Шляпадаги сариёғ. Марк Твен PDF Босма E-mail
28.10.2013 16:28

Қиш оқшомларидан бири эди. Қишлоқ мағозаси мудири дўконини бекитмоқчи бўлди. Деразаларни ёпаётиб ичкарида юрган одамга кўзи тушди. У шкафдан бир фунтча сариёғ олдида, шляпасига солди. «Бир боплайки, ўғирлик қилганига пушаймон бўлсин», дея аҳд қилди мудир.
— Ҳа, Сет?— деди у эшикни очиб.
Сет эшик тутқичини ушлаб, ташқарига чиқишга шайланиб турарди.
— Қани, мундоқ ўтир-чи, борасан-да уйингга. Шундай совуқда иссиқ хонага не етсин.
Сет нима қилишини билмай қолди. Жуфтакни ростламоқчи бўлганди, мудир елкасидан тутиб, печка ёнига — ёғ солинган бўчкалар орасига ўтқизиб қўйди.
— Хў-ўш, энди дўконни озгина иситамиз,— деди у ва печканинг эшикчасини очиб, тараша қалади.— Яхшилаб исиниб олмасанг, совқотиб қоласан.
Сет ногоҳ ёғнинг эриётганини сезиб, ўрнидан ирғиб турди.
— Ҳали исиганинг йўқ, Сет,— деди мудир бепарво.— Ўтир, гурунг қиламиз.
— Вух, жуда исиб кетдим...
— Ўтир бундай, шошилиб қаёққа борасан.
— Молларга қарашим... Ем солишим керак, ахир!..
— Шошма, Сет, молларга бошқалар қарар. Бечора Сет! У нима қилишини билмасди. Сариёғ
эриб, кўз ва юзларига оқиб туша бошлади. Мудир эса ҳеч нарса кўрмагандек гап сотар, печкага тараша тиқарди.
— Ажойиб оқшом бўлди-да!..— деди у.— Сет, нега шляпангни ечмайсан? Исиб кетибсан-ку. Ке, шляпангни илиб қўяй.
— Йў-ўқ!— дея қичқириб юборди Сет.— Йўқ! Мен кетишим керак! Мени чиқариб юборинг. Мазам қочяп-ти... Кетай, ахир!..
Ёғ боёқишнинг бўйнига етиб келган, ҳатто туфлиси ичига сизиб тушмоқда эди. У бамисоли ёғ тўлғизилган тоғорада чўмиларди.
— Нима дердим,— деди мудир истеҳзоли жилма-йиб,— кетмоқчи бўлсанг, майли, рухсат.
Сет ўрнидан тургач, қўшимча қилди:
— Сет, хафа бўлма, озгина эрмак қилдим-вақтичоғлик учун. Шу боис сендан ёғ пули олмайман. Хайр. Кеп-тур.
Хато ўхшатиш
Дўстим иккимиз Нуй-Йорк яқинидаги Саломанка бекатига сал кечикиб етиб келдик. Бекат саҳнида йўлов-чилар ғуж-ғуж, одамга лиқ тўла поездга чиқиб олиш учун елиб-югуришарди.
«Мендек машҳур ёзувчини ҳам шундай қисишадими одамлар», дея ўйлаб, кассага зўрға яқинлашдим. Чип-тафуруш йигитдан хос вагонга иккита чипта сўрадим. У: «Чипта йўқ», деб, туйнукни қарсиллатиб ёпди. Қўярмидим, бекат бошлиғини топиб, ундан хос вагондан жой олиб беришни илтимос қилдим.
— Жой йўқ! Мени безовта қилманг!—У орқасига ўгирилди. Бу қилиғи каминага оғир ботди.
— Мен билан бу оҳангда гаплашишларига сабаб шуки,— дедим дўстимга ўзимни оқламоқчи бўлиб,— улар мени танишмаяпти. Танимасни эса сийламас дейдилар. Агар Марк Твенлигимни билишганида...
— Тушингни сувга айт,— деди дўстим гапимни бўлиб.— Ўйлайсанки, агар улар кимлигингни билишса, поезддан сенга йўқ жойни топиб беришади.
Дўстимнинг сўзлари ўлганнинг устига тепган бўлди. Яна ўша бошлиқ ҳузурига кирдим ва ўзимни таништирдим:
— Мен — Марк Твен...
— Сизга айтдим-ку,— дея гапимни бўлди у,— бошқа безовта қилманг!
Бошлиқ яна орқасига ўтирилди. Нажот кутиб атрофга қарадим ва бир ҳаммол мени кузатиб турганини сездим. У вагон оғасининг қулоғига нимадир деб шивирларди. Вагон оғаси ҳовлиқиб менга яқинлашди.
— Яхшимисиз? — деди у такаллуф билан.
— Поездга чиқмоқчимисиз?
— Ҳа,— дедим хурсанд бўлиб.— Лекин жой масаласи...
— Э, у масала ҳам, ўзиям зўридан. Том, буёққа кел,— дея ҳаммолни чақирди у.
— Бу кишининг жомадонларини бизнинг вагонга олиб бор. Қани, кетдик.
Том бизни хос бўлмага жойлаштириб, деди:
— Агар хизмат бўлса, бемалол.
— Хў-ўш, чироқ хира экан, шуни бошқасига алмаштирсанг,— дедим.
— Бир оғиз сўзингиз,— деди ҳаммол таъзим билан. Ҳаммол чиқиб кетгач, мен ҳамроҳимга ғўдайдим:
— Хўш, дўстим, энди нима дейсан? Менинг Марк Твенлигимни билгач, уларнинг муомаласи ўзгардими, а? Марк Твеннинг обрўйини кўриб қўй!
Шундай дейишим билан бўлма эшиги олдида ҳаммол пайдо бўлди.
— Биласизми,— деди у ялтоқланиб,— кўчадаёқ кў-зимга иссиқ кўрингандингиз, жаноб Маккеллан.
— Ҳм...— дедим ерга қараб.
Ҳаммол каминанинг қўлидан тангани олди-да, кўздан ғойиб бўлди.
— У сени Нью-Йорк ҳокими жаноб Маккеллан деб ўйлади, шекилли,— деди дўстим қотиб-қотиб кулар-кан.— «Кўчадаёқ кўзимга иссиқ кўрингандингиз, жаноб Маккеллан». Хо-хо-хо!..

Ўроқ Равшанов таржимаси

 
Комил Хоразмий (1825-1899) PDF Босма E-mail
20.03.2014 18:03

Комил Хоразмий (тахаллуси; асл исми Пақлавон Муҳаммадниёз Абдулла Охунд ўғли) (1825 — Хива — 1899) — ўзбек шоири, хаттот, мусиқашунос, таржимон ва давлат арбоби. Жаҳон маданиятининг Хоразмдаги илк тарғиботчиларидан бири. Хива мадрасасида ўқиган. Араб ва форс тилларини мукаммал билган. Шарқ адабиёти намояндалари ижодини, мумтоз мусиқани, хаттотлик сирларини қунт билан ўрганган. 25—30 ёшларида шоир сифатида танилган. Огаҳий унинг номини ўзининг «Гулшани давлат» китобига киритган. Хива хони Сайд Муҳаммадхон саройида котиблик қилган. Муҳаммад Раҳим II уни мирзабошилик вазифасига кўтарган. Россия билан Хива хонлиги ўртасида имзоланган сулҳ шартномаси (Гандимиён шартномаси) Комил Хоразмий қўли билан ёзилган (1873). Сўнгра саройда девонбеги (1873—80), мирзабоши лавозимларида ишлаган (1880 йилдан). Хоразмда биринчи бўлиб босмахона ташқил этган (1880—81).
Комил Хоразмий Шарқ мумтоз мусиқаси, хусусан, мақомчилик анъаналарини ривожлантиришга ҳомийлик қилган, ўзбек куйларини ёзиб олиш учун «Танбур чизиғи» деб аталувчи нота тизимини жорий этган. Бу ўзига хос нотада «Рост» мақомининг бош қисмини ёзган. Ўғли Мирзо Муҳаммадрасул отаси бошлаган ишни давом эттириб, Хоразм «Шашмақом»ининг қолган ашула ва чолғу йўлларини тўла нотага олган. «Рост» мақомига боғланган «Мураббаи Комил» ва «Пешрави Ферўз» куйларининг нотаси бизгача етиб келган. Комил Хоразмий Москва ва Петербург шаҳарларига 2 марта сафар қилган (1873, 1883). 1891, 1896— 97 йилларда эса Тошкентга келиб, бу ердаги маданий янгиликлар ҳақидаги «Дар баёни таъриф ва тавсиф Тошканд» («Тошкент таърифи ва тавсифи баёнида») қасидасини битган. Бу қасида ўзбек адабиётида ижтимоий тараққиётни акс эттирган дастлабки йирик шеърий асарлардан бўлиб, унда янги, замонавий маданият улуғланади.
Комил Хоразмий Шарқ мумтоз шоирлари анъаналари руҳида лирик шеърлар ёзган, девон тузган. Бу девонда 8000 мисрадан ортиқ шеър бўлиб, улар ғазал, мурабба, мухаммас, мусаддас, маснавий, рубоий, қасида, муаммо каби жанрларда ёзилган. Уларда чин инсоний фазилатлар улуғланган, жаҳолат қораланган, ишқ-муҳаббат тараннум этилган. Комил Хоразмийнинг деярли барча жанрдаги асарларида ижтимоий танқидга кенг ўрин берилган, айрим мисралари афоризм даражасига кўтарилган («Фалак зулми бир ёну, бир ён алар...» ва б.). Шайх Сулаймон Бухорий ўзининг машҳур «Луғоти чиғатойи ва турки усмоний» («Чиғатойча ва усмоний туркча луғат») асарида Комил Хоразмийнинг ижодидан ўринли фойдаланган ва Хоразм шевасидаги кўпчилик сўзларнинг маъносини унинг шеърлари орқали изоҳлаб берган. Комил Хоразмий 1865 йилда Бархурдор бин Маҳмуд туркман Фароҳийнмнг (адабий тахаллуси Мумтоз) «Маҳбуб ул-қулуб» (бу асар айрим манбаларда «Маҳфилоро» — «Мажлисга зийнат берувчи» деб ҳам юритилади) ҳамда 1869—70 йилларда Фахриддин Али Сайфийнинг «Латой-иф ат-тавойиф» («Турли тоифаларнинг латифалари») асарларини форс тилидан ўзбек тилига таржима қилган. Алишер Навоий «Хамса»сининг биринчи Хоразм тошбосма нашрига сўзбоши ёзган. Комил Хоразмий девони қўлёзмалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланади (инв. №1849, 1025). М.Юнусов, F.Каримов, А.Ҳайитметов, ва бошқа олимлар Комил Хоразмий ижодини тадқиқ этганлар.


«ЛАТОИФ-УЗ-ЗАРОИФ»ДАН


Бир ота ва ўғулни бир ҳоким қошиға келтурдиларким, таёқ урғайлар. Аввал отосин ётқузуб юз таёқ урғойлар. У ҳеч сўзламоди. Андин сўнг ўғлини ётқузиб бир таёқ уруб эрдиларким, ота доду фарёд қила бошлади. Ҳаким деди:
— Сен юз таёқ единг, ҳеч бир даминг чиқмоди, ўғлунгга бир таёқ урганда нечун нола қилурсан?
Ул деди:
— Ул таёқким танимга тегди, таҳаммул қилдум. Энди жигаримга теккан эрди, чидай олмадум.

