Абдурраҳим Истахрий PDF Босма E-mail

Зоҳирда — қушчи, хилватда — зокир
Шотирлардек кийинарди. Овчи итлар боқарди, каптарбозлик қиларди. Ов учун даштга ё тоғга борса, халқ кўзидан пинҳон бўлгач, итларини қўйиб юбориб, Тангри зикрига машғул бўларди. Уйида шохи билан бирга шилинган бир ҳўкиз териси бор эди. Шуни тагига тўшаб ётарди. Қишда уйга судраб кирса, ёзда ташқарига олиб чиқарди.
Жаъфар Ҳаззо унинг зиёратига борди. Бир бузуқ уй бурчагида хароб аҳволда ўтирганини кўрди. Ҳолини кўриб, раҳми келди ва ранги ўзгарди. Истахрий сўради:
- Менга нима бўлибди?
Жаъфар деди:
- Сени ҳозир заифликдан ўлаётгандек кўряпман.
Истахрий ўрнидан туриб, катта бир тошни кўтариб, томга олиб чикди ва деди:
- Эй қавий (кучли), бу тошни кўтариб, томдан тушира оласанми?!
Жаъфар буни кўриб, ҳайрон қолди. Истахрий деди:
- Бугун еттинчи кундирким, туз ҳам тотганим йўқ.
Жаъфарнинг ҳайрати кўпроқ бўлди.
Осмондан ёғилган олтин тангалар
Абдурраҳим Истахрийга отасидан йигирма минг дирҳам мерос қолди. Ўн мингини бериб, отасининг қарзларини тўлади, ўн мингни ўзига олди. Кечаси бу пул билан савдо қилиш ёки деҳқончилик билан шуғулланишни ўйлаб, тонггача уйқуси келмади. Эрта тонгда туриб, бор пулини ҳовучлаб, қўшнилар уйига сочди. Қўшнилар уйқудан туриб қарасалар, ҳовлиларига осмондан олтин ёғилгандек эди.
Бу ишни бажаргач, бўшаган халтани силкитди, ярим дирҳам қолиб эди. Яқинларига деди:
- Сизга башорат бўлсинки, нон ва кўкат учун пул топилди.
Одамлар дедилар:
- Будевонани қаранглар, ўн мингдирҳамни сочиб, ярим дирҳам топганига хурсанд.
Бир ой ҳеч нарса емаган меҳмон
Ободон шаҳрига борди ва йигирма бир кун ўша ерда қолди. Оқшом ифторлик учун нимаики олиб келсалар, эрталаб шу ҳолида турарди. Халқнинг унга муҳаббати ошди. Саҳл Абдуллоҳ унга бирор нима едиришга ният қилди. Истахрий деди:
- Сенга меҳмонман.
Ул деди:
- Нима буюрасан?
Деди:
- Сўкбоч (сўкоши) ҳозирлат.
Саҳл сўкбоч тайёрлатди ва уни қозони билан унинг олдига қўйдилар.
Ўша дамда бир гадо келиб қолди. Истахрий сўкбочни гадойга бериб юборишга буюрди.
Уч марта сўкбоч тайёрланди, ҳар гал уни гадойга бердириб юборарди. Тўртинчи марта Саҳлнинг қули яширинча чиқиб, тиланчини тақиқламоқчи бўлди. Истахрий деди:
- Қулингни гадони тақиқлашидан тўхтат!
Саҳл қулини қайтарди. Рамазон ойи тугагунча бир нарса емай, шаҳардан чиқди. Биров қуруқ нонни сувга тўғраб еяётган эди. Унга қўшилиб, ифторлик қилди.