Хожа Баҳоуддин Нақшбанд PDF Босма E-mail

Тушда пирини кўрган мурид
Ул зот муборак сафарга чиқмоқчи бўлганларида улуғ муридларининг бирига зикр таълимини дегандилар. Сафардан қайтганларида ул кишига айтдиларки, бу мурид зикрга машғул эмас, зикр айтишни бутунлай тарк этибди. Муриддан сўрадилар:
- Бизни бирор марта тушингда кўрдингми?
Мурид деди:
- Ҳа, кўрдим.
Хожа дедилар:
- Сенга шу етарли.
Бундан маълум бўлурки, бу азизлар билан озгина руҳий боғланиш бўлса ҳам, охири у ҳам азизларга қўшилур ва нажот боис, даражаси юксалишига сабаб бўлур.

Таважжуҳ
Хожа Баҳоуддинга айтдилар:
- Фалон киши бемордир ва хотирингиз таважжуҳини тиламокда.
Хожа дедилар:
- Аввал бозгашти хотири хаста, баъд аз он таважжуҳи дили шикаста (Аввал хаста хотирнинг қайтиши, сўнг синиқ кўнглининг таважжуҳи бўлур).

Бизнинг кароматимиз зоҳирдир!
Хожа Баҳоуддиндан каромат талаби қилдилар. Дедилар:
- Бизнинг кароматимиз зоҳирдир. Шунча оғир гуноҳлар юки билан ер юзида бора олурмиз.

Хожа Баҳоуддиннинг васияти
Хожа айтган эмишлар: Шайх Абусаид Абулхайр (қ.с.)дан сўрабдилар: Сизнинг тобутингиз олдида қайси оятни ўқисинлар? Шайх айтибди: Оят ўқимоқ улуғ ишдир. Бу байтни ўқисинлар:
Чист аз ин хубтар дар ҳама офоқ кор,
Дўст расад назди дўст, ёр ба наздики ёр.
(Маъноси:
Бутун оламда дўстнинг дўстга, ёрнинг ёрга етишишидан яхшироқ яна нима бор?)
Сўнг Хожа айтибдилар:
- Бизнинг жанозамиз олдида эса бу байтни ўқисинлар:
Муфлисонем, омада бар кўйи Ту, Шайъалиллоҳ аз жамоли рўйи Ту.
(Маъноси:
Биз Сенинг кўйингга келган қашшоқлармиз, Сенинг дийдоринг жамолини гадолик қилувчилармиз.)