Ҳудҳуд Симурғдан афсона айтгач, қушлар табиатида шавқ ўтининг алангалангани PDF Босма E-mail
19.06.2024 18:19

Бу сўзлар қушларда фарёд кўтарди ва улардан ҳар бирининг кўнглига шавқ ғулғуласини солди. Улар Ҳудҳудга шундай дедилар
—    Эй, пешво! Бундай шоҳдан айрилиқда яшаш мумкин эмас. Оламда бизнинг турли ҳолатимиздан огоҳ бўлган шундай шоҳимиз бўла туриб, биз жаҳолатга гирифтор бўлмайлик. Унинг фироқи бизни зор этмоқда. Ақлу ҳуши бор киши олдида шу нарса равшанки, ҳаётда бундай ғафлатда яшагандан кўра ўлим кўп марта яхшироқдир.
Сен ўз сўзларинг билан бизга йўл кўрсатдинг. Энди барчамизнинг сендан илтимосимиз шу: ҳаммамизга бош бўлиб, бу сафаримизда бизга йўлбошчилик қилгил. Биз шоҳ йўлига ўз жонимиз билан, балки жонимизни ҳовучлаб, жиққа кўз ёшларимиз билан кирайлик. Унинг васлига эришишга интилайлик-да, бу истагимиздан бир нафас ҳам чекинмайлик. Бу йўлда қанот қоқиб, ҳар қандай денгизу саҳролардан учиб ўтайлик. Ё унинг висолига етгаймиз, ё бу йўлда жонимизни тарк этгаймиз!