Абу Жаъфар Мажзум PDF Босма E-mail

Ҳаж йўлидаги сафардош
Абулҳусайн Даррож дедиким, Макка сафарида сафардошлар кеккайишларидан малул бўлдим. Баридан айрилиб, ният қилдимки, ёлғиз боргаймен. Қодисия масжидига етганимда у ерда мохов бир мўйсафид кўрдим. Унинг сиймосида азим бир бало зоҳир эди. Менга салом бериб деди:
- Эй Абулҳусайн, ҳажга бормоқчимисан?
Хушламайроқ «ҳа», дея жавоб бердим.
- Сафардош керакмасми? - деб яна сўради.
«Инжиқлик қилиб, соғ сафардошлардан айрилдинг, бундай майиб одамга йўлиқдинг», дедим ичимда ва:
- Йўқ! - деб жавоб бердим.
- Бизга ҳамроҳлиқ қилинг! - деди чол.
- Валлоҳки, қилмасман, - дедим.
Чол айтди:
- Эй Абулҳусайн! Аллоҳ таоло бир заифни шундай қилиб яратадики, кучли киши таажжубга тушади.
- Шундай, - деб жавоб бердим ва инкор юзидан йўлга ёлғиз чиқдим. Бир манзил юрдим, кўрдимки, мендан олдин етиб келиб, фароғат ва ҳузур билан ўтирибди. Менга боқиб дедиким: «Аллоҳ таоло бир заифни шундай қилиб яратадики, кучли киши таажжубга тушади». Дилим ғаш бўлиб, ҳеч нима демай ўтдим. Кўнглимда унга нисбатан бир тараддуд ва иккиланиш пайдо бўлганди. Тонггача яна бир манзил юриб, намоз учун масжидга кирдим. Кўрдимки, бу ерда ҳам фароғат билан ўтирибди. Яна менга боқиб айтдики: «Аллоҳ таоло бир заифни шундай қилиб яратадики, кучли киши таажжубга тушади». Оёғига йиқилдим ва айтдимки, Тангри ва сенга қилган хатойим учун узр сўрайман.
Деди:
- Мақсудинг недур?
Дедимки, хато қилдим, ҳамроҳлигинг мақсудимдир. Деди:
- Менга ҳамроҳлик қилмасликка қасам ичдинг, қасамингни бузишга кўнглим бўлмаяпти.
Дедим:
- Унда шундай йўл тутки, ҳар манзилда сени кўришим насиб қилсин.
Қабул қилди. Йўл азоби ва очлик машаққати хаёлимга келмасди. Фақат қачон манзилга етгаймен ва уни кўргаймен, деган тараддуд менга тинчлик бермасди. Маккага етганимда шайхлар хизматида ул ҳолимни айтдим. Шайх Абубакр Каттоний ва Шайх Абулҳусайн Музаййин қ.с. айтдиларким, эй фақир, ул Шайх Абу Жаъфар Мажзумдир ва биз ўттиз йилдирким, унинг дийдори орзусидамиз. Агар яна кўрсанг, бизга ҳам хабар қил! Лекин ҳар қачонким кўрдим, унинг дийдори шавқи мени шу даража ҳаяжонлантирардики, уларга хабар бериш ёдимдан кўтариларди...