Олижаноблик эгаси ва поклик қибласи Шайх Фаридиддин Атторга (Аллоҳ унинг руҳини эзгуликка буюрсин) мадҳу сано айтмоқ ва ўз ўтинчини баён қилмоқ PDF Босма E-mail
19.06.2024 18:13

Оламдаги барча денгиз ва конларда нимаики бор бўлса, юзлаб ўшанча нарсалар Аттор дўконида мавжуддир. Унинг маънолар денгизидаги дурлар худди кечаси жилва қилаётган юлдузларга ўхшайди. Конлардаги ёқутлар эса кечки пайтдаги шафаққа, балки тонг пайтида энди ёйилиб келаётган қуёш нурларига монанд. Уларни сен дуру гавҳар дема, балки ҳодисалар тоши дегин, бу тошлардан заифу нотавонлар боши ёрилгусидур. Уларни ёқут ҳам дема, балки олам аҳли қатлидан оққан қонлар деб атагин.
Гарчи васфини айтишда қалам ожизлик қилса-да, энди унинг дўконира шарҳ қилай. Агар одам таъбини жаҳолат мағлуб этиб, унда ҳар хил ёмон ахлоқсизликлар пайдо бўлса, бу дўконда бундай иллатларни даволаш учун турли шарбатлар муҳайёдир. Ундаги сандал, мушк, абир ва заъфарон каби дориворлар киши таъбини жаҳолатдан даволайди. Файзли боғидан етиштирилган гулоб ва хушбўй мушкларнинг ҳар биридан таъбга юз файзли умид ҳосил бўлади. Унинг қанд ва наввотга ўхшаш ширин сўзларидан ўлган кўнгил ҳам ҳаёт топади. Асал ва шакар каби бу сўзларда ирфон ҳақида фикр юритилганки, улардан бечоралар чора топади. У назм ва насрда ҳар хил асарлар яратди, уларда ваҳдат (бирлик) сирлари тафсир этилган. Халқ учун у шундай гул ва қандлар етиштирдики, улар кишилар таъби учун гулқанд каби фойдалидир.
Улардан бири "Мусибатнома" эди. Унда нафснинг юз хил мусибатга дучор бўлганлиги баён қилинган. Агар кўнгилга бирон мусибат тушса, у "Мусибатнома"дан ўзига таскин топади.
Яна "ллоҳийнома"ни ёзди ва қаламни ваҳйликка муҳаррир қилди. Унда илоҳий сирларни шундай шарҳ қилдики, бундай тугал шарҳ камдан-кам учрайди.
Яна "Уштурнома" ("Туянома"ни) ёзиб, унда ҳар хил нозик маънолами гўё нортуялар каби қатор тизиб қўйди. Бир неча минг туя ҳам ундаги дуру гавҳарларни кўтаришга ожизлик қилади.
Яна "Лужжаи ҳилож" ("Урар булоғи")да ғаввос каби шўнғиб, пок дурларни қўлга киритди ва ҳар бир дурни шоҳлар бошига тож этди. Балки уни шоҳ тожининг зийнати қилди, улардан ҳар бирининг қиймати бутун бир мамлакат хирожига тенгдир.
Яна қасидалар даштига чопқир от солди ва бу водийни кесиб ўтгунча ҳар хил ажойиб байтларни қўлга киритди. Ундаги ҳар бир водийда юз хил ғаройиб мамлакатлар бўлиб, бу юртларнинг ҳар бирида минг хил ажойиботлар бор.
Яна ғазал гулзорида гулдасталар ясади, булбул каби минг хил қўшиқ куйлади. Лекин унинг ҳар бир тараннумида бирлик сирларининг шарҳи равшан баён этилганлиги аён бўлади.
Яна рубўлйдан девонга зийнат берди ва бутун оламга ғавғо солди. Улар маънолар олами бўйлаб махсус бўлимларга бўлинган болиб, ҳар бири бир неча иқлимдан хабар беради.
Яна авлиёлар руҳини хушнуд этувчи тазкира тузди. Унинг ҳар бир сўзидан юзлаб номаълум зотлар худди тириклик суви ичган каби жон топдилар.
Юқорида эслатилган асарларнинг ҳаммаси қанчалик шараф ва мақтовга сазовор бўлса, унинг ёлғиз "Мантиқ ут-тайр" ("Қуш нутқи") асари ҳам шунчалик шараф ва мақтовга лойиқдир. Унда қушлар ҳақида ўзга тилда, ўзга сўзда ва ўзгача йўсинда сўзлади. Буни фаҳмлаш учун киши махфий тилларни билиши керак. Йўқ, махфий тилларни билувчигина эмас, балки нақ Сулаймоннинг ўзи бўлиши керак!
Юз туман қуш нутқини ўзига мос равишда бера олиш, албатта, жуда мушкул иш. Аммо бу китобда ҳар бир қушнинг куйлаш ва сайраш тартиби ўзгача, бундан киши ақли ниҳоятда ҳайрон қолади.
Аммо Ҳақ мадад берса, мендек бир гадо ҳам, Қушлар нутқини изҳор қилмоқчиман, худди булбул ёки тўтига ўхшаб сўзламоқчиман. Шу тариқа халойиққа қўшиқ куйлаб, қуш тили билан сўзламоқчиман.
Лекин маънони тўти мисол ширин-шакар қилиб айтиш, албатта, ҳар кимнинг қўлидан келавермайди. Чунки тўтининг емиши шакар бўлиб, бу шакании қуруқ хаёл қилиш билангина ҳосил қилиб бўлмайди. Шояд Аллоҳ лутфу иноят дастурхонидан насиб этса, Аттор дўконидан бундай шакарнинг қўлга кириши ҳеч гап эмас.