Намознинг вожиблари шарҳи PDF Босма E-mail
21.06.2024 06:06

НАМОЗ ВОЖИБЛАРИНИНГ ШАРҲИ

«Вожиб» сўзи «лозим», «зарур» деган маъноларни англатиб, намоз бобида фарздан кейинги даражадаги таъкидланган амалларни англатади. Вожибни қасддан тарк қилиш катта гуноҳ ҳисобланади.

Намозинг ичра вожиб келди етти,
Ки, Соҳиб шаръдин бу навъ етти.
Намознинг ичида еттита вожиб бор бўлиб, шариат Соҳибидан мана шундай етган.
«Шариат Соҳиби» – Аллоҳ ва Унинг Расули.

Бурун «Ал-Ҳамду»ни қилмоқ қироат,
Яна сура анга қилмоқ изофат.
Биринчиси – «Ал-Ҳамду»ни қироат қилиш, яна бири унга  сура зам қилишдир, яъни қўшишдир.
«Ал-Ҳамду» – Фотиҳа сурасининг номларидан бири.

Яна тутмоқдурур тартиб маръий,
Ки будур Хожайи кавнайн шаръи.
Яна бири риоя қилинган тартибни ушлаш бўлиб, икки олам Хожасининг тутуми шу.
«Риоя қилинган тартиб» деганда намоз амалларининг бирин-кетинлиги назарда тутилган. «Икки олам Хожаси» – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Яъни у зот алайҳиссалом шундай тартибда кўрсатганлар.

«С»да: «тутмоқтурур».

Қироат айламак таъйин бирин бил,
Яна бир – айламак арконға таъдил.
Фарз намозларда аввалги икки ракатни қироат учун тайин қилишни вожиблардан бири деб бил. Яна бири таъдили аркон, яъни намознинг сажда, рукуъ ва бошқа амалларида бир муддат тин олиб туриш.
Кўпчилик уламолар: «Бу энг камида бир тасбеҳ айтиш миқдорича туриш билан адо топади», дейдилар.

Бирин эт қаъдаи аввал тааҳҳуд,
Бири бу қаъдадин сўнгра ташаҳҳуд.
Бири – аввалги қаъдани қилиш, яна бири кейингисида ташаҳҳуд ўқишдир.

«С»да: иккин мисра: «Бири сўнг қаъдадин сўнгра ташаҳҳуд».