қани,
Зулм ила мендин айирди фалаки сифла сани,
Порадур гул каби эгнимда жунун пираҳани,
Оташи дарду фироқу шарари ҳажр мани
Ўртади, қайси бирини санга бунёд қилай?

Кошки уйқуда бир кўрсам эди ёримни,
Йиғласам билгай эди ҳоли дили зоримни,
Дард аҳли ўқусун, Нодира, гуфторимни,
Ёзибон кўкда қуёш лавҳина ашъоримни
Насхи машқи қалами Монию Беҳзод қилай.


ТАРЖЕЪБАНД

ФИРОҚНОМА


Оҳ ким, беҳад манга жавру жафо айлар фалак,
Фурқат ичра қисматим дарду бало айлар фалак,
Ёрдин айру манго кўп можаро айлар фалак,
Ғам била гулдек юзумни каҳрабо айлар фалак,
Бевафодур оқибат кимга вафо айлар фалак,
Ҳасрату дарду аламга мубтало айлар фалак,
Ёрнинг албатта ёридин жудо айлар фалак,
Гул била булбулни бебаргу наво айлар фалак,
Ҳеч ким, ё раб, жаҳонда ёридин айрилмасун,
Жондин ортуқ меҳрибон дилдоридин айрилмасун.

Сабр қилсам ишқ дарди беқарор айлар мени,
Касби ҳуш этсам, жунун беихтиёр айлар мени,
Дам-бадам фарёдим элдин шармисор айлар мени,
Ҳажр доғи дардманду дилфигор айлар мени,
Ўйлаким, жаври фалак зору низор айлар мени,
Ёрсиз ҳижрон балосиға дучор айлар мени,
Чархи дун токай фироқ илгида зор айлар мени,
Оқибат бу дарду ғам мажнун шиор айлар мени,
Ҳеч ким, ё раб, жаҳонда ёридин айрилмасун,
Жондин ортуқ меҳрибон дилдоридин айрилмасун.

Ёрдин айру кўнгулдур тийрау ошуфта ҳол,
Офтобим неча кун бўлдики кўргузмас жамол,
Фурқат ичра бадри тобон заъфидин бўлди ҳилол,
Ғам юки охир алифдек қоматимни қилди дол,
Эй хуш ул соатки эрдим маҳрами базми висол,
Дарди ҳижрон ибтилосин айламас эрдим хаёл,
Ул замон эрди бу нуқсонлар манга айни камол,
Борди ул сарви равон, мён қблмиШам беҳушу лол,
Ҳечким, ё раб, жаҳонда ёридин айрилмасун,
Жондин ортуқ меҳрибон дилдоридин айрилмасун.

Қайдасен, ёрим, сўроғингда кўнгул оворадур,
Қечалар то субҳ ашким кавкаби сайёрадур,
Сарви қаддингга кўзум муштоқи бир наззародур,
Пира золи чархким ошиқкушу маккорадур,
Жаври зулмидин юракда бениҳоят ёрадур,
Эмдиким сабр айламакдин жайби тоқат порадур,
Йиғламай найлайки, ғам жонимни ўртаб борадур,
Чора топмай дардиға бу нотавон бечорадур,
Ҳечким, ё раб, жаҳонда ёридин айрилмасун,
Жондин ортиқ меҳрибон дилдоридин айрилмасун.

Нола қилдим, ёрнинг васли муяссар бўлмади,
Толеим раҳбарлиғ айлаб, бахт ёвар бўлмади.
Васл сори давлату иқбол раҳбар бўлмади,
Кўзларим меҳри жамолидин мунаввар бўлмади,
Манга ҳамдам бир кун ул хуршид манзар бўлмади,
Бир нафас дийдордин жон баҳрапарвар бўлмади,
Кимдир ул ким келди дунёға мукаддар бўлмади,
Ҳажр дардидин паришонҳолу абтар бўлмади,
Ҳечким, ё раб, жаҳонда ёридин айрилмасун,
Жондин ортиқ меҳрибон дилдоридин айрилмасун.

Эй муғанний, нағмасоз эт Нодира гуфгоридин,
Ким, келур бўйи вафо ушшоқ аро ашъоридин,
Риштаи жэнимға пайванд айла созинг торидин,
Қилмасунму нола, айрилди вафолиғ ёридин,
Тошни сув қилди таъсири фиғону зоридин,
Ногаҳон бир оҳ агар чекса дили афгоридин,
Чарх бунёдини хокистар қилур осоридин,
Бўлмасун маҳрум ошиқ ёрнинг дийдоридин,
Ҳечким, ё раб, жаҳонда ёридин айрилмасун,
Жондин ортиқ меҳрибон дилдоридин айрилмасун.

