Кабутар узри PDF Босма E-mail
19.06.2024 20:20

Сўнгра Кабутар ўз арзи ҳолини шундай шарҳ этди:
-    Эй тўғри йўл кўрсатиш бобида камолот соҳиби! Барча қушлар орасида Аллоҳ мен учун халқ қўлидан овқат ейишликни қисмат этди. Халойиқ мен учун маскан ва кошоналар қуради, кишилар олдимга сув ва донлар келтириб қўйишади. Жаҳонда мен одамлар тузоғининг маҳбусиман, шу сабабдан уларга одатланиб, ўрганиб қолганман. Аллоҳ менга бу ҳолатни насиб этиб, қисмат дастурхонидан менга шу иш тушибди. Ҳақ шуни раво кўрган экан, ундан бўйин товлаш ақл қонунига мувофиқ келадими?! Қисматга шукр қилиб, бу машаққатли ҳаётга юз қўймаганим авло эмасми?!

Ҳудҳуднинг Кабутарга жавоби

Ҳудҳуд унга деди:
-    Эй турли баҳонани ўзига касб қилиб олган! Сенга макр ва ҳийлалар уяси маскан экан! Қушлар сенинг бу ҳолатингдан ҳайратга тушмоқдалар. Сен каби бирорта ғайратсизни топиб бўлмайди.
Аллоҳ сенга бутун коинотни учиб ўтгудек қанот насиб этган. Сен бўлсанг халойиқ олдида зору интизор болиб ўтирибсан! Кишиларнинг берган суву донларига асир бўлдинг. Одамлар ёғочнинг учига латта боғлаб, тўдангизни қувиб юришади-ку! Улар сиздек бефойда галани қувлаб, томларини сиздан ҳоли айлайдилар-ку! Улар сизга шунчалик жабр кўрса-тишади-ю, сиз эса тамагирлик билан уларнинг ёнидан жилмайсиз, уларнинг томидан бўлак бошқа жойга бора олмайсиз!

Ҳикоят

Халқ орасида бир ишёқмас, танбал киши бор эди. Одамлар унинг беғайратлигидан ҳайрон қолар эдилар. У одамлардан мушт, шапалоқ ёки тепки ер, бунинг эвазига улардан бир бурда нон ёки таом олиб, кун кўрарди. Кишилар уни қувиб юборсалар ҳам, ҳеч қаерга кетмай, ўзининг ёмон қилиқларини тарк этмасди. У тортадиган жафоларга маълум бир нарҳ тўғрилаб қўйган эди. Қайси бир киши уни бир тепса ёки урса, у ўша кишидан бунинг ҳақини талаб қилиб олар, қўлига туслиган нарсани дарҳол оғзига солар эди.
Кунлардан бир куни кимдир унинг қўлига бир парча нон бериб, шундай мушт туширдики, натижада танбал ер тишлаб қолди. Гарчанд у шапалоқлар еб, қорнини тўйғазиб юрган бўлса-да, бир мушт билан энди қайта ўрнидан турмайдиган бўлди.