Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм PDF Босма E-mail
21.06.2024 05:34

МЕҲРИБОН ВА РАҲМЛИ АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН

Чу йўндум хомаи мушкин шамома,
Қилай Ҳақ ёди бирла зебнома.
«С»да: «Ҳақ оти бирла».
Аллоҳнинг номи ила бир гўзал нома ёзайин деб, мушк исли хушбўй қаламни йўндим.
Қаламни йўниш – таълифни бошлашга киришишга, унинг «мушк исли» деб аталиши эса ушбу ёзилаётган асарнинг хуш ифорли бўлишига ишорадир. Ўқувчи бу асардан Ислом асослари ва аҳкомларини ўрганиш билан Исломнинг хушбўйликларидан баҳраманд бўлади.

Таолаллоҳ зиҳи Халлоқи Маъбуд
Ки, махлуқот Андин бўлди мавжуд.
Маъбуд – ибодатга сазовор Халлоқ, яъни – барча нарсани яратган Зот нақадар олий бўлди! Зотан, барча махлуқотлар У Зот туфайли мавжуддир.

Йўқ эрди ҳар не бор, Ул қилди изҳор,
Борин йўқ айлабон ҳам бўлғуси бор.
Бор нарсаларнинг ҳеч бири йўқ эди, барчасини У бор қилди. У барча нарсани йўқ қилиб, яна бир Ўзи бор бўлиб қолгусидир.

Келиб барҳақ улусқа анбиёси,
Муҳаммад барчасининг пешвоси.
У Зот ҳақиқатан ҳам инсониятга пайғамбарлар юборган бўлиб, барчасининг пешвоси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Мунга юз минг салом Андин дамодам,
Яна авлодию асҳобиға ҳам.
Унга ва авлодию асҳобига Аллоҳдан  кетма-кет юз минглаб саломлар бўлсин!