Очиққўллик ва сахийликнинг улуғлиги ҳақида PDF Босма E-mail
18.06.2024 16:40

«Сахий, гарчи фосиқ бўлса хам, дўзахга кирмайди. Бахил, гарчи обид бўлса хам, жаннатга кирмайди», деб айтилган саҳиҳ қадисга мувофиқ, энг гўзал хулқ ва энг яхши одоб сахийлик ва очиққўллик каби мақталган хислат бўлиб.
Мисра:

Мавжуд бўлган нарсаларнинг барчаси саховат соясидадир.

окил ва ғофил, (47а) олим ва жохил, саводсиз ва фозил, бахтсиз ва бахтли кишилар наздида ушбу мақталган хислат севимли ва марғубдир. Назм ақлининг мўъжизали қалами ва наср ахлининг сеҳрли хомаси дафтарларнинг ичлари ва сақифаларнинг юзларини ушбу эзгу хислат таърифи билан безайди. Олам ахлининг камчилик ва нуқсонлари бағрикенглик ва очиққўллик туфайли одамлар кўзидан яширин бўлиб қолса, одам болаларининг ютуқ ва фазилатлари қизғанчикдик ва паст қимматлилик туфайли кўзга нуқсондек бўлиб кўринади.
Рубоий:

Олам ахди камчилигини ёпувчи саховатдир,
Барча учун мақтовли бўлган нарса хам саховатдир,
Зотида юз хунар мавжуд бўлган кишида
Саховат бўлмаса, у аниқ керакмасдир.

Ҳақиқатлар паноҳи бўлган Ҳазрати Махдумий (Аллоҳ унинг қабрини нурга тўлдирсин) «Баҳористон» асарида дурлар сочувчи қаламлари билан ёзиб қўйганларки, саховат бирор
бир мақсад кўзламасдан ва эвазига бирор нарса сўрамасдан туриб, гарчи кўзланадиган бу мақсад ва сўраладиган бу нарса муносиб мақтов ва катта савоб бўлса-да, бирор нарсани [бирор кишига] совға қилишдир.
Қитьа:

Сахий кимдир, удир мукофот олмай
Ҳар саховат келар қўлидан унинг.
Мақтов, савоб учун қилинган ишни
Хайру саховатмас, олди-сотди бил.

Улуғ Парвардигорга шукрлар ва ундан бизга миннатлар бўлсинки, мақталган хислатларга эга бўлган Амирнинг муборак хулқ-атворлари худди шундай бўлиб, [ул зотнинг] чексиз яхшиликлари бу борлиқ оламда шухрат топиш ёки абадий оламда катта савобга эришиш учун қилинган эмасди. Чунки бу дунё ва ундаги нарсалар ул зотнинг ҳиммат назарида бир сомон хасичалик қимматга эга эмасди.
Аммо чексиз очиққўллик ва сахийлик хислатига эга бўлишига қарамасдан, хеч қачон ҳеч кимга бир арпа доничалик ҳам миннат қилмасди. Унинг инъом булутлари ҳар доим олимлар ва фозилларнинг (47б) орзу-умид боғларига кўм-кўклик ва яшиллик бағишлар, яхшиликлари ва улуғлашлари булутлари томчилари ҳамиша машойихлар ва саййидларнинг омонлик экинзорини ям-яшил қилар ва сувга тўйдирарди.
Қитъа:

Қўли саховат манбаидир, ўша қўлдан ўқирлар,
Етти кўк денгизининг саромади айлаиар.
Ғунчанинг кўнглидан унинг қўли тўғрисидаги ўй ўтди,
Шундан кўнглидаги нозик ҳислар олтинга айланди.