* * *

Бир камбағал олим киши фақир бўлгани учун бир бахил бойни эшикига борибдурким:
— Мен, сиз садақа бермоқчисиз, деб эшитдим. Мен ғоят даража муҳтож ва мустаҳиқдурман,— дедн. Бахил бой баҳоналар қилиб дедиким:
— Мен садақамни кўрларга берурман, деб аҳд қилиб эрдим. Сен эрсанг кўр эмассан.
Олим деди:
— Ғалат қилибдурсан, кўр ҳақиқий мандурманким, махлуқотга ризқ берувчи зотдан юз ўгуриб, сенингдек бахилнинг ёнига келибдурман.
Бу сўзни айтиб олим қайтиб кетди. Олимнинг сўзи бахилга бағоят таъсир қилиб, изидан югурди. Олим қабул этмади.

* * *

Бир табибни кўрдиларким, ҳар вақт гўристондан ўтса ридосини бошига солуб ёпуниб ўтар эрди. Анинг сабабин сўрадилар. Табиб дедиким!
— Бу гўристонда ётғон ўлуклардин уялурман. Чунки ҳар бири мени доримни еб ва менинг шарбатимдин ичиб ўлгандурлар.

* * *

Бир кун шоир Анварий Балх бозоридин ўтуб борур эрди. Кўрдиким, халойиқлар ҳалқа қурмишлар. Ўртада бир киши туриб Анварийнинг қасидаларидан ўз отиға ўқур эрди. Халойиқ анга таҳсин ва офарин қилур эрдилар. Анварий дебдур:
— Бу кимнинг ашъоридурким, ўқурсан?
Ул дебдур:
— Анварийнинг ашъоридур.
— Анварийни танурмисан?
Ул деди:
— Не айтурсан, Анварий мендурман.
Анварий кулиб дебдур:
— Шеър ўғрисин эшутиб эрдим, шоирнинг ўғрисин кўрмамиш эрдим.

* * *

Келтирибдурки, Абу Айюб Мансур халифанинг яқин ва ҳамсуҳбатларидан эрди. Аммо ҳар вақт Мансур ани чақирса, ранги сарғайиб, баданлариға ларза тушар эрди. Бир кун бир маҳрам жоеда анга дедиким:
— Сен халифанинг яқин ва ҳамсуҳбатларидансан. Не учун сени ҳар вақт чақирса қўл-оёғинг бўшашиб, ўзингни йўқотиб қўюрсан. Абу Айюб ул маҳрам жавобида дедиким:
— Бир қарчиғай бир хўроздин сўрдиким, сен ёшликдан одамларнинг уйида бўлурсан. Улар санга ўз қўллари билан дон ва сув берурлар, санинг учун уйларида жой солурлар. Аммо ҳар вақт сени тутар бўлсалар не учун ғавғо қилиб, фарёд билан ул уйдин бул уйга, ул ўчоқдин бу ўчоқға қочарсан. Мен эсам бир ваҳший қушдирман. Улуғ тоғларда кезарман. Қачон мени тутиб келтирсалар, қўлларида ором олурман, мени овға юборсалар ҳеч ғавғо ва можаро қилмай парвозга чиқиб, айланиб, яна қайтиб келурман. Хўроз дедиким:
— О қарчиғай қуш, ҳеч жойда кўрдингми ёки эшитдингми, бир қушни сихга тортиб, ўтга қўйиб, кабоб қилганликларини. Қуш йўқ, деди. Хўроз дедиким:
— Мен бу хонадонда бўлганимдан бери юз хўрозни кўрдим: бошини узиб, қанотларини юлиб қррнини ёруб, сихға тортиб, кабоб қилиб, ейдилар. Менинг фарёдимнинг сабаби шудир.

* * *

Абдулфазл билан Умайт Рукнуддавланинг вазири эрди. Уғли Абдулфатҳни Абул Ҳусайн Аҳмад бинни Форис деган муаллимға топширди. Абул Ҳусайн эса ўз замонининг фасоҳатли тенгсиз адибларидан эрди. Абдулфатҳ ўқишда тамбаллик қилар эрди. Муаллим Абул Ҳусайн отаси Абдулфазлга ёздиким:
«Ўғлингиз Абдулфатҳнинг ўқишдаги ҳаракати чумолининг бош бармоғидан ҳам камроқ ва пашшанинг гарданидан калтароқдур».

* * *

Бир кеча Ҳажжож дедиким:
— Кўринглар, зиндонда бирор фазилатлиқ киши бормукин? Агар бўлса, мен анинг билан суҳбатлашурман.
Зиндондан қидириб бир фозил кишини топиб келтурдилар... Ҳажжож андин сўрдиким:
— Сен нима сабабдин зиндонға тушдинг?
Фозил дедиким:
— Манинг амакимнинг бир ўғли бор эрди. Чун ноҳақ қон тўкиб қочиб кетди. Анинг ўрниға мани тутиб зиндонға солдилар.
Ҳажжож дедиким:
— Шоирнинг бир сўзи борки, рост айтибдур. Амакингнинг ўғли гуноҳ қилди. Сен анинг ўрниға мубтало бўлдинг. Албатта мард киши амакисининг ёмон ахлоқли ўғли сабабидин гирифтор бўлғусидир. Ҳажжож шоирнинг шу сўзини ўқигач, ул адиб дедиким:
— Тангри шоирдин ростгўйроқдур. Чунки тангри буюради: «Қиши иккинчи бир кишининг гуноҳи учун тутилмасин». Ҳажжож бу сўзни эшитгач унга минг тилло бериб озод қилиб юборди.

* * *

Халифалардан бири вазириға дедиким;
— Қайда эрдинг?
Ул деди:
— Сенинг учун кўшк бино қилур эрдим. Халифа ани жавобидин ҳайрон бўлди. Чунки анинг жавобида ишорат бор эрди. Шундайки, халифа Фиръавн ҳукмида бўлиб қолди. Халифа:
— Эй Ҳомон,— деб чақиргани учун вазири ҳам унга муносиб жавоб берди. Чунки Ҳомон Фиръавннинг вазири эрди.

* * *

Бир кун девон котибларидин бири Ҳажжожнинг қошиға келиб, баъзи эҳтиёжини арз қилиб чиқиб кетди. Ҳажжожнинг олдида доимо бирга турадиган ва унинг кулдирадиган Мабра деган надими бор эди. У дедиким!
— Одамларнинг энг ёмони девонхона котибларидур.
Шунда Ҳажжож айтдиким:
— Нима учун сен котибларни шикоят қилурсан. Ҳолбуки тангри, «киромун котибин», деб ёд қилубдур, сен тангрининг каломига қарши сўз айтурсан. Агар сен эски ҳамсуҳбатларимдан бўлмасанг эрди сенга сиёсат қилур эрдим. Мабра:
— Эй халифа, мен девон котибларини айтурман, осмондаги фаришталарни айтмадим ва аларни шикоят қилмадим,— деди.
Ҳажжож кулиб, анинг жавобига минг дирам инъом этди.

* * *

Бир подшоҳ надимга дедиким:
— Бу шаҳарнинг аблаҳларининг отини рўйхат қилгин.
Надим:
— Ҳар кимнинг отини ёзсам ғазаб қилмаслигингга шарт қиласанми,— деди. Подшоҳ қабул қилди. Надим энг аввал гюдшоҳнинг отини ёзди. Подшоҳ деди:
— Аблаҳликни менга исбот қил. Агар исбот қилолмасанг сенга сиёсат қилурман,— деди. Надим дедиким:
— Юз минг тиллонинг ҳужжатини фалон навкарға бериб, буюрдингким, фалон мамлакатга бориб шул тиллони нақд қилиб, олиб келсанг, дединг. Ҳолбуки мен ўша навкарни яхши танийман. Ани бизнинг мамлакатда на фарзанди бор. Ҳеч бир нарсаси йўқ бир кишидур. Агар ул ўша важҳни қўлиға киргизса бошқа бир вилоятға бориб, тирикчилик қилур. Анга сенинг ҳукминг ҳеч бир ўтмайди. Шул ҳолда сен анинг устида не иш кўрурсан.
Подшоҳ дедиким:
— Агар ул мандин юз ўгурмай у тиллони нақд олиб келса, сен на дерсан,—деди. Надим:
— Агар, ул олиб келса, аблаҳлик дафтаридан подшоҳнинг отини қириб ташлаб, ўрниға анинг отини ёзиб қўюрман, деди.

* * *

Бир кун Искандар Доро билан урушиш муносабати билан ўз аскарларини кўздан кечирди. Уша кўрик куни шамол ва чақмоқдек тезликда учиб юрадиган бир отға минган эрди. Шул вақтда навкарларидин бири бир ориқ ва чўлоқ отга миниб подшоҳ олдидин ўтди. Подшоҳ ғазаб билан ани отдан тушишга буюрди. Шул вақтда навкар кулиб юборди. Искандар чақириб, кулганлигини сабабини сўрабди, ул дедиким:
— Сенинг ғазаб ва қаҳрингдан кулгум келди. Чунки сен учар бир отға миниб туриб, мен эсам юролмай тўхтаб қоладиган отга минибдурман. Яна шундай бўла туриб менга ғазаб қилурсан. Искандарға анинг сўзи маъқул тушиб, они аскарбошиларидан қилибдур.

* * *

Бир кун Амру Лайс аскарларини кўздан кечирар эрди. Аскарларидан бири кўрдики, бири ориқ от минибдур. Амру Лайс қаҳрланиб деди:
— Менинг аскарларимга тангрининг лаънати бўлсинким, ҳар вақт танга ва тиллоларни уларға берурман ва таъминотлариға сарф қилурман, улар эса хотунларини семиртириб, ўз минадиган отлариға қарамай, ориқ ҳолда сақлайдилар. Ул аскар деди:
— Эй амир, тангри ҳақида, агар ҳақиқат қилсанг, уйдаги хотинимиз бу отимиздан ҳам ориқроқдир.
Бу сўздан Амру Лайс кулуб, анго ўн минг тилло инъом қилуб вазифасини ошурди.

* * *

Аскарлардан бири ҳар вақт ҳаммомга борса, ҳаммомдан чиқар вақтида ҳаммомчиға туҳмат қилур эрдиким:
— Менинг фалон нарсам йўқ, ани топиб бергил ёки тавон бергил, деб шу тариқада даъво қилиб, ғавғо қилиб, ҳаммомнинг сартарош ва ходмиларин ҳақларини бермай кетар эрди. Қисқаси, барча ҳаммомчилар ани таниб, ҳеч бир ҳаммомға киргазмадилар. Охири ноилож бўлуб, бир ҳаммомға бориб, аҳд қилдиким, энди ҳаммомчи, сартарош ва ходмиларнинг ҳақини бериб, туҳмат қилмайман, деган сўзига кўпчилик гувоҳлик берди. Сўнгра ҳаммомга кирди. Ҳаммомчи бир кишига буюрди:
— Аскарни ҳамма кийимларини яшириб қўйинг. Аммо камар билан қилични яширмай жойига қўй,—деди. Ул аскар ҳаммомдан чиқди. Кўрдиким, барча либослари йўқдур. Бу тўғрида ҳеч бир дам уролмади. Чунки гувоҳлар ҳозир эрдилар. Аскар нима қилишини билмай зарурият юзасидан яланғоч белига камар билан қиличини боғлаб ҳаммомчини олдига келиб дедиким:
— Мен ўзим сизга ҳеч бир сўз айтолмасман, аммо инсоф ўзингизга берсинким, мен ҳаммомга келган вақтимда шу сурат билан келиб эрдимми?
Ҳаммомчи ва ҳозир турган кишилар кулишиб, кийимларини бериб, энди ҳар ҳафта бир мартаба ҳақ тўламай ҳаммомға тушиб кетишга ризолик бердилар.

