Маърифат водийсининг васфи PDF Босма E-mail
19.06.2024 21:13

Билгилки, Ишқ водийсидан кейин Маърифат водийси келади. Бу жойнинг ниҳоятда бепоён бир даштдан иборат эканлигига кўз ташла.
Кимки бу водийга кирса, у ердаги аҳволнинг ихтилофли эканлигини кўради. Бу жой шундай бир водийдирки, уни юз туман минг турли йўллар кесиб ўтади, аммо улардан бирииккинчисига сира ўхшамайди. Бутун ва бўлак ўртасидаги қарама-қаршилик ҳам шу ерда мавжуд. Тараққиёт ҳам, таназзул ҳам шу жойдадир. Унда сен юз туман йўловчини беқарор бир тарзда, ҳар бирини ўзга бир йўлдан кетиб бораётган ҳолда кўрасан. Уларнинг ҳар бири ўзи кетаётган йўл билан фахрланади, ҳар бири йўлни ўз йўли томонга буради. Бири хуш тутган йўлни иккинчиси хоҳламайди, ҳар бирининг кўзига ўзиники яхши кўринади, бошқасини эса назарга илмайди.
Унда пашша ҳам, фил ҳам йўловчи, унда пашша ҳам, Жабраил ҳам учади. Мусо ҳам, Фиръавн ҳам унда йўловчи, аммо билгилки, уларнинг иккаласи бирдек эмас. Маҳдий ва Дажжол ҳам бу йўлдан ўз мазҳабларида, бироқ Исони у минган уловга тенглаштириб бўлмайди. Аҳмад ва Абу Жаҳл ҳам у ерда кўринадилар, буниси нурга ғарқ бўлса, униси зулматга тушгандир.
Бу ерда барча яхши-ёмон сайр этади; унда мўмин ҳам, кофир ҳам йўловчилик қилади. Агар бу ерда оташпарастлар ўз Лотига талпинсалар, Каъба аҳли — мусулмонлар эса ёлғиз Аллоҳга сиғинадилар. Куфр аҳли Лотни огоҳ деб айтсалар, лекин ислом аҳли "иллАллоҳ" деб айтадилар.
Бунда иш зиддиятли бўлмасдан иложи йўқ, чунки йўлларнинг ўзи ана шундай бир-бирига хилофдир. Йўлбошловчи пайғамбар ҳам бу ҳақда шундай деган: "Кимки ҳаққа эришмоқ учун сафарга отланса ва бу йўлнинг сон-саноқсиз кўп эканлигини кўрмоқчи бўлса, уни халқ олаётган нафасга қиёс этсин".
Бу йўлларнинг бари қуйқали бўлмаганидек, ҳаммасини ҳам соф деб бўлмайди. Улус ичра эътиқодларда бу хил ихтилоф бўлмоғи зарурий бир ҳолдир.
Агар гадо ёки подшоҳ бўлсин, улардан ҳар бири ўзга йўл билан сулукни адо этади. Бунда ҳаракат қилинса, нафи яхши бўлади, бунда сифат ва камолотга эришмоқ лозим. Бунда соликка тафовут содир бўлиб, агар униси меҳробга бош қўйса, буниси бутга сиғинади. Ҳар кимнинг билиши ўзига сифат бўлиб қолади. Маърифат шу хил турли тафовутларни келтириб чиқаради. Ҳар бир киши ўз соҳасида камолга интилиб, бу водий ичида кезиб юради. Гарчи сулук тартибида шу хил турли ўзгаришлар мавжуд бўлса-да, лекин бу йўлга кирганларнинг ҳаммасининг мақсади биттадир. Улар бораётган йўл агар эгри ёки тўғри бўлса ҳам, ёки йироқ, ёки яқин бўлса ҳам, бу йўлда баъзилар ўлиб кетган, баъзи бировлар йўлдан адашган, баъзилар эса турли сўқмоқларда овораю сарсон кезсалар ҳам, бу йўлни босиб ўтмасдан туриб, мақсадга эришиш мумкин эмас.
Маърифат қуёши юз кўрсатгач, ҳар ким ўз мақсадига эришмоқ учун ўз сулуки ҳолига натижа истайди ва ўзи шуғулланаётган нарса орқали нақдни қўлга киритмоқни хоҳлайди. Чунки у покиза нур ёруғ шуъла сочгач, бу шуъла ҳар кимнинг камолга эришувини ёритиб туради. Кимки бу йўлда машаққат чеккан бўлса, у ўз сулуки ниҳоясида хазинага эришади. Сулук ичра ихтилоф кўп бўлиб, улардан кўпи қуйқали, софи эса оздир. Бу соф табиат эгалари сирасига пайғамбар шариати қонун-қоидаларига тобеъ бўлганлар киради.

Ҳикоят

Ешит, бунга ушбу можаро жуда муносиб мисол бўла олади. Нақл қилишларича, бир гуруҳ кўрлар тўдаси бир сабаб билан: мусофирлик ёки асирлик туфайли Ҳиндистонга бориб қолишибди. Сўнгра фалакнинг гардиши билан улар яна ўз юртига қайтиб келишибди. Бу ерда улардан бир киши: "Филни кўрдиларингизми?" — деб сўрабди. Улар "Ҳа",-деб жавоб берибдилар. "Кўрганбўлсангиз, далил келтиринг",— дебди бояги киши.
Улар аслида филни кўрмаган, у ҳақда ҳатто яхши сўраб ҳам олмаган эдилар. Ҳар бири филнинг бир аъзосини пайпаслаб, ундан билим ҳосил қилиб олган эди. Шу сабабли филнинг қўлларини ушлаган киши фил сутунга ўхшар экан, деса, қорнини пайпаслаган, йўқ, у бесутун, деди. Хартумини ушлаган, фил аждаҳога ўхшаш бир нарса экан, деса, тишларини баён қилувчи киши эса, фил иккита суякдан иборат, деди. Қуйруғидан хабар берган киши филни осилиб турган илонга қиёс этди. Қўли билан Филнинг бошини пайпаслаган киши уни бир қоянинг тумшуғи деб шарҳ қилди. Филнинг қулоғига қўл тегизган киши уни қимирлатиб турган икки елпуғич экан, деди.
Уларнинг барчаси шу тариқа кўрлик юзасидан турли сўзлар айтдилар. Гарчи улар айтган сўзларнинг барчаси тўғри бўлса-да, уларнинг ҳаммаси нуқсонли эди, уларда тартиб мавжуд эмас эди.
Шунинг учун ҳам филбонлик соҳасида устод ҳисобланган етук файласуф, ўзи ҳинд наслидан бўлган киши улар айтган сўзларни тинглаб, нақл қилганларга таъна сўз айтмади ва шундай деди:
- Ҳар бир киши фил ҳақида ўзи билганини айтиб, у ҳақда нишон берди. Улар бир-бирларига зид фикрларни айтган бўлсалар-да, кечирарлидир. Чунки уламинг ҳар бириўз билганича сўз айтди, аммо улардан ҳеч бирифилни кўрган эмас эди. Лекин улар айтган бу сифатларнинг барчаси бир ерга жам қилинса, улардан фил ҳақида муайян тасаввур ҳосил бўлади.
Узоқни кўрувчи кишига бу аниқ бўлгани учун у ҳеч бир иккиланмасдан кўрлар айтган барча сўзларни чин деб баҳолади.