Дунёнинг турли томонлари ва гўшаларидан ғариблар ва мусофирлар [ул Ҳазратнинг] ҳидоятга ошён бўлган остонасига келиб, хайру эҳсон дастурхонидан энг яхши улушлар олиб, лаззат ва баҳра олардилар. Эрон ва Туроннинг энг узоқ нуқталаридан қашшоқлар ва муҳтожлар [ул Ҳазратнинг] одамларга паноҳ берувчи даргоҳига илтижо келтириб, садақа ва эҳсон дастурхонидан кўп баҳра олар ва ризқ-рўз топар эдилар.
Маснавий:

Ҳеч бир тиланчи қувонганида ҳам, аччиқланганида ҳам
Қовоғининг солинганини ўз кўзи билан кўрмаган.
Тиланчилар безовта бўлмасин деб
Ҳамиша тиланмасидан олдиноқ, ол, деб айтарди.

Ҳикоят
Айтишларига қараганда, кунлардан бир куни юқори мартабали ушбу Амир гавҳарлар сочувчи тиллари билан шундай дедилар:
- Султон Саъид Мирзо Султон Абусаъид [подшоҳлиги] замонида, жума кунларининг бирида Ҳирот шаҳри ичидаги жоме масжидида намозни ўқигандан сўнг хиёбонга бориш хаёли билан йўлга тушдим. Масрах кўчасига етишимга яқин қолганида кўрдимкн, афтодаҳол ва бечора бир тиланчи ўтириб олганича:
- Оилали кишиман, бир неча оч ва яланғоч болам бор. Эрталабдан (48а) шу ерда ўтириб тиланчилик қиляпман, бироқ ҳалигача бирор киши менга бир чақа ҳам садақа қилмади, - дер эди.
Ул Ҳазрат [ўз сўзларида давом этиб] шундай дедилар:
- Ўша вақт ёнимда бир тангагина пулим бўлиб, бундан бошқа бу дунёнинг қўлга киритиш мумкин бўлган бойликларидан бир дончалик ҳам нарсам йўқ эди. Шунда ўзимга ўзим: - Энг кичик заррадан то энг йирик нарсаларгача бўлган мавжудотларнинг Яратгувчисига таваккал қилиб, ана шу тангани шу тиланчига бергин. У бугун [шу пул билан] аёли ва болаларига егулик олса, эртага пок ва улуғ Парвардигор бошқа бирор жойдан сенга ризқ етказади, - дедим. Шундай сўнг тангани унга бериб, ўтиб кетдим ва шом намозигача хиёбонда сайр қилиб юрдим.
[Бироқ] қайтиб келаётганда ўша тиланчининг ўша жойда ўтириб, айнан ўша сўзларни айтиб тиланчилик қилаётганини кўрдим. Унинг тиланчиликдаги ўта ёлғончилигидан ва ҳаддан ташқари очкўзлигидан ҳайратга тушдим. Аммо бу нарсани билиб қолганлигимни унга билдирмадим.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, ушбу ҳикоят олий манзилатли ушбу Амирнинг ўта бағрикенглиги ва сахийлигидан далолат беради. Чунки [ул Ҳазрат] ўшанда ўзида борини ўша тиланчига беради, [бунинг устига] кўрган нарсасини ҳам кўрмаганликка олади.
Айтилган бу гапларнинг исботи ҳамда чиқарилган ушбу хулосанинг тасдиғи сифатида ҳақиқатлар паноҳи бўлган Ҳазрати Махдумий (Аллоҳ унинг қабрини нурга тўлдирсин) «Баҳористон» асарида келтирган қуйидаги ҳикоятни эслатиш мумкин.
Ҳотамдан:
- Шу чоққача ўзингдан ҳам сахийроқ кишини кўрганмисан? - деб сўрашганида шундай жавоб берди:
- Ҳа [кўрганман]. Кунлардан бир куни бир йигитнинг уйида меҳмон бўлдим. Унинг уйида бир неча бош қўйи бор экан. (48б) У ўша заҳотиёқ улардан бирини сўйиб, пиширдида, олдимга олиб келди. Ундан бир парчаси менга жудаям ёқиб тушди. Уни тановул қила туриб, «Худо ҳаққи, мана шу жойи жуда-ям мазали экан», дедим.
Уша мезбон ташқарига чиқиб кетди-да, бирин-кетин [қолган] қўйларини [ҳам] сўйиб, [менга ёқиб қолган] ўша жойини пишириб олиб келар, мен эса бундан бехабар эдим.
Отга миниб, кетиш учун ташкарига чиққанимда, ҳовлида жудаям кўп қон тўкилганлигини кўрдим.
- Бу не ҳол? - деб сўраганимда, - у барча қўйларини сўйди, - деб айтишди.
Уни бу қилган иши учун койидим. У эса:
- Субҳоналлоҳ, сенга бир нарса ёқиб қолса-ю ўша нарса менда бўла туриб, уни сендан қизғансам, жудаям хунук иш бўлган бўларди, - деб жавоб берди.
Шундан сўнг Ҳотамдан:
- Сен бунинг эвазига [унга] нима бердинг? - деб сўрадилар.
- Уч юз бош қизил юнгли туя ва беш юз бош қўй, - деб жавоб берди.
- Унда сен ундан ҳам сахийроқ экансан-да, - деб айтишди.
-    Қанақасига! - деди Ҳотам. - [Ахир] у [менга] ўзида бор бўлган барча нарсасини берди. Мен эса ўзимдаги жудаям кўп нарсадан бирозгинасини бердим, холос.
Назм:

