Мавлоно Тожиддин Аҳмад Шижаний PDF Босма E-mail

Паст овозда зикр айтишнинг фазилати
Аввалига Шайх Зайниддин Хавофий (р.т.) силсиласида сулук қиларди. Кўнглида жаҳр зикрига (баланд овозда зикр тушиш) мойиллик пайдо бўлибди. Бохарздан Ҳиротга келиб, комил шайх талабига тушибди. Унга Хожалар тариқатининг муршидларидан бўлмиш Ҳазрат Мавлоно Саъдиддин Кошғарийни тавсия қилишибди. Сўраб-сўраб, шаҳар жомеъ масжидининг маҳалласига бориб, Кошғарий ҳазратлари эшигини топиб, бир лаҳза ташқарида кутиб турибди. Кўп ўтмай, Кошғарий ҳазратлари чиқиб, у кишини уйга олиб кирибдилар. Ичкарида муридлари ҳам бор эди. Мавлоно Тожиддиннинг иззатини жойига қўйиб, бир муддат суҳбатлашиб ўтиришибди. Сўз асносида Мавлоно сари боқиб, Кошғарий ҳазратлари дебдилар:
- Бу шаҳр подшоҳиниким Бобур дерлар, асли зоҳир оламининг подшоҳидир. Муло-зимлардан бирики, унга кўп ихлоси бўлгай, ҳар куни эрталаб унга боқиб, густохлик билан баланд овозда «Бобур», «Бобур» деб бақириб-чақираверса, шоҳга хуш келарми?!
Мавлоно Тожиддиннинг зикри жаҳрга бўлган мойиллиги бутунлай бартараф бўлиб, Мавлоно Кошғарийга мурид тушиб, нақшбандия тариқатида сулукка машғул бўлибди.