Ахий Али Деҳистоний PDF Босма E-mail

Олти йил ҳеч нарса емаган мурид
Шайх Рукниддин Алоуддавла дебдурларки: чилла ўтирган эдим, пайшанба кечаси, чил-ланинг ўттиз тўққизинчи куни эди. Ғайбда кўрдимки, бир гуруҳ мусофирлар келдилар. Ораларида бир йигит бор эдики, Ҳақ таолонинг унга иноят назари бор эди ва менинг тарбиятимга ҳаволадир. Шаҳодат оламига келгач, ходимга дедим:
-    Мен чиққунча бирор мусофирга кетишга ижозат берма.
Тўсатдан ўша дамда бир гуруҳ мусофирлар етишдилар. Ходимга дедим:
-    Эртага чилла тугагач, мусофирларни жомеъ масжидига келтир, улар билан кўришиб, сўнг ижозат берайлик.
Эртаси куни масжидга бордим. Мусофир дарвешлар келиб, саломлашдилар. Ғайб ола-мида кўрганим дарвешни улар орасида то-полмадим. Дедим: Яна бирор қавм етгусидир. Намоз қилиб, уйга қайтдик. Ходим келиб деди: Бояги мусофир дарвешлардан бири нар-салари олдида қоровул бўлиб қолган экан, шайхни кўрмоққа ижозат сўрамокда.
Дедим:
- Айт, келсин!
Эшикдан киргач танидимки, улдур. Салом қилиб, бирпас ўтирди, сўнг туриб, чиқиб кет-ди. Ходимга дедим:
- Чиқиб бу йигитга айт, бир неча кун бу ерда биз билан бирга қолсин, унга ишимиз бор.
Ходим ташқарига чиқиб қараса, у йигит қайтиб келаётган эмиш. Ходим ундан ҳолни сўрабди. Дарвеш айтибди:
- Шайхга айтинг, мени қабул қилсинлар, бир муддат дарвешлар хизматига машғул бўлайин.
Ходим айтибди:
-    Шайх мени ушбу иш учун юбориб эди.
Уни олиб кирди. Шериклари йўлга чиқишди ва уни хизматга машғул қилдим. Шундай хизмат қилдики, одам боласининг қўлидан бунақа иш келмайди. Уч йилдан сўнг зикрлар айтди, хилватлар ўтирди ва яхши ҳоллар унга юзлана бошлади.
Бир куни сафарда эдик. Йигит суффа-да ўтирганди. Менинг назарим унга тушди. Кўрдимки, олий вориде унга нозил бўладир ва ғаройиб бир ҳол унга юзланадир. Туриб унинг қошига бордим. У эса ул ҳолнинг масти бўлганди. Шиддат билан унга дедим:
-    Не ҳолдасен ва нима кўрдинг, айт!
Деди:
-    Айтолмайман.
Дедим:
-    Кўп чайналма, айт!
Қаттиқ қистовга олдим, айтди. Ҳақиқатда олий бир мақом эди. Аммо бундан кўнглида такаббурлик пайдо бўлаётганини кўриб, де-дим:
-    Ҳеч нима эмас.
Мақомини инкор этдим. Ул мақомда ўзида бир нима пайдо қилди. Узоқ вақт миясидан у нарса бормас эди. Ундан сўнг ул йигитда самадият тажаллийси акс топди. Бу шундай бир мақомки, соликка ундан егуликка эҳтиёж қолмас. Бу мақомда ўзини кўриб, унда бир ғурур пайдо бўлди. Ўзига дедики, ҳеч нарса емаслик Ҳақ таоло сифатидир ва бу сифат менга айни ҳолда ҳосил бўлибдур. Ботинида Худолик даъвоси пайдо бўла бошлади ва уму-ман овқатланмай қўйди. Таёқлаб, тишлари орасига ёғоч солиб, овқат ва шарбат солсам ҳам, туфлаб ташларди. Ўз ҳолига қўйдим. Олти йил ҳеч нарса емади. Шу ҳолда яна дар-вешлар хизматида жонбозлик қиларди. Бир улуғ саодати бу эдики, шунча даъво ва ҳол-лари билан ҳеч қачон ўзини мендан ҳожатсиз кўрмади. Агар шу хислати бўлмаганида ўша авваллардаёқ ҳалок бўларди. Ўттиз етти йил-дирки, дарвешлар тарбияси ва иршоди билан машғулман, аммо Ахий Алидек дунё лаззати ва нафс қутқусидан ўзини омон сақлаган дарвеш кўрмадим. Йигирма беш йилдирки, у бизнинг дарвешлар орасидадир, ҳалигача бирор киши унинг тилидан емак-ичмак ва бошқа дунёвий ташвишлардан оғиз очганини эшитмади. Касал бўлган пайтларда ҳам боши ёстиққа тегмади, табибга ҳам бормади, ҳеч кимдан шифо тиламади ва ҳатто касаллиги-ни айтмади. Алқисса, олти йилча ғизо емай юрди. Каъбатуллоҳ зиёратига бораётганимда уни ўзим билан олиб бордим. Мадинага етга-нимизда дедим:
- Агар Ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в.) уммати ва менинг муридим эсанг, Ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в.) ва менинг амалларимга ўхшаб амал қил, йўқса, тур, кетки, бундан ортиқ бизнинг суҳбатимизда бўла олмассан.
Али Дўстий ҳам бу суҳбатда ҳозир эди. Бир луқма унинг оғзига солди ва у еди. Бир кунга уч луқма ғизо ейишини тайинладим. Маккага етганимиздагина бошқа дарвешлар қатори овқатланишга буюрдим. Шу тариқа бу офатдан халос бўлди.