Фавт бўлған рўза эвази ё каффорати PDF Босма E-mail
21.06.2024 06:17

ТУТМАЙ ЎТКАЗИБ ЮБОРИЛГАН РЎЗАНИНГ КАФФОРАТИ

«Каффорат» – ўчирувчи омил деган маънони билдиради. Шаръий истилоҳда бирор жиноятни ювиш учун жарима маъносида қилинадиган амал, тўлов, эваз каффорат дейилади.

Агар бебоклик ойини туздунг,
Ғизонинг ғайри бирла рўза буздунг.
Агар осийлик қилиб, озуқасиз рўзани бузган бўлсанг,

Қазоси бирга бирдин ортуқ эрмас,
Фузунға шаръ рухсат, билки, бермас.
унинг қазоси ҳар бир кунига бир кун рўза тутиш билан бўлади, ундан ортиқ эмас, чунки шариатда ортиқча ишга рухсат берилмайди, сен буни яхшилаб билиб ол.
Яъни данак, темир, қоғоз каби жисмга озуқа ёки лаззат бермайдиган нарсалар билан рўзасини бузган киши бир кунига бир кун қазо қилиб беради, каффорат тўламайди.

Ушбу байт фақат «С» нусхада бор, аслда ҳам, «Б»да ҳам йўқ. Кўриб турганингиздек, олдинги ва кейинги байтларнинг мазмуни бу байтнинг шу ерда келтирилишини тақозо қилади.

Ғизо еб, рўза улким қилса зойил,
Ва ё нафси бўлиб шаҳватқа мойил.
Бироқ, кимки озуқаланиб ёхуд нафси шаҳватга берилиши сабали рўзани бузса,

«С»да шу ерда яна бир байт бор, у нарги икки нусхада йўқ:
«Кафорат – бандае қилмоқдир озод
Ки, бўлғай ул ёзуқдин хотири шод».
унинг каффорати – бир қулни озод қилишдир, токи хотири мазкур гуноҳ ташвишидан халос бўлсин.
Рўзаниннг каффоратини тартиб бўйича айтганда, аввал қул озод қилиш туради. Шунга кўра, «С» нусхадаги тартиб тўғрироқ.

Кафорат олтмиш мискинга итъом
Эрур ё олтмиш кун савми ноком,
унинг каффорати – олтмишта мискинни едириб ичириш ёки олтмиш кун рўза тутиш машаққатидир.

«С»да: биринчи мисра қуйидагича:
«Йўқ эрса, олтмиш мискинга итъом».

Ким, ул кунларнинг ўлғай иттисоли,
Йўқ эрса солим эрмас рўза ҳоли.
Ўша олтмиш кун муттасил – ораси бўлинмаган бўлиши керак, акс ҳолда рўза тўғри ҳисобланмайди.

Ва ё бир банданинг кўнглин қилиб шод,
Ани Тенгри йўлинда қилмоқ озод.
Ёки Аллоҳ йўлида бир қулни озод қилиб, хурсанд қилишдир.

«С»да ушбу байт йўқ, чунки бу нусхада унинг мазмуни уч байт олдинда ўтган.