Мавлоно Низомуддин Хомуш PDF Босма E-mail

Бир сўзнинг икки хил таъсири
Мавлоно Низомуддин Хомуш айтибди: Биринчи марта Хожа Алоудцин Аттор зиёратларига борганимда у кишининг муридлари эшикда ўтирган эди. Менга деди:
- Зоҳидлик ва обидликни тарк этиш вақти келмадими?
Менга бу сўз оғир келди. Хожа Алоуддин ҳузурларига кирганимда у киши ҳам шу сўзни такрорладилар, аммо менга оғир ботмади.
Ўз ишингга машғул бўл!
«Нафаҳот ул-унс»да Мавлоно Саъдиддин Кошғарийдан ҳикоят қилинади: Бир кеча тасаввуф аҳлини инкор этувчилардан бири у киши ҳақида ножўя сўзлар айтарди. Мен унинг фикри нотўғри эканлигини исботлаш учун баҳсга киришдим. Баҳс узоққа чўзилди. Биз ўтирган жой Мавлоно Низомуддин Хомуш манзилидан анча йирокда эди. Эрта тонг ул зот хизматларига борганимда дедилар:
- Кеча сенинг овозинг бизни кўп ташвишга солди. Ҳар киши ҳар не деса, жавоб берма ва ўз ишингга машғул бўл!
Майзада суҳбатдошнинг касофати
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий дебдурларки, бир куни ул кишининг ҳузурларига бораётган эдим. Йўлда шароб ичган бир киши йўлиқиб, мени гапга тутди. Ундан қутулиб, хизматларига етганимда дедилар:
- Шароб ичасизми?
Дедим:
- Йўқ.
Дедилар:
- Йўқса, бу не ҳолдир?
Дедим:
- Йўлда бир маст йўлиқди, мени сўзга тутди.
Дедилар:
- Демак, унинг бу ҳолати сизда қолибди.