Шайх Абу Али Сиёҳ PDF Босма E-mail

Тупроқдан нур ундирган деҳқон
Деҳқончилик қиларди. Дебдурларки, ўттиз йил пинҳона нафл рўзаси тутарди. Эрталаб иккита нон олиб, уйдан чиқарди. Йўлда яширинча нонларини фақирларга берарди. Саҳрода шериклари таомга таклиф қилсалар, уйда бир нима еб келибман, дер эди. Ул дебдурки: «Ҳар белки урар эдим, агар ўзгалар урган белдан тупроқ чиқса, мен урган белдан кўнгил нури чиқар эди».
Элнинг айбини билиб тургувчилар
Биров ундан сўрадики, элнинг айбини билиб тургувчилар ҳам борми? Шайх деди:
- Бор!
Яна сўради:
— Унда Аллоҳ айбларни яширгувчи бўлмасми?!
Шайх деди:
- Узингни мендан яшир!
Ул киши ўзини тўнларига чирмади, ўша заҳоти андоқ шишдики, тўнлари йиртилди ва яланғоч бўлди. Шайхга тазарру қилдилар, дуо қилди, токи ул киши яна ўз ҳолига келди.
Нотўғри фатво
Бир куни бировнинг қўлида бир қоғоз кўрди. Сўради:
- Бу нима?
Деди:
— Замонамиз муфтиси Имом Абу Алининг фатвосидир.
Шайх деди:
- Буни Имом Абу Али қошига элтиб айтким, жавобда хато қилибдур!
Ул киши ул фатвони Имомга бериб, шайхнинг сўзини айтди. Имом мулоҳаза қилиб, фатвода қилган хатосини топди. Сўрадики, Шайх фатвони ўқидими-йўқми? Ул киши дедики, Шайхнинг хат-саводи йўқ. Имом Шайх ҳузурига келиб, узр сўраб, айтдики, агар ул Шайх Абу Али бўлмаса эди, бу Абу Али (яъни, ўзи) дўзах ўтида куйиб эди.