Комил Фанога эришмоқ ҳақида Ҳожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзлари PDF Босма E-mail
19.06.2024 21:18

Олий сифатлар эгаси ва мўтабар зот, ҳақ равшанлигининг шоҳи ва тўғри йўлнинг гул солувчиси бўлган Хожа Баҳоуддин Нақшбанд бу иқлим узра тахт қургач, йўқлик мулкда ҳам подшо бўлди. Бу ҳақни билувчи киши пок сайр қилиш пайтларида ўз вужудини турли нарсаларга қиёс этар эди. Аммо ҳамма нарсадан ўзини кам кўриб, ўзини сарву гул олдидаги хору хас каби тутар эди.
Бир кун унинг кўзига тозаликдан йироқ бўлган бир қўтир ит кўринди. Шайх уни ўзи билан тенглаштириб, кўзига ёш олганча нола чека бошлади. У шундай дер эди:
—    Бу ит вафо қилувчилар тоифасидандир, мен эса ундай эмасман. Ўзимни у билан тенг деб айта олмайман. У Аллоҳга вафодан ўзга нарсани билмайди, мен эса унга фақат жафо қиламан, холос!
Назар эгаси бўлган шайх шундай дегач, ит унинг олдидан йўл солиб, ўтиб кетди. Тупроқ устидаги ит қолдирган изларни кўрган Шайх яна нисбат қилишда давом этиб, шундай деди:
—    Мен ортиқманми ёки бу из? Яна ўзига ўзи деди:
— Эй инсофсиз киши! Бу из вафо аҳли оёнъидан нишонадир, сен эса вафосизлик сари этак судрайсан!
У шу мазмунда сўзини тугаллагач, ер ўпиб, ит изларига кўзларини сурта бошлади.
Ҳақ аҳли ўз вужудини ана шу хил инкор қилади, борлиғини шу йўл билан йўққа чиқаради. Шу тарзда уларда ўзликдан асарқолмагач, фано жомини сипқорадилар. Улар ҳақ вужудидан бақо топмай, бирлик жомида унинг юзини кўролмаганларидан сўнг йўқлик аҳлига қўшилиб, мутлақ борлиққа восил бўладилар.