Вузуъ ноқизлари PDF Босма E-mail
21.06.2024 05:57

ТАҲОРАТНИ БУЗАДИГАН НАРСАЛАР

Ики ёндин неким дафъ этса тоҳир,
Таҳоратнинг бўлур нуқсони зоҳир.
Икки йўлдан нимаики покликни кетказадиган бўлса, таҳоратнинг синиши юзага чиқади.
Яъни олд ва орқа йўлдан нима чиқса ҳам таҳоратни бузади.

«П»да: биринчи мисрадаги «тоҳир» сўзи хато равишда бир нуқта ортилиши натижасида «зоҳир» бўлиб қолган.

Яна бир узвдин рийм оқса ё қон,
Вузуъға бор алардин доғи нуқсон.
Яна бошқа бирор аъзодан йиринг ёки қон оқса, булар сабабли ҳам таҳорат синади.
Қонаса тишки, кўз солғанда толиб,
Оғиз суйиға рангин топса ғолиб.

Йўқ эрса қуссаким, қон келса софий,
Икисидур таҳоратқа мунофий.
Тиш қонаса-ю, қараганда қоннинг ранги тупукдан ғолиб келган бўлса ёки қусганда тоза қон келса, бу иккиси ҳам таҳоратни кетказувчи нарса бўлади.

Яна қай ўйлаким, бўлғай тўла фам,
Ва лекин дафъ бўлғай ғайри балғам.
Яна оғиз тўла қусқи ҳам таҳоратни бузади. Аммо балғамдан бошқаси бузади, балғам бузмайди.

Жунуну ҳушсизлиқ, доғи уйқу
Ки бўлғай такяда, ноқиздурур бу.
Жиннилик, беҳушлик ва суяниб ухлаш ҳам таҳоратни синдиради.

Намоз ичра бийик кулгу вуқуъи,
Ки, бор онинг сужудию рукуъи.
Намоз ичида катта одам – балоғатга етган кишининг сажда-рукуъси бор намозда овоз чиқариб кулиши ҳам таҳоратни бузади.
Демак, балоғатга етмаган бола намозда кулса, шунингдек, киши жаноза намозида кулиб юборса, таҳорати синмайди.

Яна қил фоҳиша луъби қиёсин
Ики маълум мавзеънинг мисосин.

Ки олат интишори бирла бўлғай,
Мадохил хор-хори бирла бўлғай.
Яна шаҳвоний ўйнашишда икки маълум жой – авратлар, яъни олат қўзғалиб, мадхал – фарж ҳаяжонга келган ҳолда бир-бирига тегиши ҳам таҳоратни синдиради.
Яъни эр-хотин бир-бирларига кийимсиз ҳолда, шаҳват билан суркалишса, аврат жойлари тўқнашса, суюқлик келса-келмаса, таҳорат бузилади.
Бу ҳолатларки, мазкур ўлди бир-бир,
Берур барча вузуъ ҳолиға тағйир.
Бирма-бир айтилган мазкур ҳолатларнинг барчаси таҳоратни ўзгартиради – синдиради.