* * *

Бир аскарнинг бир чиройлик хотини бор эрди. Анинг оти «Ҳур» эрди. У бир кун урушдан юз ўгириб қочди. Анга дедиларким:
— Эй номард, қайтғил! Агар бир кофирни ўлдирсанг, ғозий бўлурсан. Ва агар кофир сени ўлдирса, шаҳид бўлиб, қиёматда ҳурлар хизматингда бўлур.
Ул дедиким:
— Менинг бу дунёда ҳурим бордир. Бошқа ҳур учун ўзимга ўлимни раво кўрмайман.

* * *

Ҳажжожга жамъе одам хуруж қилди. Ул жамъедан бир хотунни Ҳажжож қошиға келтурдилар. Ҳажжож анго ғазаб қила бошладн ва итоб билан сўзлади. У хотун бошини тубан солиб, ҳеч бир сўзламади. Ҳозир бўлган одамлардан бири деди:
— Амир сенга сўзлайдур, нега индамайсан?—деди.
Хотун дедиким:
— Мен тангри назар қилмаган кишига назар қилиб, сўзлагани уяламан.
Ҳажжож дедиким:
— Қайдан билдингким, тангри менга назар қилмаганини?
Хотун деди:
— Агар сенга тангри назар солса эрди, сени тангри бунча золим қилмас эрди.
Ҳажжож деди:
— Худо ҳақида, бу хотун рост айтур.
Сўнгра анга минг тилло бериб, ўз уйига юборди.

* * *

Луқмони ҳаким қора танли киши эрди. Бир киши уни қул қилиб сотиб олди. Қўп муддат анга хизмат буюруб, андин илм ва ҳикмат асарларини кўрур эрди. Бир кун имтиҳон йўли билан Луқмонга дедиким:
— Бир қўйни сўюб, энг яхши жойидин манга келтургил.
Луқмон қўйни сўюб, тилини ва юрагини келтурди. Яна бир кун буюрди:
— Бир қўйни сўюб энг ёмон жойидин менга келтургил.
Луқмон яна қўйни сўюб тилини ва юрагини хожасига келтирди. Хожаси сўрадиким:
— Бу қандай ишдир?
Луқмон деди:
— Агар пок бўлса ҳеч нарса тил ва юракдан яхши эрмасдур ва агар нопок бўлса ҳам ҳеч нарса андин ёмонроқ эрмасдур.

* * *

Бир нодон киши бир ҳакимга дедиким:
— Не учун оғзингдин ёмон ис келадур?
Ҳаким деди:
— Санинг айбларингни кўкрагимда кўп сақлар эрдим. Танамга таъсир қилибдур.

* * *

Бир бахил бой бир ҳакимни кўрдиким, кўп меҳнат била кумуш маъданидин тошларни қазиб чиқариб, ушатур. Андин тилло зарраларини ҳосил қилар эрди. Бахил деди:
— Эй ҳаким, бундан бошқа осонроқ авқот ўтказгудек касб ва ҳунар йўқми эрди. На учун шунча машаққат чекарсен?
— Менга юз мунча меҳнат ва машаққат билан зар ҳосил қилиш сенинг қўлингдан бир пулни чиқариб олгандан минг марта осонроқдур.

* * *

Дебдурларким, уйланмоқлиқ бир ой шодмонлиқ бўлса, андин сўнгги қолғон барча умр андуҳ ва пушаймонликдур.

* * *

Бир ҳаким уйлангандан сўнг буюрубдурким, мен қачон бўйдоқ эрдим, уйланган кишилар гунг эрдилар, яъни насиҳат бериб мени қайтармадилар. Энди мен уйландим, бўйдоқ кишилар кар бўлибдурлар, яъни насиҳат эшитмайдурлар.

* * *

Бир ҳаким дедиким:
— Уйланмоғлик бир чуқур қудуқ кабидур. Ҳар ким анга тушса халослик йўқдур. Андин сўрдиларким:
— Оё андин қутулмоқ мумкинму?
Ҳаким деди:
— Агар қудуқ бошига харсанг қўйсалар озод бўлиш мумкиндур.
Сўрадиларким:
— Харсанг нимадур?
Ҳаким деди:
— Ҳар бир фарзанд туғилса, ул қудуқ бошига харсанг қуёрлар.

* * *

Бир кун бир ҳакимдан сўрадиларким:
— Қайси овқат лаззатлироқдур?
Ҳаким деди:
— Очлик ғалаба қилған вақтда овқат есалар яхши ва лаззатлироқ бўлур.

* * *

Бир ҳаким шароб ичмас эрди. Ҳакимдан сўрадилар:
— Нечун шароб ичмассан?
Ҳаким дедиким:
— Мени ақлимни ичган нарсани мен ичмасман.

* * *

Бир подшо бир ҳакимни ўз ҳолига қўймади. Мастликдан андин беҳуда сўзлар оғзидан чиқа бошлади ва бемаъни сўзларни ҳам кўп айтди. Ўзига келгандин сўнг маломат қилдиларким:
— Не сўзларни сўзладинг?
Ҳаким дедиким, мен бу сўзларни айтганим йўқ. Лекин мени шароб ичмакка таклиф қилган киши айтди.

* * *

Бир киши бир табиб қошиға бориб:
— Қорним кўп оғрийдур, бетоқатдурман. Бирор илож эткил,— деди.
Табиб дедиким:
— Бугун не таом еган эдинг.
Ул киши деди:
— Куюк нонни кўп едим.
Табиб ғуломни чақириб деди:
— Кўз дори келтиргин. Кўзига томизгаймиз.
Касал деди:
— Менинг қорним оғрийдур, кўз дорисини нима қиламан?
Табиб деди:
— Агар кўзинг равшан бўлса эрди, куйган нонни емас эрдинг.

* * *

Бнр киши табиб қошиға бориб деди:
— Мен қулунж касалига гирифтор бўлубман. Менга бир няож этинг.
Табиб дедиким:
— Бугун не единг?
Ул деди:
— Тузланган сигир гўштини едим, ҳамда қоқ гўшт, пишлоқ, товуқ тухуми, ҳариса мевалардан: анор ва олухурот кўп едим.
Табиб дедиким:
— Агар бу кеча ўлсанг дори қилишдан қутуласан.
Агар ўлмай қолсанг, эртага эрта билан шаҳарнинг минорасига чиқиб, ўзунгни пастга ташлагин, шундагина бу қулунж дардидан халос бўлурсан.

* * *

Бир киши бир табибнинг қошиға келиб дедиким:
— Мен уч кундан бери касалман, ҳеч иштаҳам йўқдур. Жуда қувватсизланиб қолдим. Буни иложини қилсангиз. Табиб анинг томурини ушлаб кўриб сўрадиким:
— Бугун не таом единг?
Ул деди:
— Уч кундур, бир нарса емадим.
Табиб деди:
— Озми, кўпми, не еганинг бўлса айтгил.
Ул деди:
— Айтмоққа арзигудек бирор нарса .емадим.
Табиб деди:
— Ҳар не тўғри келган бўлса, еган нарсангни айтгин.
— Ҳозир сизни олдингизга келур олдимдан йўлда каллапазни дўконига кириб қолдим. Каллани иси думоғимни хуш қилиб, каллапаздан олти калла олиб едим. Сен уч калла ҳисоб қилгин. Андин сўнг, тўрт ботмон нон едим. Сен икки ботмон ҳисоб қилгин. Андин кейин кўнглим ширинлик ейишни истади. Саккиз ботмон ҳалвойи бодом едим. Сен тўрт ботмон ҳисоб қилгин. Андин кейин ўтиб йигирма ботмон амирий узумини едим, сен ўн ботмон фараз қилгин. Сўнгра, қовунфурушни дўкониға келиб хисравий қовунларини кўриб, ундин қирқ қовун олиб едим. Сен йигирма қовун деб билгин. Табиб бу сўзларни эшитгандан сўнгра дедиким:
— Сен дағи ҳисоб этгил. Мен айтайин, сен энди олти йил «сарсон» касалига гирифтор бўлурсан, сен уч йил фараз этгин. Андин кейин, тўрт йил диқ бўлурсан, сен икки йил ҳисоб этгил. Сўнгра икки кўзинг кўр бўлур, сен бир кўз дегил. Андин сўнг икки оёғинг шол бўлур, сен бир оёқ деб ҳисоблагин. Андин сўнг ич оғриғи касалига учраб, шу касал билан ўлурсан, сени қабрга қўйиб, устингга 100 эшак тупроқ солурлар. Сен эллик эшак деб фараз қилгин.

* * *

Бир киши бир табиб қошиға бориб, дедиким:
— Мени бир касалим бордур. Бир илож қилсангиз!
Табиб сўрадиким:
— Не касалингиз бордур?
Ул деди:
— Неча кундурким, мўйим (соч) оғрийдур.
Табиб ҳайрон бўлиб деди:
— Бугун нима таом единг?
Ул деди:
— Нон билан муз едим.
Табиб деди:
— Дардинг бирор дардга ўхшамайдур ва еган овқатинг ҳам одамларни овқатига ўхшамайдур.

* * *

Бир бемаза сўзловчи совуқ нафас шоир бир табиб қошиға бориб дедиким:
— Кўнглимда бир нарса айланиб, мени ҳушсиз қилмоққа олиб бормоқдадур. Шу сабабдан барча аъзойимға музлашлик таъсир қилибдур.
Табиб ниҳоятда зийрак киши эди, дедиким:
— Бу яқинда ҳеч бир шеър айтдингму? Ани холис кишилар олдида ўқимагандирсан?
Шоир дедиким:
— Ҳа, бир шеър айтган эрдим. Лекин ҳеч ким олдида ўқиганим йўқ.
Табиб дедиким:
— Ани ўқиғил.
Шоир ўқиди.
Табиб деди:
— Яна ўқиғил.
Шеърини яна ўқиди, қисқаси, шоир шеърини уч марта ўқиди.
Табиб деди:
— Боргил, касалинг энди тарқалди, чунки бу шеър юрагингга тугун бўлиб туруб эрди.

* * *

Бир подшо тушида кўрса барча тишлари тўкилди. Бу тушдан ниҳоят хафа бўлуб, эрта билан таъбир этувчини чақириб, кўрган тушини айтиб берди.
Таъбирчи дедиким:
— Подшони барча болалари ва хотунлари, яқинлари ўз ҳузурида ўлғувсидирлар.
Подшога бу таъбир жуда қаттиқ кўриниб, буюрдиким, таъбирчининг барча тишларини омбир билан тортиб олдилар ва тилини кесдилар. Сўнгра бошқа бир таъбирчини чақириб, ул тушни бунга ҳам баён этдилар. Иккинчи таъбирчи жуда доно ва хуштабиат киши эрди. Ул деди:
— Эй подшоҳ, бу тушингиз умрингизни узоқлигига далолат қиладур. Таъбири будурким, барча болалачингиз, хотунингиз ва яқинларингиздан подшони умри узоқ бўлғувсидур.
Бу таъбир подшога ёқиб, унга от ва кийим билан минг танга пул берди ва дедиким:
— Агарчи бу икки таъбирнинг мазмуни бирдур. Лекин биринчи таъбирчи ёмон иборат билан сўзлаб, ўзини ҳалокат чуқурига ташлади. Иккинчи таъбирчи эса, юмшоқ сўз билан ишора қилиб, давлат байроғини кўкдан оширди.

