Мавлоно Яъқуб Чархий PDF Босма E-mail

Хожа Баҳоуддиннинг инояти
Мавлоно дер эмишким, Ҳазрат Хожа Баҳоуддиннинг муборак суҳбатларига етиб, ўзимизни топширганимизда, Хожа буюрдилар:
- Биз ўз ихтиёримиз билан ҳеч иш қилмасмиз, бу кеча кўрайлик, қани, сени рад қиладилар ёки қабул этадилар.
Мавлоно Яъқуб дейди: «Ўша кечанинг ўтиши қийин бўлди. Тонг отгунча бағрим юз лахта қон эдиким, ё Раб, бу эшикни менга қабул билан очгайлар, ё рад қилгайлар?! Тонг отгач, Ҳазрат Хожайи бузрук суҳбатларига бордим. Иноят қилиб дедилар:
- Қабул қилдилар, аммо сен Алоуддин Аттор суҳбатида бўлғайсен, дебдурлар.
Мен бу суҳбатдан сўнг Бадахшонда яшай бошладим. Хожа Алоуддин Ҳазрат Баҳоуддин вафотидан сўнг Чағониёнга келиб, ватан қилдилар. Ва менга киши юбориб, Хожа Баҳоуддин Балогардон ишорат қилган сўзни изҳор қилдилар. Мен ул зот ҳузурига келиб, вафотларига қадар хизматларида бўлдим».
Хожа Аҳрор Валий билан икки суҳбат
Мавлоно Жомий Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий (қ.с.) тилидан қуйидагича ҳикоят қиладилар: «Мен (Хожа Аҳрор) Ҳиротда эдим. Ҳазрат Мавлоно Яъқубнинг хизмати нияти пайдо бўлди. Чағониён вилоятига юзландим ва кўп машаққат тортиб, етиб бордим. Йўлнинг аксар қисмини пиёда кездим. Ул зотнинг суҳбатларига мушарраф бўлганимда, табъни хира қиладиган бир оқлик (песга ўхшаш) юзларида зоҳир эди. Менга қаттиқ гапириб, сиёсат қилдилар. Қўполликлари шу даражада эдики, кўнглим у кишидан совиб кетишига бир бахя қолди. Жуда маҳзун бўлиб, ғамга ботдим.
Кейинги суҳбатда ул зот менга маҳбублик ва жамолият суратида зоҳир бўлдилар. Шунча лутф ва марҳамат кўргуздиларки, бундай гўзал чеҳрани бошқа бировда кўрмаганман».