Бунон Бин Муҳаммад Ҳаммол PDF Босма E-mail

Тишнинг ковагида асранган олтин
Ул дебдурки, бир муддат емакка ғизо топмадим. Жуда қийналиб қолдим. Йўлда кетаётган эдим, бир парча олтин тушиб ётган эди. Олай дедим, олмадимки, бировнинг молидир. Яна ёдимга ул ҳадис келдики, агар дунё фақат қондан иборат бўлса ҳам, мусулмоннинг озуқаси ҳалол бўлади. Олтинни олдим ва ти-шим ковагида асрадим. Кўрдимки, бир гуруҳ болалар ўтирган экан. Бири баландроқ ерда ўтириб, тасаввуфдан сўз айтур эди. Тўхтадим ва нимани сўзлашаётганларига қулоқ тутдим. Ўша дамда бири сўрадиким, банда қачон сидқ - тўғрилик ҳаловатига эришади? Ул деди:
- Оғзидаги олтин парчасини олиб ташлаганда.
Ўша заҳоти оғзимдагини чиқардим ва ташладим.
Тўйгунча таом емоқ офати
Ул дебдурки, Макка шаҳрида яшардим. Иброҳим Хаввосни Каъба тавофи пайти кўриб қолдим. Дийдоридан кўнглимда бир шукуҳ юзланди. Бир марта очлик ғалаба қилиб йиқилдим ва ҳушимдан кетиб қолдим. Иброҳим Хаввос бошимга келди ва деди:
- Бирор нарса ейсизми?
Дедим:
- Кеч бўлди, оқшом яқиндир.
Деди:
- Яхши қилурсиз, эй мубтадийлар (йўл бошида турганлар), бу йўлда собит бўлинг, шояд кушойиш топгайсиз.
Хуфтонни ўқигандан сўнг таом келтирди ва деди:
- Егил!
Кўпроқ еб қўйибман. Тонгда уйқуда қолиб, бомдод намози қазо бўлди. Каъба тавофига ҳам кечикдим. Ўша кеча Расулуллоҳ (с.а.в.) ни тушда кўрдимки, дедилар:
- Кимки ҳирс ва очкўзлик билан овқатланса, Аллоҳ унинг қалб кўзини ёпиб қўяди.
Уйғониб, аҳд қилдимки, ҳаргиз тўйгунча таом емагаймен.