Яримта нони бор тиланчи
Барчасин берса ўз уйидан,
Кўпрокдир у жаҳон шохининг
Берган ярим хазинасидан.

Ҳикоят
Зафар байроқли Соҳибқирон томонидан Астробод вилояти ҳокимлиги Султон Бадиуззамон Мирзога топширилган замонда, кунлардан бир куни саодат нишонли шаҳзода мақталган хислатларга эга Амирнинг мулкларидан ҳисобланган қишлокдардан бири бўлган Хайробод қишлоғини айланиб юриб, ўша қишлоқ аҳолисининг хулқ-атворини ёқтириб колди ва орзу қилиб, шундай деди:
- Ё Раб! Қанийди бирор киши ўртага тушиб, бу қишлоқни (49а) Ҳазрати султоннинг яқин кишисидан бизга сотиб олиб берса.
Шу чоғ ўша ерда бўлган қуллар олами амирининг хизматкорлари жумласига кирувчи аслзодаларнинг сараси Хожа Ғиёсиддин Муҳаммад Дехдор бу гапни эшитиб, шундай деди:
- Менинг ўз хўжайиним ва валинеъматимга бўлган ўринбосарлигим ва яқинлигим шу даражадаки, ул ҳазратга тегишли бўлган мол-мулкни истаганимча тасарруф қилишим мумкин. Шунга кўра ул ҳазрат томонидан ушбу қишлоқни жаҳон аҳли шаҳзодасига тортиқ қилдим.
Султон Бадиуззамон Мирзо ниҳоятда қувониб кетиб, ҳазил тариқасида Хожа Ғиёсиддин Муҳаммад Дехдорнинг қаршисида тиз чўкиб берди.
Бу тўғрида олий насабли Амирнинг қулоғига етиб боргач, [ул зот] Хожа Ғиёсиддинга таҳсинлар айтди ва хизматкорлик вазифасини яхши бажарганлиги учун яхши бир тўн ҳамда бир отнинг баҳоси бўлган минг кепакий миқдоридаги пулни Астрободга жўнатди.
Маснавий:

Денгиз унинг узлуксиз саховатини кўрди,
Унинг дастидан юзига хижолат кўпигини сочди.
Денгиз кўпигига қарата: даъво қилиб ўтирмагин, деди.
Чунки унинг қўлида шамолдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.

