Хожа Аҳмад Ҳаммод Сарахсий PDF Босма E-mail

Эранлар жонфидо бўладилар
«Кашф ул-маҳжуб» соҳиби Ҳужвирий дебдурки, ул мубориз ул-ибод (нафс билан кура-шувчи обид) эди. Менинг дўстим эди ва унинг ҳолатидан кўп қизиқарли нарсалар биламан. Бир кун ундан сўрадим:
- Бу йўлга киришингнинг ибтидоси қанақа эди?
Деди:
- Бир марта Сарахсдан чиқиб, биёбонга юзландим. Туяларим бор эди, уларни боқиб юрардим. Оч-наҳор юришни яхши кўрардим. Қўлимга нимаики тушса, ўша заҳоти бошқа бировга берардим... Бу тоифага эътиқодим бор эди.
Бир куни биёбонда бир арслон пайдо бўлди. Бир туяни босиб, бўғизлаб ташлади ва бир баландликка чиқиб, наъра тортди. Атрофдаги йиртқич ҳайвонлар - бўри, шоқол, тулки каби жониворлар жам бўлди. Арслон туяни уларга қолдириб, ўзи бир баланд тепаликка чиқиб, улар тўйиб тарқалгунча кутиб турди. Сўнг ўзи ҳам туя гўштидан ейиш учун энди тепаликдан инган эдики, узокдан бир оқсоқ тулки келаётганини кўриб қолди. Яна тепаликка чиқиб, кутиб турди. Тулки ҳам қорнини тўйғазгандан сўнг арслон тушиб келди ва туядан емоққа машғул бўлди. Мен бу ҳолатга қараб турардим. Еб бўлгач, менга қараб, фасиҳ тил билан деди:
- Эй Аҳмад, бировга луқма бериш итлар ишидир. Эранлар ўз жонларини бағишлайдилар.
Мен бу далилни арслондан кўриб, ҳолим бутунлай ўзгарди. Дунёвий барча ишлардан қўл тортиб, бу ишга машғул бўлдим ва тариқатдаги ишимнинг ибтидоси бу эди.