Ёзувчиликнинг фазилати ва сўзга зеб берувчи фозилларнинг даражалари ҳақида PDF Босма E-mail
13.06.2024 17:28

Илм ва санъат ўрганиш учун турли йўллар томон шошиладиган билимдон ёзувчилар ўзидан нур таратиб турувчи сўз гавҳарини икки кўринишда намоён этганлар. Улардан биринчиси назм бўлиб, шеърий табъ маҳсули, иккинчиси эса наср бўлиб, ёзувчилик санъати эгалари тафаккурларининг самараси ҳисобланади.
Фозилларнинг таъбирларича, «иншо» («ёзувчилик») сўзининг маъноси маънолар бокира қизининг қулоқ ва бўйинларига сўз дурларидан бўлган тақинчоқлар ва иборалардан терилган нодир маржонларни тақиш, шунингдек, сўз санъати асарларини (20б) ёруғ кўнгилларнинг қоронғулашишига сабаб бўладиган сўзлардан тозалаш ҳамда уларни тилда айтиш тириклик сувининг оғизга қуйилишига сабаб бўладиган моҳир сўз усталарининг ҳикоятларига зийнат бағишлашдан иборатдир.
Бу улуғ соҳа инсоннинг камолот тўнининг безаги, бу гўзал санъат эса «Нун. Қалам ва [у билан] ёзадиган нарсалар [битиклар] билан қасамёд этаман»(Қуръони карим, «Қалам» сураси, 1-оят.) оятида эслатилган абадий саодатнинг энг юқори даражаларига етишга сабаб бўладиган нарса, ёзувчилик ва китоб ёзиш иши эса Худо инояти тўғрисида тарқатилган фармондан бир белги, десак муболаға қилмаган бўламиз. Шунингдек, «У инсонга қалам билан [ёзишни ҳам] ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди»(Қуръони карим, «Алақ» сураси, 4—5-оятлар.) оятлари шундан хабар берадики, мақтовга лойиқ бўлган ёзувчилик иши чексиз олижаноблик намунасидир. Шу сабабли ҳам замона билимдонлари бошқа билимдонлардан устунликка эга бўлиш мақсадида тинимсиз равишда ёзувчилик майдонида от суришарди. Шунингдек, ҳар доим чиройли сўз айтиш санъатини эгаллаган ёзувчилар шаъни ва шавкати юқори бўлган султонлар ҳамда мавқе ва мартабаси юқори бўлган хоқонлар олдида азиз ва муҳтарам ҳисобланардилар.
Улуғ Парвардигорга шукрлар ва ундан бизга миннатлар бўлсинки, ҳидоят насабли ул олий ҳазрат ушбу шарафли соҳада ҳам етукликнинг энг юқори чўққисига ва буюкликнинг энг юқори даражасига етган бўлиб, икки тил қаламининг айтганларидан оқиллик ва заковат аҳли қулоғи сирлар дурлари билан тўлди, баён бармоғининг ёзганларидан эса (ёзувчилар ҳомийси бўлган) Аторуд ҳайрат бармоғини тафаккур тиши билан тишлаб қолди.
Қитъа:

Сўз дунёсини тил тиғи билан ишғол этибсан, ажаб,
Таъбинг сўзнинг сирларига воқиф бўлибди.
Аторуд лабига жимлик михини қоқади
Икки тил қаламинг сўзни баён этишга тушганда.

Ўзидан гавҳар сочувчи қалами ғаввоси қалб денгизи қаъридан ёзув соҳилига етказадиган ҳар бир томчи қимматбаҳо дурдир.
Шеър:

Қувонч денгизида етиштирилган ҳар қандай истак гавҳари
Ушбу денгизда мавжуддир уларнинг бари.
Худди гўзаллик каби кўзлардан ўт чақнатади,
Худди висол каби ҳар бир кўнгилга қувонч бағишлайди.