 
Амирий (1787-1822) PDF Босма E-mail
20.03.2014 17:56

Умархон, Амир Умархон, Амирий (1787— Қўқон — 1822) — Қўқон хони (1810—1822), зуллисонайн шоир. Норбўтабийнинг ўғли. Ўзбекларнинг минг уруғидан. Бошланғич саводини оилада чиқариб, кейин мадрасада таҳсил олган. Ёшлигидан сарой хизматига жалб қилинган: акаси — Қўқон хони Олимхоннинг давлатни бошқариш ишларида фаол иштирок этган. Олимхон 1807—08 йилларда унга Фарғона ҳокимлигини топширган. Шу йилларда у Андижон ҳокими Раҳмонқулибийнинг қизи Моҳларойим (Нодира)га уйланган.
Ҳоким табақалар Олимхоннинг Тошкентда кўтарилган ғалаённи бостириш учун қўшин тортганлигидан фойдаланиб, фитна уюштирадилар ва 1810 йили Умархонни хон қилиб кўтарадилар, Олимхон эса ўлдирилади. Умархон Қўқон хонлиги ҳудудини кенгайтириш, ҳокимиятни мустаҳкамлаш сиёсатини олиб боради. Бухоро амирига қарашли Туркистон шаҳри (1815), Ўратепани (1817) босиб олган. Сирдарё бўйидаги ерларда Янгиқўрғон, Жулек, Қамишқўрғон, Оқмачит, Қўшқўрғон номли ҳарбий истеҳкомлар қурдирган. Улар Ўрта Осиёни Россия билан боғлайдиган муҳим савдо йўлида жойлашган эди. У Россия билан дипломатик муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилган. Умархон даврида Қўқон, Тошкент, Туркистон, Чимкент, Сайрам, Авлиёотада масжид ва мадрасалар қурилиб, қабристонлар тартибга келтирилган. Шаҳрихон шаҳарчаси барпо этилган, янги қишлоқлар вужудга келган. Хон амалдорларининг талончилик сиёсатига қарши Чимкент ва Сайрамда кўтарилган қўзғолон бостирилган. 19-асрнинг 1-ярмида Қўқонда ўзига хос илмий-маданий муҳит вужудга келган — унинг бошида турган маърифатпарвар ҳукмдор Умархон илм, маданият, санъат, адабиёт, турли касб-ҳунарларнинг ривожига катта эътибор берган, мадрасаларда ўқиш-ўқитиш ишларини яхшилаган, турли ҳунар мактаблари очилишини қўллаб-қувватлаган. Ўзи ҳам Амирий тахаллуси билан шеърлар ёзган. Унинг атрофида 70 дан ортиқ шоир йиғилган. 1821 йилда Фазлий Намангоний Умархон амрига биноан, 63 шоирнинг шеърини ўз ичига олган «Мажмуаи шоирон» тўпламини тузган. Уни улуғлаб қасидалар ёзиш, ғазалларига татаббуълар боғлаш бу шоирлар ижодида етакчи ўрин тутган.
Умархон Лутфий, Жомий, Навоий, Фузулий, Бедилни ўзига устоз санаб, улардан ижод сирларини ўрганган, уларга эргашиб ижод қилган, ғазалларига мухаммаслар боғлаган. Арузнинг туркий адабиётда машҳур, халқ ижодида ҳам кенг тарқалган енгил ва ўйноқи вазнларидагина ёзилган бу шеърларнинг барчаси ишқу муҳаббат мавзуида. Уларда анъанавий мотивлар ва тасаввуфий руҳ устун. Ўзбек ва форстожик тилидаги шеърларини тўплаб, девон тартиб берган. Девон ғазал, мухаммас, мусаддас, туюқ жанрларидаги 10 минг мисрадан ортиқ шеърни ўз ичига олган.
Ўзбекистон Фанлар Академияси Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейининг матншунослик ва ёзма ёдгорликларни нашр этиш бўлимининг илмий ходимлари томонидан Умархоннинг турли даврларда кўчирилган 26 та қўлёзма девони ҳисобга олиниб, уларнинг илмий тавсифи берилган. Бу қўлёзмалар Санкт-Петербург, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро кутубхоналарида сақланади. Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Умархоннинг 17 та қўлёзма девони мавжуд. Бундан ташқари, литографик усудда чоп этилган девонлари ва шоир шеърларидан намуналар берилган баёзлар бор.