Ҳикоят
[Ҳижрий-қамарий] 905 (мил. 1499/1500) йили саодат нишонли шаҳзода Муҳаммад Муҳсин Мирзо мамлакатнинг айрим эҳтиёжлари учун Сабзавор қалъасига маълум миқдор ғалла захира қилишга қарор қилди. Бироқ у вилоятда ғалла кам эди. Шунда амирлар ва ноиблардан бир гуруҳи шундай дедилар:
- Бу шаҳарда Ҳазрати султоннинг яқин кишисининг жуда кўп ғалласи бор. Умидимиз шуки, агар олий фармон чиқарилиб, ўша ғалладан зарур бўлган миқдорини қарз олиб (49°) захира қилсак-да, имкони бўлганда ушбу қарзни ул жанобнинг вакилларига қайтарсак.
Гўзал хулкли шаҳзода уларга шундай жавоб берди:
- Амир жанобларининг ғаллаларидан бирор қисмини олиш у ёқда турсин, ҳатто унга ҳеч ким тўғридан-тўғри кўз ташлай олмайди.
Бу тўғрида олий насабли Амирнинг қулоғига етиб боргач, шаҳзода ҳаққига дуолар қилиб, Сабзаворда қанча ғалласи бўлса, ҳаммасини ўша жанобга тортиқ қилди. [Ул Ҳазрат] бу тўғрида ноибларидан бирига мактуб [ҳам] ёзиб, унда қуйидаги сўзларни келтирдилар:
«Худога қасам ичиб айтаманки, агар ҳар бир буғдой дони ўрнига бир донадан марварид бўлганида эди, у кишидан аямаган ва уларнинг ҳаммасини тортиқ қилиб, ўз шаҳзодамнинг қалбига меҳр ва муҳаббат уруғини эккан бўлардим».
Мисра:

Шундай қилар улуғлар, шундай иш тутмоқ керак.

Ҳикоят
Бир гал бедорлик ва огоҳлик аҳлининг йўлбошчиси бўлган Хожа Носириддин Убайдуллоҳ (Аллоҳ унинг қабрини табаррук қилсин) фарзандларидан бири ҳажга борганида муборак Макка шаҳрида Мовароуннаҳрга сафар қилиш ниятида бўлган бир савдогардан ўн беш минг динор кепакий миқдорида пул қарз олди. [Бироқ у ердан] қайтиш чоғида Ҳалаб шаҳрига етганларида у савдогар Мовароуннаҳрга сафар қилиш режасини бекор қилди ва олдин мендан олган пулни қайтарасан, шундан кейингина ўз юртингга кетасан, деб хожазоданинг ҳам юртига қайтишига йўл бермади. Хожазода мажбур бўлиб ўша юртда қолди ва одамларидан бирини ўша пулни тўплаб, Ҳалабга олиб келиб бериши учун Самарқандга жўнатди.
У киши томонидан юборилган бу одам шавкатли Ҳирот шаҳрига етиб келганида тасодифан дунё улуғларининг таянчи ва пушти паноҳи бўлган ул ҳазратнинг муборак йиғинида (50а) қатнашиб қолди ва хожазоданинг Ҳалаб шаҳрида тўхталиб қолганининг сабаби тўғрисида гапириб берди. Шунда ул ҳазрат: - Арзимас микдордаги бу пул Мовароуннаҳрга бориб уни тўплашингга ва хўжайинингни [Ҳалабда] шунчалик куттириб қўйишингга арзимайди, - дедилар-да, ўша пулни ўзларининг ёнларидан бир ишончли кишига топшириб, уни Ҳалабга жўнатдилар. Натижада хожазода тутқунликдан халос бўлиб, ўз она ватанига қараб йўл олди.
Маснавий:

Не дейинки, бу номдорнинг ахлоқи,
Етмагайдир унга инсон идроки.
Саховатин сўйлашга тил ожиздир,
Ажабланма бундан, Худо қодирдир.

