Бу назм тарихини айтиш ва тавба қилиб, кечирим сўраш PDF Босма E-mail
20.06.2024 11:28

Мен хилват бир жойда қаламимни йўниб, ўзимнинг бу дилкаш ёзувларимни нақш қилдим. Пайғамбарлар бошлиғи Батҳо тарафдан Ясрибга томон йўлга тушгандан сўнг тўққиз юз тўрт йил ўтганда улуснинг кўнглига ўт солувчи ушбу асар майдонга келди.
Мен бу достонни худди шу йил бошлаб, шу йил ниҳоясига етказдим. Тўғрироғи, бир-икки ой бу иш билан яхшироқ шуғулланиб, юқоридаги шарҳни вужудга келтирдим.
Кечалари турли машғулотлардан бўшаган пайтларимда бир-икки соат вақтимни бу асарни ёзишга бағишладим. Доим шу тарзда ғайрат билан иш тутиб, бошлаганларимни тугаллашга муваффақ бўлдим.
Ё Раб! Ушбу ажойиб, дилни сеҳрловчи шўхнинг васлини менга насиб этдинг! Энди уни ҳам эл кўзига севимли қил, барча кўнгилларга ёқимли эт! Гарчи унда ифода этилган мақсадни билиб олиш қийин бўлса-да, лекин қуш тилини эл кўнглига аён қилгил! Кимки ундан муддао ҳосил қилиб, марҳамат юзасидан Фонийни ҳам дуо қилса, унинг дуосини ҳам инобатга олгин ва иккаламиз ўртамизда турган пардани олиб ташлагил!
Агар табъимга бир оз хато ёки нуқсон юзланган бўлса ва ундан қаламимга саҳв ёки халал етган бўлса, ё Раб, ўзинг мурувват кўрсатиб, барчасининг гуноҳидан ўт, ёмон ёзувларим учун ўзинг ёрлақагин! Эй карам эгаси! Қандай паришон сўз айтган бўлсам, барчаси учун тавба қилиб, сендан улуғ эзгулик тилайман.