Исломнинг бешинчи рукниким, ҳаждур, баён қилмоқ PDF Босма E-mail
21.06.2024 06:18

ИСЛОМНИНГ БЕШИНЧИ РУКНИ – ҲАЖНИНГ БАЁНИ

Бешинчи рукн билгил ҳажжи Ислом,
Чу фарз ўлди, адоси келди ноком.
Исломнинг бешинчи рукни ҳаж бўлиб, у фарздир. Уни ўташ анча машаққатлидир.
«Ҳаж» луғатда ният – қасд қилиш дегани. Фиқҳий истилоҳга кўра, «махсус амалларни ижро қилиш учун махсус вақтда махсус жойга қасд қилишдир».
Махсус амаллар – Арафотда вуқуф қилиш, тавоф ва саъй, Муздалифада тунаш, шайтонга тош отиш каби амаллар.
Махсус вақт – ҳаж ойлари.
Махсус жой – Масжидул-ҳаром, Арафот, Муздалифа, Мино каби жойлар.

Вале фарзиятида шартлар бор,
Қулоқ тутким, қилай борини изҳор.
Лекин фарз бўлишининг шартлари бор. Сен қулоқ солиб тур, мен уларнинг ҳаммасини бирма-бир айтай.

Бир улким, иститоат бўлса мавжуд,
Анга тегруки, қилдинг они мақсуд.
Биттаси – қасд қилган жойингга бориб келишга қодир бўлишингдир.
Қасд қилган жойингга, яъни юқорида айтилган махсус жойга.

Яна бир шарт йўл амнияти бил,
Бу чун мавжуд ўлур, ҳаж нияти қил.
Яна бири йўлнинг тинч-омон бўлишидир. Бу шартлар топилган заҳоти ҳажга ният қил.

Яна гар дайн йўқ бўйнунгға лозим,
Санга бўлмоқ бўлур ул йўлға озим.
Шунингдек, зиммангда қарзинг бўлмаслиги керак. Шундагина йўлга азм қилишинг мумкин.

Яна гар йўқ аёлингдин маунат,
Ки, ул кўргай маош учун суъубат.
Яна бири аҳлу аёлингнинг тирикчиликка уринишга муҳтож бўлмаслиги, акс ҳолда у маош учун қийинчиликка қолади.

Яна гар бермади жисмингда Сонеъ,
Мараз андоқки, бўлғай йўлға монеъ.
Яна бири – Парвардигори олам сенга йўл юришга моне бўладиган касаллик бермаган бўлиши керак.

Бу маҳзурот гар йўқ тебра филҳол,
Ўзунгни Дўст кўйи тавфиға сол.
Мазкур монеликлар йўқ бўлса, дарҳол қўзғал-да, Дўст – Аллоҳ йўлига равона бўл.

Неким фарз ўлди бўйнунгда, адо қил,
Етиб мақсадқа комингни раво қил.
Зиммангда нима фарз бўлса, уни адо қил ва мақсадга етиб, ниятингни амалга ошир.
«С»да: «мақсадға».