Искандарнинг элчиликка борганлиги ҳикояти PDF Босма E-mail
19.06.2024 20:46

Бир кун Искандар шундай қарорга келиб, ўзини ўзи элчи деб тайинлади. Унинг бу иши худди Симурғ (қушлар подшоси)га нома элтувчи кабутарни эслатарди, яъни у шоҳ мактубини олиб борувчи элчи вазифасини бажариши лозим эди. У ўша элчи бориши керак бўлган мамлакатга элчиларга хос тартибда етиб борди ва у ердаги кишиларга "Искандарнинг сўзи будир.." деб айтди. Қизиғи шуки, унинг ўзи Искандар эди. У худди элчилардек сўз баён этар, ўзи ўз ҳукмини уларга етказар эди. Халқ унинг Искандар эканлигини қаердан билсин?! Ҳамма уни мамлакат ҳокимининг чопари деб ҳисобларди. Элга саноқсиз фармонлар етказиб, элчи сифатида ўз мақсадини амалга оширди. Бу ҳолатни халқнинг мингдан бири ҳам билмади, ҳеч кирн бу парда нақшида қандай мақсад бор эканлигини пайқамай қолди.
Сен ҳам шоҳ ҳақида сўз юритасан, унга эришмоқни истайсан, аммо қуруқ чўпчак айтиш билан бунга эришиб бўлармиди?
Қушлар шу тарзда бу сўзлардаги пардали маъно ва сирлами билиб олдилар. Ҳамма ўз мақсадларига эришиш йўлини билиб, истаган нарсаларига бўлган муҳаббатлари янада ортди. Шундай қилиб, пешво Ҳудҳуд илиқ сўзлар айтиб, бегоналарни ошно этади. Яна қушларнинг барчаси унга шундай савол билан мурожаат қилишди:
-    Эй тўғри йўл кўрсатиш амрида соҳибжамол! Биз ҳаддан ташқари зор ва заиф, жони кучсиз, тани озғин ва нимжон бир тўдамиз. Олдимизда турган иш ниҳоятда улкан, йўл эса жуда олис, унда хавф-хатар кўп. Биз бу йўлни қандай босиб ўта оламиз.