Булбул узри PDF Босма E-mail
19.06.2024 20:17

Булбул шундай деди:
—    Эй бу йиғинга далиллик берувчи зот! Мен гул ёнидан узоқлашдим. Ундан айрилиқда ошиқу девона бир ҳолатга тушдим; ақлу ҳушу сабр мендан бегона бўлди. Усиз менда на сабр бор ва на тоқат! Мен шундай бир ҳолатда, эй биродар, унинг фироқига қандай чидай оламан! Негаки, гул бўстонда жилва қилган чоғда мен минг хил наво билан унга ўз сирларимни шарҳ қиламан. Ишқидан ҳар лаҳза шиддатим ортиб боради, ҳуснидан дам¬бадам ҳайратга тушаман! У боғдан кетгач, гунгу лол бўлиб қоламан, тараннум қилиб сайрашга бир елчалик ҳам мажолим қолмайди. Унинг ёди билан боғ ичида сокинман, ҳажиига йўлиқсам, юз дард ила доғ ичра қоламан. Кўнглимда ҳам, жонимда ҳам, ўнгимда ҳам, пайдою птнҳонимда ҳам — ёлғиз у!
Шоҳга комил юз билан боқиш лозим. Мендек гулга ошиққа бу иш йўл боисин!

Ҳудҳуднинг Булбулга жавоби Ҳудҳуд бу афсонани эшитгач, шундай деди:
— Сен ўз ишқинг ҳақида бунчалик кўп ғавғо қилаверма! Айтганларинг ишқ эмас, бошдан-оёқ шунчаки бир ҳавасдир. Бас, у ҳавас бўлгач, эй бехабар, у ҳақдаги гап-сўзингни йиғиштир! Оламда сен каби нафсга бўйин эгувчи бирон-бир нодон бўлмаган.
Сен ўзингни зўрлаб ошиқ сифатида кўрсатиб, ишқ аро ҳар хил ғавғолар кўтардинг. Йилда бор-йўғи беш кун чаманда очилиб турадиган, ўн кун ўтмай тупроқ узра хазон бўлиб сочиладиган вафосиз ва умр боғида бақосиз бир чечак учун шунчалик ғавғоми?!
Киши бу хил гўзалликка ошиқ бўлмагани яхши, чунки у ошиқ бўлишга лойиқ эмасдир. Шундай нарсани маъшуқ деб билки, юз хастаҳол ўлса ва йўқолиб кетса ҳам у завол нималигини билмасин. Гарчи сенинг бу ишқинг шайдолик бўлиб кўринса ҳам, барибир охири расволик билан тугайди.

Ҳикоят

Бир шоҳ отда сайр қилиб ўтиб бораётганда унга бир ҳавойи гадо ошиқ бўлиб қолди. Халқ ичида оҳу вовайло билан афғон бошлаб. ғавғо-тўполон қила бошлади. Худди сенга ўхшаш у ҳам минг турли нолалар қилар эди. Бир масканда телбалардек муқим тура олмас, ўзини гулхан кулига булғар эди.
Шоҳга бу хил ишқ ва девоналик маълум бўлгач, ошиқни синамоқчи бўлди. Бир кун у ўзининг безатилган отига миниб, имтиҳон қилиш мақсадида отини гадо ётган гулхан томон ҳайдади. Ва мулозимларига айтдики: "У гумроҳни судраб олдимга олиб келинг ва ҳузуримда бўйнини узиб ташланг!"
Шундан сўнг гадони судраб, шоҳ олдига келтирдилар, ишқида ўзи орзу этган тилакка еткурдилар. Бахтиёр шоҳ уни қатлга ҳукм этди. Бундан гадо ваҳимага тушиб, беихтиёр орқасига қараб қоча бошлади. У қўрққанидан ҳуши бошидан учиб, ҳар томонга зир югурар эди. Одамлар унинг орқасидан тутмоқ учун қувлар эдилар. У энтиккан бир ҳолда гулхан томон чопди ва ўзини йўқотган ҳолда ўтга тушиб, куйиб кетди.
Шоҳнинг бу имтиҳондан мақсади шундай эди: агар гадо чиндан ҳам ошиқ болиб, ўз даъвосида содиқ бўлса, қатл ҳукмини қабул этиши керак эди. Шунда шоҳ отидан тушиб, ундан узр сўрамоқчи, аҳволидан огоҳ бўлмоқчи ва садоқати эвазига уни ўзига мусоҳиб ва яқин улфат қилиб олмоқчи эди.
Аммо гадонинг ишқи сохта бўлгани учун ҳоли расволикдан машҳур бўлди. Борди-ю сенга ҳам ўша ўзинг севган гулдан бир тикан озори етса, сенинг ҳам масканинг чаман эмас, гулханда бўлади.