(21а) Шунингдек, [ул Ҳазратнинг] билимдон кўнгли котиби қалб саҳифасидан қоғоз саҳифасига кўчирган ҳар бир сатр фойдали бир китобдир.
Назм:

Бу китобмас, адашдим, бу бир денгиздир,
Ақл унинг атрофидан гавҳар теради.
Маъно нозикликлари ҳарфлар кийимида
Тун қоронғусида Парвин ёғдуси каби бўлади.

Ушбу қимматбаҳо дур гўзаллигини таърифлаш ва фойдалар бағишловчи ушбу китоб нафосатини тавсифлаш ҳар қандай билимсиз ҳам қилса бўладиган иш ёки ҳар қандай ҳунарсиз ҳам қилса бўладиган ҳунар бўлмаганлиги сабабли, қора қалам ушбу билим ва эзгулик булоғи томонидан ёзилган насрий асарларнинг айримларини санаб ўтишга бел боғлайди ва қуйидагиларни ёзади.
Ул Ҳазрат қаламига мансуб насрий асарлардан бири баён қалами билан туркий тилда битилган «Мажолис ун-нафоис» китоби бўлиб, ушбу улуғ рисола у дунёда бахтлилардан ва гуноҳлари кечирилганлардан бўлгур ҳазрати хоқон Шоҳруҳ Мирзо ҳукмронлиги замонидан тортиб шу кунларгача ер юзи вужудларининг шукуҳидан безанган ва ҳозирда ҳам безаниб турган кўпгина фозиллар ва шоирларнинг хислатлари ҳамда ҳаёт йўллари тўғрисидаги айрим маълумотларни ўз ичига олади.
Бундан ташқари [ул Ҳазрат] ўша тилда тарих тўғрисида иккита қисқача асар ҳам битган бўлиб, улардан бири пайғамбарлар тўғрисида бўлса, иккинчиси Ажам подшоҳлари тарихи ҳақида ёзилгандир. [Ул Ҳазрат] ушбу икки қимматли асарда ғаройиб ҳикоятлар ва ажойиб ривоятлар келтирганлар.
Маърифат ва яқин аҳли қибласи бўлган бу зот томонидан ёзилган насрий асарлардан яна бири «Хамсат ул-мутаҳаййирин» номли китоб бўлиб, фалак девони котиби ушбу асардаги наср тилининг равонлиги ва унда келтирилган шеърларнинг гўзаллигидан ажабланиш бармоғини ҳайрат тиши билан тишлабди. Ушбу рисолада ҳақиқатлар паноҳи бўлган олийжаноб Ҳазрати Махдумий билан ул ҳазрат ўртасида юз берган муносабатлар тўғрисида ҳикоя қилинади.
[Ул Ҳазратнинг] туркий тилда ёзилган насрий асарларидан (216) яна бири ул зотнинг турли кишиларга ёзган мактублари тўплами бўлиб, агар фалак котиби бўлган Аторуд узоқ муддат давомида осмон саҳифасига ул ҳазратнинг қалб сирларининг баёни бўлган ушбу мактублардан бирининг тавсифини ёзишга киришса, ёзиб охирига етказолмайди.
[Ул Ҳазрат булардан ташқари] ушбу тилда икки рисола ҳам ёзган бўлиб, улардан бири Амир Саййид Ҳасаннинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида, иккинчиси эса Паҳлавон Муҳаммад Абу Саиднинг қилган ишлари ҳақидадир.