* * *

Искандар билан Доро ўртасида қаттиқ уруш, жанжал, баҳс бўлди. Лекин Доро тарафи ғалабада эрди. Шу сабабдин Искандар хафа бўлуб, ўйлаб бир қанча фикрларга борди. Бир кеча у ғам билан чарчаб ухлаб қолди. Тушида кўрдиким, Доро билан кураш тушар эрди. Иттифоқан Доро ерга уруб, орқасини ерга етказди. Шундайким, бутун орқасининг дахни билан ерга қўйди. Искандар уйқусидан уйғониб, қўрқинчи, ғам ва андуҳи бурунгидан ҳам кўпайди. Шу ҳолда таъбир илмига моҳир бир ҳаким бор эрди, уни чақируб, тушуни анга баён қилди. Ҳаким ул тушни эшитгач, очиқ юзлик ва хурсандлик билдириб, Искандарга хушхабар бердиким, сен бу тушдан умидвор бўлгин. Чунон бу далолат қиладурким, Дородан сўнг, бутун ер юзи сенга таслим бўлғусидир. Сенинг орқангни ерга қўйгани ер юзини сенга бергани демакдур. Бу таъбир Искандарга маъқул тушуб мукофотлар берди. Бу таъбир кучи билан бутун дунёни ўзига қаратди.

* * *

Айтурларким, Ҳакими Хоқоний Манучеҳр шоҳғаким, Шервон мамлакатининг подшоҳи эрди, бир байт ёзиб юбориб, бир нимарса талаб қилди. Байт будур:
Вашақи деҳ, ки дар барам гирад,
Ё вошақики дар бараш гирам.
Вашақ — пўстиндур.
Вошақ — бесоқол туғмадур.
Хоқон дарғазаб бўлуб дедиким:
— Бу байтда мени паст қимматликка чиқарибдур. Буни бергил ё они бергил дебдур. Не учун икковини ҳам талаб қилмайдур.
Бу хабарни Ҳаким Хоқонийға еткурдилар. Андин сўнгра бир чибиннинг қанотин юлиб, подшоҳ қошиға юбордиким:
— Ман «бо» вошақи деб эрдим. Бу чибин «бо» нуқтасининг ёнбошиға бир нуқта қўйиб, ани «ё» қилибдур.
Хоқон кулуб, вашақ бирла вошақни ҳам юборди.

* * *

Амир Темур Форс вилоятин мусаххар қилиб, Шерозға келди. Шоҳ Мансурни ўлдуруб, Ҳофизи Шерозийни талаб қилди. Ул ҳамиша гўшанишинликда фақр ва фоқа била умр ўткарур эрди. Сайид Зайнул Обиди Рукнободийким Амир Темур қошида тамом яқинлиги бор эрди ва Ҳофизи Шерозийга мурид эрди, Ҳофизни Амир Темурнинг мулозиматиға келтурдилар. Амир Темур кўрдиким, фақр ва фоқа асарлар андин зоҳирдур. Дедиким:
— Эй Ҳофиз, мен шамшер зарби била ер юзини хароб қилдим. То Самарқанд ва Бухорони обод ва маъмур қилғайман деб, ва сен эсанг бир ҳоли ҳиндусиға бахш этибдурсен.
Назм:
Агар он турки шерозий ба даст орад дили моро,
Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро.
Ҳофиз деди:
— Мундоқ бесарфа (бефойда) бахшишлардан бу тариқа фарқу фоқаға учрабдурман.
Бу сўздин Амир Темур кулуб Ҳофизға лойиқ вазифа таъйин этмишдур.

* * *

Бир шоир бир улуғ кишидинким бахилликка мансуб эрди, анга бир қасида этиб ва анда кўп ситойишлар қилиб, умедвор бўлди. Ва ул шоирға сила беришни тиламас эрди. Балки истар эрдиким, они фақат таҳсин била ўтқазгай. Шоир қасидани ўқиғоч деди:
— Ажаб шеър айтибдурур. Аҳсана оллоҳу илайха, яъни яхшилик қилғай, тангри таоло сенга. Муроди буким, яхшиликни тангри таолодин кўз тутгил. Мендин таъма қилмагил.
Шоир ани муродини англаб дебдур:
— Аҳсан оллоху мазҳарака, яъни яхшилик қилғусидур тангри манга сенинг мазҳарингдин. Яъни сени ва мени рўзи ва насибимга восита қилур. Шоирнинг бу жавоби анга хуш келиб, риояти куллн қилди.

* * *

Бир шоир бир бахил Хожа мадҳида бир қасида айтди. Хожа ҳеч нимарса бермади. Бир ҳафтағача сабр қилди. Бйрор асар зоҳир бўлмади. Вақт тақозосиға мувофиқ бир қитъа айтди. Хожа илтифот қилмади. Бир ҳафтадан сўнгра ҳажв этти: Хожаға таъсир этмади. Шоир келиб Хожа эшигида ўлтирди. Хожа ташқариға чиқиб, они кўрди. Деди:
— Фароғатда ўлтирибдурмусан, эй мубрим, беҳаё! Қасида айтдинг, ҳеч нима бермадим. Қитъа айтдинг, парво қилмадим. Ва ҳажв эттинг, мутаббиҳ бўлмадим,
яна нима умед билан ўлтирибдурсан?
Шоир демишдир:
— Билгилким, ўлсанг сенга марсия ҳам айтиб, андин сўнгра кетурман.
Хожаи бахил кулуб яхши нарсалар бахш этти.