* * *

Нега арбоби хирад аҳли жунундан ори бор?
Ким булар урён аларнинг жуббайи дастори бор.*

Гул юзунг олида зоҳир қилди шабнамдин арақ,
Ғунча хомушу лабингни гавҳари гуфтори бор.

Бўлма маҳзун боғбон,боғингга кирмас маҳвашим,
Сарвдур қадди ани, рухсоридин гулзори бор.

Соқиё, май бирла бир соат мени шодон қил,
Нотавон кўнглумни ҳижрон дардидан озори бор.

Эй кўнгул, динингни пинҳон асра ишқ атворида,
Қошини ҳар бир хамида кўз деган айёри бор.

Кўҳкан Ширинга ошиқ бўлди, Мажнун Лайлига,
Ким муҳаббат шаҳрида ҳар кимсани бир ёри бор.

Риштайи зулфини бўйнумда кўруб таън айламанг,
Бир бираҳман бут йўлида бўйнида зуннори бор.

Ёр ишқидин парилар эътироз айлар магар,
Ҳар бирини бўйнида таъвиз ила туммори бор.

Дилраболар ичра яктолиққа машҳур ўлса, лек
Кўйида мен телба янглиғ бениҳоят зори бор.

Эй пари, бир кун бузуқ кулбам сари қилғил хиром,
Ҳеч агар йўқтур замони сояйи девори бор.

Не сабабдин ўлмасун обод кўнглум кишвари,
Ишқ шоҳидек Амири маъдилат осори бор.

* Ушбу ғазал Амирий ва Нодира томонидан мушоира тарзида,яъни унинг биринчи мисраси Амирий, иккинчиси Нодира томонидан ёзилган.

* * *

Бўлди то табдин ҳарифи лаъли жононим анор,
Гул қилур хуни жигардин хори мижгоним анор.

Ҳусн боғи мевасига ёр ноз айлаб деди:
Лабларим анжирдур,себи занахдоним анор.

Боғ гул бирла анориға агар ноз айласа,
Ёр айтур: Оразим - гул, лаъли хандоним - анор.

Лаблари шафтолусиға зормен,эй боғбон,
Тўкмасун беҳуда истиғно била қоним анор.

Шарбатим қондур агар топсанг ул ой базмиға бор,
Лаъли хандониға еткур арзим, эй жоним, анор.

Ёралиғ кўнглумни кўз ёшида қилдим парвариш,
Ким эрур бу боғ аро мақбули султоним, анор.

Себи ғабғаблар фироқида биҳидек сарғориб,
Қон ютарменким эмастур боби дандоним анор.

Кўз,лабинг унноби ҳижронида йиғларким, тўкар
Қатра-қарта қон ёшимдин жайбу домоним анор.

Оразинг раммонини бу бўг аро истар, Амир,
Муддаодур анго,эй сарви хиромоним, анор.

* * *

Оҳким,ёр менга ёр ўлмас,
Ғами ўлтурдию ғамхор ўлмас.

Не бало нозу тағофилдур анго,
Куйдим ишқида - хабардор бўлмас.

Булҳавас ишқ рамузин на билур,
Бехирад маҳрами асрор ўлмас.

Зулфи бирла на талошур сунбул,
Ҳар хашак нофаи тотор ўлмас.

Оразин кўр хатидин ўлма малул,
Қайси гулдурки анга хор ўлмас.

Ишқ вайронасидур турфа мақом,
Анда ҳаргиз дару девор ўлмас.

Кулмангизлар мени расволиғима,
Телбада нанг била ор ўлмас.

Нигорондур кўзум ойина мисол,
Нега шойистайи дийдор ўлмас.

Ошиқ ўлдум,нега сендин ёшурай,
Бегуноҳ мўжиби инкор ўлмас.

Бу жамолу бу латофат бирла,
Кимдур ул сенга гирифтор ўмас.

Қайси кундурки юзунг ҳасратидин
Кўзларим ашк ила саршор ўлмас.

Хатидин шиква на ҳожат, эй кўз,
Қайси ойинада зангор ўлмас.

На билур ишқни кайфиятини,
Яхшиларфъа киши ҳамроз ўлмас.

Ҳар кўнгул ишқдин огоҳ эрмас,
Ҳар садафда дури шаҳвор ўлмас.

