Халил Ота PDF Босма E-mail

Хилват ва анжуман
Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари дебдурларки, тариқатга киришимнинг дастлабки пайтларида бир кеча турк машойихининг улуғларидан бўлмиш Ҳаким Ота (р.а) ни туш кўрдим. Тушимда ул зот бизнинг тарбиямизни бир дарвешга топширдилар. Уйғонганимда ҳам бу дарвешнинг қиёфаси хотиримда муҳрланиб қолганди. Тушимни отамизнинг онаси, Солиҳа бувимга айтдим. Бувим дедилар:
- Эй фарзанд, сенга турк машойихидан насиба бўлғусидир.
Мен доим ул дарвеш талабида эдим. Бир куни Бухоро бозорида ўша дарвешга йўлиқдим ва танидим. Оти Халил экан. Бозорда у киши билан мулоқот қилиш имкони бўлмади. Кечда Халил ота номидан бир киши келиб, мени таклиф қилди. Куз айёми эди. Бироз мева олдим ва ҳузурига ошикдим. Тушимни айтиб бермоқчи бўлдим, деди:
- Сенинг хотирингдаги нарса бизга аёндир. Баён қилмоқ ҳожат эмас.
Менинг ҳолим ўзга бўлди. Унинг суҳбатига кўнгил майли зиёда, суҳбатида ажойиб ҳолатлар ва ғаройиб нарсалар мушоҳада бўларди. Бир муддат ўтгач, Мовароуннаҳр мулкининг султони бўлди ва мен унга мулозимлик қилардим. Мулозимлик айёмида ҳам азим ишлар зоҳир бўларди ва менга шафқат зоҳир қиларди. Менга баъзида мулойимлик билан, гоҳида танбеҳ орқали мулозимлик дастурини ўргатарди. Булар менга сайру сулукда кўп ишга ярарди. Олти йилни унинг хизматида ўтказдим. Хилватда хос суҳбатнинг маҳрами эдим, кўпчилик олдида эса, салтанат одобига риоя қилардим. Кўп марта хос аъёнлар ҳузурида айтардики, ҳар ким Ҳақ таоло ризоси учун менга хизмат қилса, халқ орасида улуғ бўлур. Менга бу сўзлардан муддао кимлиги маълум эди. Бу муддатдан сўнг мажозий мамлакатига завол бўлди ва унинг салтанатидан қисқа муддатда ном-нишон қолмади. Дунё ишидан менинг кўнглим бутунлай совиди. Бухорога келиб, Ревартун қишлоғида сокин бўлдим.