Мўъман биҳиларнинг тафсили PDF Босма E-mail
21.06.2024 05:47

ИЙМОН КЕЛТИРИЛАДИГАН НАРСАЛАРНИНГ ТАФСИЛОТИ

Бурун бермак тонуғлуқким, Худованд
Ки, не бордур анга мислу, не монанд.
Биринчиси Аллоҳни танишдир, Унинг на ўхшаши ва на монанди бор.

Худоедур яратқон буду нобуд,
Ки, Андин ўзга йўқтур тенгри мавжуд.
У бору йўқни яратган Худо – Маъбуддир, Ундан ўзга илоҳ мавжуд эмас.
Демак, Аллоҳга ишониш яратувчи борлигини тан олиш билан тугал бўлмайди. Балки Аллоҳни яккаю ягона, ҳеч бир ўхшаши, монанди йўқ, барча нарсани Ўзи яратган Зот деб билиш лозим. Қисқаси, Аллоҳни У Зот Ўзи юборган динлари орқали  қандай таништирган бўлса, ўша васфда таниш ва шунга иймон келтириш иймондир.

Яна билмак малойикники, Холиқ
Яротибдур ибодатқа мувофиқ.
Яна бири – фаришталарни бор деб билиш бўлиб, Холиқ таоло уларни ибодатга мос қилиб яратгандир.

Яна билмак китобин ҳам камоҳий,
Қадим ўлди, дағи бори илоҳий.
Яна бири – У Зотнинг китобларига асли ҳолича иймон келтириш бўлиб, уларнинг барчаси илоҳийдир, қадимдир.
Аллоҳнинг Ўзи қадим бўлгани каби, У Зотнинг каломлари ҳам аслида қадимдир, яъни азалдан бор, ибтидосиздир.

Яна ҳам анбиёға қилмоқ иқрор,
Ки, борин элга ирсол этти Жаббор.
Кейин анбиёларга иқрор бўлишдир. Уларнинг барчасини элга Жаббор – барчани Ўз иродасига юргизувчи Зот юборгандир.

Яна улким, бўлур қойим қиёмат,
Ки, кўпрак элгадур оҳу надомат.
Яна бири – қиёмат қоим бўлишига ишонишдир. У кўпчилик учун оҳу надомат боиси бўлади.

Яна билмакдурур бемакру тазвир
Ки, Ҳақдиндур ямон-яхшиға тақдир.
Яна яхшию ёмон нарсаларнинг тақдирини ҳеч бир макру алдовсиз Ҳақ таолонинг Ўзидан деб билишдир.

Яъни яхшию ёмон нарсанинг тақдири Аллоҳ таолонинг Ўзидандир. Аммо бунга иймон келтиришда алдов ва ғирром қилиб, инсон ўзининг ёмон ишларига тақдирни баҳона қилиши мумкин эмас. Зеро, тақдир бу – Аллоҳ таолонинг Ўз махлуқотлари келажагини билиши ва уни битишидир. Аммо бу билим ва битик бандани ҳеч қачон ҳеч нарсага мажбур қилмайди. Бинобарин, инсоннинг ўз қилган ишини тақдирга тўнкаши аҳмоқлик ва ўз-ўзини алдашдан бошқа нарса эмас.