Ҳумой узри PDF Босма E-mail
19.06.2024 20:27

Иззатли Ҳумой ўз узрини шундай бошлади: - Эй сарсон-саргашталар раҳнамоси! Менга иқбол шунчалик кулиб боққанки: ҳатто мен ўз соям билан кишиларга шараф тахти ато эта оламан. Агар илоҳ зотимга шунчалик шараф бахш этган бўлса, яъни менинг соям ҳатто гадони шоҳ даражасига кўтарса, мен учун яна шоҳ истамоққа не ҳожат бор?! Ўзимни машаққатга чоғламоқнинг нима кераги бор?! Ундан кўра соямдан шоҳларга паноҳ бериб, ҳавода учиб юрганим яхши эмасми?!

Ҳудҳуднинг Ҳумойга жавоби

Ҳудҳуд унга шундай деди:
— Сенинг бу сўзларинг афсонадан ўзга нарса эмас. Сен айтганларни фақат девоналаргина баён қила олади. Айтишингча, гўё зотинг баланд бўлиб, сени кўп шарафли этибди. Гўё сен ўз соянг билан кишиларни шоҳликка эриштирар эмишсан. Ахир шунчалик ҳам гумроҳлик бўладими? Агар шоҳлар тарихини варақлаб кўрсанг, бу хил воқеа қайси бир шоҳ тарихида кўрилган? Сенинг соянг билан шоҳ болиб кўтарилган бирон-бир одам борми?! Бу нотўғри афсона сени шод қилибди, шундай бузуқ эътиқодга ошна этибди.
Масалан, бу даъвоинг рост бўлган тақдирда ҳам, борди-ю сенга бу сифат бехосдан келган бўлса ҳам, соянг тушган киши илоҳ қудрати билан шоҳ даражасига кўтарилса ҳам, бундан сенга нима фойда?! Барибир ит каби даштларда қолган суякларни, тўғрироғи, ғажиб ташланган қоқшол суякларни еб тирикчилик қиласан-ку!
Эй бузуқ хаёлга асир бўлган! Агар билсанг, ушбу ҳолингга бу воқеа яхши мисол бўла олади.

Ҳикоят

Уммон соҳилида савдо ишлари билан шуғулланиб, денгиз савдосида бойишни кўзлаган савдогарлар кўплаб-учрайди. Улар пасткаш ғаввосларга беш-ўн дирҳам бериб, катта фойда умидида бўладилар. Ўз жонларини юз ранж ўтига дучор қилган бу ғаввослар денгиз қаъридан садаф излайдилар. Агар улар топган садаф ичида хоҳ минг дона боисин, хоҳ подшолар тожини безовчи дури шоҳона бўлсин, барибир бу ғаввосга ҳақ тўлаганнинг мулки ҳисобланади. Савдогар ана шу тарзда ҳақиқий гавҳарни қўлга киритади, ғаввос эса арзимайдиган бир-икки чақага эга бўлиб қолаверади.
Ғаввос-ку, оз бўлса-да, ўз ҳақини олади, аммо сен бечорага ўша ҳам йўқ. Ит каби суяк билан нафсингни тўқ тутиб юраверасан. Оқил бўлсанг, бундай беҳуда сўз айтма, чунки бу сўзларинг бошдан-оёқ ҳақиқатга хилофдир.