Истиғно водийсининг баёни PDF Босма E-mail
19.06.2024 21:14

Кейинги водий Истиғно водийси бўлиб: у ерда аъло ва паст табақали кишиларнинг ҳаммаси тенг саналади.
Истиғно ели ҳар дам шитоб кўрсатиб, оламга тўполонлар солади. Истиғно булутидан ёққан ёғиндан юз туман оламни сув олиб кетади. Етти денгиз унда бир қатра ёмғир каби, етти осмон унинг олдида кўкнор донаси каби кичикдир. Етти дўзах олови бу яшин олдида бир учқунга тенг бўлса, саккиз жаннат унинг олдида бир шудринг мисолдир.
У ердаги чумолилар шер билан овқатланади, пашшаси эса филни ов қилишга қодир. У ерда етти иқлимни забт этган қаҳрамон шоҳ ҳам оддий бир гадога тенгдир. Қотиллик тиғи у ерда ўзининг юз минг қўшини билан саф тортиб туради. Қоқум терисидан тикилган қимматбаҳо кийимлар у ерда назар-писанд қилинмайди. Кўкни ютиб юборишга қодир аждаҳо у ерда Биби Марямнинг нозик п билан баб-баравар туради. У ерда минглаб малоикалар тўдаси эътибордан қолиб, ногоҳ Одам шараф тожини кийди. Юз минг жисм ўз руҳидан бегона бўлганида, Нуҳ кемачилик билан одамлар ҳаётини офатдан сақлаб қолди.
У ерда Намрудни сон-саноқсиз пашшалар чаққанидан тортиб, Хаҳлнинг ўтни чечакка айлантиргани ҳам; ёки юз минг бегуноҳ боланинг бекордан-бекорга қони тўкилишию Каломуллоҳнинг шараф этилиши ҳам; ёки юз минглаб дин аҳлининг ўз эътиқодидан воз кечиб, зуннор боғлаганию Масиҳ нафасидан жон таскин топганигача; ёки бу кўҳна золим дунёнинг юз минг қон тўкишидан Муҳаммаднинг бир тун Арш узра сайр қилганига қадар — ҳамма-ҳаммаси, бона йўқ барча нарсалар — дин аҳлию кофирлар эли — барчаси бирдай тенг ҳисобланади.
Агар Заҳҳок минг йил улусдан қон тўккан бўлса ҳам, ёки Масиҳ ўлган баданга жон ато этган бўлса-да, ёки Бухтуннаср элга зулму қасос солган бўлса ҳам, ёки Нўширавон(Ерон шоҳи Хусрав ибн Қубод (531-589)) адолат эгаси бўлса-да, бу ерда иккисига бир хил ҳукм деб билгин ва кел, бу эҳтиёжсизликни томоша қилгин!
Бу ерда юз туман қуёш йўқолиб кетса ҳам осмонда бир зана кам бўлди деб ҳисобла. Агар ерга юз туман чуқур денгиз сингиб кетган тақдирда ҳам, сен уни бир қатра ғойиб бўлди деб сана. Агар юз туман ҳум пари куйиб кул бўлса, сен уларни бир пашшанинг синган қаноти куйди деб бил. Ел бу тўққиз қават фалакни совурса, бир эпкин хашакни учирди деб ҳисобла. Ёки Қоф каби азамат тоғнинг йўқ бўлишини ер юзидан бир дона қумнинг йўқ бўлмоғига тенглаштир. Агар жаннатда ўсадиган сидра ва тўби дарахтлари йўқолиб қолса, ўрмондан бир япроқ камайди, холос, деб бил.
У ерда гумроҳ ва огоҳни тенг кўр. Майхона кўчаси билан байтуллоҳ - Аллоҳнинг уйи (Каъба) ҳам у ерда бир туради. Агар эътиқоди юксак ёки эътиқоди паст оловпараст бўлса-да, барибир у ерда Каъба билан бутхона бир ҳисобланади. Унда минг яшар фил эрталаб туғилган ёш филга ёки бу улкан дунё бир кичик кўкнор донасига тенг туради. Куфр билан дин ҳам у ерда тенг миқдорда бўлиб, бунда соликка беҳад қиймчиликлар юзланади.

