Зуннун Мисрий PDF Босма E-mail

Ҳақ билан мунис бўлган киши мусофир бўлмас
Зуннун кўп саёҳат қиларди. Дебдурки, бир кун йўлда борардим. Бир йигитни кўрдимки унга жазба ғолиб эди. Дедим:
- Эй ғариб (мусофир), қайси юртдансан?
Йигит деди: - У (Ҳақ) билан мунис бўлган кишини ғариб дейиш мумкинми?!
Бу сўздан қичқириб, беҳуш йиқилдим. Ҳушимга келганимдан сўнг йигит сўради:
- Сизга нима бўлди?
Дедим:
- Дору дардга мувофиқ тушди.
Аввал ва охир илми
Зуннун улуғ бир шайхдан бир масала сўрагани Мағрибга борди. Шайх деди:
- Не юмуш билан келдинг? Агар аввал ва охир илмини билмоқ учун келган бўлсанг, бунинг имкони йўқ. Негаки, буни фақат Унинг Ўзи билади. Агар Ўзини излаб келган бўлсанг, биринчи қадамдаёқ У ҳозир эди.
Хожа Абдуллоҳ Ансорий дебдурким, У Ўз талабгорининг йўлдошидир.

Уч сафар ва уч илм
Зуннун (қ.с.) дедиким, уч сафар қилдим ва уч илм келтирдим. Аввалги сафарда бир илм келтирдим, хослар ҳам, авом ҳам қабул қилди. Иккинчи сафарда бир илм келтирдим, хос қабул қилди, авом қабул қилмади. Учинчи сафарда бир илм келтирдим, не хос қабул қилди, не авом. Қочоқ, қувғинди ва ёлғиз бўлиб қолдим.
Хожа Абдуллоҳ Ансорий дебдурким, аввалги илм тавба эди. Уни хосу авом қабул қилди. Хослар қабул қилган ва авомга мақбул тушмаган иккинчи илм таваккул, муомалот ва муҳаббат илми эди. Учинчи илм - ҳақиқат илмидирким, элнинг илм ва ақли тоқатидан ташқари эди.

Тобут узра соя солган яшил қушлар
Халойиқ Зуннунни англамади ва унинг айтганларини инкор этдилар. Бу ҳол ҳижрий икки юз қирқ бешинчи йил - Зуннун вафотигача давом этди. Жанозаси куни сон-саноқсиз яшил қушлар тобутини соя қилиб борарди. Қушлар шу даражада кўп эдики, тобутга эргашган халқ ҳам уларнинг қанотлари соясида қолганди. Ўшандан сўнг халқ кўнглида Зуннуннинг қилмиши мақбул деб топилди.