Парвоналар тўдаси ҳақиқий шам шарҳида PDF Босма E-mail
19.06.2024 21:20

Бир кеча парвоналар жам бўлиб, шамга етишмоққа ҳаракат қилишди. Қанотларини ўтда ёқишга ҳозирлаб, "Биз изловчилармиз, шам нуридан нишон излаймиз. Агар ундан нимаики топсак, уни изҳор қилайлик. Шарҳ этиб, асл зотининг нимадан иборат эканлигини аниқлайлик",- дедилар.
Бу сўз айтилгач, парвоналардан бири қанотларини қоқиб, шам ҳақиқатини билиш учун борди. У юқоридан қоронғу кечада тўда бўлиб турган парвоналар гуруҳини кўрди, ўртада шам ёқиғлиқ турар эди. Парвона шам нуридан кўзини мунаввар қилиб ёна туриб, шам ҳақидаги сўзларини оламга ёйди. У шам ҳақида сўз юритар, лекин бошқалар бундан хабардор бўлмас, унинг сўзлари бошқа парвоналар қалбига етиб бормас эди. Парвона ҳар қанча равшан ёниб сўзламасин, эшитувчилар бундан ҳеч наф топмадилар. У айтган сўзлар фойда келтирмагач, яна бошқа бир парвона шамга қараб парвоз қилди. У шам базмига кириб бориб, нурига диққат билан назар солди. У ҳам боягж парвонадек ёниб қанчалик сўз айтмасин, парвоналар тўдасига мақсад аён бўлмади.
Яна бошқа парвона ҳам бу ишга уриниб, шам боши атрофида кўп айланди. Ундан ҳам мурод ҳосил бўлмади, мушкил очилмади.
Бундан ўзгаларга ҳам изтироб тушиб, улар мақсадсари шитоб билан интилдилар. Шам теварагида кўп қанот қоқиб, ҳар бириқанот-қуйруқларини куйдирдилар. Ҳар бири куйганча, ўзи истаган мақсадга эришди, аммо буни шарҳлаш қийин иш бўлиб, нақл қилиш эса ҳаром ҳисобланарди. Чунки киши шуълани тил билан шарҳ эта олмайди, куймасдан туриб, унинг моҳиятини била олмайди.
Парвона бу иш ҳақиқатидан хабар топгач, аъзойи бадани кул бўлиб, ундан асар ҳам қолмади. У қўрқмасдан ўзини шуълага ургач, аъзосига ўт тушиб, пок бўлди ва ўзи ҳам шуълага айланди. Чунки истаган мақсади унга аён бўлиб, бундан ортиғини баён қилишга ҳожат қолмади. Чунки у мақсад ичра нобуд бўлди ва бу фанода айни муддаонинг ўзига эришди. У ҳақиқатдан хабар топди, шунинг ўзи унга етарли бўлиб, бошқа сўз айтишга ўрин йўқ эди.
Агар кишилар парвоналарнинг бу ҳолига диққат қилса, уларнинг кўнглида иккита фикр кашф бўлади. Биринчиси шуки, куймасдан туриб, унинг мушкили очилмайди; шам билан бирликка эришмасдан туриб, муродига ета олмайди. Токи фано ўтига ўз вужудини солиб, бу шуълада бору йўғини ўртамас экан, мақсад нури унинг қўлига кирмайди, тилаган висоли унга юз кўрсатмайди. Иккинчидан, бу хил чақмоқ уни оташ денгизига ғарқ қилгач, унда сўз айтиш имкони қолмайди, бу иш сирини сўз билан баён этиш унинг учун амримаҳол ҳисобланади. Бунда куймасдан туриб, элга иш очилмайди, кимки куйса, ўзгалар унинг ҳолини билмайди.
Эй Фоний! Фано ҳақида лоф уришни бас қил! Васлга эришмоқчи бўлсанг, яхшиси, фано ўтида куй! Шам ўтига айланган парвона каби ўзингни шуълага девонавор ур! Вужудингдан асар, борлиғинг ўриш-арқоғидан нишон қолмагач, мақсад ичра тилаганингга етасан! Бу можарони эл билмаса билмай қўя қолсин!