Ҳикоят
Бир куни мақталган хислатлар соҳиби бўлган бу Амир ақлни пешлаш мақсадида Мавлоно Фасиҳиддин Соҳиб билан шоҳмот ўйнаб ўтирардилар. Шу пайт тўсатдан нақибларнинг пушти паноҳи бўлган жаноби Амир Бурҳониддин Атоуллоҳ шу жойга кириб келдилар. Ул ҳазрат иззат-икром ва ҳурмат-эҳтиром бажо келтириб, меҳрибонлик ва юмшоқлик билан:
- Қаерлардан келяпсиз ва қандай муҳим ишларнинг кетидан юрибсиз? - деб сўрадилар.
Нақибларнинг пушти паноҳи бўлган бу зот шундай жавоб бердилар:
- Анча пайтдан ва узоқ вақтдан буён, ҳар куни шаҳардан бу жойга келиб-кетиб юрмаслик учун, «Ихлосия» мадрасаси яқинидан бир ҳовли сотиб олиб, ўша жойда яшай бошлашни ният қилиб келардим. Ҳозир эса шундай бир ҳовли топдим ва уни уч минг кепакийга сотиб олмоқчиман. Бироқ [шу ўртада бу уйга харидор бўлган] бир амалдор киши пайдо бўлиб, [мен таклиф қилаётган] ушбу нарх устига яна бир оз қўшмоқда, сотувчи эса ҳовлини ўша одамга сотмоқчи. (50°) Сиздан илтимосим шуки, мулозимларингиз [менга] раҳмлари келиб, у одамга ушбу олди-сотди фикридан кайтишини ва менга ўша ҳовлини сотиб олишга имкон беришини сўраб бир мактуб ёзсалар.
Кенг феълли Амир бу сўзларга жавоб бермасдан, икки ўртада бошланган шоҳмот ўйинини ўйнашда давом этдилар. Ул жаноб бундан ташвишга тушиб, менинг илтимосим ул ҳазратнинг кўнгилларига оғир ботганга ўхшайди, деган гумонга борди.
Шундай қилиб, шоҳмот ўйини тугагач, саховат ва карам манбаи бўлган ул ҳазрат нақибларнинг пушти паноҳи бўлган ул жанобга қарата шундай дедилар:
- Фақирлардан бири майдонининг кенглиги ва хоналарининг кўплиги, ҳавосининг мусаффолиги ва сувининг ширинлиги билан ажралиб турадиган, бунинг устига мадрасага яқин бўлган бир ҳовлини сизга тортиқ қилгани яхшими ёки [ўзингиз айтган] ўша ҳовлини сизга олиб беришга ҳаракат қилингани маъқулми?
Улуғ насабли жаноб бу сўзларни эшитиб, ўзларининг хурсанд ва шод бўлганликларини билдирдилар ва [унга тортиқ қилиниши айтилган ўша ҳовлини олишга] умид боғладилар.
Шундан сўнг юқори мансабли Амир ул Ҳазратнинг девонига тегишли ҳисобланган ва ҳақиқатдан ҳам кўнгилни яйратувчи бир жой бўлган Мавлоно Муҳаммад Муиннинг ҳов-лисини ул жанобга инъом қилиб, у кишини омадли кишига айлантирдилар.
Байт:

Гулнинг ҳиди хулқингга қариндош бўлгани сабабли
Булбуллари юзта тил билан мақтайди.