 
Ўйиндан ўт чиқади. Лев Толстой. PDF Босма E-mail
28.10.2013 16:27

Иван Шчербаков деган деҳқон бўларди. Тирикчилиги ёмон эмас, бардам-бадавлат, қишлоқдаги ман-ман деган мардумлардан эди. Иваннинг ўғиллари ҳам аллақачон ёнига кирган. Улкани уйли-жойли, ўртанчаси унаштирилган, кенжатойи ҳали ўсмиру, лекин у ҳам бўйга етиб, омоч ҳайдашга яраб қолган эди. Иваннинг онаси эсли-жўяли, рўзғорнинг жонини киргизадиган хотинлардан эди. Хотини эса, мўмин-қобилгина, оёқ-қўли чаққон аёллар тоифасидан. Хуллас, Иван Шчербаков рўзғоридан ғам емай айшини суриб юрса бўларди. Аммо Гаврило чўлоқ деган қўшниси билан оралари бузилдию тирикчиликнинг мазаси қочди.
Ҳамма бало арзимаган нарсадан бошланди. Иванларнинг товуғи ҳали ёш бўлса-да, тухум туғишга киришди. Иваннинг келини хурсанд бўлиб, ҳайитга тухум тўплай бошлади. Худонинг берган куни қазноққа бориб араванинг қутисидан тухум олиб келарди. Бирданига тухум йўқоладиган бўлиб қолди. Афтидан болалар товуқни ҳуркитиб юборганми, у четан девордан қўшнисиникига учиб ўтиб, шу ёқда тухумлаб келадиган қилиқ чиқарибди. Бундан келин шўрликни хабари ҳам йўқ. Товуғи қақағласа тухум туғ¬япти деб хурсанд бўлади. Бир куни кечлатиб қазноққа борди. Қараса, тухум йўқ. Келини ҳайрон бўлди. Сизлар олмадингларми, деб уйдагилардан сўради. Йўқ, дейишди. Шу пайт кенжатой қайни Тараска, товуғинг доим анави ҳамсоямизникига чиқиб туғиб келади, ҳозир ҳам шу ёқдан учиб кирди, ўзим кўрдим, деб қолди. Келин қўноқда, хўрознинг биқинида қунишиб ўтирган товуғига қараб қўйди. Товуқнинг кўзи илинай-илинай деб турибди. Нима дейди? Ҳой, ноинсоф, тухумингни қайси гўрга ташлаб келдинг, деб сўрайдими?
Келин ҳамсояникига чиқди. Гаврилонинг онаси рўпара бўлди.
— Ҳм, нима керак эди, келин? — деди кампир хушламай.
— Ҳа, шу товуғимнинг важидан кирувдим, бувижон, — деди келинчак, — ҳали замон зорманда қақағлаб сиз томонга учиб ўтиб кетувди. Тухум-пухум қўймадимикан, деб...
— Кўрганим йўқ, — деди кампир тўрсайиб, — худога шукур, товуқ ўзимизда ҳам бор, анчадан бери тухумлаб турибди. Биз бировнинг ҳовлисига кириб тухум териб юришга ўрганмаганмиз.
Бу гаплар келинни ўмганидан ўтиб кетди. Кампирга гап қайтарди. Кампир иккини қўндирди. Шундай қилиб иккаласи чарс-чурс урушди қолди. Иваннинг хотини ариқдан сув олиб келаётган эди, у овсинининг ёнини олди. У ёқдан бақириб-чақириб Гаврилонинг хотини чиқди. Қўшнисига ёпишиб кетди. У рост-ёлғон гапларни аралаштириб ҳамсоясининг бетига ёзғира бошлади. Тўрт хотин тўрт томондан шанғиллайди, кимнинг нима деётганини билиб бўлмайди. Қий-чув, ҳақорат, қарғиш...
Жанжалнинг устига Гаврило келиб қолди. Хотинининг тарафини олди. Қий-чувни эшитиб уйдан Иван отилиб чиқди. Хотинлар бу ёқда қолиб энди эркаклар олиша кетди. Ур-йиқит бўлди. Иван бақувват эди, олдига келганни чирпирак қилиб ташлайверди. У Гаврилонинг бир тутам соқолини юлиб олди. Ҳай-ҳайлаб ён ёқдан халойиқ етиб келди, уришқоқларни базўр ажрим қилиб қўйдилар.
Ана шундай қилиб, икки қўшни орасида адоват бошланди. Гаврило юлиқ соқолини хатдафтарга ўрадию Иванни судга бергани бўлиснинг ҳузурига йўл олди.
— Мен соқолимни Ванька пахмоқсоч юлсин, деб ўстирганим йўқ. Соқол юлармиш-а. Шошмай тур ҳали...
Гаврилонинг хотини “Иванни судга бердик, ҳадемай у қамоққа тушади, Сибирга кетади”, деб қўшнисига мақтанди.
Иваннинг отаси бетоб бўлиб тахмон-печкада ётарди. У болаларига насиҳат қилди, жанжал чиққан куниёқ уларни яраштирмоқчи бўлди. Бироқ ўғил гапга кўнмади.
— Ҳой, тентаклар, бир балони бошлай деб турибсанлар, — деди чол, — ўйиндан ўт чиқади, деган гап бор. Қўйинглар энди! Қилаётган ишларинг куракда турмайди. Бир дона тухум деб шунчаликка бординглар-а? Болапақир битта тухумингни олган бўлса — олибди. Нима бўпти, бир еринг камайиб қолдими? Худонинг даргоҳи кенг, насибангни етказади. Ҳа, хўп, келиннинг оғзидан ёмон гап чиқиб кетибдими, унга ётиғи билан тушунтир, катталарга унақа қаттиқ гапирмагин, деб уришиб қўй. Сан-манга бориб ёқалашиб ҳам олибсанлар. Майли, турмушда ҳар нарса ўтади. Аммо уят иш бўлди. Энди, узр, қўшни, биздан ўтган бўлса, кечиринг, деб ярашиб олиш керак. Тамом, олам гулистон. Мен сендан қолмайман деб қасдлашсанг, оқибати ёмон бўлади. Болалар отанинг гапини қулоққа илмади. “Қоқбош чол-да, насиҳатни яхши кўради, ўзи болачаям тушунмайди”, деб билганларидан қолмади.
Иван қўшнисига бўйин эгмади.
Иван судга кетди. Гаврило иккови ҳакам олдида ҳам, бўлис ҳузурида ҳам даъволашиб кўрдилар. Улар судма-суд қатнаб юрганларида Гаврилонинг аравасидан темир халқача йўқолиб қолди. Буни Иваннинг ўғлига тўнкадилар.
Яна дов-дастак бошланди. Иккала четда тинчлик қолмади. Худонинг берган куни ё асаббозлик, ё ур-тўполон. Катталарнинг қилиғини кўриб, болалар ҳам сўконғич бўлиб кетди.
Мужиклар аввало бир-бирини ўғрига чиқариб, ўзаро туҳмат тоши отиб юришувди. Бора-бора кўздан нари ётган нарсаларни ташмалашга тушди. Аёллар ҳам, болалар ҳам бировнинг буюмидан ҳазар қилмайдиган бўлиб қолди. Уларнинг турмуши эса, тобора чигаллашиб борарди. Иван билан Гаврило чўлоқ қишлоқда, жамоат олдида ҳам, бўлису ҳакам олдида ҳам роса довлашди. Охири улар ҳамманинг жонига тегди. Гоҳо Гаврилонинг қўли баланд келиб, Иванга жарима тўлаттиради ёки бир-икки кунга қаматтириб қўяди. Гоҳо Иван ютиб чиқади, Гаврилонинг жазосини бердиради. Бири-биридан ўч олган сари иккови ҳам тобора ёвузлашиб, одамгарчиликдан чиқиб борарди. Ана шундай ур-сур билан олти йил ўтди. Қўшниларга инсоф кирмади. Чол эса, тахмон-печкада ётганича ҳамон бир хилда ўгит айтади:
— Ҳўв, токайгача итдай талашаверасанлар, а? Бўлди-да энди. Ўтган ишга саловат денг¬лар-қўйинглар. Бир-бирингга тиш қайраган билан баттар бўлади, яхшиликка олиб бормайди.
Отанинг гапи кор қилмади. Уруш-жанжалнинг еттинчи йили ўтиб борарди. Қайсиям бир тўйда Иваннинг хотини Гаврилони ўғрига чиқарди. Эл-юрт олдида, “Эшитдингларми, анави чўлоқ от ўғирлаб қўлга тушибди, одамлар кўрибди”, деб жар солди. Гаврилонинг кайфи бор эди, ўзини тутолмади, аламидан ғийбатчи хотинни урди. Иваннинг хотини этликкина, хўппа семиз эди, муштдан ўзига келолмай бир ҳафтача ётиб қолди. “Энди қўлга тушдинг, аблаҳ”, — деб қувонди ичида Иван ва арз кўтариб терговчининг олдига борди. “Энди энангни кўрасан, зўравон”, — деди ўзича Иван, — “ё турмага тушасан, ё тўппа-тўғри Сибирга жўнайсан!”
Бироқ Иваннинг иши ўнгидан келмади, терговчи жабрдийда аёлни чақиртириб текшириб кўрди. У оёққа туриб кетган, бирон ерига шикаст етмаган эди. Иван тинчимай тағин жаноб ҳакамга арз қилди. Ҳакам ишни бўлисга юборди. Иван бўлиснинг кўнглини овлаш учун мирзаси икковига ярим пақир мусаллас берди. Хуллас, елди-югурди, Гаврилога жазо берадиган қарор чиқарди. Суд бўлди. Мирза ҳукмни ўқиди: “Суд қарор қилади. Мужик Гаврило Гордеевга бўлис маҳкамасида йигирма таёқ урилсин...” Иван ҳукмни эшитдию, “Хўш энди у нима қилар экан”, дегандек қўшнисига қараб қўйди. Гаврилонинг бети докадек оқариб кетди. Сўнг индамай даҳлизга чиқди. Иван ҳам кўчага чиқди, от аравасига ўтириб уйига жўнамоқчи эди, Гаврилонинг гапини эшитиб қолди.
— Ҳай, майли, ниятига етди у. Таёқ есак-ермиз. Бироқ мен ҳам қараб турмайман. Уйингнинг кулини кўкка совураман. Ҳали пушаймон бўлади Иван.
Бўлис маҳкамадан қишлоққача ўн чақиримча келарди. Иван уйига кеч қайт¬ди. Пода қайтадиган вақт бўлибди. Иван отини аравадан чиқарди, аравани жойига қўйиб, отини боғлаб ичкари кирди. Уйда ҳеч ким йўқ. Хотинлар подага кетган шекилли, деб ўйлади Иван. Болалар ҳам даладан қайтмабди. Иван ичгани ўтиб, хўрак ейдиган стол олдида чўкди. Хаёлга толди, Гаврилони эслади. Ҳукм ўқилганда унинг оқариб кетгани, тескари ўгирилиб олгани кўз олдига келаверди. Юраги увишди. Агар калтакка уни эмас, мени буюрганларида қай аҳволга тушардим, деб ўй сурди. Бирдан Гаврилога раҳми келди. Шу пайт отасининг йўталгани эшитилди. У тўшакдан туриб оёғини осилтириб ва инқиллаб печкадан туша бошлади. Қайта-қайта йўталиб судралгудек бўлиб аранг столга етиб келди. Беҳол суяниб сўради:
— Нима бўлди? Гаврилога жазо беришдими?
— Ҳм. Йигирма таёқ буюрдилар, — деди Иван.
Қария бош чайқади.
— Бекор қиляпсан Ванья, оҳ, бекор қиляпсан! Ўз оёғингга ўзинг болта уряпсан, бола! Хўп, ана, Гаврило таёқ ҳам еди, дейлик. Бундан сенга бирон фойда борми? Бир бечорани калтаклатиб роҳат қиласанми?
— Иккинчи марта номаъқул иш қилмайдиган бўлади.
— Бу гапинг менга ёқмади. Ахир, сенинг қилмишинг уникидан ошиб тушди-ку, Ванья.
— Қанақасига ошиб тушаркан? Индамасам хотинимни уриб ўлдиради. Мана, бугун ҳам уйига ўт қўяман, деди. Мен нима қилишим керак, кечирсинлар, оёғига бош уришим керакми?
Қария уҳ тортиб тилга кирди:
— Иван, менга қара, болам, мана сенинг тўрт мучанг бутун. Бу ёруғ жаҳонда дориломон кезиб юрибсан. Пиёда юрибсан, отда юрибсан. Мен бўлсам неча йилдирки, печкага ёпишиб ўладиган бўлиб ётибман. Сен ерда юриб ҳамма нарсани биламан, деб ўйлайсан, отам тўшакда ётибди, у ҳеч балони сезмайди, деб хомхаёл қиласан. Йў-ўқ, йигитча, аксинча сен балониям билмайсан. Сенинг кўзларинг басир бўлиб қолган. Кўз олдингни жаҳолат тўсиб турибди. Ичингдаги тоғдай айбингни пайқамайсан, аммо бировнинг пашшадек гуноҳини дарров илғайсан. Гапингни қараю. “У ўзи ёмонлик қиляпти”, эмиш. Агарда айб ёлғиз Гаврилонинг ўзида бўлганида ёмонликнинг тухуми урчимасди. Ким айтди сенга ёмонликни бир одам қилади, деб? Ёвузликнинг сабабчиси ҳеч қачон бир киши бўлолмайди. Уни икки одам биргалашиб қилади. Сен душманингнинг айбини кўриб турибсану ўзинг¬никини кўрмаяпсан, кўришни истамаяпсан. Мабодо у ахмоқ экан, сен донолик қилмайсанми? Шунда ўртада мунақа машмашалар чиқмасди. Гаврилонинг соқолини юлган ким? Хирмонни кун-паякун қилган ким? Ким уни судма-суд судраб сарсон қиляпти? Яна ҳамма айбни у бечорага тўнкаяпсан. Одамнинг феъли ёмон бўлса, бошқалар ҳам кўзингга хунук кўринади. Бизлар бунақа яшамагандик, болакай сенларга ҳам бўлакча тарбия берган эдик. Гаврилонинг отаси икковимиз қанақа эдик? Ён қўшни — жон қўшни эдик! Ўртада сеники, меники деган гап йўқ эди! Уларнинг уни тугаб қолса хотини кирарди. “Фрол тоға, пича ун бериб туринг”. “Ана, келин, омборга киргину керагича олавер”, дердик. Унинг отини суғоришгами, ўтлоққа олиб бориб боғлаб қўйишгами одам топилмаса, чоп, Ванья тоғанг¬га қарашвор, дердим, эсингдами? А, менга бирор нарса асқотиб қолса, тортинмай чиқардим. Ана шунақа қўшничилик қилардик бизлар. Сенлар ҳам яйраб юрардинглар. Энди-чи, энди? Сенларнинг машмашаларингни бутун қишлоқ эшитди. Шуям тирикчилик бўлдими? Худодан қўрқмайсанми? Эркаксан, бир уйнинг эгасисан. Шу нима бўлса сен жавоб берасан. Мундоқ танангга ўйлаб кўр-чи, хотин-халаж билан болаларни нимага ўргатяпсан? Итфеълликка, уруш-жанжалга. Тунов куни Тарасканг Арина холани онасидан тушиб бўралаб сўкиб турибди. Бўлмаса, ўзи ҳали муштдай бола, оғзидан она сути кетмаган. Қайси рисолада бор бу? Охиратингни ўйлаб кўр. Одам боласи ҳам шунақа бўладими? Сен дард десанг, мен бало десам, сен бир тарсаки урсанг, мен икки марта туширсам... Шунақами? Йўқ, болакай, бу номаъқул юмиш. Бу худога ҳам хуш ёқмайди. Исо пайғамбаримиз дунё кезиб биз нодонларни нимага ўргатди? “Биров сенга қаттиқ гапирса, индамай қўя қол, ахмоқ билан тенг бўламанми, де. Охири ўша дилозорнинг ўзи ўсал бўлади” деган. Ҳм, нега миқ этмайсан? Гапим ёқмадими?