Гавҳари назм баҳосиздур, Амир,
Анга ҳар сифла харидор олмас.

* * *

Жаҳон,жоно,жамолингга тасаддуқ,
Дилу жин,хатти холингга тасаддуқ.

Чаманда сарву шамшоду санавбар,
Эрур мавзун ниҳолингга тасаддуқ.

Лабинг сарчашмайи оби бақодур,
Хизт хатти зулолингга тасаддуқ.

Тутарман тан аро жонни кироми,
Бўлур бир кун нисорингга тасаддуқ.

Қолиб эрди вужудимдин хаёли,
Ани қилдим хаёлингга тасаддуқ.

Лабинг ҳажрида заҳри ғам ютармен,
Ҳаловат ёди болингга тасаддуқ.

Эрурсан ҳусн мулкини Амири,
Жаҳон жоҳу жалолингга тасаддуқ.

* * *

Қошингға текузмағил қаламни,
Бу хат била бузмағил рақамни.

Бутхоналар ичра ҳеч тарсо,
Бир кўрмади сен киби санамни.

Ошиқларингга тараҳҳум этгил,
Кўп айлама жавр ила ситамни.

Нақши қадаминг муяссар ўлса,
Найлай бу жаҳонда жоми Жамни.

Кўнглум қуши тойири ҳариминг,
Сайд этма кабутари ҳарамни.

То беватан ўлмасун кўнгуллар,
Зулфунгдин аюрма печу хамни.

Лаълинг ғамидин кўзум тўкар қон,
Беҳуда кечурмагил бу дамни.

Йўлунгда ғубори роҳ бўлдум,
Бошимға етурмадим қадамни.

Сен ёрдин ўзга кимга дермен,
Кўнглумдаги дард ила аламни.

Бир коса шароби арғувоний,
Помол қилур ҳужуми ғамни.

Иқлими вафо Амиридурсен,
Эй шоҳ,бу гадоға қил карамни.

* * *

Висолингга кўнгул муштоқ эди, эй ёр, хуш келдинг,
Кўзум нурини равшан айладинг бисёр, хуш келдинг.

Хуморим заъфидин бетоб эдим, базм ичра, эй соқий,
Хиромон шишайи соғар тутуб саршор, хуш келдинг.

Кўнгул боғида ҳар ён доғи оҳим сарв ила гулдур,
Бу гулшан сайриға,эй сарви гулрухсор, хуш келдинг.

Бу шаклу бу шамойил бирла базми ноз ора кирдинг,
Сиҳи қадларни қилдинг сояйи девор, хуш келдинг.

Хазин муштоқларға ёри фирдавс хаёлидин,
Етурдинг муждае товуси хушрафтор, хуш келдинг.

Кеча кулбамға пинҳон келди ул маҳваш, Амир айди:
Бу лутфу марҳаматни билмасун ағёр, хуш келдинг!


АЛИШEР НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ул бути ширин лиқо ҳар нечаким ёд айламас,
Ишқ тоғида мен этган ишни Фарҳод айламас,
Хаста кўнглум бу жафолардин нечук дод айламас,
Йўқ дамеким,фурқати жонимға бедод айламас,
Ғайрни шод этгали кўнглумни ношод айламас.

Ул парирўким,эрур ноз офаринлар сарвари,
Боқмади ҳаргиз тараҳҳум бирла ошиқлар сари,
Ҳасрату андуҳ бирла бордим ўзлукдан нари,
Ўлмакимни билмайин гўё дер эрмиш ул пари,
Ким неча кундурким,ул девона фарёд айламас.

Бор эди кўнглумға зулфу оразидин тобу таб,
Шому ҳижрон ичра ёндим шамъи муҳфилдек тутаб,
Пайкарим ўлди ўкуш,ўқ заҳмидин жавшан лақаб,
Солди кўнглум ўтиға пайконларин ҳижрон, ажаб,
Ким менинг қатлимға боштин тиғи пўлод айламас.

Баски элға фош этар оҳим ўти, жонон ғами,
Бу жиҳатдин қолмади кўксум аро пинҳон ғами,
Ҳеч кимнинг бошиға келтурмади даврон ғами,
Улча бағримға қилур ғам нешидин ҳижрон ғами,
Тоғнинг бағриға метин бирла Фарҳод айламас.

