Неча ишким ҳақ билмаки ақийдадиндур PDF Босма E-mail
21.06.2024 05:51

ҲАҚ ДЕБ БИЛИШ АҚИЙДАДАН ҲИСОБЛАНГАН БИР НЕЧА НАРСАЛАР ХУСУСИДА

Ҳазрат Навоий иймоннинг асослари ва ақийданинг бирламчи унсурларини баён қилгач, мусулмон киши эътиқод қилиши лозим бўлган яна бир қатор ақийда масалалари ҳақида ҳам қисқача тўхталади. Буларни алоҳида таъкидлаб келтиришдан мақсад Аҳли суннанинг эътиқодини баён қилишдир. Чунки айрим тоифалар ва кишилар бу масалаларда турлича хилоф йўл тутишган.

Яна билким, ақойид ичра мутлақ
Неча иш келдиким, билмак керак ҳақ.
Билгинки, ақоидда бир неча нарса айтилган бўлиб, уларни мутлақ ҳақ деб билиш лозим.

Азоби қабр эрур куфр аҳли хосий,
Яна дин аҳли баъзи, бўлса осий.
Қабр азоби хоссатан куфр аҳлигадир. Шу билан бирга, дин аҳли ичидан айрим осийларга ҳам бўлади.  

Яна икки малакнингдур саволи,
Яна ҳам руъятуллоҳ эҳтимоли.
Яна икки фариштанинг саволи ҳам ҳақ. Аллоҳни кўриш эҳтимоли ҳам бор.

Яна ҳақ бир сироту, ёна мезон,
Яна дўзах, яна Фирдавси ризвон.
Пулсироту тарози, дўзах ва Фирдавс жаннатлари ҳам ҳақдир.

Шафоат анбиёдин ҳам эрур ҳақ,
Муҳаммад барчанинг сархайли мутлақ.
Анбиёларнинг шафоати ҳам ҳақ. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам барча махлуқотларнинг мутлақ саййидидир, пешвосидир.

Яна ҳақ келди эъжоз анбиёға,
Анингдекким, каромат авлиёға.
Яна набийларнинг мўъжизаси ҳам, шунингдек, авлиёларнинг каромати ҳам ҳақ.

Яна билгил ақойид ичра маҳсуб
Ки, бўлмас элдин амру наҳй маслуб.
Инсонлардан амру наҳий – шариатнинг буйруқ ва қайтариқлари соқит бўлмаслиги ҳам ақоиддан ҳисобланади, деб бил.
Айрим ўзларини тасаввуфга нисбат берганлар маълум мақомдан кейин кишидан шариат буйруқлари ва қайтариқлари соқит бўлади, дейишган. Муаллиф бу ерда ана ўша тушунчанинг нотўғри эканига эътиқод қилиш ҳам ақийдадан эканини таъкидламоқда.

Яна куфр англағил тасдиқи коҳин,
Нечукким, Тенгридин маъюсу эмин.
Коҳинни тасдиқлашни куфр деб тушун, чунки бу Аллоҳдан ноумид ва хотиржам бўлишдир.