Иван индамай ерга қараб ўтираверди. Қарияни йўтал тутди. Узоқ йўталди. Бир четга тупуриб гапини давом эттирди:
— Мундоқ турмушингга саросат солиб кўр-чи, шунча йил жанжаллашиб нима топдинг? Судларнинг оғзини мойлайман, деб қанча дунёинг кетди. Уруш бўлган уйдан файз-барака қочади, дейдилар. Ҳаққи рост экан. Сен бор-будингдан айрила бошладинг. Нега? Чунки манмансан, ўжарсан. Болаларингни ёнингга олиб ўзинг қўшга чиқишинг керак эди. Ўзинг ер ҳайдаб, ўзинг ғалла экканингда дуруст бўларди. Йўқ, Гаврило билан судма-суд жиқиллашиб юрдинг. Оқибатда ризқ-рўзингдан қуруқ қолдинг. Она ерга эгилсанг, у ҳам сендан саховатини дариғ тутмайди. Мана, бу йил сули экдинг, битмади. Нега? Негаки, шаҳарда анави чўлоқ билан олишиб юриб кеч эккан эдинг. Демак, сен бировга жазо бераман, деб аслида ўзингни жазоладинг, тушунасанми? Ҳов бола, мендек ёмон чолнинг гапига ҳам қулоқ сол: минбаъд биров билан уришувчи бўлма, ёнингга болаларингни олиб ишингни билиб қилавер. Биров озор берса, парво қилма, сенинг гапинг¬ни елга бердим, деб қўя қол. Шунда ишинг олға босаверади, кўнглинг ҳам равшан бўлиб туради.
Иван ҳамон тек ўтирибди.
— Менга қара, Ванья, — деди ота. Ҳозир туриб тўғри оқсоқолнинг олдига боргину ишни бости-бости қилиб кел. Азонлаб Гаврилонинг олдига чиқ, кечирим сўра, меҳмонга чақир. Ахир, эртага ҳайит-а. Самовар қайнатинглар, яримтани қўйинглар ўртага. Ўтган ишга саловат деб араз-гинани унутинглар. Аёлларга ҳам, болаларингга ҳам тайинлаб қўй. Улар душманчиликни унутиб, бояги-боягидек бўлиб юришсин.
Иван хўрсинди. “Отам тўғри айтаяпти, шунча йил жиққа мушт бўлиб нима топдим, ке, ярашсам яраша қолай”, деди ичида. Бироқ қайси бети билан Гаврилонинг олдига боришни ўйлаб хаёлга толди. Чол эса, гўё унинг фикрини ўқигандек тағин гап бошлади:
— Ҳм, бўла қол, Иван, ўйланма, тур ўрнингдан. Эсинг борида этагингни ёп, сўнгги пушмон ўзингга душман, дейдилар.
Қария яна нимадир демоқчи эди, хотинлар кириб қолишди.
Улар зағизғондай сайраб, ғийбат халтасини очдилар. Нима дейсан, қишлоқ ўқитувчиси Гаврилонинг номидан пошшо ҳазратларига арз ёзаётган эмиш, хатда Иванларнинг жамики ўғирлигини бирма-бир кўрсатган эмиш, энди Иванга тегишли томорқанинг ярми Гаврилога ўтармиш... Хотин-халажнинг ғийбатини эшитдию Иваннинг эриб турган кўнгли яна музлади қолди. “Ўлсам ҳам ярашмайман!” деди у ичида ва шартта ўрнидан туриб ҳовлига чиқиб кетди. Иш дегани тиқилиб ётарди. Иван сарой томонга ўтди. Пичан ғарамини тартибга келтириб кунни кеч қилди. Кун ботди. Уйига қайтди. Болалари даладан келишибди. Иван улардан ҳол сўради, отни аравадан чиқаришга кўмаклашди. Бўйинтуруқ сўкилган экан, кейин тикарман, деб бир четга қўйди. У энди даҳлизга кирувди, четан девор ортидан Гаврилонинг бақириб сўкингани эшитилди: “У иблис билан нима ишим бор? — деб кимгадир ўдағайлади Гаврило, — уни уриб ўлдирган одам савобга қолади”. Бирдан Иваннинг кўксида сўна бошлаган олов қайта ловиллаб ёнди. У қўшнисининг гапига қулоқ солиб тағин бир пас даҳлизда турди-ю бир-бир босиб ичкари кирди. Уйда чироқ ёниб турарди. Келин бурчакда ип йигириб ўтирибди, кампир қозондан овқат сузмоқчи бўляпти, катта ўғли чориғини ямаяпти, ўртанчаси китоб ўқиб ўтирибди. Хуллас, уйда енгил бир сарфарозлик ҳукм сурарди. Ҳалигина Иваннинг ҳам димоғи чоғ эди, анави бадфеъл қўшниси кайфиятини ҳаром қилди.
Тавба, ўзини ўйламаганига ўласанми, — деди ичида Иван, — хас-хашак қуриб, чирсиллаб турибди. Унинг устига бар ёқда шамол. Секин уйнинг сиртига ўтиб ўт қўйиб юборса, ким билиб ўтирибди. Гуриллаб ёнади-кетади. Кейин бўйнига қўёлмайсан.
Иван саройини яна бир айланиб чиқди ва уйга кирмоқчи бўлди. Қараса сарой ортида бир нима ялт этиб ёндию яна ўчди. Иваннинг юраги шиғ этди. Таққа тўхтади, киприк қоқмай рўпарасига такилди. Шапка кийган бир киши чўнқайиб ўтирар, бир боғ похолни ёқишга уриниб ҳадеб гугурт чақарди. Иваннинг юраги потирлаб қинидан чиқиб кетай деди. “Энди қочиб қутулолмайсан, аблаҳ!” дедию ташланди. Лекин улгуролмади. Айвон тараф бирданига ярқ этди. Олов сомон уюмининг ичидан чиқиб томга ўрлади. Ҳамма ёқ чароғон, сал нарида эса Гаврило ғўддайиб турарди. Иван бўзтўрғайга ташланган бургутдай Гаврилога отилди. У жон ҳолатда оқсоқланиб қочди. Иван тўрт ҳатлаб Гаврилога етиб олди, ёқасига ёпишди. Гаврило юлқиниб қўлдан чиқди. Иван қўшнисининг этагидан тутди. Этак шир этиб йиртилдию Иван юзтубан йиқилди. Сакраб туриб тағин қува кетди. У йўл-йўлакай, “Ҳой ким бор, ёрдам беринглар-ар!” деб бақириб борарди.
Иван то ўрнидан тургунча Гаврило чўлоқланиб ҳовлисига етиб олди. Иван уни қувиб кирди. Унгача Гаврило катта сўйил кўтариб Иванни пойлаб турди. Иван қоронғида туртиниб бориб қўшнисининг ёқасидан олмоқчи эди, Гаврило сўйил билан Иваннинг калласига солди. Иван эсидан оғиб қолай деди. Ҳушига келганида Гаврило ғойиб бўлган эди. Ҳамма ёқ чарағон, унинг ҳовлисидан чирсиллаган, гувиллаган товуш келарди. Иван ортига ўгирилди. Молхонасининг орқаси ёниб бўлиб, ёнбошига ўтибди. Осмонга қора тутун ўрлади, олов вишиллаб, учқун сачратиб уй томонга босиб келарди.
— Бу қанақа бедодлик, биродарлар, қанақа бедодлик?! — деб бақирди Иван, қўлларини кўкка кўтариб. Сўнг икки сонини шапалоқлаб ура бошлади, — уни қўлга туширувдим, оёқ остига олишим қолувди, холос. Қанақа бедодлик бу, биродарлар!
У яна нимадир деб гапирмоқчи эди, нафаси тиқилиб товуши чиқмай қолди. Уйига қараб югурай деса оёғи чалиниб юролмайди. Тўхтаб-тўхтаб, судралиб кета бошлади. У саройига етгунча молхонасини тамом ўт олиб бўлган, олов уйнинг бир бурчагини, дарвозахонани қоплаган эди. Уйга кирай деса, киролмайди, ичкаридан вишиллаб олов чиқяпти.
Ҳар тарафдан ҳай-ҳайлаб одамлар чопиб кела бошлади. Бироқ энди кеч бўлган, уйда қутқарадиган ҳеч вақо қолмаган эди. Қўшнилар қўлга илинган буюм борки, ҳовлига таший бошладилар.
Иваннинг уйидан кейин Гаврилонинг ҳовли жойи ёна бошлади. Шамол кучайди, қўни-қўшниларникига ҳам ўт кетди.
Иванникидагилар бемор чолнию ўзларини қутқариб қолишди, холос. Уйдаги мол-дунё шундайлигича оловга ем бўлди. Тараска далага ҳайдаб кетган отлардан бўлак жами ҳайвон зоти ўтда қолиб куйиб кетди: қўноқдаги товуқлар ҳам, аравалар, омоч-бўйинтуруқлару хотинларнинг сандиғи, омбордаги ғалла — бари кул бўлиб кўкка совурилди.
Гаврилонинг молларини ҳайдаб чиқариб улгуришди. Лекин уйдаги ашёларнинг аксарияти олов домида куйиб адо бўлди.
Ёнғин тонг отгунча ўчмади. Азонда Иванни чақириб оқсоқолнинг ўғли келди.
— Иван тоға, отангиз ўлаяпти экан, шунга Иванни чақиринглар, видолашиб қолай, деди.
Фалокат ичида Иван отасининг ўлик-тиригини ҳам унутиб қўйган эди. Талмовсираб сўради:
— Кимнинг отасини айтаяпсан. Кимни чақиряпти?
— Отангиз сизни чақиряптилар. У киши бизникида ётибди. Сиз билан видолашиб қолмоқчи эканлар. Юринг, тоға, — болакай Иваннинг енгидан торт¬ди. Иван болага эргашиб йўлга тушди.
Қарияни уйдан кўтариб чиқаётганларида устига ёниб турган ёғоч тушиб бироз ерини куйдирган экан. Уни оқсоқолнинг уйига олиб бориб жойлаштирибдилар. Оқсоқол қишлоқдан чеккароқда турар, уникига ёнғин ўтмаган эди.
Иван оқсоқолникига кириб борди. Уйда оқсоқолнинг хотини бор экан. Қолган каттаю кичик ўт ўчиришга кетишибди. Иван отасига яқинлашди. Чол шам ушлаганча ёғоч курсида чалқанча ётар, эшикдан кўз узмасди. Ўғлини кўриб безовталанди. Иван отасига яқин борди. Ота аста сўз очди:
— Хўш, Ванья, қишлоққа ким ўт қўйди?
— Ана шу Гаврило, — деди Иван, — кўз олдимда похолни тутатиб томга отди. Ушлаб олгани улгуролмай қолдим. Қўлидаги тутантириқни юлиб олиб тепкилаб ташлаганимда ҳеч бало бўлмасди.
— Иван, — деди ота, — менинг қазоим яқин. Бир кун сен ҳам ўласан. Тўғрисини айт, айб кимдан ўтди?
Иван отасига тикилди, лекин лом деб оғиз очмади.
— Худони ўртага қўйиб айт, Иван, айб кимда, сендами, ундами?
Бирдан Иваннинг кўзи ярқ этиб очилгандек бўлди.
— Мендан ўтибди, отажон! — У тиз чўкиб йиғлаб юборди, — Мени кечиринг? Сизнинг олдингизда ҳам, худонинг олдида ҳам гуноҳкорман...
Чол қўлларини аранг қимирлатди. Шамни чап қўлига олди, ўнг қўли билан чўқинмоқчи бўлдию мажоли етмади.
— Ўзинг ёрлақагин, ё парвардигор! Ўзинг ёрлақагин, ё парвардигор! — деди қайта-қайта ва ўғлига кўз қирини солди, — Ванька, ҳа Ванька!
— Лаббай, отажон!
— Энди нима қиласан-а?
— Билмадим, ота, — деди Иван йиғлаб туриб, — энди бу ёғига қандай кун кўрамиз, ҳайронман.
Чол кўзларини юмди, тамшанди, сўнгги кучини тўплаб олгандек, аста кўзини очиб деди:
— Кунларингни кўрасан. Худони ёдга олиб турсанглар кун ўтаверади, — чол жимиб қолди, оғзини қийшайтирди ва базўр ғудранди, — тилингга эҳтиёт бўл, Ваня, уйимга фалончи ўт қўйди, деб зинҳор айта кўрма. Сен бировнинг бир айбини кечирсанг, худо сенинг икки айбингни кечиради.
Чол шундай дедию икки қўллаб шамни ушлади, уни кўкрагига қўйди, оғир хўрсинди ва оёғини чўзиб жон таслим қилди.

