Шайх Ул-Ислом Аҳмад Номақий Жомий PDF Босма E-mail

Қирқ икки фарзанднинг отаси
Шайх ҳазратларига Ҳақ субҳонаҳу ва таоло қирқ икки фарзанд бериб эди. Булардан ўттиз тўққизтаси ўғил ва учтаси қиз эди. Шайх вафотидан сўнг булардан ўн тўрт ўғил ва уч қиз ҳаёт эди. Бу ўн тўрт ўғилнинг бариси ўз илмига амал қилувчи олим, комил, яхши асарлар муаллифи, каромат ва валийлик соҳиби эди.
Шайхнинг ўзи саводсиз эди. Йигирма икки ёшида тавба тавфиқи топиб, тоққа чикди. Ўн саккиз йил риёзат тортганидан сўнг унга ладуний илмлар эшигини очиб, халқни тўғри йўлга ҳидоят қилишига амр этилди. Тавҳид, маърифат, ҳикмат ва тариқат бобида уч юз той қоғоздан ортиқ ҳажмда асарлар яратибдики, ҳеч бир олим ва ҳаким уларга эътироз қилолмайди. Чунки бу асарларнинг барчаси Қуръон оятлари ва Ҳадиси шариф ҳукмлари билан асослангандир.

Омонатга хиёнат раво эмас!
Шайхнинг хирқа пири Ҳазрат Шайх Абусаид Абулхайрдир. Бунинг тафсилоти қуйидагича: Шайх Абусаиднинг ибодат чоғида киядиган муборак бир хирқаси бор эди. Айтишларича, бу хирқа амир ал-мўминин Абубакр Сиддиқ (р.а.)дан мерос қолганди. Шайхлар силсиласи орқали бу хирқа Шайх Абусаид Абулхайрга етиб келганди. Навбат бу кишига келганда, хирқани унга кўрсатдилар ва амр қилдилар: «Ўзингдан кейин бу хирқани Аҳмадга қолдир!» Шайх ўз фарзанди Абу Тоҳирга деди:
- Менинг вафотимдан бир неча йил ўтгандан сўнг баланд бўйли, мовий кўзли, Аҳмад исмли бир ёш йигит сенинг хонақоҳингга киргай. Ўшанда сен муридлар ўртасида ўтирган бўласан. Албатта, бу хирқани ўша йигитга топширгайсан.
Шайх Абусаид ўлим тўшагида ётганда ўғли Абу Тоҳир кўнглида: «Қанийди, отамизга насиб этган валийлик мартабаси бизга мерос бўлиб ўтсайди», деган истак пайдо бўлди. Шайх кўз очиб деди:
- Сиз орзусида бўлган валийликни бошқа бировга топширдилар, бизнинг шайхлигимиз байроғини бошқа бир харобот эшигига ўрнатдилар ва ҳар ишки бизда эди, унга таслим қилдилар.
Бу сўзлардан муддао нималигини ҳеч ким англамади.
Шайхнинг вафотидан бир неча йил ўтгач, бир кеча Шайх Абу Тоҳир тушида отаси бир неча дўстлари билан шошилиб, бир томонга кетаётганини кўрибди. Отасидан сўради:
- Эй Шайх, қаён шошмокдасиз?
Шайх деди:
- Сен ҳам келки, Қутби авлиё келадур.
Энди қўшилиб бормоқчи эди, уйғониб кетди.
Бошқа бир куни Шайх Абу Тоҳир хонақоҳида ўтирганди. Эшикдан Шайх Абусаид васиятида қиёфасини тасвирлаб берган йигит кириб келди. Шайх Абу Тоҳир уни дарров таниди. Одамгарчилик юзасидан иззатини жойига қўйди, аммо ортиқча илтифот кўрсатмади. Улуғвор отанинг табаррук хирқасини бериб юборишга кўнгли бўлмай турувди, ул йигит деди:
- Эй Хожа, омонатга хиёнат раво эмас.
Шайх Абу Тоҳир хушвақт бўлиб бориб, хирқани отаси ўз муборак қўллари билан илиб қўйган жойдан олиб келтириб, ул йигитнинг эгнига солди. Бу йигит - Шайхул-ислом Аҳмади Жом (қ.с.) эди. У кишидан олдин бу хирқани машойихдан йигирма икки киши кийганди, охири Аҳмади Жомга насиб этди. Ундан сўнг бу хирқа қаён борганини ҳеч ким билмади.