Шунингдек, салобат ва виқорга эга бўлган бу Амир ғам-қайғуларни кетказувчи сон-саноқсиз боғлар ва қувончга қувонч қўшувчи кўплаб маконларни саййидлар, олимлар ва фозилларга инъом қилганлар. Шунингдек, бир қанча яхшигина экин-зорлар ва қулай (51а) коризларни аъло ҳазратлари, шаҳзодалар ҳамда иффат чодирининг покизалик чимилдиқларида ўтирганларга ҳадя этганларки, хаёл ҳисобчиси уларнинг сонини санашга ожиз эканлигини тан олади.
Ҳар гал олий даражали Соҳибқирон бирор жойга сафарга чиқишни ихтиёр этганларида бу саховатли Амир катта миқдордаги пулни ул Ҳазрати олийлари ва шаҳзодаларга назр сифатида тортиқ қилар, шунингдек, амирлар, вазирлар, садрлар ва ичкилардан тортиб [Соҳибқирон Султонга ҳамроҳ бўлган] мулозимлар ва қўшинлар карвонидаги барча хизматчиларгача бўлган кишиларни ўзларининг инъом ва эҳсон дастурхонидан баҳраманд этардилар.
Ҳазрати олийларининг юришдан қайтган чоғларида ҳам худди шу тарзда назр-ниёзу эҳсонлар кўрсатардилар. Масалан, олий манзилатли Соҳибқирон Балх сафаридан қайтиб, Қандаҳор томон йўл олган чоғларида [ул Ҳазрат] тортиқ қилган нарсалар қуйидагилардан иборат бўлди: йигирма беш туман кумуш пул, минг ман ипак, минг харвор ғалла. [Ул Ҳазрат] шу сафар қарийб минг динор микдоридаги пулни ҳарам аҳлига ва шаҳзодаларга туҳфа ҳамда амирлар ва давлат устунларига ҳадя этдилар.
Шунингдек, дўстларни сийловчи Соҳибқирон ҳар гал хайру эҳсон денгизи бўлган бу Амирнинг уйига ташриф буюрганида ҳисобсиз пул, кўкка сапчийдиган отлар, нафис буюмлар ва табаррук нарсалардан шунчалик кўп ҳадя килар эдиларки, уни таърифлашга тил ожизлик килади.
Шундай ҳолатлар ҳам кўплаб юз берганки, Соҳибқирон Султон саройи амалдорлари айрим зарурий харажатлар учун катта микдордаги пулни [солиқлар сифатида тўлаш учун] халқ зиммасига юклашмоқчи бўлишганида, қалби денгиздай кенг бўлган бу Амир халқ (51б) кийналиб қолмаслиги ва бу нарса салтанат қасри пойдеворининг ларзага келишига сабаб бўлмаслиги учун ўша пулни ўз хазиналаридан тўлаб юборардилар.
Жумладан, ушбу сатрлар муаллифига маълум бўлишича, ҳижрий-қамарий 906 йилнинг бошларида (милодий 1500 йилнинг июль-август ойлари) Соҳибқирон Султон Мозандарон вилоятига ташриф буюрганларида ҳукмронликнинг пушти паноҳи бўлган Амир Муборизиддин Муҳаммад Валибек (Аллоҳ уни соғ-саломат асрасин) номига зарур харажатлар учун Ҳирот шаҳри ва унинг атрофларидаги қишлоқлар аҳолисидан юз минг динор миқдоридаги пул ундирилсин, деган муборак фармон келди.
Ул жаноб ушбу пулдан эллик минг динорини [Ҳирот атрофидаги] қишлоқлардаги ер эгалари ҳамда бойлардан ундириб, тўплади, қолганини эса Ҳирот шаҳри аҳолисидан киши жон бошига ёки қуллар сонига қараб ундириб чиқишга қарор қилди.
Бироқ бирор бир ишга ушбу саодатли Амир билан маслаҳатлашмасдан киришмасликлари сабабли ул ҳазратнинг ноибларидан бирини чақириб, [маслаҳат сўраш мақсадида] ушбу режани маълум қилди.
[Ул Ҳазрат бунга] жавобан:
- Шу пайтда халққа ўринсиз солиқ солинишини олий манзилатли Соҳибқирон салтанати учун муносиб иш деб билмайман, - дедилар-да, ўша пулни ўз ёнларидан тўлаб юбордилар.
Жудаям кўп кишилар ул ҳазратнинг ҳақларига дуолар қилиб, ул зотга санолар айтишди.
Маснавий:

Денгизу конни ҳам ҳадялар этдинг,
Денгизу кондан ҳам сен устун келдинг.
Кон сенинг дастингдан тошга кўмилди,
Дастингдан денгиз ҳам юзларин юлди.