Саъдулла Сиёев таржимаси

 
Лутфий. Қитъалар PDF Босма E-mail
14.08.2013 03:22

Ақлу жоннинг офати, дин ғорати,
Ҳар не бор ул кўзн бирла қошдадур.
Кетмади савдоси ҳаргиз боштин,
Рост айтурлар, ки «Давлат бошдадур».
* * *
Тўнга сиғмасмен фараҳдин гул киби,
Келса ул сарви равон бир-бир манга.
Мунча йил кетган бу бахту давлатим,
Шукрилиллаҳким, келур бир-бир манга.
* * *
Бермагил дерлар вафосизга кўнгул
Ким, анинг нўшиндин ортуқ неши бор.
Узмагаймен лаълидин ўлсам умид,
Жон менинг жоним, кишннинг неши  бор.
* * *
Зоти покингни кўруб айтур фалак:
«Ҳусн дарёсида йўқтур бўйла дур».
Чун тишинг васфинн дурга сўзладим,
Бошини тебратти дурким: «Бўйладур».
* * *
Фурқатингдин бўлмишам зору заиф,
Тенгри учун, мундин ортуқ қилма зор.
Чун менинг қонимни тўктунг ҳажр ила,
Ўз эшигинг теграсинда қил мазор.
* * *
Эй қароқчи кўзли дилбар, ўйла бил,
Жон аёман сен киби жононадин.
Ҳусну лутфу сурату маъни била
Туғмагай сентек яна жон онадин.
* * *
Ишқинг ўти жон уйиға тушгали,
Бир нафас ҳам тинмадим то ёнмадим.
Хублар илкидин неча бўлдим кабоб,
Мен ямон тавбамға ҳеч тоёнмадим.
* * *
Кўрмади инсон мунунгдек нозанин,
Кўргузур гўё малак юз, ё пари.
Барча жон девонау шайдо қилур
Зулфи анбарбор ила юз ёпари.
* * *
Сабру ҳушу ақлу дину дил бари
Борди-ю, қолди дуочи ёлғузун.
Оҳ уруб фарёд этарман сенсизин,
Бу вужудимдин қилибтур ёлғуз ун.

 
Доий (1824-1905) PDF Босма E-mail
20.03.2014 18:03

Доий 1824 йилда Хоразмда туғилган. У илк таҳсилни Бухоро мадрасаларида олади. Сўнгра шоир Арабистон ва Шом мамлакатларига сафар қилади. Сафардан қайтгач, Хиванинг Арабмуҳаммадхон мадрасасида мударрис бўлиб ишлайди.
Доийнинг ижоди унинг ҳаётга жиддий ва айрим ҳолларда жамият тузумига бирмунча танқидий қараганини кўрсатади.
Замондошлари томонидан қолдирилган материалларга қараганда, Доий жуда тўғри сўз бўлиб, ҳақсизликни кўрган вақтда, ҳеч тортинмасдан, танқид қиладиган одати бўлган. Жумладан, Доий бирмунча вақт масжиди жомеъга хатиб қилиб тайинланади. Шоир ўзининг ваъз хутбаларида меҳнаткаш халқ аҳволига ачинишини, хон амалдорларидан норози эканини жасорат билан гапирган.
Доий тахминан 1905—1909 йилларда Хоразмда вафот этган.
Шоирнинг бизгача етиб келган девонида чуқур социал мазмунли ва муҳаббат темасидаги лирик ғазаллари тўпланган. Унинг ижтимоий мазмундаги шеърлари ўзи яшаган замон характеристикаси ва шоирнинг унга муносабатини белгилайди. Муҳаббат лирикаси эса шўх, ўйноқи ва ҳаётий эканлиги билан характерлидир.
Доий муҳим ижтимоий масалаларни юксак бадиий маҳорат билан куйлаган. Шунинг учун ҳам Доий адабиётимиз тарихидан маълум ўрин эгаллашга муносиб ижодкордир.
Доийнинг бизгача икки нусха девони етиб келган бўлиб, унда шоирнинг ғазал, мухаммас, мусамман, мустазод, рубоий ва мусамман жанрида ёзилган шеърлари тўплангандир. Ундан ташқари Доий ғазаллари ва мухаммаслари баъзи баёзларда ҳам учрайди.
Шоирнинг ҳар икки девони ҳам Ўзбекистон Фанлар академияси, Беруний номли Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида 906, 908 инв. номерлари билан сақланади. Қуйида келтирилган шоир ғазаллари юқорида қайд этилган қўлёзмалардан олинди.


ҒАЗАЛЛАР

Эйки, дебдурсан вафо йўқдур бани одам аро,
Рост айтурсан бали йўқ бу гуҳар бу ям аро.

Ҳар киши бўҳтонда қолса дафъин этдим қон ютуб,
Туҳмат этди, бир вафолиғ кимса йўқ олам аро.

Гулшани базмингдин айру сайр этиб дарёу дашт,
Дашт аро чапгловда қолдим, сувда баҳри ғам аро.

Баррадек ҳар кимса беозордур, охир они
Қашқир этгай пора-пора бешаи зайғам аро.

Қил қаноат фақрнинг чотлоқ сафоли дурдига,
Бодаи гулгун эмас безаҳр жоми Жам аро.

Еттилар жоҳ овжига ақрони, бир Доий қолиб,
Топмади ер даргаҳи шоҳаншаҳи Хоразм аро.

* * *

Мен ул дилдора учрашган замонда
Дедим: сендек гўзал йўқдур жаҳонда.

Деди: кўпдур гўзал оламда, лекин
Менингдек меҳрибон йўқ ҳеч маконда

Дедим: бир бўса эткил меҳрибонлиқ,
Деди: зар, бўса сизга осмонда.

Билиб кетти менинг пулсизлиғимни,
Қўюб базм аҳлини ўтлуғ фиғонда.

Ўшул раъно гўзалдур, пулталабдур,
Борур кўрсатсалар зар ҳар қаёнда.

Жаҳон раъноларидин тут қанора,
Бўлур не истасанг амну амонда.

Эвур юз, Доиё, яхши ямондин,
Таваккул қил ҳама яхши, ямонда.

* * *

Не нигун бахти била бўлди валодат шуаро
Ким бу кун топмади жуз васфи балоҳат шуаро.

Тамаи хом била неча ғазаллар айтиб,
Дарбадар юрмак эмастурму қабоҳат шуаро.

Деди бир шоири хушгуй манга лутф айлаб,
Шеър машқ айла, топар эмди каромат шуаро.

Неча шоир деса ёлғон, кўринур рост киби,
Йўқса шоирлиға кўрсатти надомат шуаро.

Шеър арбоби шуур оллида ондин мазмум,
Бўлдиким топди эл ичра амонат шуаро.

Бир пучак пулға олур кимса топилмас, нечаким
Арз этарлар гуҳари ноби фатонат шуаро.

Тош урар гарчи ҳунар аҳли ҳунар бошлариға,
Шеърдин кўрдилар анвои ҳақорат шуаро.

Бу ажгбким, бири тарк этмади шоирлиғини,
Нечаким топдилар ул ишда фасоҳат шуаро.

Зинҳор, эй укалар, шеър ила маъруф ўлманг,
Ким ўшул важҳ ила чекди ғаромат шуаро.

Дўстлар, чун шуаро бормоқа ер, ботмоқа кўл
Топмадилар, сиз ўлунг соғу саломат, шуаро.

Шуаро ҳолидин ар қилди шикоят Доий,
Қилмадилар ани ул ишда маломат шуаро.

* * *

Етар жонимға бир ой ҳажрида чандин алам, ё раб,
Закоти ушрича бўлмас жаҳонда барча ғам, ё раб.

Ажаб фўлод дил эрмишки ҳолимни кўруб ҳар кун,
Жафоу жаврини қилмас манга бир зарра кам, ё раб.

Ситамгарлар, ситамкашлар ҳама як сон чекар жаврин,
Ямону яхшини фарқ айламай, айлар ситам, ё раб.

Умуман ишқ арбобиға жавр айлар, хусусан мен
Қари қулға зиёд айлар ситамни даМ-бадам, ё раб.

Бўлибман ул ситамгарнинг жафоу жавриға мўътод,
Зиёд эт, қилма кам жаврин манга бир зарра ҳам, ё раб.

Агарчи ул пари ҳажрида қайғуда ўтар умрим,
Ҳама умрида ҳеч ғам кўрмагай беғам санам, ё раб.

Агар Доийға ул дилдор бир соғар карам қилса,
Анга макшуф бўлғай эрди сирри жоми Жам, ё раб.

* * *

Дедим: нигоро, не бўлур келсанг, талаттуф кўрсотиб,
Деди: келурман йиғламай турсанг, ўзингни тўхтотиб.

Дедимки: лаълинг шарбатин умрим ўтур бир тотмадим,
Деди: тўя ичгунг ани хунобаи ҳижрон қотиб.

Дедимки: фарёдим санга таъсир қилмас не учун?
Дедики: бўлмас ҳечгаҳ хоро тошини юмшотиб.

Дедимки: ноз уйқусидин жоду кўзинг уйғонмади,
Дедики: жоду фитнасин не қилғингиздур уйғотиб?

Дедим: кўрарманму экан ойдек юзингни беҳижоб,
Деди: кўрарсен қилмасам пинҳон, сочимни бутротиб.

Дедимки: Доий васлига етмакни айлар орзу,
Деди: олиб келсун ҳама амволу амлокин сотиб.

* * *

Садафдек хор бўлғай нечаким гавҳар сочар шоир,
Қамишдек қадр топмас ҳар неча шаккар тўкар шоир.

Мазаллат тангносидин қутулмоқлик не имкондур,
Агар ҳар чанди тўтивор болу пар очар шоир.

Замона аҳлиға миқдори зарра айламас таъсир,
Агарчи андалибосо тараннум кўрсатур шоир.

Букун ул гунги нодон қант еб, шурби мудом айлар,
Вале заҳроб ичиб ҳар дам бағир қонин ютар шоир.

Топар ҳар ким тараққий кун-бакун дилдор кўйида,
Магар соат-басоат тийра балчиқға ботар шоир.

Ажаб ҳасратга Доий қайдадур демас дилороми,
Агар минг қатла йиғлаб ҳоли зорин арз этар шоир.

* * *

Деди:— «Қаёндур мақсадинг?» Гуфтамки:—«Гулзори шумо»,
Деди:—«Нядур матлаб санга?» Гуфтамки:—«Дийдори шумо».