Экга жонондин,Амиро,қилма изҳори ғаме,
Ишқ асрорини арз этмакка йўқтур маҳраме,
Ҳасрат ўтидин кўнгулга йўқ исиқроқ ҳамдаме,
Эй Навоий,бўлма онинг ёдидин ғофил даме,
Сен ким ўлдунг дегаликим,мени ул ёд айламас.


ЛУТФИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Неча дард изҳор этсам,ул санамдин чора йўқ,
Не учун қон тўкмасун ул кўзки намдин чора йўқ,
Ранж ила муътод ўланларға ситамдин чора йўқ,
Ишқ тушса ҳар кўнгулға дарду ғамдин чора йўқ,
Етса чун ништар жароҳатға аламдин чора йўқ.

Солди зулфи ораз ила кўксум ичра тобу таб,
Ўртади маҳзун кўнгулни шамъи муҳфилдек тутаб,
Ғунча янглиғ қон ўлуб бир амр мавҳуми тилаб,
Эй вужуд,ул тор офъиздин ҳеч бўлсан,не ажаб,
Ушбу йўлда юруғанларга адамдин чора йўқ.

Чун ниҳон эттинг сочингдин,оразинг,эй маҳжабин,
Бу адо бирла ёшурдинг куфр шоми ичра дин,
Талх этти айшими бахтим қаро,кўнглум ҳазин,
Бир тутуб зулфингни юз минг заҳр топтим зулмидин,
Оре-ореким,йилон тутқонға самдин чора йўқ.

Баски йўқ ушшоқ хайли ичра мен янглиғ ғаюр,
Гар Амир ўлсам муҳаббат кишвари ичра бўлур,
Қилмағил маъюс айлаб нотавонлардин нуфур,
Эшикингдин қавлама,бу Лутфийнинг журмин кечур,
Ким бу боб ичра каримларға карамдин чора йўқ.


ЗАЛИЛИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ғамингдин,эй пари рухсора,жони нотавоним бор,
Қилурға ранг ҳижронинг қиличин қатра қоним бор,
Фироқинг боғида булбул киби минг достоним бор,
Юзунгни кўрмагач,эй гулузорим,юз фиғоним бор,
Жаҳон боғида истарман сени то танда жоним бор.

Тутошди ишқ ўти кўнглум аро тадбир этолмайман,
Гули сероби рухсоринг анга тасвир этолмайман,
Муҳаббат шарҳини жон ўртанур таҳрир этолмайман,
Жунун мактубини мазмунини тақрир этолмайман,
Эшитгон халқ йиғлар шўлайи тиғ забоним бор.

Қадам урган муҳаббат кўйига афсона бўлмасму?
Парилар бирла суҳбат айлагон девона бўлмасму?
Ғами ёр истагон ағёрдин бегона бўлмасму?
Жунун шаҳри саросар,оқибат вайрона бўлмасму?
Кўзум ёши чу дарё ҳар тараф оби равоним бор.

Парирўлар юзини моҳ дерман,айб қилманглар,
Сиҳи қадлар ғамидин оҳ дерман, айб қилманглар,
Ҳарими дилни байтуллоҳ дерман, айб қилманглар,
Кўнгулни пойи тахти шоҳ дерман, айб қилманглар,
Вужудим шаҳрида лашкаркаши соҳибқироним бор.

Амиро,менга ўхшаб ғамда муътод ўлмағил ҳаргиз,
Асири жилвайи ул сарви озод ўлмағил ҳаргиз,
Мени маҳзун топиб,эй ишқ,жаллод ўлмағил ҳаргиз,
Йиқилди деб Залилийни адув шод ўлмағил ҳаргиз,
Мададкорим мени султон Ситуқи Буғрохоним бор.


ТУЮҚЛАР

1

Оразинг гулзори жаннат боғидур,
Тори зулфунг жон қушини боғидур,
Ҳалқайи зуннор зулфунг даврида
Кофири ишқ ўлмоғонлар боғидур.

2

Бодасиз бетобмен бу кеча мен,
Лаълинг истаб эмди жондин кечамен,
Соҳили мақсадға етгайманму деб,
Кўз ёшим дарёсида сув кечамен.

3

Бенавомен ёр кўзу қошидин,
Телба кўнглум келмас они қошидин,
Кофиру мўмин анинг ҳайронидур,
Куфр изҳор этти зулфу қошидин.

4

Ул пари жонимға ўтлар ёқадур,
Куйгоним кўнглиға яхши ёқадур,
Ишқида ҳар ён тушуб жайбимға чок,
Телбамен пийроҳаним беёқадур.

 


57 дан 63 сахифа