Абулаббос Бин Ариф Санҳожий Андалусий PDF Босма E-mail

Тилга кирган дарахт ва гиёҳлар
Ибн Арабийнинг шайхи Абу Абдуллоҳ Ғаззолий айтибдиким, бир куни ўз шайхим Ибн Ариф қошидан чикдим ва даштда сайр қилардим. Ҳар бир дарахт ва гиёҳгаки етар эдим, менга айтардики, мен фалон касалликка давоман ва фалон касалликнинг олдини ола-ман, мендан ол. Менга бу ҳолдан бир ҳайрат юзланди. Шайхим олдига қайтиб, бу ҳолатни у кишига айтиб бердим. Шайх дедилар:
- Биз бу учун сени тарбият қилмагандик. Дарахтлар сенга ўз фойда ва зарарлари ҳақида сўзлаб берганларида нега ҳақиқий фойда ва зарар келтирувчи Ҳақни унутдинг?! Тангри таоло сени имтиҳон қилибди. Аслида биз сенга Тангри таолога йўл кўрсатгандик, Ундан ўзгасига эмас. Ўша жойга қайтиб бор-гайсен, агар гиёҳ ва дарахтлар бошқа сен билан сўзлашмаса, бу тавбангнинг сидқи аломатидир.
Шайх Абу Абдуллоҳ Ғаззолий қайтиб даштга борди, лекин дарахт ва гиёҳлардан ул сўзни эшитмади. Қайтиб шайхига ҳолатни айтди. Шайх деди:
- Сени ўзингга ўхшаш махлуққа муҳтож қилмасдан Ўзи учун танлаган Аллоҳга ҳамд-лар бўлсин!