Деди:—«Надур кони сабаб?» Гуфтам:—«Ражои базми ту»,
Дедики:—«Манзуринг недур?» Гуфтамки:—«Рухсори шумо».

Деди:—«Мусофирсан магар?» Гуфтам: «Каромат мекунед»,
Деди:—«Не ердур манзилинг?» Гуфтамки:—«Дарбори шумо».

Деди:—«Нечун тортарсен оҳ?» Гуфтам:—«Зи рўзи фурқатат».
Деди:—«Не янглиғ кимсасен?» Гуфтам:—«Гирифтори шумо».

Деди:— «Недин мажруҳсен?» Гуфтамки:— «Бисёрам заданд»,
Деди:—«Ким урди?» Гуфтамаш:—«Фарроши ғаддори шумо».

Деди:—«Нега арз этмадинг?» Гуфтамки:—«Манъам карда буд»,
Дедики:—«Маниъ ким турур?» Гуфтам:—«Жилавдори шумо».

Дедики:—«Кел, Доий, бу ён!» Гуфтамки:—«Қуллуқ мекунам».
Деди:—«Недин хушнудсен?» Гуфтам:—«Зи гуфтори шумо».

* * *

Ғамимга боис ул ошуби даврон бўлди ўхшайдур,
Манга ҳажрида байтул-эҳзон бўлди ўхшайдур.

Бўлур афзун дамо-дам шиддати заъфим фироқ ичра,
Гумоним буки бағрим барчаси қон бўлди ўхшайдур.

Сарафроз айлаб эрди васл этиб ваъда қўлин, ваҳким,
Мусоид бўлмайин бахтим пушаймон бўлди ўхшайдур.

Жафоу жавру ёри таънаи ағёр тошидин
Бузуқ кўнглум биноси ерга яксон бўлди ўхшайдур.

Агар чандики помоли ҳаводис бўлмишам, лекин
Не ғамким вақти лутфу зилли субҳон бўлди ўхшайдур.

Хирад ҳар чанд манъи ишқ этар, аммо нетайким ул
Мени бечораға тақдири яздон бўлди ўхшайдур.

Не журъат бирла лофи ишқ урар Доий билолмамким,
Магар савдо била хотир паришон бўлди ўхшайдур.

* * *

Зулми беандоза этган бизга ё гардунмудур,
Ё ўшул бебок золим кўзлари пурхунмудур.

Ё ҳнно ёқмиш ушул шўхи ситамгар илкиға,
Ё қўли ишқ аҳлини қони била гулгунмудур.

Ё ҳама ошиқлара зулм айламак ойин анга,
Ё мени бечораға жаври ани афзунмудур.

Қатлиом этмакка ул қотил кўзи мойил эрур,
Ё муҳаббат аҳлин ўлтурмак анга қонунмудур.

Ишқ ўтиға ё менинг сийнам эрур оташкада,
Ё ҳама ишқ аҳли садри ул ўта қонунмудур.

Ё ман ўлмишман ўшул хунхорни ошуфтаси,
Ё бори олам эли ул соҳира мафтунмудур.

Ё ҳама изҳори ишқ этган кишини ўлтурур,
Ё ўлумга мустаҳиқ бу Доийи маҳзунмудур.

* * *

Шукрким, ўз илги бирла бизни дилдор ўлтурур,
Ўлмас ул муштоқким они севар ёр ўлтурур.

Юз тириклик лаззатин топгай ушул бечораким,
Ханжари абрў била ул чашми хунхор ўлтурур.

Шарбати юҳйил-изоми бирла тиргузгай они,
Сарв қадду маҳлиқо лаъли шакарбор ўлтурур.

Юз туман меҳнат кўруб етса мурода бир кишн,
Рашк этиб дарҳол ани чархи ситамкор ўлтурур.

Мушкил эрмиш. ишқнинг китмони ҳам, изҳори ҳам,
Бирида ғам, бирисида ул дилозор ўлтурур.

Хайрият андешдин бермас замон аҳли хабар,
Яхши фикр этган кишини билки ашрор ўлтурур.

Ёр кўйида бўлибдур ёрлар ғаддорлар,
Хавф этар Доий они бир ёри ғаддор ўлтурур.

* * *

Шираи жондин доғи ширин эмиш гуфторингиз,
Тоза жон топгай ким ўпса лаъли шаккар борингиз.

Сарв ножуға назар гар солмасам, эрмас ажаб,
Ким бизинг манзуримиздур қадди хуш рафторингиз,

Чиқмағаймиз биз баҳор айёми гул сайриғаким,
Сийнамизда гул очибдур шуълаи рухсорингиз.

Аҳли дониш деб қилмас беибо ҳарне десак-
Ким, бўлубдурмиз бу кун масти майи дийдорингиз.

Боғ аро наргис эмас кўнглум эрурким лой аро,
Сеҳр этиб банд этмиш икки жодуйи хунхорингиз.

Лутфингиздин йўқ бизинг уммидимизки, даъбингиз
Қаҳр қилмоқдур ким ўлса ишқингизда зорингиз.

Доимо хунобаи ҳижрон ютармиз биз, вале
Бўлдилар масти шароби васлингиз ағёрингиз.

Умримиз зиндони фурқат ичра ўтти, оҳким,
Шу рақибларға маҳалли айш эрур гулзорингиз.

Ишқингизда сарф этиб, Доий йигитлик қувватин,
Дедингиз, қаридингиз, эмди бу ердин борингиз.

* * *

Не адоват эрди бу, эй чархи даввор, айладинг,
Кийналар бечораларға ҳар дам изҳор айладинг,

Софдил мўмин анисимдин жудо айлаб мени,
Беҳаё хотир мукаддарларға дучор айладинг.

Бағри бирёнлар била эрдим мусоҳиб неча йил,
Кўнгли тўқ, бағри бутунларға мени ёр айладинг.

Бир пари янглиғ мужассам руҳ ёримдин жудо
Айладинг, ҳайвон сифат ёра гирифтор айладинг.

Айламас эрдим баланду пасти оламни тамиз,
Толиби жоҳ айладинг, хуш хона бардор айладинг

Ишқ аҳлига эгармак эрди мақсудим давом,
Сен мутеъи бир париталъат сабуксор айладинг.

Чарх ҳам, Доий, сенингдек бандаи бечорадур,
Не учун ондин гила, эй оғзи бекор, айладинг.

* * *

Кўзингдин ўргулай, кўз бирла кўрдинг ҳоли зоримни,
Бошинг ҳаққи, қаро қилма бу қолғон рўзгоримни.

Етар ҳажрингда ҳарда.м юз туман шиддат манга, лекин
Санга арз айламак даркор эмас ҳеч кору боримни.

Тажоҳул айлабон ҳардам, нечуксан бедилим, дерсан,
Билур эркан ўзинг яхши ниҳону ошкоримни.

Ики қошинг ишорат ханжари бирла ёрар кўксум,
Ҳадаф айлар кўзунг мужгон ўқиға жисми зоримни.

Қочурди эътиборим муддате қаҳринг узоқ тортиб,
Қачон, эй сангдил, қилғунг фузунроқ эътиборимни.

Неча йилдур ётибман остонинг ёстаниб, бир кун
Демадинг, келтурунг ул дардманди хоксоримни.

Тутубман унс кўйингда қўтур босқон итинг бирла,
Нигоро, солма мендин айру ёру ғамгусорингни.

Нигорим илгида ўлсам, шаҳид ўлгум, мусулмонлар,
Бўлунг хушнуд, йиғлатманг менинг хешу таборимни.

Тирикликда жамолин кўрмадим, не бўлди, мўминлар,
Жанозамга агар келтурсангиз ул гулъузоримни.

Мани Доий маломат қилди кўп нолиш қилурсан деб,
Они билмаским, олмишлар қўлимдин ихтиёримни.

* * *

Эй кўнгул, санга ҳарғиз қолмас эмди армонлар,
Келдилар сени истаб бу азиз меҳмонлар.

Илтифоти бепоён бирла келдилар бу тун,
Гулбадан пари рухлар, гулъузор жононлар.

Гулгул очилиб кулбанг рашки гулшан этдилар,
Ғунчалаб дурафшонлар, орази дарахшонлар.

Зулфи анбаринларни тарқатиб, бўлиб раққос,
Базмгоҳинг этдилар турфа сунбулистонлар.

Нозании паривашлар ишвалар қилиб ҳар дам,
Бўсалар сақоқлардин айладилар эҳсонлар.

Рашк ўтига куйсунлар қайта-қайта ҳосидлар,
Юз ўлуб-тирилсунлар ул гуруҳи нодонлар.

Шукр этиб, аё Доий, сарф базм этиб шод ўл,
Марҳамат қилиб бу тун келдилар ғазалхонлар.


НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Тарки суҳбат қилдилар ул вақтким дилхоҳлар,
Ҳажр чоҳида чекармиз нолаи жонкоҳлар,
Ҳоли кайфин фаҳм этар нақл этсалар ҳамроҳлар,
Улки солғай шуъла аъзосиға ўтлуғ оҳлар,
Қайда билгай куймакин зарбафт кийган шоҳлар.

Уйсиз уммоллар ишлар маъолин билмагай,
Нуру зулмат, ранжу меҳпатнипг заволин билмагай,
Мастлар бечораларнинг ашки олин билмагай,
Бағридин қон томғучи ушшоқ захмин билмагай,
Тийғидин қон томғучи бераҳм олий жоҳлар.

Эйки, кирдинг ишқ майдониға дўнгил тезким,
Ҳар қадамда еткирур бошинга рустохезким,
Ишқ даштидур ажаб дарду бало ангезким,
Шиддатин Фарҳод қилғай фаҳм, йўқ Парвезким,
Дардни хокийлар онглар, йўқ фалак даргоҳлар.

От боши эшшак аёқи остида қум бўлғали,
Курра, харларнинг жули синжобу қоқум бўлғали,
Эл аро иокас касу номард мардум бўлғали,
Жону кўнглум кирдилар гам даштиға гум бўлғали,
Мен ҳам этдим азм чун азм этдилар ҳамроҳлар.

Мужда, эй жону кўнгул, сизни ўшул ҳур ўлтурур,
Ишқ аҳлиға қилиб қаҳр, элни мажбур ўлтурур,
Бегуноҳларни ўшул ҳусниға мағрур ўлтурур,
Бўлсалар огаҳки, бир ғамгинни ҳижрон(?) ўлтурур,
Фикр этар ҳолиға ҳижрон дардидин огоҳлар.

Гулжабинлар қайда билгай ранги хункоҳим недур,
Сиҳҳат аҳли англамас дарди саҳаргоҳим недур,
Не билур васл аҳли ҳар дам оташин оҳим недур,
Ваҳ, не билгай ҳажр занжирида дилхоҳим недур,
Ҳалқа урған базм айши даврида дилхоҳлар.

Ҳожат аҳли ҳолидин ҳожатраволар фикри йўқ,
Ишқ ранжури ғамидин бевафолар фикри йўқ.
Доиё, аҳли ғиноға бенаволар фикри йўқ,
Эй Навоий, шоҳларға чун гадолар фикри йўқ.
Айтгил ҳам тенгри даргоҳиға шайъаллоҳлар.

 


51 дан 63 сахифа