Ҳикоят

Шахмат ўйнагувчи икки устод шахмат тахтасини очиб, икки томонга ўтирди ва ўртада шатранжи кабир - катта шахмат доналарини тўкишди. Ҳар тарафдан бир шоҳ тахтага терилди, уларнинг расмана шоҳларга ўхшаш хизматкорлари, лашкарлари бор эди. Ҳар биннинг биттадан тўғри юрувчи вазири бўлиб, яна биттадан эгри юрувчи фарзинлари ҳам бор эди.
У икки шоҳдан бири Рум аҳлига (оқлар донаси) шоҳ бўлса, иккинчиси эса занг аҳлига (қоралар донаси) кишварпаноҳ эди. Устод шоҳ ва бошқа доналарни териб, уларга зебу оройиш беиган ҳолда тахтада саф торттирди.
Шундан сўнг рақиблар майдонга от солиб, у ерда жавлон урган ҳолда турли ўйинлар кўрсатдилар. Бу ер гўё уруш майдони ва ўраб олинган қалъага ўхшар эди. Бир томон иккинчи томонни мағлуб этишга қаттиқ киришган. Уруш сафларида фил ҳам, жирафа ҳам, рух, айиқ ва кашшофа1 ҳам бор эди. Пиёда аскарлар отлиқ суворилар олдида тез ва чаққон урушмоққа ҳаракат қилишар эди.
Қўшинлар уруш низомларига биноан бир-бирларига турли ўйинлар кўрсатиб, жанг олиб бормоқда эдилар. Бир томон ўз лашкарларини пистирмада беркитган бўлса, иккинчи томон бу қўшинни бузиш тадбирларини кўрарди.
Ўртада ажойиб, қизиқ ўйинлар намоён бўлмоқда, балки беҳад ҳийла ва тадбирлар кўрсатилмоқда эди. Бунда паҳлавонлар ва қўмондонлар ҳам бир-бирларига ҳужум қилишарди. Бу ҳолат гўё икки қаҳрамон шоҳнинг қўшин тортиб, бир-бирига қарши уруш олиб бораётганига ўхшаш эди.
Бунча қўшин ва дабдаба, қалъа, майдон ва от чоптириб, жавлон уришлар, чекиниб қочишлар, ҳам ўнг қанот, ҳам чап қанотда, ҳам қўшиннинг илғор қисмида ана шу хил ғавғо-тўполонлар билан жанг бўлмоқда эди.
Ҳар бир қўмондоннинг ўғли жангнинг олдинги,сафларида борар, отасидан олдин урушга кирар эди. Уруш майдони босиб ўтилгач, отасининг ўрнини босар эди. Бир пиёда бир ёқдан келиб, тез айланувчи чарх ёрдамида майдонда қаҳрамонлик кўрсатар, ёлғиз ўзи бутун бир қўшинни даф эта оларди.
Уруш майдони ана шу хил турли тасодифларга тўла бўлиб, гўё бир-бирига қасоскор икки шоҳ уруш олиб бораётгандек эди. Уларнинг ҳар бирида гўё уруш учун туғилган юз туман ёш йигит бор эди. Бу хил жанг майдони камдан-кам учрайди. Олиб борилаётган урушларда бунчалик шиддат бўлмайди ҳамда эл бунчалик қурол-тиғ билан зийнатлана олмайди.
Шунчалик бунёдкорлик, майдон, ўзаро душманлик қилиш ва уруш олиб боришлар — ҳамма-ҳаммаси,— агар ўйинчи доналарни йиғиштиришга аҳд қилса ва шахмат тахтасининг бир четини кўтарса,- буларнинг барчаси ўртадан кўтарилиб, йўққа чиқади! Шунда на бу уруш ва на душманликдан, на жанг олиб бориш тартиб-қоидаларидан асар қолади. Рўй берган барча ҳолат ва русумлар, яъни жанг майдонида икки томоннинг бир-бирига ҳужум қилишлари агар чуқур ўйлаб кўрилса, ўткир фикрли киши олдида буларнинг барчаси ҳеч нарса ҳисобланади. Гўё юзга кирган хаста бир канизак каби улар ҳечликдан бошқа нарсага арзимайдилар. Уларни ҳатто бир парча бўзга боғлаб, ўтга ҳам, сувга ҳам ташлаб юбориш мумкин.
Чунки ҳолат ўзгариб, уни ўйнагувчи устод учун ўйин тугагач, улар ҳеч қандай тафовутга эга бўлмайди. Шахмат доналари халта ичига солинган, "шоҳ" қуйи тушиши, "пиёда" эса юқори кўтарилиши мумкин!
Буларнинг барчаси истиғно нишонаси, балки унинг бир кўринишидир. Бас, сен бу тамсилга назар сол, асл истиғнони бундан юз минг марта зиёда деб бил. Агар сен бунинг маъноси томон йўл топсанг, барча ишни шунга қиёс қилғил!