Шунингдек, [ул Ҳазрат] ҳаётининг сўнгги йилларида халқнинг турли ижтимоий гуруҳлари вакилларининг феъл-атворлари ҳамда юқори ва қуйи табақаларга мансуб кишиларнинг хулқ-атворлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган «Маҳбуб ул-қулуб» номли яна бир китобни ҳам ижод ипига тиздилар. Тўғрисини айтганда, қалам тили ушбу китобни таърифлашдан ва тил қалами ушбу қимматли асарни тавсифлашдан ожиздир.
Шунингдек, ул Ҳазратнинг форсий насрдаги юксак истеъдоди ва ўткир диди амирлар пушти паноҳи ҳисобланган ва донишмандлик сифати бўлган жаноб Хожа Фазлиддин Муҳаммад ҳамда фазилатни ўзига шиор ва олижанобликни ўзига либос қилиб олган сарой амирларининг энг сараси жаноби Хожа Шаҳобиддин Абдуллоҳга (уларнинг бошимизга тушиб турган соялари абадий бўлсин) насиҳат тариқасида ёзган қуйидаги мактубидан маълум бўлади:
«Ҳурматли биродар ва суюкли фарзандга соғинчли салом йўллагандан сўнг шу нарсани маълум қиламизки, инсон мансаб ва бошлиқликни севиш руҳи билан яратилган бўлиб, нафс кишининг ихтиёри ва шуурисиз ўз истагига эришишга интилади. Мансаб ғафлатни оширувчи хусусиятга эга. Подшоҳнинг илтифоти эса маст қилувчи бўлиб, унинг иши кишининг эс-ҳушини ўғирлашдан иборатдир.
Халойиқнинг бундай кишига иши кўп тушади, бундай кишининг ақлли бўлиши эса қийин. Борди-ю у баъзида ақл ёрдамида ўзига келса-да, ўша майнинг мастлиги уни ҳушёр бўлиб олишига йўл қўймайди. Бундай мастлик чоғида фалакнинг ўч олувчи ва ғаддор, фалакни яратгувчининг эса адолатли ҳоким эканлиги, [у қўлга киритган] куч-қудрат (22а) ва мансаб ўткинчи, умри эса бевафо эканлиги қаёқдан ҳам хотирига келсин.
Душманлар унинг қилган жирканч ишларидан куладилар, дўстлар эса унинг қилган расволикларидан шарманда бўладилар. Яқинлар бу кўнгилсизликлардан қайғурсалар, бегоналар бу девоналиклардан таажжуб ва ҳайратга тушадилар.
Демак бу мастликларда ўзидан кетиб, эс-ҳушидан айрилиб қолмаслик, ўзбошимчалик ва худбинлик кўчасига кириб кетмаслик ҳамда зулм остида эзилган бечораларнинг ҳолидан хабар олиб, уларнинг оғирини енгил қилиш учун соғлом тана ва ўткир ақл керак бўлади.
Бундай ҳолатлар бу бечора нодоннинг ҳам бошидан ўтган, бироқ у ўша чоғларда буларнинг бирортасидан ҳам хабардор ва баҳраманд эмас эди. Ҳозир эса ўзининг ўша камчилик ва хатоларини англаб етганининг ҳеч қандай фойдаси йўқ. Чунки фалак у варақларни аллақачон ёпиб, ўраб қўйган. Надомат оҳини тортишдан ҳам ҳеч қандай фойда бўлмайди, ҳасрат кўзёшларини тўкишдан ҳам бирор натижа чиқмайди.
Байт:

