Деҳқончилик туғрисида PDF Босма E-mail
21.06.2024 11:42

Дон сочувчи деҳқон — ерни ҳайдаш билан ризқ йўлини очади. Агар у ҳалол ва ишчан бўлса, унинг ҳўкизи Солиҳ туясидек номдор бўлади. Унинг зўр, паҳлавон қўш ҳўкизи ҳар қандай оғир меҳнатга бўйинсуниб, олдида юради. Бу ҳўкизлар иш пайтида деҳқонга ҳамдам ва у билан доим ҳамқадам; деҳқон билан ер ҳайдашда гўёки одам.
Оламнинг ободлиги деҳқонлардан; меҳнат аҳли шодонлиги улардан. Деҳқон ҳар қандай экин экишга қилса ҳаракат — элга ҳам озиқ-овқат етказур, ҳам баракат. Деҳқонки, ҳалол меҳнат билан дон сочади, ҳақ бир доиини етти юзга етказади. Сочган дони кўкаргунча, уни ўриб, хирмон қилиб ҳосил кутаргунча қурт-қушлар ундан баҳраманд: дашт ваҳшийлари унинг билан хурсанд. Чумолилар уйи ундан обод; гур деган ҳайвонларнинг кунгли ундан шод. Кабутарлар мастлиги-ю, турғайларнинг шўх навоси шу донлардан. Ўроқчининг тирикчилиги шунинг орқасидан; бошоқчининг кўзи тўқлиги шунинг орқасидан. Қўшчининг ундан муроди ҳосил, сомончи ундан мақсадга восил. Гадойлар у билан тўқ; хонадон эса маъмур. Мусофирга таом шундан; мужовирга ком уидан. Новвойнинг тандири у билан иссиқ; аллоф-унфурушнинг бозори у билан қизиқ. Фуқаронинг ризқ-рўзи, ғарибларнинг куч-қуввати дон биландир. Уни еган зоҳид зуҳур билан тоат қилади; у билан тўйиб олган обид қаноатлилиги ҳақида лоф уради. Дон туфайли гадой халтаси бурда нонга тўла. Шоҳ хазинаси эса дон орқасидан инжу ва олтинга бой .
Деҳқоннинг бир дон сепганида шунча ҳикмат бор, узга ишларини таърифлаш маҳолдир.
Унинг боғи жаннатни эслатади; полизида руҳ озиғи кўринади. Дарахтининг ҳар бири кўк осмондек улкан; у дарахтлардаги гул мевалар фалакдаги юлдуз ва юлдузчалардек. Фақирларнинг сирка ва шинниси у мевалардан; боёнларнинг газаги ва аъло шароби шу мева-лардан.
Турли-туман мевалар етилгач, боғда гўзаллик ва тартиб сезилади.
Бундай одам — яъни деҳқон, бахилликдан йироқ бўлса япа яхши; зиқналигу ёлғон сўздан ҳазар қилса яна яхши. Шоҳ солиғини тўлашдан бош тортмаса, ўз шеригига жафо қилмаса, шунда унинг сочган донаси саодат инжусидан ҳосил беради; сепган уруғи эвазига меза эмас — юлдуз теради. Бундай деҳқон Одам Ато фарзанди, балки ундан ризқ еганлар — шу деҳқоннинг фарзанди-ю, унинг ўзи Одам Атодир.
Қитъа:
Кимки дехқончиликни касб қилди,
Унинг иши нон улашмак бўлди,
Бундай кимса даражаси юксаклиги
Одам аточа бўлмаса-да, одамгарчилиги бор.