Кучим борида фойда нимада эканлигини билмадим,
Билган пайтим эса кучим қолмаган эди.

Пок ва улуғ Парвардигор уларга бу давлат ва мансабни берган ҳамда подшоҳга яқинлик саодатини ато этган кишилардан шуни сўраймизки, манманликка берилиб, ғафлат кўчасига кириб кетмасинлар. Бу дунё ва у дунёда ўзларига зарар етказадиган ишларни қилмасинлар.
Ожизлар ва қўл остиларидаги кишиларни раҳмдиллик ва меҳрибонлик билан эркалатсинлар. Хокисорлар ва камтарларга марҳамат ва юмшоқкўнгиллик билан муносабатда бўлиб, уларнинг ҳожатларини чиқарсинлар. Қўпол сўзлар билан дарвешларнинг кўнгилларини оғритмасинлар, балки мулойим гаплар билан уларнинг дилларидаги жароҳатларга малҳам бўлсинлар.
Узларини нафс ва шайтон алдовидан омонликда, деб билмасинлар ва ўзларини ўлим фариштасидан етадиган нарсадан холи деб билмасинлар. Барча ишда холислик ва ҳалолликни ўзларига касб қилиб олсинлар ҳамда қиёмат куни қилган ёмон амаллари учун жазо олиб шарманда бўлишни ўйласинлар. Ҳеч қачон Ҳақдан қўрқишдан ва Ҳақ соясига бандалик ва хизмат қилишдан тўхтамасинлар.
Шоҳнинг давлати, халқ ва қўшиннинг манфаати йўлида тўғри сўзни айтишдан қўрқмасинлар ва [бундай тўғри сўзни албатта] айтсинлар. Агар унинг (22б) ажру мукофоти бу дунёда етмаса, [уни] жазо куни Ҳақ ҳузуридан изласинлар.
Ёмон ишлар қилган кишиларнинг бошларига нималар тушганлигини эсдан чиқармасинлар. Узларини, Худо кўрсатмасину, манманлик шаробидан маст ва беҳуш қилмасинлар. Бу дунёнинг манфаатлари учун бир-бирлари билан ёвлашмасинлар. Бошларига бирор қийинчилик тушса, сабр ва чидам паноҳига қочсинлар.
Узларининг манфаатларини подшоҳнинг манфаатидан, подшоҳнинг зоҳирий манфаатини эса илоҳий амр манфаатидан устун қўймасинлар. Буни юмшоқлик ва одоб билан маълум қилсинлар ҳамда Худонинг мадади билан ўша босқичдан ўтказсинлар.
Ёши кичикларга меҳрибонлик билан, тенгдошларга муросаю ўртоқлик билан, ёши катталарга эса ҳурмат ва улуғлаш билан муносабатда бўлсинлар. «Ҳидоятга эргашганларга салом [омонлик] бўлур»(Қуръони карим, «Тоҳо» сураси, 47-оят.).
Шунингдек, закий кишиларга яширин ва номаълум қолмасинки, бугунги улуғвор замон ва гўзал давронда ёзувчи-лик билан шуғулланадиган қалам аҳлининг бозори касод бўлган матолари фазилатли Амирнинг диққат-эътибори туфайли [қайтадан] ўзининг муносиб баҳосини олди. Ул Ҳазратга бағишланган чиройли ва етук сўз санъати асарлари ўй-фикрдаги ғоя шаклидан қоғозга туширилган асар кўринишига айланди. [Қуйида] улардан айримларини санаб ўтамиз:
«Шавоҳид ун-нубувват» («Пайғамбарликка далиллар») ва «Рисола дар илми мусиқий» («Мусиқа илми тўғрисида рисола») - ҳақиқатлар паноҳи бўлган Ҳазрати Махдумийнинг (Аллоҳ унинг қабрини нурга тўлдирсин) нозик ибораларни қоғозга туширадиган ва бадиият белгилари унда намоён бўлган қалами маҳсули.
«Иқтибосот» («Иқтибослар») - шариат ҳомийси жаноби Амир Ихтиёриддин Ҳасан Турбатий томонидан ёзилган.
«Ҳолоти Ҳазрати Махдумий» («Ҳазрати Махдумийнинг ҳаёти») - Мавлоно Камолиддин Абдулвосеъ қаламига мансуб.
«Равзат ус-сафо фи сияр ал-анбиё ва-л-мулук ва-л-хулафо» («Пайғамбарлар, подшоҳлар ва халифалар таржимаи ҳолла-рининг ям-яшил боғи»), етти жилддан иборат - отамиз жаноб махдумий Амир Хонд Муҳаммад (Аллоҳ таоло уни абадий жаннатга киргизсин) томонидан ёзилган.
«Маосир ул-мулук» («Подшоҳларнинг улуғ ишлари») ва «Хулосат ул-ахбор» («Хабарларнинг хулосаси») - ушбу фақир (23а) томонидан ёзилган.